• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

Йўл юр(м)аётган одамлар

Оламни ўзгартириш керак!

Даҳоликка даъвогарларнинг аксарияти шу ялтироқ ибора елкасига оёқ қўйиб, минбарлайди. Аммо уларнинг ҳеч бири «аввало ўзимни ўзгартиришим лозим» демайди. Ваҳоланки, ўзига кучи етган одамгина ўзгага таъсир кўрсата билади.

* * *

Қишлоққа бориш учун йўлга чиқдим. Совуқ. Довонда қор бор. «Нексия»даги ҳамроҳлар қўшни қишлоқдан. Олдинда ўтирган қотмадан келган, юзида чандиғи бор (ўтган йили бир хохол билан айтишиб қолиб, пичоқ еган эмиш) қўйкўз киши Уфада ишлайди. Янги йил олди уйига келган. Яна кетмоқчи. Уйни қайтадан қуриб олган. Энди машина олиш керак, кейин қизлари ҳам бўй етяпти. Бўлмаса, эшаги ўрмонда адашгани йўқ. Четда ўтирган ранги заҳил, униққан чарм камзулга ўранган кўйи йўлга чиққанимиз бери атрофга лоқайд тикилиб келаётган тепакал йигит эса — кенжа укаси: уч йил олдин ошнасига қўшилиб ишлагани кетган. Мана энди, акаси айтгандай, икки қўлини бурнига суқи-и-б қайтаяпти: тўн ёпишган ошнаси пуллаб юборибди. Ўртамиздаги ёшроқ йигитча — талаба: телефон қули, «одно»да ўтириб қолган.

Ҳайдовчининг олдида гердайиб кетаётган «Чандиқ» мардикорлигидан саргузашт айтади.

– Ай, шуйтиб, беш йил илгари йигирмалар жигит жўнаб эдик. Бовужуд, Алимардон чавағон икков армияда Чита-питасини кўрганмиз… А, манов бўзболалар қишлоқдан нари чиқиб кўрибдими, балониям билишмайди… Астраханда учов жигит вагонга чиқиб, иш бор девди, етовимиз тушдик-ай. Бир капага олиб бориб, қовун экасанлар деди. Нима ҳам дердик, кўндик. Паспортларни йиғиб олди. Ҳар кун қимир-қимир… Шуйтиб, бир ой ўтди: чой-нон… Икки ой ўтди: шу садағагиналари бўлай макарон шўрва… Ўтиб кетди-да, ахир… Бир кечаси чавағон билан ташлаб ҳайдадик. Қувди, етолмади. Бир йил қишлоқма-қишлоқ изғидик. Айланиб, Уфага бориб қолдик…

Ҳайдовчи муқаддимадан хабардор, шекилли, асосий қисмга етаклайди:

– Сўғин Кўчар ўриснинг ули Ванюшага учрагансизлар-да?..

– Ҳа-да… – «Чандиқ» жонланади. – Бир замонлар Кўчар ўрисни Уфадан бир бўзбола ули қидириб келувди. Мозор босиб отамлаб келган бола бечорани Менгдона уйига киргизмаб эди. Шуни бир-икки кун меҳмон қилиб эдим. Шу… Ванюшани бозорда таниб қолдим, денг. Ер юмалоқ-да. Картишка-пиёз сотаркан. Эй, қолгани мазза бўлди-да. Иш топиб, уйидан жой берди. Шуйтиб-да… Худойга шукр-ай, мана икки йилдан берман қўлимиз пул кўргандай бўляпти…

– Шу Ванюша отасига «посилка» жўнатади, дейдими, – ўсмоқчилайди ҳайдовчи.

– Ўзим олиб келиб бердим-ку. Коля хурсанд, Менгдона барибир бурилиб қарамади. Ўр-да, уккағар. Ичида анча нарса бор эмасам…

– Шунда… Шайманқулдиям ияртмагансиз-да, – ҳайдовчи гурунг оловига ермойи сепади.

«Чандиқ» кетига чалқайиб, укаси томон қўлини сермайди:

– Э, бунга биров ишга бор деб эдими? Ўзи-да… шитиранглаб кетган. Уккағар, аҳмоқ. А, эмаса отамиздан қолган эски трактирниям тириллатиб бинойидай нон топиб юрарди. Ўзгинаси пиширган ош…

Шайманқулга кўз қиримни ташлайман: ҳамон камзулга ўранган кўйи ташқарига маъносиз тикилиб боради: тушуниш қийин. Тушунишга ҳафсала ҳам йўқ. Ҳамманинг ташвиши ўзига етарли…

– Ошнам деб ишонган-да… – ҳайдовчи энди «юмшатмоқ»чи бўлади.

Ака бўлмиш эса чапараста сўкинади:

– Э, ошнасиниям…

Орага жимлик чўкади. «Сардоба»да ҳайдовчининг ҳужжатларини текширишгач, яна йўл босамиз. Ойнага урилаётган ёмғир томчиларигина сукунатни бузади. Ҳайдовчи қўшиқ қўяди. Ҳофиз ҳам худди шуни кутиб тургандай кўнгилнинг қай ерларидадир занг бойлаб ётган торларни бешафқат черта бошлайди:

Ўртоқларинг айтганда ёр-ёр,

Дунё сенга ҳеч бўлмасин тор…

Ҳамма ўзича хўрсинади: кўнгли бутун одамнинг ўзи йўқ, шекилли.

Ҳайдовчи мусиқани ўчириб сигарет сўрайди. Бирга тутатамиз. Охир-оқибат ҳайдовчининг тоқати тоқ бўлиб, ёнидагига сунъий қувноқлик билан шанғиллайди:

– Нурман оға, гурунг берсангизчи-ай…

– Ҳа, шу…

– Йигирмата заводской «Долгорукий» обкелганмишсизми?..

– Ҳа-да, эй…

– Қолдими?..

– Битта…

– Йўғ-е…

– Ҳа, мартнинг бошида кенжанинг туғилган куни. Шунга-да…

– Қойил-е, шунча шиша қаёққа кириб кетди?…

– Эй, айтманг…

Сўнг… то довондаги чойхонага қадар иккови ўн тўққизта ароқ қачон, қаерда, қандай ичилганини муҳокама этиб боришади. Эринмай санашади. Шавқ билан гапиришади…

Чойхонага кирамиз. Ғала-ғовур. Ҳамма қаёқдандир келиб, қаёққадир кетяпти…

Ака-ука тугаган тутқунликни «ювишади»: ҳайдовчи – рулда, талаба – ҳали «вояга етмаган», менинг эса жигарим шишган…

Машинага ўтиргач… Шайманқулнинг жағи очилади. Нималардир деб ғудранади, сўкинади, йиғламсирайди: яна тушуниш қийин.

Ака бўлмиш уч-тўрт бор тинчлантирмоқчи бўлади, лекин ука тушмагурники баттар қўзийди. Сўнг… ичида тақиб олган билакдай пичоқни қинидан чиқаради-ю… оғзидан тупук сачратиб, валдирай кетади:

– Ман-н-н-н-а!.. Уч йил итнинг кунини кўриб, топганим мана шу!..   Сўя-я-ма-а-н!!. Энангни… Анорниям, бола-чақасиниям, ҳаммасини битта-битта тинчитаман!

«Нексия» йўл четига тўхтайди. Ака бўлмиш билан ҳайдовчи Шайманқулни тинчлантирмоқчи бўлишади. Мен ҳам тушаман. Совуқ. Ошнаси алдаган йигит ҳамон типирчилайди. Қасд қилгани худди шу ердадек ҳезланади. Ахийри акаси уни уради. Ҳайдовчи ажратади, Шайманқул ҳиққиллайди:

– Пичоғим…

Ҳайдовчи тортиб олинган «совуқ қурол»ни багажга ташлайди. Ака бўлмиш  укасини алдаб-сулдаб машинага ўтирғизади:

– Қишлоққа борайлик, пичоғингни бераман. Икковлашиб сўямиз…

Талаба олдинга ўтади. Яна йўлга тушамиз. Пул топаман деб кўп нарсасидан айрилган йигитнинг мудроқ алаҳлашигина сукунатга ҳар-ҳар замон тош отиб қўяди:

– Барибир, сўя-я-я-ман…

* * *

Тақдир сўқмоқларидек ғадир-будур йўллар. Дастурхон тўкинлиги, уй безашу тўй қилиш ташвишлари… Чироқ ёнгандагина кўриладиган телесериал… Камон кўтариб майна отаётган «Жумонг»бойу «Жангбого»жон… Кичкинагина дунё – мангу бошпана…

Кўчага чиқаман. Дўконлар атрофи гавжум. «Пейнет», деб ёзилган хонага кираман. Хизмат ҳақи – юз сўм. Лекин мендан икки юз сўм олади («Эй, сиз билмайсиз, бу журналистларда пул кў-ў-п»)…

Антенна чиқмайди. Дўкон ёнидаги икки тош ўртасига қўйилган каравот тахтасига чўкаман. Муомалалар қизиқ: ёш ўртасида тафовут йўқолмоқда,  характер ҳам ўсмай қоляпти. Ёш – элликда, феъл-атвор ўсмирникидай. Глобаллашув оқибатимикан ё…

Тилла ака атрофида уч-тўрт бекорчи. Ҳаво салқин. Лекин ўртада икки баклашка «Қибрай». Яна иккита бўш баклашка ерда ётибди. Зўр бериб дунёнинг қайси бурчагидаги тошқинни муҳокама қилишади.

– Ўндан ортиқ одам ўлганмиш, – деб чийиллайди мўйловдор паканаси. – Ўзим эшитдим. Кеча «Ахборот»да айтди – ўндан ортиқ…

– Ҳозир радио айтди, ўн бешта бўпти, – дейди Тилла ака.

– Йўғ-е, – бошини сарак-сарак қилади пакана. – Чатоқ бўпти-ку…

– Бу ҳам Худонинг балоси-да, – дея файласуфона сўлиш олади бошқаси. Олдин-кейин бошларини қимирлатишади. Сўнг…

Уйга қайтарканман, Керагадан энган, Эшқобил Шукур айтган, ўша, «бир пайтлар Сулаймон минган шамол» қанотида Эски Шивирларни ияртиб келади: «Аввал ўз ичингда учиб кўр, кўзларинг ичида кўзни кўр».

***

Олам ўзгариши учун одам ўзгариши керак. Тасаввури, дунёқараши, ички олами ўзгариши керак. Одам бор экан вақт, жонзотларда маъно бор. Холиқ ва махлуқ тушунчаси бор. Фақат одамгина ўзини ЎЗи қутқара олади. Фақат одамгина танлай олади. Чунки, бизга ақл, туйғу, идрок… берилган. Оқлов учун йўл қолдирилмаган. Шу йўл қолдирилмаганининг ўзи Ягона Мангу Йўлга бошлайди. Одам каттармас экан, олам ҳам каттармайди. Аксинча, моҳиятан увадаланиб, чувалашиб бораверади. Нажот – йўл яқинлиги ва манзил аниқлигига бўлган ишончда.

Мурод Ғофуров


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>