• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Юракнинг тўрт санчиғи

Шайман чавандознинг нигоҳи

Кузнинг охирлари эди. Телефон жиринглади: нотаниш рақам. Беҳафсала гўшакни кўтарсам, таниш овоз эшитилди:

— Қандайсан, невара, кайф чоғми?

Кўксимга қишлоқ ҳиди урилгандай бўлди: Шайман чавандоз. Ғайратли бова, фермер. Йилда икки-уч марта нималарнидир ҳал этгани азза-базза пойтахта келиб туради.

Сўрашдик. Чилонзордан қўнғироқ қилаётган эканлар. Бордим. Чавандоз бова даштдай кенг бағрини очди:

— Ҳа, кўзингдан…

Уйга таклиф қилувдим, рапидадай қўлини сермади:

— Ер қараб турибди, чойлашишга бало борма? Поэзд жўнашига ҳали барвақт. Бир хабарлашай, деб эдим-да…

Йўл устидаги кафега кирдик. Чавандоз бова дўпписини қўлига уриб, қайта-қайта қоқди:

— Товбангдан-ай, уч ой олдин манов бино йўқ эди-ку…

— Ҳа, энди…

Овқат ораси ағдан-бағдан гурунг қўшилди. Чавандоз зотининг ичи тўла гап бўлади…

— Ай, невара, эркак дегани от минмай қўйди. Шунинг учун баданда бужур йўқ-да. Сен тенги пайтимиз Иноят «кузир» билан кўпкаридан қолмасдик. Қор белдан уриб турса ҳам буёғи Бойсуну Шеробод, нарёғи Сариосиёга бориб от чопганмиз. Яқин орада аввалгидай кўпкарини ҳам, чавандоз ҳам кўролмадим, невара…

Чавандоз бова тийнатига номувофиқ андак маъюсланади, хўрсинади. Бир дам ўтгач, кўзларда яна ўша шиддат жилва қилади:

— Ай, бахшиларни айтгин. Эл сел бўларди-я. Қодир бахши тўйга келса, ўтиргани жой топилмасди. Полвонлар достон эшитиб, давраларди. Сўнг кураш кўргин-да. Куч билакка сиғмай, желакни «торс-торс» йиртади-я… Қодир бахши ҳам чертиб айтарди, аммо-лекин «От минган йигитларга орият йўлдош бўлди…» дерди. Ай, белида белбоғи борлар бу гапдан қизинмасин-ма?!.

Чавандоз бова чой ҳўплади:

— Энди, бу гаплар қолиб кетди. Бугуннинг боласи — бошқача! Буларинг отни зоопаркда кўриб катта бўлаяпти. Шунинг учунмикан, кўзида ўт кўрмайман. Ай, товба-ай…

Сал нарида бир талай ўсмирлар ёши ўтганроқ икки аёл бошчилигида ниманидир байрам қилишарди. Қий-чув, ҳиринг-ҳиринг…

Биттаси туриб, магнитофонга кассета қўйиб келди.

— «… қачон, дема, дилни қилма вайрон,

қачон, дема, сенга жоним қурбон,

кечиргин хатойим,

кечириб қўйгин тамом — Марио!..»

Жазавали рақс бошланди. Ўсмирлар кимўзарга қийқириб, ҳалиги аёлларни ўртага олишиб, билганича ўйнашарди. Биттаси эса азбаройи завқ-шавқдан бўлса керак, қиз болани даст кўтариб, бир-икки айлантириб қўйди.

Шайман чавандоз ҳайрон бўлиб тикилди. Кейин шаҳд билан турди-ю, магнитофоннинг сим-пимини узиб, отиб юборди. Қий-чув бир зумда тинчиди.

Чавандоз бова ҳайрон бўлиб турганларга бир қошини баландлатди:

— Ҳа-а?..

Унинг характерини билганим учун аралашмадим. Аммо жим қараб ҳам туролмадим. Олифтароқ биттасини тутолмай қолдим. Қабоқ уюб турган Чавандоз бовага рўпара бўлди:

— Нима қиляпсиз, бобой?..

Улгуролмадим. Ҳалиги бола тарсакидан анча нарига учиб тушди. Бошланди тўполон. Юз-кўзлари бўялган, сочи калта бояги хотинлар шанғиллаганча «тартиббузар зўравон»га ёпишиб кетди:

— Кимсиз, ўзи. Ваобше тушунолмай қолдув. Вай, товба қилсам, жиннироқмисиз, а?..

Чавандоз бова қўлини сермади:

— Тек тур-ай…

Кафенинг катталари югуриб келди. Шайман чавандозни қўлтиқлашиб, қулоғига бир нимани шивирлашиб, ташқарига олиб чиқишди.

— Бўлди-ай…

Чавандоз бова бир силтаниб, у ёғ-буёғини тўғрилаган бўлди.

— Биздан қанча?..

Чўнтак ковлаётиб қарасам, у ўқрайиб турибди. Тинчидим. Кетаётиб, узр сўрагани чиққан қандайдир болага чавандоз бова ўдағайлади:

— Ким, анов урғочи?..

Йигитча ерга қаради:

— Устозимиз…

Индамай йўлга тушдик. Шайман чавандоз поэздга чиқаркан, жим бағрига босди. Сўнг… Ке-э-э-тди. Шу бўйи мана икки йилдирки, у пойтахтга келмайди.

«Қорним тўйса, бўлди-да»

Сўнгги марта қишлоққа борганимда, адирга чиқдим. Бир бола мол боқиб ўтирган экан. Гаплашгим келди, негадир. Сўрашдиму, аранг танидим: уйи анҳорнинг нариги бетида. Жувозкаш амакининг супрақоқдиси. Бу йил 9-синфни битирибди.

— Китоб ўқийсанми? — дедим гапни айлантириб.

Бошини чайқади. Сабабини сўрасам, елкасини қисди. Менам қўймадим.

— Ким бўлмоқчисан?

— … Ҳеч ким…— пичирлади у.

— Ия, ука, сал пастроқ тушинг, — дедим эркалаб. — Агар сен ҳеч ким бўлолсанг, дунё нима бўлишини биласанми?

Ажабланиб тикилди.

— Шаҳарда ўқийсанми, насиб бўлса?

— Йўқ…

— Нимага, энди?

— Отамнинг пули йўқ, — чўрт кесиб гапирди у.

— Ия, қизиқ экансан-ку. Сарфлаган пулинг бир куни қайтиб келади.

— …

Бошини силадим:

— Хўш, отанг билан гаплашсам, ўқийсанми?

У ўйланиб қолди. Кейин… ишонасизми, нақ саксондан сакраган чолдай гапирди:

— Бизар каттаргунча… замонлар ўзгариб кетади.

— Нимаси ўзгаради, — дедим иддао аралаш.

— …

Бир пас жим қолдик.

— Чўпон бўласанми? — дедим андак ўтиб.

Бошини сермади.

— Кейин-чи?

— Мол боқаман.

— Бор-йўғи шуми? — дедим ажабланиб.

У ерга қаради:

— Қорним тўйса, бўлди-да.

Иложи борича хотиржам гапиришга уриндим:

— Ҳов, анов тарғил ғунажинни кўряпясанми? Ана шунинг ҳам қорни тўйса бўлди. Сенинг ундан фарқинг йўқми?

Укам тушмагур қочиб кетди.

Кечқурун ҳамсоямизникида тўй бўлди. Отарчилар шаҳарлик экан. Кўпчиликнинг кўзи ҳусни қоча бошлаган раққоса-да. У ҳам ўз ишининг устаси: пул чиқармагунингизча кетмайди. Кимдир пул узатиб ўпмоқчи бўлди. Раққоса нозланди. Ҳалиги киши шартта дўпписини кийдирди-да, пулга белаб ташлади. Раққоса бу сафар йўқ демади, ҳартугул. Мақсадига етган бояги киши атрофга бургутона қараш қилиб даврадан чиқди. Ёнимга келиб ўтирганида уни туйқус таниб қолдим. Бу — ўша жувозкаш эди.

Жўнлашаётган ҳайрат

«Охир замон одамлари янтоқ устига чиқиб азон айтаркан», — дердилар момом. Баъзан ўйлаб қоламан. Авлодлар алмашгани сайин умр кўриш ёшининг қисқараётгани, гавда тузилишининг кичрайиб бораётганлиги — бор гап. Аммо эътиборлиси шундаки, одамзотда худбинлик ортгани сайин ҳайрат жўнлашиб, доираси торайиб бораётир. Сунъий жараёнлар қаршисидаги лоллик эса ҳайрат бўлолмайди. Навоий ҳазратлари «Лисон ут-тайр»даги бир водий (камолот босқичи)ни Ҳайрат деб номлаганлар-да. Билингки, ҳайрат йўқолгани сайин инсон ўзлигидан, «мен»идан узоқлашиб бораверади.

Яқинда Тошкентга келишимда бир йигит сафардош бўлди. Гапимиз дарров ўнг тушди. Роса хурсанд кўринарди:

— Тўйдан келаяпман, ака. Тоғам ўғлининг қўлини ҳалоллади. Даҳшат. Ҳамма қойил қолди. Саккизта отарчи. Вай, тўйдан бир кун олдин-чи, тўртоғайни «Нексия»ни миниб чиққанмиз. Роса ўтириб, ярим кечаси ош қилмоқчи бўлдик-да. Урин-урин бошланди. Бир пайт кўзимни очсам, савзи куйиб, қозонга ёпишиб қолибди. Ҳамма «ўчиб қолган» экан. Вай, ана комедия…

У яна кўп гапирди: асли самолётда келмоқчи экану, Термизгача боришга эринибди. Ҳали «права» ололмагани учун машинани олиб келолмабди. Қизлардан таниши кўп, ўзи ҳам саноғидан адашиб кетади. Бир қанча расмларни кўрсатди: турли ҳангомалардан ёдгорликлар.

Автобус жўнаши олдидан у бир йигит билан гаплашиб турганди. Негадир у йигит чиқмади. Шуни сўрадим.

— Ҳа, уми, синфдошим, қўшнимизнинг ўғли, — бепарво қўл силтади. — Тошкентга ишга бораётган экан, автобусга пули етмабди. Мана, мана шу-да ҳалиги айтганим. Тоғда «Матиз»ни ҳайдаб авария қилишимга озгина қолган…

Сўзғаки поён бўлур…

Бир куни дарсдан келсам, шумхабар айтишди: яқин бир акамиз оламдан ўтибди. Бандалик. Уйидан чиқаришаётган экан. Улгуролмаслигимни билгач, тўғри қабристонга бориб қўя қолдим. Масжидда иккита тобут турарди. Кўп яхши гаплар бўлди. Сўнг битта тобут чиқди. Қўлма-қўл бўлди. Имкон қадар кўтаришдим. Марҳумни қабрга қўяётиб, атрофимга қарасам, битта ҳам таниш киши йўқ. Адашганимни сездиму, дуони ўқир-ўқимас, иккинчи тобутни олиб кетишган томонга чопдим. Қоровулдан сўраб топгунимча вақт ўтди. Сўнги дуога адашганимдан афсусландим. Кейин… ўзимдан жирканиб кетдим.

Мурод Ғофуров

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>