• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Ёзда ёққан қор

Нимжонгина Аброр ёшлигиданоқ футбол шайдоси эди. Ҳар куни мактабдан қайтгач, маҳалла болаларига қўшилиб тўп тепиш илинжида майдончага йўл оларди. Аммо болалар уни ҳеч ўз сафларига олишни исташмас эди. Кўнгли чўккан бола бир куни юрак ютиб жамоа мураббийига деди:

— Мен ҳам ҳеч бўлмаса бир маротаба ўйнай?

Мураббий унга бир муддат беписандлик билан қараб туриб:

— Майли, ўйнайсан. Фақат имконинг бўлганда.

— Қандай имконият?

— Қор ёғсин. Ўшанда балки бир-икки ўйинда иштирок этарсан.

Аброр мураббийининг гапидан боши кўкка етиб, бу сафар уларнинг ўйинини ўзгача завқ билан томоша қилди. Ўйин ниҳоясига етгач, уйига бамисоли елиб келди.

— Ойи! Ойижон!

— Ҳа, болам? Тинчликми? Намунча оғзинг қулоғингда?

— Ойижон, қор…

— Нима қор?

— Қор қачон ёғади?

— Қишда ёғади-да, ўғлим, қишда.

— Ҳалиги… эртага ҳам ёғиши мумкинми?

— Жон болам, ҳозир — ёз чилласида қор нима қилади?

— Шунақами? — болакай ўйланиб қолди. — Ойи, қорни ким ёғдиради ўзи?

— Албатта Аллоҳ.

— Ундай бўлса Аллоҳнинг ўзидан сўрасам-чи?

— Сен қорни нима қиласан?

— Жамоа мураббийи айтдики, агар эртага қор ёғса, мениям ўйинга қўшишаркан.

Буни эшитиб онанинг кўзи намланди:

— Шундай де? Оҳ, бечорагинам!

Онасининг аҳволидан бехабар Аброр унинг айтганларига ишониб хонасига кириб кетди. Бироздан кейин дилбандидан хабар олгани кирган она уни жойнамоз устида кўрди. Бола астойдил, чин дилдан дуо қиларди, эшик очилганини сезмадиям!

Эртасига, ёз чилласида… қор ёғди. Ҳамма ҳайратдан лол. Фақат мураббийгина гап нимадагини англаб етди.

Кейинги мавсум болалар олий лигасига чиққан жамоанинг барча ўйинларида Аброр тўлиқ қатнашди.

“Ирфон” тақвими”дан олинди


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>