• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Юлдузингни бер, осмон…

Ўзини бахтиёр сезмаган бахтиёр эмас.

Эпикур

Сарлавҳага эътибор қилган бўлсангиз керак. Машҳур ўзбек филмининг номи. Қўшиқчи аёл ҳаёти ҳақида ўта таъсирчан филм. Шон-шухрат шоҳсупасида турган, ўзгалар наздида ундан-да бахтлироқ инсон йўқ деб ўйланадиган, ҳаёти ёлғонларга тўла, том маънода бахтсиз бўлган аёл қисмати ёритиб берилган. Осмондан нима учун юлдуз сўраяпти экан, деб ўйлаганман биринчи марта бу филмни томоша қилганимда. Кейин билсам, юлдуз бахтнинг, осмон Улуғ Яратувчининг рамзи экан… Бахт сўраб нола қилаётган инсон қисмати… Ниманидир Яратгандан сўраш инсон ихтиёрида. Лекин Ғойибдан келажак бахт бу — афсона” (Ғ. Ғулом) эканлиги, фикрларимиз тўқнашуви учун етарли…

“Иккичи”нинг иншоси

Ўқувчилик йилларимда биз яхши кўрадиган ва бизни яхши кўрадиган муаллимамиз “Бахт нима?” деган мавзуда иншо ёздириб қолди. Ҳамма бош қашлаб, ёзишга тушиб кетди. Энди бизам аълочи ўқувчи, момомизнинг “праписир” арзандаси бўлганмиз, ақлимиз етганча бир нарсаларни қоралаб кетдик. Нималар деб ёзганим унчалик ёдимда йўғу лекин муаллимамиз энг яхши ёзилган иншога ваъда қилган китоби — “”Робинзон Крузо”ни ким олгани хотирамга михланиб қолган. Шерқўзи деган синфдошимиз бўларди. Фанларни яхши ўзлаштиролмас, ўзи ҳам ҳафсала қилиб ўқимас, кундалигида “2”лар доимо “гуллаб” турарди. Ана шу синфдошимнинг иншоси бор-йўғи битта гапдан иборат эди. Хали-ҳануз кўз олдимдан кетмайди ўша қинғир-қийшиқ ёзилган сўзлар: Сени тушунишса бу — Бахт.

Кейинчалик, оқу қорани элас-элас таниётган пайтларимда муаллимамизнинг ҳаёти ҳақида оз-моз билиб олдим. Уйдагилари уни бирга ўқиган, севган бошқа вилоятлик йигитга бермай, тоғасининг ўғлига мажбурлаб узатишган экан. Оилада моддий камчилик йўқ эди-ю (эри каттагина савдо дўконини юргизарди) ора-сира ичиб келган эрининг алламбалолар деб бақирганлари ёдимда қолган. Биргина тушунишнинг ўзи муаллимам учун катта бахт бўлган экан. Бечора муаллимам… Бечора Шерқўзи… Балки мен бечорадирман, ким билсин…

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Лекин мен ҳали ҳам ўша саволга жавоб тополмайман: Бахт нима ўзи? Бу саволга жавоб топиш учун даста-даста китобларнинг чангини ютишимга, кўзимга эса кўзойнак тақишимга тўғри келди. Инчунун, бу савол ёнига ўзга саволлар ҳам қўшила бошлади: Ҳаётда яшашдан мақсад нима? Мен нима қилишим керак? МЕН КИММАН ЎЗИ?

Аммо биринчи саволга жавоб излашда давом этардим. Мингта китоб ўқиган бўлсам, минг хил жавоб топдим. Кимдир маърифатли бўлиш, ўқиб-ўрганишни бахт деса, кимдир шуҳрат чўққиларининг забт этилишини, яна бошқаси эл-юртга кўпроқ наф келтиришни, кимдир севганини, кимдир севилганини, яна бири йиққанини бахт ҳисоблар, яна бири эса сочганини, кимдир яратганини, кимдир яралганини… Хуллас, турфа фикрлар, турфа жавоблар. Шу ўринда файласуф Виктор Алимасов ҳақ: Ҳар ким бахтни ўзича тушунади. Ҳаммани бирдай бахтли қилиб бўлмайди. Ҳар ким ўзича бахтли.

“Пичанзордаги ҳўкиз” фалсафаси…

Бир курсдошим бўларди. Бу саволга ҳар доим битта жавобни берарди: “Кимнинг пули кўп бўлса, ўша бахтиёр!” Мен унинг гапига қўшилмасдим, албатта. Ҳар сафар гапига қўшимча қилиб дердим: “Тўғри, пул керак. Лекин у мақсадга эмас, шунчаки, тириклик ва тирикчилик учун восита бўлса”. Ёнберишларсиз ўтадиган бу бехулоса баҳсларимиз якунига етмай, институтни якунлаб қўя қолдик. У бозорда савдога, мен газетада қоғозлар ичига шўнғидим. Ким бахтли? Жавоб эса йўқ…

Яқинда уни кўриб қолдим. Тагида машина, бўйнида тилло занжир, қўлида энг сўнгги русумдаги “сотка”. Ҳар дақиқа “ало-ало”. Лекин кўзларида ёшликдаги олов сўнибди, бироз чўкибдиям. Оиласи сал нотинч экан. Хотиним молпарастроқ, деди. Нимаям дердим: Ўхшатмасдан учратмас. Бу гаплар, албатта, дилимда кечди. Тилимга чиқариб ярасини баттар тирнашдан не наф… Яна ўша савол. Яна жавоб йўқ…

“Агар бахт фақат моддий неъматлардан иборат бўлганда эди, пичанзорга кириб қолган ҳўкиздан бахтлироқ жонзот бўлмасди”. Юнон мутафаккири Эпикурнинг аччиқ кинояси кўнглингизнинг бир чеккасига тиғини теккизиб ўтгандир? Сизда қандай ҳол юз берди билмадим, менда шундай бўлганди. Албатта, бу фикри билан файласуф маънавиятни ҳимоя қилаяпти. Лекин афоризм ичидаги “фақат” таъкид-юкламаси бекорга ишлатилмагандир…

Ўқисангиз, битта китоб тавсия қиламан. Улуғбек Ҳамдамники: “Мувозанат”…

Бахтга интилиш керак(ми?) …

Бу саволга “ҳа” деб ҳам “йўқ” деб ҳам жавоб бериш мумкин. “Ҳа” деб жавоб бергувчилар тинимсиз меҳнатни, “йўқ” деб жавоб бергувчилар эса омадни улуғлайдилар. Ҳар ким ўзича ҳақ. Ҳеч ким ўзини ноҳақ демайди. Начора… Ҳар ҳолда “Ҳаракатда баракат”. Буюк рассом Леонардо да Винчи эса бира тўла хулоса ясаб қўя қолади: “Бахт кўп меҳнат қилганга насиб бўлади”. Бир ҳисобда тўғри. Лекин унда омад деб аталмиш тушунчанинг моҳиятига путур етказиб қўймаймизми? Меҳнат қилмаган одам қандай қилиб бахтга эришиши мумкин, дерсиз. Ўринли савол. Инсон ҳаётида шундай дақиқалар бўладики, на меҳнат, на ўша мақсад йўлида чекилган азоблар ҳеч нарсага арзимай қолади. Баъзан бахт эшигини ҳаёлпараст Алибобо очади. Лекин бу ўта-ўта эҳтимолга тўла назариядир. Доно халқимизда эса яхши нақл бор: Қимирлаган қир ошар”. Бу халқ ҳам минг йиллардан бери бекорга яшаб юрмагандир…

Ўзгалар бахти бахтимиз(ми?)…

Қандай қилиб ўзгалар бахтидан ўз бахтимизни топамиз? Ўзгаларни бахтли қилиш учун нима қилиш керак? Бу саволга жавоб топиш учун бир умр ёзув столимдан турмасам кера-гов?! Қоғоз етармикан? Баҳоли қудрат, жавоб излаб кўрамиз…

Бу ёруғ оламда яшаётган ҳар бир одамга нимадир етишмайди. Кимгадир озгина эътироф, кимгадир озгина эътбор, кимгадир зар, кимгадир зўр, кимгадир шуҳрат, кимгадир кулфат, кимгадир армон, кимгадир дармон, кимгадир “бўлиққина” кармон ва ҳоказо, ва ҳоказо..

Одамларнинг барча истаклари амалга ошган тақдирда ҳам барибир, уларга яхши бўлиб қолмайди. Чунки бахтни ҳеч ким тўлиқ англаб етмаган. Агар уни тўла-тўкис англашнинг иложи бўлганда эди, аҳамиятига бир пуллик бўларди.

Модомики, ҳаммани бирдай бахтли қилишнинг иложи йўқ экан, унда ўзгалар бахтидан ўз бахтини излаганлар ҳақ эдими? Ўзгалар бахтини ўз бахти деб билганлар қаторига не-не зотлар кирмаган дейсиз: Икки олам сарвари, Улуғ Яратувчи-да ўз ҳабиби деб билган Муҳаммад (с.а.в) “Туркий тилда кўп хўп ёзғон” (З.М.Бобур таърифи) улуғ бобомиз Алишер Навоий, буюк юнон файласуфи Платон, ўрта асрларда илм-фанни юқори чўққига олиб чиқишга интилган инглиз олими ва файласуфи Френцис Бекон, ўша машҳур “паҳмоқ соч” Эйнштейн, донишманд Л.Н. Толстой… Бу рўйхатни хоҳлаганача давом эттириш мумкин. “Тан олинмаган даҳолар” тиқилиб ётибди. Хўш, шундай улуғ зотлар нега ўзгаларни бахтиёр этишни ҳаётий мақсадларига айлантиришди? Биз билмайдиган нимадир бор, шекилли…

Бир ҳолатга яхшилаб эътибор қилинг: Кимгадир озгина нафингиз текканида ўша одамнинг кўзларига диққат билан тикилинг. Бу қувончдан порлаб турган нигоҳ учун борингни беришга тайёр бўласан ўша лаҳзаларда. Чунки, дунёдаги жамики мавжудотга шафқат назари билан боқмоқ, пайғамбарлар аъмолларидандир. Зеро, Улуғ ва сўнгги китоб — Қуръони Каримда ёзилганидек: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди”.

Тугалланмаган хулосалар…

Ҳар қандай интиҳо ибтидонинг онасидир. Сўз юритганимиз Бахт ва Бахтсизлик азалий мавзудир. Биргина мақола билан бу мавзунинг бутун кўламини қамраб олиш мушкул юмушдир.

Идрокимиз етганча фикрларимизни баён этдик. Хулосаларни ўзингиз ясайсиз деган умидимиз бор. Охирги гапимиз: Ҳар ким ўз бахтини англолса, уни асраб-авайлай олса, шунинг ўзиёқ катта бахтдир.

Фикрларимиз кўнглингизда янги фикрларни уйғотган эрса, мақсадимизга эришдик. Зеро, фикрлашдан тўхталган жойда юксалиш нурлари йўлларни ёритмай қўяди. Фикрлашдан, юксалишдан асло толиб қолманг.

Омон бўлинг, қадрдон, омон бўлинг…

Адҳам Арслонов


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>