• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Фармон Тошев: “Зулфия мукофотини қўлга киритишни истаётганларнинг аксари қандай бўлмасин талаба бўлишнигина ўйлаяпти”

“Tafsilot.uz”да бундан икки ҳафта муқаддам “Зулфия мукофоти: биз кимни алдаяпмиз?” номли мақола эълон қилинган ва бу мақола ижтимоий тармоқларда ўқувчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган эди. “Зарафшон” газетасида ҳам шу мавзуда нашр бош муҳаррири Фармон Тошевнинг Исомиддин Пўлатов билан ҳаммуаллифдаги мақоласи эълон қилинибди. Мақолада давлат мукофотининг номзодларига қўйиладиган талаблар, тақдим этилган ишларни кўриб чиқишдаги камчиликлар, шунингдек, талабгорларнинг мукофотга муносабати таҳлил ва танқид қилинади. “Зулфиянинг маънавий издоши бўлиш энг юксак имтиёз бўлсин” деб номланган мазкур мақолани қуйида тўлиқ ўқишингиз мумкин.


Тўғриси, бу масала “Зарафшон” газетасида бир эмас, бир неча марта кўтарилди. Мутахассислар, комиссия аъзолари ва ушбу нуфузли Давлат мукофотига сазовор бўлган қизлар фикрлари билан тўлдирилган мақола, суҳбатлар эълон қилинди. Мазкур мақолаларда номзодларга қўйиладиган талаблар алоҳида таъкидланди. Ҳар йили мазкур танловга номзодлар бўйича тегишли ташкилотлар мутасаддилари томонидан янгича ишга киришилаётгани ҳақида фикрлар билдирилади. Аммо октябрь, ноябрь ойи келиши билан яна таҳририятга қизлар ўзи ҳақида мақола ёзишни ёки шеърини беришни сўраб, ташриф буюра бошлайди.

Шундай қизлар билан суҳбатлашганимизда улардан бири таълим йўналиши бўйича ушбу мукофотнинг вилоят босқичига ўтганини айтди. Бу йўналишда қандай ишларни амалга оширгансиз, деб сўраганимда, бошини эгди. Бироздан сўнг жонланиб, “Лекин танловларда қатнашганман, вилоятга чиққанман”, деди. Ушбу танловларга батафсилроқ тўхталмоқчи бўлсак, унинг номиниям айтиб беролмади. Тўғриси, бу биринчи ҳолат эмас, лекин негадир ҳамон қайси танловга қандай мақсад билан иштирок этаётганидан бехабар қизлар кўпаймоқда.

Хўш, Зулфия номидаги давлат мукофотига қўйиладиган талаблар қандай? Аввал шу саволга жавоб топиб, кейин мулоҳазаларимизни давом эттирсак.

Ўзбекистон Республикаси Зулфия номидаги Давлат мукофотига тақдим этиш  йўриқномасига кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида таълим олаётган, аъло хулқи, олижаноб инсоний фазилатлари, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ёрқин истеъдодини намойиш қилиши билан бирга, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга адабиёт, санъат, маданият, фан ва таълим соҳаларида эришган катта ютуқлари учун берилади.

Зулфия номидаги Давлат мукофотига талабгорлар ўзининг ватанпарварлиги, сиёсий-ижтимоий ва маънавий етуклиги (Президент асарлари, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати ҳақида, истиқлол мафкураси асосида эркин фикр юрита билиши), Ватанимиз тарихи, алломаларимиз ва жаҳон маданияти меросини яхши эгаллаганлиги билан ажралиб туриши лозим.

Уларга қўйиладиган умумий талаблар қуйидагилардан иборат:

– номзоднинг илмий-ижодий ишлари ўзининг янгилиги, илмий-амалий аҳамияти, бадиий қиммати билан алоҳида ажралиб туриши, халқимиз маънавиятини юксалтириш, мустақиллик ғояларини амалга ошириш,  жамиятимизда олиб борилаётган ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маърифий ислоҳотлар моҳиятини очиш, мамлакатимиздаги ижтимоий ва маданий ҳаётни янада яхшилаш масалаларини ҳал этишга қаратилган бўлиши лозим;

– тавсия этилаётган ишларни баҳолашда уларнинг Ватанимиз ёки чет элларда чоп этилганлиги,  етакчи мутахассислар томонидан юқори баҳоланганлиги,  жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги инобатга олиниши даркор. Шунингдек, номзодлар танлаган соҳаларида республика ҳамда халқаро миқёсдаги танловлар ва тадбирларда ютуқларни қўлга киритган бўлиши лозим.

Қолаверса, мазкур йўриқномада бешта йўналиш бўйича номзодларнинг ишларига алоҳида тавсиф берилган. Бундан ўз вақтида хабардор бўлиш бугунги технология ривожланган пайтда ҳеч кимга қийинчилик туғдирмайди.

Эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда вилоят миқёсида 17 нафар қизлар мазкур нуфузли мукофотга сазовор бўлган.  Уларнинг етти нафари маданият, олти нафари таълим, икки нафари фан ҳамда бир нафари адабиёт йўналиши бўйича мукофот соҳибалари саналади. Санъат йўналишида мазкур мукофотга сазовор бўлган қизлар эса бирортаям йўқ. Ваҳоланки, фан ва адабиёт, санъат йўналишлари бўйича номзодлар сони етарлича бўлади. Аммо уларнинг тайёргарлиги нечоғлик?

Нафақат ушбу, балки бошқа йўналишда ҳам номзодлар юртимизда кечаётган сиёсий жараёнлар ва истиқлол мафкураси ҳақида берилган саволларга тўлиқ жавоб беролмаслиги кўп учрайди. Бу ҳам майли, ўзи куйлаб берган қўшиқнинг бастакорини билмаган қиз танловнинг вилоят босқичида иштирок этаётганига нима дейсиз?

Жамиятда юз бераётган ўзгаришларни фақат китоб орқали ўрганиш жуда қийин. Ўша жараённинг ичида бўлиш, ёшлар орасида етакчилик хусусияти шаклланганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Оммавий ахборот воситаларини кузатиб бормаган қизлар бу жараёндан хабардор бўлиши мумкинми?

Тўғриси, туман хотин-қизлар қўмиталари раислари билан суҳбатлашганимизда фан ва таълим йўналиши бўйича номзодлар топиш мураккаб кечаётгани ҳақида фикр билдирилади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Сабаби, фан соҳасидаги номзодларга қўйилаётган талаблар қуйидагилардан иборат: Тақдим этилаётган иш замонавий, илмий муаммоларни ҳал этишга бағишланган ёки халқимизнинг маънавий меросини ўрганишга қаратилган янгилик, кашфиёт, илмий ишланма ёки илмий асар бўлиши лозим.

Ишчи гуруҳи иккинчи босқичда танланган илмий ишларга учта етакчи мутахассис-олимларнинг тақризларини олиши керак. Ишнинг долзарблигига оид қуйидаги кўрсаткичлар  ўз аксини топган бўлиши лозим: илмий кашфиёт, ишланма ёки мақоланинг назарий қиммати; асарнинг амалий аҳамияти; ишланманинг патентлашга лаёқатлилиги; ишланманинг иқтисодий самара бериши, илмий асосланганлиги; санъатшунослик ёки адабиётшунослик соҳасидаги илмий ишлар кабилардан иборат.

Тўғриси, мактаб ёки коллежда таҳсил олаётган қизларнинг мазкур мезонларга мос ҳолда илмий иш қилиши камдан-кам учрайдиган ҳолат. Эҳтимол, фан йўналишига номзодларни олий ўқув юртларидан танлаш ва керак бўлса, уларни олдиндан тайёрлаш лозимдир? Мазкур масалада “Олима” уюшмаси вилоят бўлимига аниқ таклифлар билан чиқиш ўринли, назаримизда. Умуман, Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралашда ва уларни тайёрлашда маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, халқ таълими бошқармасига аниқ йўналишлар берилиши ва йил давомида тарғибот ишлари амалга оширилиши керак. Ахир ушбу бошқарма ва уларнинг қуйи бўғинларида бошланғич хотин-қизлар қўмиталари жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Хўш, Зулфия номидаги давлат мукофотига лауреатликни даъво қилаётган қизларимиз учун энг катта имтиёз нима? Шубҳасиз, лауреатнинг келгусида олий ўқув юртларига тест синовларисиз киришидир. Афсуски, шундай. Айнан мана шу имтиёз қизларимизни, уларнинг ота-оналарини чалғитяпти. Кўпчилик улуғ шоира – Зулфия Исроилованинг маънавий издошига, шарафли даражасига муносиб бўлишни эмас, шунчаки, олий ўқув юртига киришни асосий мақсад қилиб оляпти.

Ҳар йили танловнинг вилоят босқичига тақдим этилган ҳужжатлар комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилар экан, ҳакамларнинг бир-бирига берадиган саволи битта: «Йилт» этган бирортаси борми?». Очиғи, бу саволни кўпроқ адабиёт йўналиши бўйича қатнашаётган номзодлар ишига қарата айтиш мумкин.

Китоблар эллик нусхадан тортиб, 500 нусхагача сифатсиз, ғиж-ғиж хатолар билан чоп этилмоқда. Нашриётнинг номи бор, аммо муҳаррири номаълум. Чунки бунақа китобларни «иссиғи» бор ношир босишга рухсат бермайди. Бу энди алоҳида катта мавзу.

Назаримизда, танловнинг вилоят босқичи ўтказилаётганда номзодларнинг ота-оналари, керак бўлса, устозлари ҳам таклиф этилиши лозим. Улар фарзанди, шогирдининг билим савияси, нимага қодирлигини билсин. Келгусида ўзининг ҳам, шогирдининг ҳам хатоларини тузатсин. Шундагина ота-она ўн икки яшар қизининг китобини чоп этиш учун пул берганига афсусланади, устози эса уялади.

Бундан ташқари, мактаб, коллеж ўқувчиси билан олий ўқув юрти талабасининг савияси бир хил эмас. Уларнинг ижодий қобилиятини бир хил мезон асосида баҳолаш ҳам нотўғри. Айнан ушбу жараён, яъни кучлиларни саралаш вақтида ўн тўрт ёшлидан ҳам, йигирма ёшлидан ҳам бир хил кўрсаткични талаб қилиш ёшларнинг шашти сўнишига сабаб бўляпти. Таъбир жоиз бўлса, спортда вазн тоифаси, ёшига қараб рақиб танлангани каби бу танловда ҳам номзодларнинг даражасига қараб рақобатлашгани маъқул.

Тўғри, мазкур муаммо вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳам бир неча маротаба кўтарилган. Хусусан, шу йил бошида вилоят хотин-қизлар қўмитаси бошқарув йиғилишининг кун тартибида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни  ҳудудларда саралаш ишларига панжа орасидан қаралаётгани кескин танқид қилинган.

2015 йилда ҳудудий танловлар асосида 1121 дан  ортиқ номзодлар сараланиб, уларнинг ҳужжатлари вилоят комиссиясига тақдим этилди.

Таҳлилларга кўра, номзодларнинг ҳужжатларини тайёрлаш юзасидан деярли барча ҳудудий қўмиталар томонидан бир хил камчиликларга йўл қўйилган.

Ўрганиш ва суҳбат жараёнида баъзи бир номзодларнинг тавсия этган ишлари мутлақо талабга жавоб бермаслиги, 8-9-синф ўқувчиларини фан йўналишида тавсия этиш ҳолатлари аниқланди.

Нуфузли мукофотга қизларни саралаш босқичининг ўтказилиш санаси яқинлашиб келмоқда. Натижалар қандай бўлади, бошқарув йиғилишида билдирилган камчиликлар бу йил такрорланмайдими? Буни вақт кўрсатади.

Калит сўзлар:

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Go`zal Rashidova Жавоб бериш
    5 oy олдин

    Assalomu alaykum. Aslida tuman, shahar, viloyat bosqichiga chalg`imay, mazkur tanlovning Respublika bosqichini ochiq-oydin, iloji bo`lsa televideniyeda to`g`ridan-to`g`ri translatsiya qilish yo`li bilan xalqqa namoyish qilish kerak.
    O`shanda ko`rasiz, viloyatlardagi mutasaddi shaxslar, nomzod qizlarning tanlovga qay darajada yondashishini. Axir chakana gapmas, butun O`zbekiston ahli qarshisida o`z viloyatlarining nomini himoya qilishadi-ya…
    Xato kamchiliksiz inson yo`q, baholash jarayonida hakamlar hay’ati ko`rsatib o`tgan kamchiliklar kelgusida tuzatib boriladi.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>