• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Йилбоши

Қуёш ҳисоби билан белгиланадиган Янги йилни туркийлар Йилбоши, эронилар Наврўз деб аташган. Ҳар икки истилоҳ ана шу халқларнинг тийнатини очади. Бинобарин, маросимлар негизида кўпминг йиллик қадриятлар, урф-одатлар, мифологик тасаввурлардан тортиб бемисл тараққиёт изларигача жам бўлган.

Агар халқшунослик илми таомили бўйича мушоҳада юритсак, муддаога етишувимиз осон кечади.

Бироқ…

Йилбошигўжа

Адирлар оралаб ёйилган қишлоқда тонг бўзариб келади. Одамлар қизариб келаётган шафақнинг ҳолатига мувофиқ секин-аста тирикчилик ташвишларига чўмади: кимдир тандирига ўтин қалайди, биров таги кўриниб қолган омбордан тўрт ҳовуч арпа олиб қўтонига юради, бошқаси бир тутам жўхорипояни уч бош говмишнинг охурига титқилаб сочади.

Офтоб Бахмалтоғнинг қорли чўққиларидан ярим қулоч кўтарилганда қибла томондаги қирга саман отлиқ ўрлайди. Қирнинг бошига етганида тонгги рутубатни кесиб унинг товуши янграйди:

– Эртага чошгоҳда Бурҳон махсумнинг беткайида йилбошигўжага!

Хитоб тўрт-беш такрорланади. Сўнг отлиқ жиловни салқи ташлаб, кейинги қирни мўлжаллаб пастга энади.

– Нима деди? – этакдаги ҳовлида қумғон кўтарган чол ўғлига юзланади.

– Эртага чошгоҳда йилбошигўжа экан, шуни айтди – ўғли ғалтак-аравани судраб оғил ортига ўтиб кетади.

Олис-олислардан айтувчининг элас-элас овози эшитилади:

– Йилбошигўжага! Йилбошигўжа… Йилбоши…

Йилбошигўжа дашт ўзбеклари анъанаси. У янги йил киришидан тўрт-беш кун аввал, март ойининг ўн-ўн бешларида ўтказилади. Бунда ёшу қари, хотин-халаж бирдай иштирок этади. Фақат эркаклар ва аёллар давраси алоҳида-алоҳида бўлади. Маросим учун алоҳида таом пиширилмайди. Ҳар ким қурби етган егуликни уйида тайёрлаб чиқади: кимдир бир товоқ ош, кимдир тўрт қасқон манти, яна кимдир бир коса ёвғоншўрва. Овқатнинг тортилиши ҳам ғалати: товоқлар ўнг тарафдан айланади. Қизиғи, айни шу куни элнинг ичидан пишган синчиллари ҳам емакнинг ёғли-ёғсизлигига қарамайди. Одамлар бир-бири билан апоқ-чапоқ, муносабатда худди болалардек беғубор бўладилар. Даврадан кулгу ва латифа аримайди, қиз-жувонлар доира олиб, лапар айтади.

Шундай кезда йиғинни оқсоқолнинг оғир-вазмин овози кесади:

– Хў-ўш! Шундай қилиб, бу йил подани кимга берамиз, отарга кимни қўямиз?

Муҳокама келишув пишмагунча давом этади. Алалхусус, майдонда уч кишининг номзоди кўрсатилади: подага – Искандар деганнинг, сурувга – Олим чўпон ва Раҳматилла деганнинг.

Шу пайт пойгада ўтирган қорамағиз, қисиқкўз киши гап ташлайди:

– Қиши билан Сайфулла ака хотини бетоб бўлиб, дўхтирма-дўхтир югурди. Акани ҳам подага шерик қилсакмикан?..

– Алиқул полвон тўғри айтди, – мажлис орасидан шу каби маъқулловлар эшитилади, – Сайфулла акани меҳнат босгани рост, бир-икки йилдан бери ишсиз юрибди, ёрдам бўлармиди…

Шу кўйи давра аҳли эртага ўтказиладиган дарвешонага пул йиғади, кейинги кунги кўпкарининг солимларини ҳал қилади, Наврўзга сайилжойи белгилайди.

Кун пешинга оққунича латифа-ю лапар айтишиб, ҳазил-мутойиба қилиб ўтиришади.

Кексалар ўринларидан эртароқ қўзғолади.

Бир пас ўтиб беткайлик ҳувиллаб қолади.

Дарвешона

Юлдузларнинг туси ўчиб, қуш қимирлаб қолганда Бурҳон махсумнинг беткайида беш-олтита қора ғимирлайди. Улар дарвешонага аталган қўчқорни бўғизлаб, ерўчоқ қазиб, ўтин қалаш тадоригига киришган. Ҳаял ўтмай бомдодни ўқиб чиққан тўрт-беш нуроний ҳам етиб келади. Улар йигитларга кўрсатмалар бериб, қўшни қишлоққа йўл солишади. У ерда кимнингдир маъракаси бор, кўриниб қўйишлари керак. Аввалига шу атрофдагилар, кейин эса бутун қишлоқ йиғилади: биров ўтин ташийди, яна биров сабзи-пиёз арчийди, бир гала бўз йигитлар теваракдаги ҳовлилардан тўшамчи ва коса-товоқ йиғиб чиқади.

Офтоб найза бўйи кўтарилганда ерўчоқдан ачимсиқ тутун аралаш қайнатманинг иштаҳаочар ҳиди таралади. Булкиллаб қайнаётган шўрва юзида қалқиб юрган қўй қуйруғи-ю муштдай-муштдай шолғомларга кўпчиликнинг томоғи тушади. Ҳар ким ўз иши билан бўлиб, иштаҳасини сездирмасликка ҳаракат қилади.

Қозоннинг қайнови қиёмига етаверганда маъракалаб қайтган чолларнинг қораси кўринади. Ёшлар ерўчоқнинг тепароғига тўшамчи ташлаб, дастурхон тузайди. Самоварнинг оловини кучайтиради. Уч-тўрттаси Бурҳон махсумникидан қолган бозорликларни елкалаб чиқади. Нуронийлар чордана қуриб, гап-гап билан чой симира бошлайди. Шўрва сузиладиган паллада оқсоқол эшонбобога юзланади:

– Қани, тўрам! Томоқнинг аввалида Занги боваларга, ҳосил пирларига, ўтган жамики мўмин-мусулмонлар ҳаққига тиловат қилинг!

Оқсоқолнинг ёнида ўтирган ўрта яшар киши майин ва ширали овозда Қуръон тиловатига киришади. У узун суралардан ўқийди. Қироати ниҳоялаганда товушини тушириб, даврабоши томонга қия қарайди. Оқсоқол олқишни охирига етказади:

– Илоҳи омин! Яратган эгам бу йил экин-тикинларимизга барака берсин, чорвамиз ўржисин. Тўрт кўз тугалликни, замонимиз тинчлигини, ишларимизнинг ривожини берсин. Келаётган йили ҳам турли-туман радди-балолардан худонинг ўзи сақласин, йилбошида қилаётган хайру эҳсонимизни даргоҳида қабул қилсин!

Тўпланганлар бирваракайига “Омин, Аллоҳу акбар” деб юзига фотиҳа тортади. Сўнг ўчоқбошидаги ёш-яланглар ҳил-ҳил буғ таратаётган косаларни қўлма-қўл ўтказа бошлайди.

Аҳли йиғин сўзсиз қолиб, таом тановулига киришади.

Косалар йиғилганидан сўнг самовар тарафдан чойнаклар “карвони” тизилиб кела бошлайди. Кексалар ўзларини эркин ташлаб: ёстиққа ёнбошлаб, оёқ узатиб гурунгга киришади. Бу ерда замона зайли, йилнинг авзойи, деҳқону чорвадорнинг эртаси муҳокама бўлади. Чоллар оқтус қошлари остига чўкиб кетган кўзларини тубсиз фалакка, қорли чўққиларга қадаб янги йилни таъбирлаб беради. Мурти сабза ура бошлаган ўспиринлар худди эртак эшитаётган боладай унсиз тинглайди. Кириб келаётган йил қайсидир маънода мана шу даврадан бўй кўрсатади.

– Хў-ўп, дарвешонага қанча ғалла йиғилди?

Оқсоқолнинг туйқус сўровидан даврадагилар шошиб қолди. Ўртароқда ўтирган шопмўйлов киши пойгага қаради:

– Донобой, ғалла нечи халта эди?

Ўчоқбошида суяк ғажиб турган йигит:

– Ўн тўрт кандир! – дея жавоб қайтарди-ю томоғига гўшт югуриб йўтал тутди.

Жамоа бироз муҳокамадан сўнг дарвешонага йиғилган донни расомади билан қўли калта, турмуши оғирларга бўлишиб чиқди. Яна икки халта ортиб қолиб, бир муддат тортишув бўлди. Бир гуруҳ “Ашур раҳматлининг бевасига бериш керак” деган фикрда қатъий туриб олди. Анчадан бери сукут сақлаган оқсоқол:

– Ашурнинг болалари энди суёвга муҳтож эмас, бари давангирдай-давангирдай йигит бўлган, – деди-ю майдон сув сепгандек тинчиди.

– Бу йил қабристоннинг масжидини шубамасак бўлмайди, – оқсоқолнинг кетидан тортиниброқ гап бошлади эшонбобо. – Қибла томонини ёмғир ювиб кетган. Шу икки қоп буғдойни берсак, манов болалардан икки-учтаси зиммасига олса.

Таклиф барчага маъқул келди.

Муҳокама интиҳо топгач, даврабоши дастурхонга омин айтди.

Ёшлар тўшамчиларни йиғишга тушди.

Кўпкари

Этакдаги сайҳонликка қур тикилди. Қўшни элатлардан чавандозу ишқибозлар йиғилади. Пой-у пиёданинг боши-охири кўринмайди. Оқсоқоллар қурдан жой олиб, баковул тайин қилади.

Баҳорнинг илиқ кунларидан дарак бераётган лаҳзаларда отлар сувлиқ ғажиб, полвонлар қамчи ўйнатиб таканинг ташланишини илҳақ кутадилар. Тулпорлар пишқириб, зарда билан кишнайди. Билакдор азаматлар юганни таранг тортиб, арғумоқларининг бўйнига шаппатлаб қўяди. Ҳавасманд болалар полвонларнинг ҳар бир ҳаракатини синчиклаб кузатиб туради. Баъзилари ҳовурбосди учун олис кенгликларни кўзлаб жилов бўшатади: отлар бамисоли бургутдек эрта кўкламнинг муздай эпкинини кесиб боради. Бошқалари тўда-тўда бўлиб, от устида ҳазил-мутойиба билан ўтган саргузаштлардан гап суради.

– Ҳо-ов, полвонман деганинг бери кел, сўзимни эшит! – қур томондан баковулнинг гулдурак овози янграйди. – Бугун Наврўзнинг кўпкариси, қонун-қоидани яна бир эслатаман: чилвир солмайсан, узангибовга ўрамайсан, шерикчилик қилмайсан, дангал ва ҳалол ташлайсан. Қани, тақиминг маҳкам, билагинг бақувват бўлса, отинг учар қушни олса, солимнинг зўри сеники!

Майдонга оқ така ташланди, бўз отли ўспирин тақимига олиб, сойнинг у бошига қуюндек учиб кетади. Чамаси уч юз метрлар борганда улоқни ташлаб ўтади. Баковул тағин томоқ қириб, солим эгаларини таништиради:

– Ҳў-ўв, биродарлар! Бугунги Эшмонтўбнинг улоқ сайилига Эргаш ҳожи – бир тана, Алиқул полвон – бир қўй-бир серка, Оқмурод домла, Барот буғалтир, Жамол фермер, Қўзибой тегирмончи, Юсуф дўкончи – бир қўйдан, Раббимбой, уста Ғиёс, Омон домла, Ҳамза молдўхтир – бир эчкидан… атаган.

Баковул солим тикканларни номма-ном санади. Ҳатто бир жуфт калиш қўйган Исомиддин отли ўспиринни тилга олади:

– Раҳматли Раҳматилла чилангарнинг ўғли Исомиддин укамиз яхши ният билан, эртан менам кўпкари берайин деб солимга бир жуфт калиш қўйибди. Қани, шу йигитниям бир дуо қилайлик, илоё ниятига етиб, катта кўпкарилар берсин!

Майдондаги юзлаб одамлар дуога қўл очиб, фотиҳа тортади.

Улоқ қизигандан-қизиди. Мавсумнинг сўнгги кўпкариси эди, шунданми, полвонлар солимнинг катта-кичигига қарамай зарда билан чопдилар. Шаън ва ғалаба учун тортишдилар. Қамчилар ҳаволади, отлар ўкирди, чавандозлар имкон қадар такани қўлдан қўймасликка ҳаракат қилди.

Шафақ қизариб, кеч тушгунча олағовур тинмади.

Сайил

Йигирма биринчи март.

Йилбошигўжада келишилганидек, эл мактаб ҳовлисига тўпланиб, байрам уюштирди. Норғул йигитлар кураш тушиб, тош кўтариб, болакайлар арқон тортишиб баҳс бойладилар. Қизлар “Оқ теракми, кўк терак”да ким чаққон эканлигини исбот қилди.  Аттору қандолатчи, сомсачи-ю кабобпазлар бисотини ёйиб, кўчма емакхоналар қуриб, бозоржой қилишди. Савдо авжига чиқиб, ҳуштагу сақич важидан хархаша қилган болачалар оталарининг ҳамёнини бўшатишди.

Ишқибозлар кунботардаги футбол майдонида хўроз чўқиштириб, қўчқор уриштирди. Ютганлар юзига табассум суриб, бир-бирига мақтанса, юттирганларнинг алами ичида қолди.

Қаёқдандир пайдо бўлган дорбозлар дор тикиб, арғамчи устида умбалоқ ошиб чунонам ўйин кўрсатдики, аёллар ичини тортиб, кўзларини чирт юмиб олди. Юзига турли-туман бўёқ чаплаб олган масхарабоз шляпасидан каптар учириб, кичкиналарнинг оғзини очиб қўйди.

Уйда қолган кайвони момолар ниш отган буғдойни эзғилаб, майда болалар тош териб, сумалак тадоригини бошлаб юборишди.

Сайилдан қайтган йигитлар ўтин ёриб, ўчоққа бел боғлади. Шунинг билан кундузги байрам сумалак сайлига уланиб кетди. Бироздан сўнг каттакон қозон тагида олов ловуллаб, қиз-жувонлар ялла-ю лапарни бошлаб юборишди.

Юлдузлари жимир-жимир қилаётган кўкламнинг топ-тоза осмонида илиқ ва намхуш ҳаво сузади. Танга роҳат берадиган бу эпкин сумалакчиларни чарчоқдан фориғ этиб, кўнгилларга ажиб бир майинлик солади. Диққинафас қишдан зерикиб чиққан одамлар бир-бирлари билан чақчақлашиб ҳангома қилади. Камшик қизчалар боболарининг тиззасига ўтириб олиб, бири олиб-бири қўйиб шеър айтади. Боболари укпардек нозик бетларидан ўпиб, қўнғироқ сочларини силаб қўяди…

Тонг тунни маҳв этиб, яна субҳидам қулоч ёйганда сумалак етилади.

Ўзбек диёрида Йилбошининг таровати кезади.

“Қуёш қайтди, яна ўз ўрнига…”

Инсоният тарихни белгилаб, ўтмиш билан ҳисоблашган кундан бошлаб ота-боболаримиз Йилбошини шундай нишонлашган. Агар юқоридаги маросим ва удумларнинг ботинига сер солсак, фақат туркийларга хос эканлигига амин бўламиз.

Йилбоши соф туркий термин бўлиб, кўҳна йылйил ва бâшбош[1] сўзларидан ясалган. Аждодларимиз Янги йилнинг оғзаки ифодасида мазкур бирикмадан фойдаланишган. Шунинг ўзиёқ қадимдан ўз Наврўзимиз бўлганидан далолат беради. Иккинчидан, йилбошигўжа, дарвешона, кўпкари каби удумлар бошқа халқларда йўқ ҳисоби. Дейлик, кўпкари Афғонистоннинг шимолида бор, лекин бу ўйин афғон тупроғига туркийлар билан бирга боргани аниқ. Чунки улар кўпкарини “Бўзкаши” дейди. “Бўз”нинг ўзбекчаси “така” дегани. Бундай таржималар тарих пучмоқларидан кўплаб топилади. Бошқа бир жиҳати, кўпкари совуқ иқлимга хос от ўйини. Бизда қиш бўйи бўлиб ўтишига эътибор беринг! Нисбатан иссиқ ўлка ҳисобланган форслар заминида отнинг танаси кўпкарини кўтармайди.

Тийнати туркийлар характеридан нишона бериб турган дарвешонанинг фақат номи форсчадир. Бунга бир нечта асосларимиз мавжуд.

Биринчидан, дарвешонанинг қадимиятдаги дарвешларга дохиллиги йўқ. Моҳиятан гадо-ю қаландарларни йўқлаш учун айнан бир кун бутун бир халқ йиғин ўтказиши мантиққа мос эмас. Дейлик, ёзда, кузда ёки ҳафтанинг дуч келган кунида истаган киши дарвешу қаландарларнинг кўнглини олиши мумкин.

  Иккинчидан, дарвешона садақа ёхуд закот тарқатиладиган маросим эмас. Қадимда у ҳосилу чорванинг маъбудлари шарафига ўтказилган. Юқорида келтирилган оқсоқолнинг “Занги боваларга, ҳосил пирларига, ўтган жамики мўмин-мусулмонлар ҳаққига тиловат қилинг” деган сўровини синчиклаб таҳлил қилсак, ишимиз осонлашади. Бизнингча, туркийлар Наврўзидан олдин ўтказиладиган муҳим тадбирлардан бири дарвешона бўлган. Шу куни одамлар йиғилиб, улуғ тангри ва маъбудлар шарафига қурбонликлар келтириб, келгуси йилнинг қутли-омадли келишини сўрашган. Туркийлар Исломни таниши билан бу тадбирнинг моҳияти ҳам ўзгарган.

Учинчидан, тиловатни оқсоқолнинг кўрсатмаси билан эшонбобо қилаяпти, илтижони мўйсафиднинг ўзи амалга ошираяпти. Мазкур лавҳа аждодларимизнинг минг йиллар бурунги ижтимоий  ҳолатини зуҳур этади.

Наврўзсиз тасаввурга сиғмайдиган сумалакнинг тайёрланишида ҳам туркийлар эътиқодига доир узиндиларни кўрамиз. Мисол учун кайвонилар сумалакка ният қилиб еттита тош солишни буюради. Айнан нега еттита, бешта ёки саккизта эмас?

Сумалакни тош иштирок этган бошқа маросимларга солиштирсак, масаланинг моҳиятини бироз ойдинлаштириб оламиз. Туркийларда тош билан боғлиқ удумлар кўп: масалан – Яда тоши! Бу удум негизида қадим туркийнинг етти сони билан боғлиқ космогоник қарашлари жо бўлган.

Наврўз арафасидаги маросимлар кетма-кетлигида яна шу ҳолат аён бўлаётирки, бу ерда халқнинг фенологик календари иш кўрсатмоқда. Бу ҳақда фольклоршунос олим Шомирза Турдимов: “Қуёш ҳаракати билан боғлиқ: кун ва тун (тун ва кун) тенг келувчи вақтлар, энг узун кун ва энг узоқ тун чегаралари, бу оралиқда ўтувчи анъанавий об-ҳаво ўзгаришларини билиш уларнинг кундалик, хўжалик, ижтимоий-сиёсий, диний ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Аслида қуёш туркум мифлари ва мавсумий маросимлар моҳиятида ана шу жараёнлар ҳақидаги билим ва тажрибалар ҳам жамулжамдир… Қадим замонларда эса худди тун ва кун каби йил фаслларини ҳам иккига ажратиб қарашган.  Бу тасаввурга кўра ёз ва қишнинг ҳар бири ўн икки ой – йил давомида узлуксиз бир-бирига қоришган ҳолда ҳаракат қилади деб англанган. Уларнинг ўзаро муносабати эса қуёшнинг муқаддас қўрутлардаги ҳолатига боғлиқ ҳолда талқин этилган”, – деб ёзади ва: “Халқ ўзининг фенологик календаридаги асосий нуқталарни қўрут деб номлаган”[2], – дея фенологик календарнинг таянч нуқтасини изоҳлаб беради.

Олимнинг туркийлар йил ҳисоби борасидаги гепотезаси асл ҳақиқатдан улгу беради. Бинобарин, минг йиллар нарида яшаган Юсуф Хос Ҳожиб юртоғаси Табғач Буғрахоннинг салтанат тепасига келишини баҳорга ўхшатиб, кўкламнинг киришини:

Йашиық йанды болғай йана орныка

Балық кудруқындын қози бурныка

Изоҳи:

Қуёш қайтди, яна ўз ўрнига келади,

Балиқ қуйруғидан қўзи бурнига кўчади[3]

деб таърифлайди. Байтда янги даврнинг (шартли равишда Табғач Буғрахоннинг порлоқ замони – А. С) баҳорда – қуёшнинг Балиқ қуйруғи – Ҳут буржидан Қўзи бурни – Ҳамал буржига кўчганида бошланиши диққатни тортади! Бу эса ўтмишда туркийлар Наврўзи бўлганини, байрам тафсилотлари очиқ ёзилмаса-да, ижтимоий воқеалар шарҳида қайд этилганини билдиради.

Бизнингча, Ш. Турдимов халқ таомилидан олган қўрут атамаси ва Кўруд – Миррих сайёраси номида халқимизнинг қадимий космогоник тасаввурлари узиндиси бор.

Аксарият дунё таниган олимлар Наврўз ҳақида ёзар экан, эронилар гипотезасидан боради. Яъни, Жамшиднинг тахтга ўтиришидан “янги кун” бошланди ёки Наврўз удум бўлди дейдилар. Ваҳоланки, форснинг илғор муаррихи Абулқосим Фирдавсий Жамшиднинг кибрга берилиб мағлуб бўлганлигини:

Жамшиддан юзини ўгирди бахти,

Чора йўқ, қўлидан чиқмоқда тахти.

Чекинди, Заҳҳокка қолди тож-кўлоҳ,

Улуғлик, шон-шавкат, хазина, сипоҳ[4] – дея қаламга олса, Умар Хайём: “Подшоҳлигига тўрт юз йилдан кўпроқ вақт ўтгач, дев билан ошно бўлди, дев эса унинг дилида дунёга ҳирс уйғотди, ишқилиб ҳеч ким дунёга ҳирс қўймасин! – мағрурланиб кетди ва адолатсизлик ҳамда шуҳратга берилиб, бойлик тўплай бошлади, одамлар азоб чека бошладилар… Шунда подшоҳликнинг бир бурчагидан Заҳҳок деб аталган Баюрасп чиқди ва уни тор-мор қилди”[5], — деб изоҳлайди. Кўриниб турибдики, Наврўзга тарихбоши қилиб олинган воқеалар силсиласи қусурдан холи эмас. Шу ўринда афсонавий Жамшид воқеасини қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий ҳақиқатларига таққосласак, масалани ойдинлаштириб оламиз.

Муаррих турли халқлар тарихлари боши, уларнинг белгиланиши, танланиши хусусида сўз юритар экан, арабча ҳижрий йилни шундай воқе қилади: “Нима учун тарих боши ҳижратдан белгиланиб, пайғамбарнинг туғилиши, унга пайғамбарлик мартабасининг келиши ёки унинг вафотидан белгиланмаган?.. Ҳижратни қабул этишларига сабаб шуки, Муҳаммаднинг туғилган ва унга пайғамбарлик мартабаси келган вақтлар ҳақида шу қадар ихтилоф юз берганки, ихтилоф бўлиши лозим бўлган нарсани тарихга асос қилиш мумкин эмас… Пайғамбарнинг вафот вақти эса, гарчи у маълум бўлса ҳам, бир пайғамбарнинг ўлган вақтидан ёки бир подшоҳнинг ҳалок бўлган вақтидан тарих олиш ёқимли иш эмас… Пайғамбарнинг ҳижрат қилиб, Мадинага етиб борган вақти жуда аниқ, шак-шубҳадан энг узоқ вақт эди.  Бу душанба куни раби ул-аввалдан саккиз кеча ўтганда воқе бўлган эди, йил боши пайшанба кунига тўғри келди”[6].

Демак, эронилар Наврўзининг тарихбоши воқеалари Беруний таъкидлаганидек, йил оладиган, умумхалқ сайлига андоза қиладиган ихтилофсиз ҳодиса эмас.

Дарвоқе, Наврўз истилоҳида мантиқий сакталик бор: нав – янги, рўз – кун – Янги кун атамасининг кенг қамровдаги маъно муносабати “Янги йил” моҳиятини атама сифатида тўлақонли очиб бера олмайди.

Шу маънода Йилбоши термини ҳар жиҳатдан тўкисдир.

Туркий ва форсийни сувдек сипқорган Алишер Навоий бобомиз ғоятда топиб айтган:

Ҳар кунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз.

Яъники, худонинг бермиш туни қадр кечасидек қутли ва бардавом бўлсин.

Асрларни қаритган Йилбоши ҳар йили ана шундай, шавқли ва фараҳбахш давом этади.

Анвар Суюнов

Tafsilot.uz изоҳи:

[1] “Ўзбек тилининг этимологик луғати” Ш. Раҳматуллаев, “Университет” нашриёти, Тошкент – 2000 йил. I жилд, 60, 155-бетлар.

[2] “Гўрўғли” достонларининг генезиси ва тадрижий босқичлари” Ш. Турдимов, Ўзбекистон Фанлар академияси “Фан” нашриёти. Тошкент – 2011 йил, 177, 178-бетлар.

[3] “Қутадғу билиг” Юсуф Хос Ҳожиб, “Фан” нашриёти. Тошкент – 1971 йил. 73-бет.

[4] “Шоҳнома” Абулқосим Фирдавсий, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. Тошкент – 1984 йил,  39-бет.

[5] “Наврўзнома” Умар Хайём, “Меҳнат” нашриёти. Тошкент – 1990 йил, 15-бет.

[6] “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” Абу Райҳон Беруний, “Фан” нашриёти. Тошкент – 1968 йил, 65, 66-бетлар.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>