• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Хайруллоҳ Турматов: «Ёшлар келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятини яхши билмайди»

Оила никоҳ асосида вужудга келадиган фароғат маскани бўлмоғи даркор. Уни юритишда илоҳий таълимотга амал қилинадиган бўлса, у мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бу йўлда қанчадан-қанча яхши ниятлар, ҳаракатлар қилинмоқда. Лекин, афсуски, бузилаётган оилалар сони ортса ортмоқдаки, камайгани йўқ. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Оила бузилишига сабаб бўладиган баъзи омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида сўз юритсак. Кўпинча оиласи бузилиш арафасида турган ёшлардан сабабини сўрасангиз, «характеримиз тўғри келмади» деган жавобни эшитасиз. Аслида унга қуйидаги омиллардан бири сабаб бўлади:

— ёшларда оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билимнинг етишмаслиги. Яъни ёшлар келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятини яхши билмайди. Оила қандай қурилиши, қандай юритилиши, оила аъзолари бир-бирларига қандай муносабатда бўлиши ҳақида муқаддас динимиз таълимотларидан хабардор бўлиш оила мустаҳкамлигининг омилидир.

— ароқхўрлик ва гиёҳвандлик. Бу икки офат бир-бирига жуда яқин ва боғлиқ десак, тўғри бўлади. Аллоҳ таолонинг ароқхўрликни ҳаром қилишида ҳикмат кўп. Ароқхўрнинг оиласида уруш-жанжал бўлади, барака бўлмайди. Бугунги кунда аёллар ўртасида ҳам ичкиликбозлик бўлаётгани мусибат устига мусибат. Ароқхўр бора-бора бир шиша шароб учун ҳамма нарсага тайёр тубан кимсага айланади. Гиёҳвандлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

— зино. Оиланинг бузилишига энг кўп сабаб бўладиган иллатлардан бири зинокорликдир. Аслида оила қуришдан кўзланган энг катта мақсад ҳам зинодан сақланиш. Аммо эрлар ёки аёлларнинг зинога боришлари ачинарли ҳолат. Чунки зино жамият таназзулига сабаб бўладиган офатдир. Зино насл-насабнинг бузилишига, оилалар парчаланишига, инсоний ахлоқ ёмонлашувига, турли касалликлар тарқалишига олиб келади.
Ўзаро муносабатларда сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслиги ҳам оила бузилишининг сабабларидан биридир. Ҳаёт жуда мураккаб, эр ва хотин ўртасида турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, қаноатсизлик, тирноқ остидан кир қидириш оилавий муносабатларга путур етказади. Оилада кўп келишмовчилик етишмовчиликдан келиб чиқади. Шундай пайтда қийинчиликларни сабр билан, аҳиллик билан енгиб ўтишга тўғри келади. Қайнота-қайноналар бу борада ёшларга ўрнак бўлишлари керак.

Ёш оилалар бузилишининг жиддий сабабларидан яна бири унга ота-оналарнинг ноўрин аралашувидир. Ҳузуримизга келадиган ёшлардан кўпинча «келинингиз билан муносабатимиз яхши, лекин ота-онам у билан муроса қилолмаяпти» деган гапларни эшитамиз. Ҳатто фарзандига: «Келиннинг жавобини бермасанг сени оқ қиламиз», деяётган ота-оналар ҳам бор. Бундан-да ёмони ўғлига: «Келиннинг жавобини сен бермасанг мен бердим», дегувчи оталар бор. Бундан ташқари, арзимас сабаб билан «бизнинг кўчада қолган қизимиз йўқ» деб, талоғини олмаса ҳам, қизини юки билан дарров уйига олиб кетиб қолаётган ота-оналар бор. Бу қандай ноинсофлик? Исломда иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оила бузишга рухсат йўқ.

Оила бузилишига яна бир сабаб бефарзандликдир. Албатта, бандасига фарзанд бериш Яратганнинг иродасидир. Аллоҳ инсонни яратишда фарзанд муҳаббатини ҳам қўшиб яратган. Ёш оила қисқа муддатда фарзандли бўлиши шартдай баъзи одамлар бу масалада жуда шошилиб иш кўрадилар. Келин олганига ярим йил-бир йил ўтар-ўтмас, келин-куёвни олиб, дам солдиришга ёки табибларга югурадилар. Бундай пайтда фарзандни Аллоҳнинг ўзидан сўраш лозим. Одамлар орасида ўн йил, ўн тўрт йилда фарзандли бўлганлари ҳам бор. Шунинг учун бу масалада шошилмаслик керак. Сабр қилиб, дуо қилиб, мутахассис табиблар билан маслаҳатлашган маъқул.

Фароғат қасри барбод бўлишининг сабабларидан яна бири телефон ва интернетдаги «ҳаёсизликлар». Маълумки, телефон ва интернет олами Аллоҳ бандаларига ато этган катта неъматлардандир. Узоқдаги яқинлар билан алоқа, катта кутубхона ҳамда ишдаги қулайликлар ва ҳоказо. Бироқ танганинг икки томони бўлгани каби бу неъматни кимлардир фитна, бузғунчилик, бузуқчилик манбасига айлантириб улгурдилар. Номаҳрам инсон билан ушбу алоқа воситалари орқали суҳбатлашиш натижасида аксар оилалар бузилди. Шунинг учун ёшларга телефон ва интернетдан фойдаланиш одобини тинимсиз ўргатиб бориш лозим.

Оила пароканда бўлишининг жиддий сабабларидан яна бири молпарастликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилади: «Ҳар бир умматнинг фитнаси (синови) бор. Умматимнинг фитнаси молдир». Ҳадисга эътибор беринг. Мол-дунё бизга берилган синов экан. Уни деб келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳаётини барбод қилиш яхшими? Ахир бахт, оилавий фароғат дегани фақат мол-дунё билан ўлчанмайди-ку! Инсон, оила қадрини мол-дунё билан ўлчаган инсон маънавий жиҳатдан қашшоқдир!
Ҳаммамиз биргаликда ушбу омилларнинг олдини олишимиз лозим. Чунки жамиятнинг фикрини ўзгартириш учун кўпчиликнинг саъй-ҳаракати талаб қилинади.

Хайруллоҳ Турматов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоятидаги вакили,
Занги ота тумани «Занги ота» жоме масжиди имом-хатиби
—————————————————————–
«Iste’mol madaniyati» газетасининг
2017 йил 16 августдаги сонидан олинди

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>