• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

Юракка қадалган ўқ

y_q_o

Рўзномамиз хатлар қутисига кунига кўплаб аскар мактублари келиб тушади. Улар ичида тил билмаслик, спорт билан етарлича шуғулланмаслик оқибатида келиб чиқадиган қийинчиликлар ва шу муносабат билан ҳамюрт укаларига насиҳат тарзида ёзилган дил сўзларини, баъзан шикоят хатларини ҳам, йигитлик бурчини аъло ўтаётган ўғлонларимиз ота-оналарига қисм командирлигининг раҳматномасини ҳам ўқишингиз мумкин. Айрим аскар укаларимиз эса рўзномамиз етиб бормаслигидан нолиб, ундан юбориб туришимизни сўраб хат ёзишган.

Аммо узоқ Олтой ўлкасидан келган қўлимиздаги мана бу хат… Келинг, яхшиси, мактубни сиз азиз муштарийлар билан бирга ўқиб чиқайлик:

Ушбу воқеанинг содир бўлганига кўп бўлгани йўқ. Биз тинч ҳаёт, халқлар фаровонлиги учун елкамизга қурол олганмиз. Буни кимлардир тушунади, кимдир эса йўқ. Мактуб ёзишдан мақсад қалбларга заррача бўлса-да меҳр-оқибат шуъласини бахш этиш. Ўшанда дам олиш куни эди. уч нафар ўзбек йигити бозор томон йўл олдик.

У ернинг бозори унча катта эмас. Қорасув бозори ундан гавжумроқ. Бироқ бу ерда ўзбекистонлик савдогарларни кўп учратасиз. Қимматчилик ҳукм сурган ушбу шаҳарда олма қоқиси ҳам пул-да! Бозорга кириб ўзимизни Ўзбекистонда юргандек ҳис этдик. Юртимиз шабадасини туйгандек бўлдик. Бу ерда тошкентликлар гул, фарғоналиклар узум, наманганликлар қовун, баъзилар анор сотиб ўтиришарди. Ҳаяжонжан ўзимизни тия олмасдик. Қани энди шундай куч бўлса-ю, юртдошларингни қучоқлаб бағрингга боссанг. Йўқ, йўқ, бу Сибир бозори эмас, бу ердан Ўзбекистоннинг, Андижонимнинг иси келяпти.

Нуроний бир отахон билан қучоқ очиб кўришдик. Пешонамиздан ўпиб, бошимизни силаганларида кўзларида милтиллаган ёш томчиларини кўрдик. Нақадар азиз кўз ёшлар, чунки бу қувонч ёшлари, Пахта ҳосили, Ўш воқеалари ҳақида суҳбатлашдик. Шу пайт 25-30 ёшлардаги бир йигит яқин келиб: “Ҳа, яна землякларми?” дея биз билан саломлашган бўлди. Кўзларидан жаҳл ўрин олганди. Оқсоқол қўлимизга қоғозга ўралган ерёнғоқни узатиб: “Хаёл билан бўлиб қолибман, ўғлим, чақиб туринглар, мен ҳозир, узр” деганча нари кетдилар.

— Пулини ташлаб кетинглар, ука. Шунинг орқасидан келганмиз бу ерларга, — йигитнинг сўзлари довдиратиб қўйганди. Гоҳ йигитга, гоҳ қўлимиздаги ерёнғоққа қараймиз.

— Шаҳарда шоколаднинг килоси 35 сўмдан ошибди экан, — мана газетада ёзишибди, сўзини давом эттирди у.

Уччаламиз ҳам чўнтагимиздаги бор пулни чиқариб, унинг олдига ташладик.

— Узр, ака, унутибмиз, — бундан бўлак ҳеч нарса дея олмадик.

Йигит эса озгина ерёнғоқ учун ўн сўмдан ошиқ пул ундирганидан ўод эди. йзлда кетарканмиз бошимизни кўтаришга, бир-биримизга тик боқишга куч топа олмасдик. Ниҳоят қисм дарвозасига етиб келганимизда шеригимиз қўлидаги ерёнғоқни ахлат уюмига ташлаб, беихтиёр бақириб юборди, — “Ўзбекистонники эмас бу!” Унинг кўзларидан оқаётган ёшни тўхтатиш, кўнглини олиш қўлимиздан келмасди. Шундоқ ҳам унсиз йиғламоқда эдик. Наҳотки, ўзбегимнинг ўзлиги йўқолиб бораётган бўлса! Бу воқеани юракка қадалган ўқ азобидан енгилроқ дейиш мумкинми?

Саминжон Ҳусанов,

Ефрейтор”.


Ҳаяжон билан мактубни тугатдиму, шу йил ёзда кўрганим, Дўмбробод кўчаларидан ўтиб бораётган турли миллатга мансуб уч-тўртта аскар йигитга лаганда узум тутаётган онани, Наврўзи оламда кўчамизда қурилажак АТС биноси учун пойдевор қазиётган аскарларга атаб сумалак сузаётган қўшни кеннойини эсладим. Сиз-чи? Сиз нималарни эслаяпсиз?

“Ёш ленинчи” газетаси,

1991 йил февраль

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>