• Бугунги сана: Payshanba, Oktabr 19, 2017

Ёмон сўз ёддан чиқмас

Оиладаги бола ҳаётига тааллуқли катта ўзгаришлар катталар ўртасида ҳам алоҳида бир руҳий кескинликни келтириб чиқаради.

Аммо, бундай катта ўзгаришлар болаларнинг ўзларига воқеаларнинг бевосита бошлангунича унчалик руҳий таъсир қилмайди. Чунки улар ҳаётий тажрибалари камлигидан бўлғуси ташвишлар тўғрисида катта тасаввурга эга эамас. Айтайлик, бола мактабга боришини уйда кўп эшитиб юради, аммо бу воқеа билан боғлиқ, мактаб боласи, ўқувчининг зиммасига қанчалар ташвиш ва вазифалар алоҳида юкланиўшини у ҳали тўлиқ тасаввур ҳам қилмайди, натижада, болада ушбу ишларнинг бевосита бошланиши олдидан унда руҳий танглик бевосита эртага мактабга бориш керак бўлгандагина бошланиши мумкин. Бошқа пайтларда у мактаб нима ва у болага қандай қийинчилик ва қувончлар келтириши тўғрисида чуқур ўйламайди.

Бу воқеа одатда ҳаёт тажрибалари кўп бўлган ота-оналар ўртасида кўпроқ ташвишлар туғдиради. Ота-оналар ўз болаларининг бошқа болалар билан қандай муомалада бўлиши, ўз боласининг соғлиги, жисмоний томонлари билан боғлиқ масалалар тўғрисида кўп ташвиш тортадилар. Қарабсизки, мактаб яқинлашиб келиши болага эмас, кўпроқ катталарга руҳий ноқулайликлар туғдиради. Бу ҳол эса оила руҳий муҳитига жиддий таъсир қилмай қолмайди.

Демакки, болани мактабга тайёрлашдек катта ҳодиса катталарни ҳам бу воқеага тайёрлаш билан боваста олиб борилиши лозимлигини кўрсатади. Шундагина оиладаги ота-бола, она-бола орасидаги руҳий мутаносиблик йўқолмайди.

Маълумки, ота-она бурчларидан энг буюкларидан бири болага таълим-тарбия беришдир. Шундай экан, бу ҳодиса оилада қандай кечади. Болага фақат «мана бундай қилсанг бундай бўлади, ундай қилсанг бундай», деган маслаҳатлар ўзи етарлими, улар керакли тарбиявий натижа берадими ва энг асосийси бундай насиҳатгўйлик оилавий (ота-она ва бола ўртасидаги) руҳиятга қандай таъсир қилади?

Бола ҳар куни, ҳар соат ўсиб улғайиб боради ва биз катталар айнан мана шу ҳолатни унутамиз.

Одатда бола тўрт-беш ёшгача катталарнинг айтганини қилади, яъни нима буюрсангиз шуни ва ўшандай бажаради. Бу ўринда Афанди ўғлини “Айтганни қилади” деб койиганини ҳамма билсангиз керак. Маълумки, болалар бу даврда катталар қандай айтишса шундай илиб олишади. Аммо беш ёшлардан бошлаб бола оила аъзоларига жиддий ноқулайликлар туғдириши мумкин. Яъни, бу даврда у ўзининг илк бор умумлаштирувчилик қобилиятини намоён қила бошлайди.

Мисол учун, бола меҳмон олдида бирон гапга қўшилиб онасидан эшитган “Дадам кўча одами”, ёки дадасидан эшитган “Аям нўноқ, овқат қилолмайди”, деб қўйиши ҳеч гап эмас. Ёки бирон ишни она буюрса уни дадаси ёки бошқа биров қандай қилганини кўрган бўлса ўшандай қилиши турган гап. Бу ҳол унинг ўз тажрибаси йўқлигидан, бошқалар тажрибаси эса ҳали унинг ўз тажрибасига айланмаганлигидан, холос.

Бундай хулоса “кўчиришлар” бола фаолиятида бирида кулгили чиқса, бошқа бирида ноқулай, айрим ҳолларда ножўя чиқиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки бирон ишни катталарнинг ўз имкониятларидан келиб чиқиб бажариши ва айнан мана шу ишни ёш боланинг, бу ишни бажаришда тажрибаси бўлмаган шахснинг уриниши кулгили ёки нўноқ чиқиши турган гап. Демак, оилада боланинг мактаболди тайёргарлигига катталар алоҳида эътибор беришса ҳам болага ва ҳам катталарга манфаатли бўлади.

Бола учун, одатда, ота ва она бирдай обрўга эга бўлади. Бола кичкиналигида бериладиган ахлоқ жиҳатидан саводсиз ва бемаъно бўлган “Сен кимни яхши кўрасан, дадангними, ойингними?”, деган саволлар бу пайтларга келиб берилмай қўйилади. Ота ёки она болага бирон иш ёки фикрни айтиб боланинг уни яхши қабул қилмаганлигидан “бу мени яхши кўрмайди дадасини ёки аясини яхши кўради”, деган хулосага келмаслик керак. Бола бундай ҳолда фақат ўз тажрибасидан келиб чиқиб ҳаракат қилади, холос. Аммо, биламизки унинг ҳаётий тажрибаси оз.

Ҳар бир инсон ўз ҳаёти йўлида катта-кичик поғона ва бурилишлардан ўтади ва уларни абадий ёдда қолдиради. Болалик учун шундай улкан остоналардан бири мактабга бориш. Шунинг учун уни бу воқеага зимдан тайёрлаб борган маъқул. Бу йўналишда эса энг асосий йўллардан бири унга мустақил шахс сифатида қарашдир. Унга доим катталарга муомала қилгандай муомала қилган. Чунки у эртага мактабга борар экан, мактабда унга ўртоқлари, ўқитувчилари алоҳида бир шахс сифатида муомалада бўлишини унутманг.

Кўчадан ўртоғи билан ўйинчоқларини олиш учун келган болангизга “аҳмоқсан-да” сенинг ўйинчоғингнинг қаердалигини мен қаёқдан биламан, десангиз, бу сизга унчалик қўпол кўринмаган муомала билан сиз энг бўлмаганда икки хатога йўл қўясиз. Биринчидан, болангизни алоҳида мустақил шахс сифатида тан олмадингиз, яъни унга ёрдам қўлингизни чўзмадингиз ва иккинчидан, ҳиссий жиҳатдан энг оғирроғи, уни ўртоғи олдида хижолатли ҳақорат қилдингиз. Кўчадан келаётган пайти кўнгли ниҳоятда хуш бўлган бўлиши, бир пайтда ўртоғига “юр менинг иккита машинам бор, ҳозир олиб ўйнаймиз”, деган бўлиши мумкин. Бундан хабарсиз ҳолда сиз унга “аҳмоқсан-да” дейишингиз уни ўртоғи олдида қаттиқ мулзам қилади ва қулай бир ҳолда ўша ўртоғига болангизни “аҳмоқсан-да” дейишига имкон беради.

Боланинг дили ниҳоятда ҳимоясиз бўлади. Ахир фарзандингиз бўлган болага, яқинда мактабга борасан, дейишлар, бирон жиддийроқ савол туғилганда ҳозирча бу саволдан қочиш ёки уни тўғри тушунтиролмасангиз, буни мактабга борганингда ўргатишади, дейишлар яхши натижа беради. Болани мактабга тайёрлашнинг оддий кўринишлари мана шуларда.

Ҳаммамиз ёмон сўз ёддан чиқмайди, деган иборани яхши биламиз. Бу ҳол катталарга нисбатан болаларга кўпроқ тааллуқли. Яқиндагина сиз “аҳмоқсан-да”, деган болангиз ўйиндан қайтиб уйга келганда бир иш буюрсангиз у бу ишни совуққонлик билан баждараётганини кўриб ҳайрон бўлманг, чунки у ўз дилидан сизнинг “аҳмоқсан-да”, деган сўзингизни ўйнаб юрган жойида унутган бўлса ҳам уйга қайтиб келиб сизни кўрганда яна эсига олган бўлиши мумкин. Айниқса ўртоғи олдида сиз уни уришганингизнинг таъсири ҳали кетмаган бўлиши, ҳатто, уни ўша ўртоғи ноўрин бир пайтда “аҳмоқсан-да” дегани учун у билан уришиб уйга қайтган бўлиши ҳам табиий.

Одатда, қишлоқларда ота-оналар болаларни мактабга тайёрлаш борасида кам ўйлашади. Шаҳарларда эса баъзан бунинг акси бўлади. Болаларни ҳар хил машғулотлар билан ортиқча қийнаб қўйишади. Уларга уйда соатлаб ҳарфларни ўргатиш, музика сабоқларини бериш, расмлар чизишга мажбур қилишлар ва бу билан бир вақтда мактаб билан қўрқитиш ҳоллари ҳам учрайди. Шундан сўнг болаларда мактабдан ҳайиқиш ҳоллари ҳам пайдо бўлади. Айни ана шундай ҳоларни ҳисобга олган Ризоуддин Фахриддин: “Англамай ўқимоқ ва англамаган нарсаларни ўргатмоқ сабабидан болаларнинг зеҳнлари қисилар, ҳайратлари сўнар” дейди.

Мактабга бориш бола ҳаётида онгли равишда, мустақил ҳаётга, жамоага қўшилишдир. Бу ҳолни қишлоқ болалари ўз ўртоқлари билан, кўчада ўйнаш даврида шакллантирсалар, шаҳар болаларининг кўпчилиги бу ҳолни болалар боғчаларида ўз тажрибаларига сингдиришади.

Ҳа, биз катталар биринчи бор мактабга борганимиз, биринчи муаллимимизни ва бу воқеалар билан боғлиқ ҳодисаларни бир умр ёддан чиқармасакда, аммо бола ҳаётидаги бу воқеа ўта муҳимлигига негадир кўп эътибор бермаймиз.

Шахснинг хулқи, руҳи ижтимоийлашиб борадиган ўта муҳим бу пайтда бола ва унинг оиладаги руҳий ўрнини унутмаслик яхши. Бу даврда болага катталарга бўлгандай муомала қилсаккина эртага мактабга борганда у ўз ўрнини тез топиб олади. Бошқалар билан тенг муомалада бўлиш билан бирга ўзига ҳам шахс сифатида муомалада бўлишларини талаб қилади ва у шундай жамиятда ўз ўрнини топиб боради.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

Tafsilot.uz маълумоти:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>