• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Гурбачаннинг қайтиши ёхуд юпқалашаётган табу пардаси

1990-йиллар. «Қўчқорни қўй қилиб бўлмайди»

Қишлоғимиз клубига кино келди. Ҳиндча экан. Деворга катта оқ латта тортиб қўйиб берди.

Ўзи Баччанни кўрамиз деб боргандик (у вақтлар кўкракка кўмир билан «Мард» деб битиш урфга кирганди), Дхармендра ўйнаган экан. Ноилож, ўтириб кўрдик: Ражу-Рамга қўшилиб «Самрат»ни изладик, уни бирга ҳимоя қилдик, бирга енгдик.

Бироқ… менга бир сюжет — қизнинг душманлардан яшириниш учун соқол-мўйлов қўйиб Сумандан Гурбачанга айланиши ғалати таъсир қилди. Аёл қандай қилиб эркак бўлиши мумкин, деб ўйладим. Ўйимга етолмай ухлаб қолдим. Эртаси мол боқаётиб, жўралар билан шу ҳақда гурунг кетди.

— Қўчқорни қўй қилиб бўлмайди, — деди биров мантиқни ёндан излаб.

— Дўхтир тоғам айтган, Америкада «апераса» қилса бўларкан, — деди биттаси (у вақтлар чет эл дегани тасаввуримизда, худди  Эхолайн каби фақат Америкадан иборат эди).

— Қандай қилиб? — ҳайрон қолдик.

Жўрамиз тайинли жавоб айтолмади.

— Қиз бўлиб қолсак-а? — дея хавотир билдирди ҳовлиқмароқ ошнамиз…

Биз йигирма йил аввал Сурхоннинг чекка бир даштида бугун инсониятни боши берк кўчага киритиб қўйган гапларни гурунг қиларканмиз, Данияда аллақачон икки «эркак» никоҳдан ўтганини билмас эдик. Орадан ўн йилча ўтиб биз билган ва ҳавас қилган ўша «чет эл»да биттаси жинсини ўзгартириб, «ҳомиладор эркак» сифатида бола туғишини тасаввур ҳам қилолмасдик…

2014 йил. «Энди нима қиламиз, ошна?»

Бу йил нуфузли халқаро мусиқа танловларидан бирида австриялик «соқолли аёл»нинг ғолиб чиқиши инсон қалбини асраш ҳақида асаб олиб-асаб бераётган жаҳон маънавиятчиларига ўзбекча бир мақолни кўндаланг қилиб қўйди: «Шамол куни чақирма, товушинг зое кетар».

Тўғри-да, миллионлаб зиёли глобаллашув, «оммавий маданият» ҳосиласи бўлган «бир жинсли никоҳ», «никоҳсиз-оиласиз яшаш»нинг умуминсоний маънавиятни емириши, инсоний ҳаёт тарзини издан чиқариши ҳақида тун-кун бонг урмоқда. Қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда, миллиардлаб пул сарфланмоқда. Буёқда эса…

Ўша кунлари «кўринмас» рақамдан СМС келди: «Энди нима қиламиз, ошна?». Бир-икки кун бошим қотди. Кейин СМСни эсимдан ўчирдим…

Яқинда нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Олсам, эскитдан яқин жўрам. «Аэропортдаман. Қишлоққа кетяпман», деб гўшакни илди. Бордим. Кўришмаганимизга 8 йил бўлибди. Озгина гурунг қилдик. Кулди: «ўша СМСни мен ёзувдим. Бир ўйлатай, дедим-да». Кулгуси зўракироқ чиқди. Жим қолдик. Кейин елкасидан буриб кўзига тикилдим:

— Нима гап, ўзи жўра?

Хўрсинди:

— Ҳеч гап йўқ. Шу-у…  ановига ўхшаганлар эрта-индин бизда ҳам пайдо бўлмасмикан. Болаларимиз атрофида қандай одамлар бўлади?

— Болаларинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйсанг, атрофини ёлғиз қўйсанг, албатта, ўшалар эгаллаб олади, — дедим.

— Мен ҳам шуни ўйладим. Уч-тўрт танга ишлаб, катта суннат тўй қилмоқчи эдим. Энди кичикроқ қилиб ўтказаман. Қолган пулга бирор ишни йўлга қўяман. Ўғлимни ўғилдай, қизимни қиздай катта қиламан…

«Пайшанбадан пайшанбагача»

Абдулла Ориповнинг «Европа» шеърини ўқигандирсиз. Шоир «Хўроз хўроз билан тўй ўтказ»иб, «сигирлар сигирга кўзини сузаётган»идан куюнса-да, барибир, ёруғлик излайди: «Инсон мукаррамдир», дейди. Бироқ бу фожианинг сабабу ечими ўйлатаверади. Ўйлаган сайин ёқа ушлайверасиз.

Мозийга қайтсак, I жаҳон урушидан чиққан Ғарб санъати ва ёшлари барча муқаддас тушунчаларни оммавий тафтиш қилишга киришганига гувоҳ бўламиз. Ўша пайтлар авж олган нигилизм, фазилатга айланган фанатизм оқибати эса бугун кўз ўнгимизда. Биргина дадаизмни эслайлик: улар «дада» — мутлақо ҳеч нарса, аммо ҳамма нарсанинг асоси — «дада», дейишди. «Ҳеч қандай дастурга таянмаслик — дастуримиз», дейишди. Бироқ вақт ўтиб, бу онгга, руҳга, қалбга кўчиб, занг солди, ҳатто тажовузкор тузумдан кўра хавфлироқ бўлиб қолди.

«Бир жинсли никоҳ» — ўша нигилизм бераётган Заққум ҳосиласи. Ғарбни қўятурайлик. Ўша, бир аср олдин Ғарбда тажриба қилиб кўрилган табу (муқаддас таъқиқ) пардасини йиртишга уринишнинг акс таъсирларини энди аҳён-аҳён дунёнинг исталган ерида, ҳатто ёнимизда учратяпмиз. Бунга гоҳ эътибор берамиз, гоҳида бепарвомиз.

Юртимизда илк театр пайдо бўлганда аёл ролини ўйнаган эркак актёрларнинг исми афишада ёзилмас экан. Чунки халқдан қўрққан, уялган. Бугун эса бир қизиқчимиз эридан калтак еган хотин қилиғини ҳатто эркак кийимда кўрсатишдан мутлақо уялмаяпти. Бекиниш-ку нарёқда турсин. «Ўзимдан ўзимгача» деган фильмда Ойша (ҳайф шундай исм) ўғил болани калтаклаб, аёл либосини кийдириб, сигир соғдиради. Якунда ўша «азамат» шу қизга уйланади. «Учар қиз»да эса эр-хотиннинг овози-характери алмашиб қолади. Сўнг улар аслига қайтиш учун шир яланғоч бўлиб ой ёруғига чиқади.

Яқинда яна биттаси чиқди: «Пайшанбадан пайшанбагача». Тўрт ошнадан бири (у яна ўқитувчи!) қизга айланиб қолади, ошналаридан бирининг эса унга… кўнгли суст кетиб, кўз сузади. Шукрки, шундан нарига ўтмайди.

Минг афсуски, бундай эпизоду образларнинг ҳаммаси энг таъсирчан восита — санъат орқали кириб келмоқда. У «массажкурсига ўтириб оҳ-воҳлаётган чол» ё овози ингичка болача ёки семизу қўпол қиз ёхуд бутининг ярмига шим, ярмига юбка кийган шаллақи образлари бўлсин, барча-барчасида ўша бир пайтлар Ғарбда урчиган иллатнинг манфур ҳиди уфуриб турибди. Уларни ёшлар — сизу бизнинг фарзандларимиз тик туриб олқишламоқда. Бунга ачиниш керакми ё ҳайратланиш?

Кўлмак муштлаётган қўллар

Ҳезим бойвачча ҳақидаги эртак эсингиздами: ота хотинчалиш ўғлини эр этиб тарбиялаш учун қирқ ёвқур йигитга қўшиб саҳрога жўнатади. Қирқ кун ўтиб борсаки, найзаларга латта ўрашиб, «хола-хола» ўйнашаётган экан…  Хўш, нега аёлмижоз бир бой ўғли қирқ ёвқур йигитни ўзига ўхшатиб олди?  Чунки унда пул бор эди.

Бугун ашула айтиб, саҳна-ю экранга чиқаётган, жинси алмашган хонишларни куйлаётган баъзи хонандалар ўша бойўғлини эслатади. Ажабки, бугун нозикмижоз ҳофизлару эркакшода ҳофизаларга кўникиб боряпмиз. Бир тантиқ қиз бульдозер ҳайдаб-аскарлар шимини кийиб, «бевафо-о», дея ўкирмоқда. Овози чийиллоқ учтаси «манда йў-ў-қ», дея кўлмак муштлайди, бири соябон тутиб сузилади, яна бири қизлар даврасида қош қоқади.

Асли қадимдан бахшичилик ё фольклор санъатимиз йўғон, эркакча овозга асосланган. Яқин-яқингача ҳам аксарият хонандаларимиз гулдурак овозли эди. Негадир, сўнгги пайтлар ингичка овоз соҳиблари кўпайди. Бу ёқда эса «шоир» акамиз «Эй, хушмўйлов йигит, дугонамга ёқиб қолибсиз» каби матн ёзишдан уялмаяпти…

Эркак ё аёлнинг ўз шеър-қўшиғи, рақси бор. Ўрни алмашса, мувозанат бузилади. Марҳум Дилнура Қодиржонованинг қўшиғини эсланг: «Тупроқ бўлай, лоақал изинг тушиб ўтар-ку…». Ана, асл аёлнинг сўзлари. Ёки қорақалпоқларнинг «Айқулаш» ансамбли — йигити йигитдай, қизи қиздай ўйнайди. Сурхондарё-Қашқадарё фольклоридаги йигитлар рақсини эсланг: қандай шиддатли, йилдирим, салобатли. «Андижон полкаси» ҳам шундай. Умуман, бизда эркак рақсида ҳеч қачон ноз-истиғно, ҳарир-нозик ҳаракат бўлмайди. Аёл рақсининг энг мукаммал намунаси, ана, «Тановар». Бироқ бугун эстрадамизда ўйнаб ашула айтадиган хонандаларимиз рақс элементларида ҳам характер алмашиб қолаётгани дилни хуфтон қилади.

Нима қилмоқ керак?

Буни ҳар бир инсон ўзи учун ўйлаб кўриши керак. Масаланинг ечими жуда катта юмушни — маънавий кучларни бирлаштиришни тақозо этади.  Ҳар ўғил — ота, оила ва Ватан ҳимоячиси, қизлар эса она сифатида тарбияланиши учун, аввало, ота-она фарзандларига мультфильмдан то интернет сайтларгача саралаб-танлаб бериши керак. Лекин бунда бир савол бор: барча ота-она ҳам шунга қодирмикан? Ўзининг оиласи даврасида бирор марта бўлса ҳам шу ҳақда бош қотиряптими? Ҳамма гап шунда.

Мурод Ғофуров


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Abu Bakr Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Gapning o’g’il bolasi yozilibdi. Muallifning Otasiga rahmat!!!

  • Шамшир Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Кўзингизни очинг эркаклар

  • Баҳодир Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Ўринли хавотир… Бугун ҳаётимизга сизиб кираётган бу жирканч иллат, кейинги пайтларда яққол сезилиб қолаяпти. Йиринглаб кетмасидан аввал, олдини олмоқ лозим.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>