• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Замонавий Луддитлар ёки тараққиёт танқидчилари ҳақида

Фараз қилинг, сиз Павел Дуров, Марк Цукгерберг ёки Стив Жобс каби ўзига хос ақлий қобилиятга эгасиз. Сиз кўп йиллик меҳнатингиз ва салоҳиятингиз асосида бирор янгилик яратдингиз, дунёни лол қолдирадиган бирор бир нарсани кашф қилдингиз. Катта эҳтимол билан жамият, атрофингиздагилар, раҳбарият ушбу кашфиётни қабул қилишга қийналади, ҳатто унга хавф сифатида қарашлари мумкин. Инсоният табиати шунақа, у доим янгиликдан қўрқиб келган.

Кўплаб олимлар ва социологларнинг фикрига кўра бугунги кунда дунёда инсониятни оғир шароитдан ва қашшоқликдан олиб чиққан замонавий технологияларга қарши мантиққа тўғри келмайдиган қўрқув пайдо бўлган.  Кимдир интернетдан қўрққан бўлса, яна кимдир технологияларнинг қайсидир хусусиятидан, унга боғланиб қолишдан қўрқиб қолган. Кимлар бўлса бизни келажакда роботлар бошқариши ва яқин келажакда роботлар ва инсоният ўртасида жанг бўлиши ҳақида башорат қилиб юрибди.

Роботлар ва инсонлар ўртасидаги уруш ҳақида ўз ишининг устаси бўлган Голливуд ўнлаб филмлар суратга олишга ҳам улгурди. Лекин, замонавий технологиялар олдидаги қўрқувимиз қанчалик ҳақиқатга асосланган? Замонавий технологиялар биз учун фойдалими ёки бу келажагимиз учун хавфми?  Келинг бир ҳаммасига ижобий томондан қараб кўрамиз. Бироз оптимист бўлсак зарар қилмас…

2014 йили дунёнинг энг йирик  компаниялари  ўзларининг янги кашфиётлари — 3D принтерларни ҳаммага кўз-кўз қилишди. Эмишки, айнан 3D принтерлар “технологиянинг додаси”, улар инсоният эволюциясини кейинги босқичга олиб чиқармиш.

Ҳақиқатдан ҳам ушбу принтерлар бизнинг дунёмизни ўзгартира оладиган даражадаги янги кашфиётдир. Улар ёрдамида сиз интернетдан топилган турли схемалар асосида хоҳлаган буюмингизни ёки шаклни чоп этишингиз ёки ишлаб чиқаришингиз мумкин. Бу сизга анча вақт тежаш, шу билан бирга транспорт ва бошқа харажатларни, тайёр товарни топишга кетган энергия “бош оғриқ”ни тежаш имконини беради. Фараз қилинг, уйингизнинг дизайнига мос бирор бир буюм керак, сиз интернетдан тайёр лойиҳани оласиз-да,  уйингиздаги 3D принтерга керакли ҳомашёни тиқиб уни чоп этиб, узр, чиқариб қўя қоласиз. Келажакда 3D принтерлар бизга кўплаб қулайликларни яратиши табиий.

Лекин танқидчилар доимгидек 3D  принтернинг фақат ва фақат ёмон томонини кўриб келяптилар. Уларнинг фикрига кўра мазкур янгилик билан одамлар қурол-яроғ ишлаб чиқаришлари мумкин эмиш! Агар 3D принтерлер сотуви асосан бой бўлган Ғарб, хусусан, АҚШ бозори учун мўлжалланганини ҳисобга олсак, Ғарб мамлакатларида шундоқ ҳам қурол сотиб олиш учун 3D принтер сотиб олишингиз шарт эмас, қурол сотиб олиш уларда анча осон. Ҳам қонуний, ҳам ноқонуний йўллар билан буни бир зума амалга оширса бўлади!

Аслини олганда, замонавий технологиялар олдидаги қўрқувимиз бу келажак олдидаги қўрқувимиздир. Биз замонавий технологиялар туфайли келажакни, келажак авлодни назоратини қўлдан чиқариб юборишдан қўрқамиз. Бу алоҳида шахсларга ҳам, жамиятга ҳам, умумий раҳбариятга ҳам бирдек тегишлидир. Айнан шунинг учун ҳам замонавий технологиялардан доимо ҳайиқиб келамиз. Лекин аслида бизнинг ҳаётимизнинг фаровонлигини айнан технология соҳасидаги инвестициялар таъминлаб келган. Ўйлаб кўринг, одамзод оловдан фойдаланиб бошлагандан бери ҳар бир қилган кичик кашфиёти уни ҳаётини янада осонлашишига, инсониятни яна бир қадам одимлашига сабаб бўлган.

ХХ асрдаги энг катта кашфиётлардан бири — интернет замонавий технологиялар тараққиётини бир неча баробарга тезлаштириб юборди. Натижада, бутун дунё бўйлаб XIX асрдаги саноат революциясига ўхшаган “интернет революцияси” бўлиб ўтди.  Бугун жамиятимизнинг аксар қисми интернетни қабул қила бошлади. Лекин интернет илк пайдо бўлган даврда нафақат бизда, балки бутун дунёда уни катта бир хавф сифатида кўришганди. Интернет илк пайдо бўлган даврда ундан террористлар ёки педофиллар фойдаланиши, у орқали банкларда пул ювилиши ҳақида қўрқув пайдо бўлган, ҳатто интернетни қоралаб, унга қарши китоблар ёзилганди. Ўзимизда ҳам давлат телевидениясида интернетга қарши бир қатор дастурлар тайёрланган, улардаги ғоя ёшларни интернет деган касалликдан қўрқитишдан иборат эди.

Ушбу қўрқувларга қарамасдан одамлар интернетни қабул қилишяпти. Натижада бугунги кунда интернет бизнинг ҳаётимизни мисли кўрилмаган даражада осонлаштирди. Эндиликда ишлаш учун, хабарлашиш учун интернет энг қулай воситага айланди. Ҳатто бундан ўн беш йил олдин ҳам қандайдир бир маълумотни топиш учун кутубхонага бориб баъзида бир ҳафталаб китоб титиш керак эди. Бугунги онлайн энсиклопедиялар, қидирув тизимлари бизга маълумот олиш учун кенг имкон очиб берди. Бугун ҳатто Республикамизнинг энг чекка қишлоғида туриб ҳам Париждаги кутубхонанинг сайтига киришингиз, ўзингизга маъқул китобни электрон версиясини олишингиз ва ўқиб кўришингиз мумкин. Бу учун интернетга эга бўлиш етарли.

Бугунги кунда “Google”, “Wikipedia”, “Skype”, “Youtube”, “Yandex”, “Amazon”, “Facebook”, “Twitter”, ахборот сайтлари ва электрон почта  каби бир қатор хизматлар ҳаётимизни мисли кўрилмаган тарзда осонлаштириб турган вақтда Луддитларнинг замонавий меросхўрлари бизни технологияларнинг хавфи ҳақида огоҳлантиришга ҳаракат қилишади. Луддитлар Буюк Британияда XVIII асрнинг охири XIX асрнинг боши? яъни саноат тўнтариши даврида машиналар жорий қилинишига қарши чиққан, машиналарни бузиб ташлаб ўз қаршилигини намойиш қилган шахсларнинг ҳаракатидир. Улар машиналар туфайли ўз ишларидан айрилиб қолишларини ва келажакда саноат умуман инсоний кучга муҳтож бўлмаслигидан қўрқишган.

“Интернет одамни ахмоқ қилиб қўйиши мумкин” — деб ёзди яқинда ўзбек газеталаридан бири. Замонавий Луддитлар доимий бизни интернетдан ёки замонавий технологиялардан қўрқитишади, уларни биз учун катта хавф сифатида кўрсатишади. Лекин бу фақат биздаги ҳолат эмас, масалан, АҚШдаги энг ката телеканаллардан бири “CBS” мухбири Боб Сшиффер интернет одамларни телба қилиб қўйиши мумкинлиги ҳақида неча йилдан бери бонг уради.

Албатта, ушбу танқидларни ҳам мутлақ нотўғри деб бўлмайди. Охирги вақтда одамлар замонавий ахборот технологияларига боғланиб қолишяпти ва бу уларнинг ёлғизланиб қолишига сабаб бўляпти. Баъзи бировлар эртадан-кечгача смартфон ёки планшетидан кўз узолмайди. Аксига олиб интернет орқали ахмоқона фикрлар, зарарли мафкуралар янада тез тарқалиши мумкин. Масалан, “одноклассники” ижтимоий тармоғи “замонавий Қатортолга” айланиб қолган бир вақтда, “Facebook”  ва “Youtube”да бази бир шахслар диний радикал фикрлари билан бошқаларнинг онгини заҳарлашга ҳаракат қилишади.

Лекин бу дегани интернет биз учун  хавф дегани эмас. Бузғункор ғоя интернетсиз ҳам тарқалади. Гитлер ўз ғоясини халққа етказиш учун интернетдан фойдаланмаган, Афғонистон халқининг радикаллашиш жараёни ҳам интернет орқали ўтмаган. Бу шунчаки ғараз ниятли шахсларга ёки жамоаларга  ўз мақсадларига етиш учун восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу менга бобом айтиб берган болта ҳақидаги ривоятни эслатади.

Кимдир болта билан бегуноҳ одамларни чопиб, фақат калла кесган бўлса, яна кимдир болта ёрдамида ёғоч чопиб уй қурган, нимадир бунёд қилган. Бугун биз болтанинг хавфли томонларини яхши биламиз, лекин  одатда кундалик юмушимизни осонлаштирадиган оддий буюм сифатида қараймиз. Болтани кўриб туриб, бориб кимнидир чопиб ташлаш хаёлимизга келмайди ёки кимнидир болта кўтариб кетаётганлигини кўрсак, унинг нима иш биландир бандлиги ҳақида ўйлаймиз, одам чопаётганлиги ҳақида эмас. Ҳаммаси замонавий технологияларни нима мақсадда ишлатаётганлигимизга боғлиқ эмасми?!

Аслида, давлатимиз раҳбари айтганидек интернет ва замонавий технологиялардан фойдаланиб ёшларнинг дунёқарашини, онгини ўстирган ва уларда маънавий иммунитет пайдо қилган маъқулроқ. Маънавий иммунитетга эга бўлган ёшлар интернет орқали келган ҳар қандай хавфни онгли тарзда қабул қилади, интернетдан ҳам ўзига керакли тарзда фойдалана олади. Интернетни фақат хавф деб тушинган инсонлар бўлса у яратган имкониятлардан ҳеч қачон фойдалана олмайди ва натижада ўтган асрда қолиб кетади. Бундан шунақа хулоса қилиш мумкин — технологияларга, интернетга қарши кураш бизни замондан янада орқада қолишимизга, натижада янада маънавий қашшоқ бўлишимизга хизмат қилиши мумкин, ундан ортиғига эмас.

Хўш, биз смартфон, планшет, компютер олдида жуда кўп вақт ўтказяпмизми?! Ҳа, буни рад этиб бўлмайди. Лекин, ушбу воситалар ҳаётимизни қанчалик осонлаштираётганлигини ҳам рад эта олмаймиз. Бугун қўлимиздаги кичкинагина бир «матоҳ» ёрдамида бутун инсониятнинг билимлари йиғилган манбаага бемалол улана оламиз. Мобил телефонлар орқали биз ўзимиз севган ва меҳр берган инсонлар билан доимий алоқадамиз. Бугун уйдан чиқмасдан биздан минглаб километр нарида — Россияда ёки дунёнинг бошқа бурчагида тирикчилик дарди билан юрган яқинимиз билан алоқага чиқа оламиз, ҳатто уларнинг жамолини ҳам кўра оламиз. Интернет ва замонавий технологиялар бизга чексиз имкониятларни очиб бермоқда.

Ўтган аср билан солиштирганда ҳаёт тарзимиз яхшиланиб боряпти ва бугун  Ғарбда техник тараққиёт эвазига 60 ёшдаги киши ўтган асрдаги қирқ ёшдаги кишидек кўриниб туради. Техник тараққиёт минглаб, миллионлаб инсонларнинг умрини асраб қолишга, уни узайтиришга хизмат қиляпти. Техник тараққиёт эвазига оддий бир медицинада бир кунда юртимиз бўйлаб ўнлаб мураккаб операциялар ўтказиляпти. Техник тараққиёт эвазига мамлакатимиздаги ва дунёдаги ширкатлар ўз махсулотлари сифатини доимий ошириб боришмоқда.

Замонавий технологиялар туфайли биз ўтмишдаги авлод ҳатто тушида ҳам орзу қилмайдиган имкониятларга эга бўлдик. Бу ўз навбатида бизга янада кўпроқ нарсани ўрганишга, ижод қилишга, кашф қилишга, ўзлигимизни англашга имкон яратади. Тараққиётдан қўрқмайлик, аксинча унга интилайлик, шундагина ҳаммадан олдинда бўламиз, шундагина бошқалар бизни манипуляция қилишига йўл қўймаймиз, шундагина онгимиз, маънавиятимиз ўсади, ҳаётимиз яхшиланади, шундагина ўз ҳуқуқларимиздан кенг фойдаланамиз, шундагина келажагимизнинг буюк бўлишини таъминлаймиз. Зеро маънавий тараққиёт учун аввало иқтисодий тараққиёт керак, иқтисодий тараққиётни эса бугунги кунда замонавий технологияларсиз фараз қилиб бўлмайди.

Келажакда ҳамма соҳада ҳам ўз фикрига эга бўлган, замонавий технологияларнинг имкониятларидан кенг фойдалана оладиган ҳақиқий профессионал кадрлар етишиб чиқсагина мамлакатимиз тараққиёти янада тезлашади. Тараққиёт бизга йирик хусусий ширкатлар орқали иш ўринлари яратиш имконини беради, шундагина миллионлаб ватандошларимиз Россия ёки бошқа бир қўшни давлатда эмас, ўзимизда яратилган иш жойларида ишлашади, ҳақиқий билимли кадрларга эга бўлган ширкатлар ўзларининг сифатли ва рақобатдош махсулотлари орқали мамлакатимиздаги тараққиётни фақат ва фақат тезлатиши мумкин. Аслида ҳаммамизнинг орзуйимиз Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторида кўриш эмасми?!

Фируз Аллаев,

блогер


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Ismim shart emas Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Inson doim xato qiladi. Xato qilish uning tabiatida bor. Nima yangilik kiritsa ham baribir xato qiladi.
    Shu jihatni tan olgan holda harakat qilsak maqsadga muvofiq bo’ladi. Yaxshiligi yomonligidan ko’proq bo’lgan narsani o’ylab topsak (aslida biz hech narsani o’ylab topmaymiz-bizga beriladi) uni joriy etishga biron kuch to’siq bo’lolmaydi

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>