• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Биринчи рақамли лот: ёзда Криштиану Роналдуни ким сотиб олиши мумкин?

Лот деб нимага айтилишини кўпчилик яхши билса керак. Мен ижозатингиз билан бу сўзнинг маъносидан бехабарларга тушунтириб ўтсам. Кимошди савдосида сотувга қўйилган буюмлар бор-ку, масалан, Бекхэмнинг «МЮ»даги футбол кийимидан тортиб, Нойернинг ЕЧЛ финалида кийган қўлқопигача, ўшалар кимошди савдоси вақтида номи эмас, балки рақами билан айтилади: биринчи лот, иккинчи лот… Савдо иштирокчиларига эса олдиндан қайси рақамдаги лотга нима қўйилгани, уларнинг тавсифи келтирилган буклетлар улашилади. Хўш, Роналдунинг бунга нима алоқаси бор деяпсизми? Шошилманг. Мақолани ўқиш давомида буни ўзингиз тушуниб оласиз.

Роналдунинг Мадриддан кетиши эҳтимоли ҳар қачонгидан-да юқори бўлиб турибди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун миш-мишларнинг ортидан қувиш шарт эмас. Ҳа, Рамос ва Роналду клуб президенти Флорентина Пересдан ўзларини трансферга қўйишни сўрашгани ҳақида хабарлар тарқалгани рост. Гарчи бу хабарнинг манбаси шубҳали бўлса-да, португалиялик ўз интервьюларида гоҳ «Реал»да зериккани ва «МЮ»даги даврларини қумсаётганини, гоҳ ўзини бошқа чемпионатда синаб кўриш истаги борлигини айтиб келади.

«Атлетико»га ютқазишганидан сўнг ниҳоят шу пайтгача ичига ютиб юрган гапларини сиртига чиқарди: «Қироллик клуби»нинг муваффақиятсиз натижаларида жамоадошларини айблади. Бу аллақачон ҳамма билиб бўлган воқеа, шу боис унинг тафсилотларига тўхталиб ўтиришдан маъно йўқ. Бироқ Криштиануни ҳеч ким на жамоадошлари, на ишқибозлар ва на ОАВ тушунишганини қистириб ўтиш керак. Шу сабабли даставвал унинг сўзларига бошқача тус берган газета таҳририятига қўнғироқ қилишга, кейин эса машғулот чоғида жамоадаги шерикларига мутлақо бошқа нарсани назарда тутганини исботлашга тўғри келди. Вазиятни босди-босди қилишди. Ҳозир Криштиану тилига эрк бераётгани йўқ (аммо барибир шахсий статистикасини эслатишдан ўзини тиёлмаяпти), бироқ унинг ўшанда «фақат жамоадошларининг жисмоний тайёргарлигини назарда тутгани» ҳақидаги гапларига ишониш қийин.

Роналду ва «Реал»: сулув аразми, совуқчилик?

Дарвоқе, клуб ва футболчи ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашганига анча бўлган. Карло Анчелотти бўшатилганда Роналду умрида биринчи марта қабул «Реала»даги воқеалар ривожидан норозилигини билдирган эди. У дарҳол мураббийнинг ёнини олган ва ҳалигача уни маънан қўллаб келади. Охирги марта декабрда Анчелотти йилнинг энг яхши мураббийи эканини айтиб, унинг қўл остида ўтказган дамларини соғинаётганини билдирган эди. Очиқдан-очиқ интервьюсида «Реал»да мураббийнинг тез-тез ўзгартирилишидан мамнун эмаслигини  ҳам айтган эди. Шуниси қизиқки, Роналдунинг Бенетис ҳақидаги икки хил (бир-бирига зид) фикрларидан алоҳида бир мақола яратиш мумкин. Умуман олганда, улар чиқиша олишмагани кундай равшан масала. Бу борада эса Криштиану ёлғиз эмас. Бенетис жамоадаги кўп юлдузларининг кўнглига йўл тополмади.

Зайниддин Зидан билан вазият бироз яхшидек. Француз Роналдунинг паролини билишини кўрсатди, бош мураббий сифатида иш бошлаган куниёқ португалияликни жаҳоннинг энг яхши футболчиси деб айтди. Бирмунча вақт ҳаммаси режа бўйича кетаётган эди, лекин «Атлетико» билан бўлиб ўтган дербидаги муғлубиятдан сўнг ва натижада чемпионлик пойгасидан чиқиб кетишгач, португалиялик юлдузнинг асаблари дош бермади. Умуман олганда, гол уриш мумкин бўлган 2 та вазиятни кўкка совуригани учун муваффақиятсизликда энг аввало ўзини айблаши адолатлироқ бўларди. Аммо бунинг ўрнига Ковачич, васкес ва бошқаларнинг фамилияси тилга олинди.

Криштиану «Реал»даги муаммо ҳақиқатан ҳам жамоанинг даражаси билан боғлиқ деб ҳисобласа нима бўлади? У ҳолда матбуотга ва ҳамкорларга изоҳ бериш билан иш битмайди. Бу билан унинг фикри ўзгариб қолмайди. Бундай вазиятда унда ягона йўл — бошқа клубга ўтиш қолади. Испанияда айни пайтда «Барселона»нинг ҳукмронлигига барҳам бериш, менимча, амалга ошириб бўлмас вазифа. Бироқ бошқа чемпионатда бошқа жамоа билан Роналду совринларга мунтазам эга бўлиши мумкин.

Нафақат мураббий, балки клуб президентига ҳам қарши бош кўтариши мумкин бўлган ўйинчини жамоада ушлаб туришнинг «Реал»га ҳам кераги йўқ. «Қироллик клуби»да Перес нимани хоҳласа, «Реал» ҳам шуни хоҳлаши шарт. Шу боис мазкур вазиятда томонларнинг истаги тўла мос келиши мумкин. Айтганча, УЕФАнинг чекловидан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди: «Реал» усталик билан ана шундай қарор устидан расман арз қилган эди. Трансфер чеклови ёзги трансфер ойнаси очилиши билан кучга кириши ҳақиқатга анча яқин. Бундай вазиятда ёзда мадридликларни глобал янгиланиш кутмоқда — ҳам захира ўриндиғини, ҳам асосий таркибни. Топ-юлдузларни сотишнинг айни вақти.

Бошқа жамоага ўтиш йўлидаги тўсиқлар

Роналду ўзига янги жамоа танлар экан, бир қанча қийинчиликларга тўқнаш келади. Айни пайтд у 31 ёшда ва у жамоа манфаатларидан кўра шахсий ютуқлари ҳақида кўпроқ ўйлайдиган машҳур ўйинчи. Яна бир парадокс: Роналду сайёрамизнинг энг кучли футболчиларидан бири бўлишига қарамай, унинг жамоага келиши мутлақо ҳеч нарса (чемпионлик, совринлар)ни кафолатламайди. Қолаверса, унинг трансфери учун отнинг калласидай пулни тўлашга қодир бўлган клублар унчалик ҳам кўп эмас. Бироқ камсонли бўлса-да, ана шундайлар бор.

«ПСЖ»

Ёзда парижликлар сафини Иброҳимович тарк этади. Яқиндагина Тьяго Силва Златаннинг жамоада қолиши мумкинлигини шипшитиб ўтди. Бу швециялик футболчининг чиндан ҳам жамоани ўзгартиришга аҳд қилганини тасдиқловчи муҳим далилдир. Бундай даражадаги клубга юқори даражадаги — нафақат спорт кўрчаткичлари бўйича, шу билан бирга анчайин машҳур ўйинчилар керак. «ПСЖ» ҳали анча янги лойиҳа, шу сабабли у машҳур исмларга муҳтож. Роналдудан бошқа ким ҳам бу ролни муносиб бўла оларди?

Португалиялик юлдузнинг ўзини жуда яхши кўриши ва шерикларидан кўп нарса талаб қилиши бу ерда муаммо келтириб чиқармайди: Парижда Златан аллақачон ҳаммани бунга ўргатиб қўйган. «ПСЖ»нинг барча омад ва омадсизликларини биргина «Златан ва қолганлар» деган ибора билан тавсифлаш мумкин. Агар Роналду Парижга келса, ана шу иборадаги битта сўзни алмаштирса, бўлди, муаммо ҳал. Шунингдек, швед билан тил топиша олган Лоран Бланнинг тажрибаси ҳам Роналду билан муносабатларни йўлга қўйишда асқотиши мумкин.

Ниҳоят, спорт нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, Роналду ҳам уч ҳужумчи билан ўйновчи «ПСЖ»нинг ўйин схемасига аъло даражада мос тушади. Жамоада Эдисон Каванини сақлаб қолиш ва уни ўзининг севимли нуқтаси — уругвайлик футбол устаси ҳозиргидан кўпроқ фойда келтирадиган ҳужум марказига қўйиш имкони пайдо бўлади.

«Манчестер Юнайтед»

Романтик вариант. Маълумки, Эд Вудворд билан Роналдунинг агенти Жорже Мендеш ўртасида норасмий муносабат сақланиб қолган. Криштиану биргаликда Европа чемпионлари лигаси (шунингдек, «Олтин тўп»)ни ютган, уни жаҳон юлдузига айлантирган жамоани бир неча бор ҳурмат билан тилга олган эди. «Юнайтед»да португалияликни сотиб олиш учун пул етарли ва клуб бунга тайёрлиги шубҳасиз. Роналдунинг қайтиши клуб раҳбариятидан ҳамда таркибнинг кучайтирилмаётганидан норози бўлган мухлислар учун ажойиб совға — муваффақиятли маркетинг юриши бўлади.

Ёзда ван Галнинг ўрнини Моуриньо эгаллаши эҳтимоли ҳеч нарсани ўзгартирмайди: Жозе ва Криштиану ўртасида профессионал муносабат сақланиб қолган. Бундан ташқари, Моуриньонинг қарши ҳужумга асосланган ўйин услуби тезлигини сақлаб қолиш учун озишга ва овқатланиш рационига ўзгартириш киритишга тайёр Роналдуга жуда мос келади.

«Бавария»

Роналдунинг Германияга кўчиб ўтиши ҳақида баландпарвоз миш-мишларни эшитганимизча йўқ. Аммо спортча нуқтаи назарга кўра бу трансфер мантиқли кўринаётир. Зеро, «Бавария»ни ёзда Карло Анчелотти қабул қилиб олади, италиялик мураббий қўл остида Роналду энг яхши ўйинларини намойиш этган. Бундан ҳам муҳимроғи, Анчелотти кийиниш хонасидаги низоларни ҳал этиш бўйича энг яхши мураббий, у етакчиларни умум манфаати йўлида шахсий манфаатларидан воз кечишга мажбурлаш орқали жамоани яхлит мақсад сари бирлаштира олади.

Кийиниш хонасидаги низо ҳақида гап кетганда «Баварии»да хаёлга бирданига икки киши келади: булар — Роббен ва Рибери. Афсуски, иккиси ҳам сўнгги вақтда жароҳатларини даволаш билан машғул. Анчилотти жароҳатланган вигерлардан исталган биттасини ўзининг севимли футболчиси билан алмаштириши ҳеч гапмас. Қолаверса, ўз одами кийиниш хонасида, яъни футболчилар ўзлари ёлғиз қолганда мураббийнинг тарафини олади, унинг ғояларини ҳимоя қилади.

MLS

Букмекерлар америка клублари орасидан «Лос-Анжелес Гэлакси»ни ажратиб кўрсатишмоқда. Аввалроқ Роналду мадридликлар билан шартномаси тугаши билан мазкур клубга ўтиши ҳақида оғзаки келишиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Агар концепция ўзгарадиган бўлса, у ҳолда португалиялик шу ёздаёқ Стивен Жеррард ва Робби Кинларнинг жамоадошига айланиши мумкин. Бироқ бунга ишониш мушкул: Криштианунинг трансфери жуда жиддий сарф-харажатларни талаб этадики, бу америка клуби учун учун оғирлик қилади.

«Спортинг»

Бу энди анчайин ҳақиқатдан узоқ вариант бўлишига қарамай, сентиментал (ҳиссиётган берилувчан) португал матбуотида eiбу мавзу вақти-вақти билан кўтарилиб туради. Британиянинг «Paddy Power» букмекерлик идораси ҳам vfpreh вариантни инкор этмайди. Фақат бир шарт билан: ҳозир эмас, сал кейинроқ, бирор 3-4 йилдан сўнг.

Адҳам Ўрол ўғли

Tafsilot.uz изоҳи:

Ушбу рўйхатга «Манчестер Сити» киритилмаганидан ҳайрон бўлаётгандирсиз. Гап шундаки, Криштиану интервьюларида ўзи ўтиши мумкинлигини қатъиян рад этган ягона клуб айнан «шаҳарликлар»дир.

Бошқа томондан, АПЛнинг 28-турида «Манчестер Сити» «Ливерпул»га 3:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бу манкунианликларнинг кетма-кет учинчи, ушбу мавсумдаги саккизинчи мағлубияти бўлди. Агар аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, клуб раҳбарияти нима қилиб бўлмасин жамоага Роналдуни олиб келишнинг пайига тушишади. Ахир ким ҳам мўмайгина таклифни рад эта оларди, мана, Гвардиолани ҳам кўндиришди-ку. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Калит сўзлар:

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>