• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Йиғлашни ўргандим

Узоқ йиллар бурун қишлоғимизда бир момо ўлди. Бола эдим. Бобомга эргашиб таъзияга бордим. Хонадон дарвозасидан энди киргандик, кимнингдир “йиғланглар-йиғланглар” деган буйруқомуз овозини эшитдим. Супада узун-қисқа бўлиб қатор турган неваралар овозини чиқариб улгурмасдан ортимиздан кириб келган меҳмон “опамлаб” бақира бошлади. Супадагилар ҳам унга жўр бўлишди. Негадир уларнинг овози йиғига ўхшамасди.

Тўрт йил бурун қишлоғимизда яна бир момо оламдан ўтди. Беккам исмли. У менинг момом эди. Ўшанда Тошкентда эдим. Абутуриент синглим ва укамни ўқишга ҳужжатларини топшириш учун олиб келгандим. Отам қўнғироқ қилиб бу хабарни етказган чоғда вужудим аллақандай титроқларни сезган бўлса-да, ўша онда негадир қўзимдан йиғи чиқмаганди. Отамнинг топшириғига кўра, жигарларимга бу хабарни билдирмасдан, йўлга отландим. “Ипподром” бозоридан то Сурхон воҳасининг олис Бўйрабоб қишлоғига етгунимча ҳам момомни эслаб йиғламадим, йиғлай олмадим. Ҳаётимда илк бора бундай ҳолатга тушаётганим учун нима қиларимни ҳам, кимга нима дейишимни ҳам билмай болалигимнинг кўп кунлари ўтган уй ҳовлисига қадам қўйдим.

Бошига дўппи илган, эгнига чопон кийиб, белига қийиқ боғлаган қариндошларимиз ҳовлининг ҳар-ҳар жойида тўп-тўп бўлиб туришарди. Момом билан боғлиқ қанча-қанча хотираларга гувоҳ катта яшил каравот устида бобом бошини эгганча мунғайиб ўтирарди. Бобом мени, мен бобомни кўришимиз билан кўзларимизга ёш келди. Ҳовлида, уйда катта йиғи бошланди. Бобом мени бағрига босаркан, навқирон ва ҳориган икки елка бир-бирига суяниб, тинмай силкинарди. Кейин отам, энам, амакиларим, аммаларим ва бошқа қариндошлар билан ҳам шундай ҳол рўй берди. Мени момом ётган уйга олиб киришди. Том тўла аёл эди. Уйда яна йиғи кўтарилди.

Момомгинам узоқ йиллар бурун бош миясига қон қуйилиши оқибатида ётиб қолган эди. Бу воқеани қариндошлар саросима билан қарши олишган. Сўнг аста-аста бунга кўникишди ҳам. Яратганнинг ўзи шифосини берса ажаб эмас экан. Момом аввал бировнинг ёрдами билан, кейинчалик кўмаксиз ҳам ҳассада юрадиган бўлди. У, ўзининг тили билан айтганда, нимкала бўлса-да хонадондаги қўли келишадиган ишларга кўмаклашарди. Куз келиб, ёнғоқлар қоқиб олингач, бир қўллаб уларни пўстлоғидан ажратарди. Оқибатда соғ кафтлари узоқ муддат қорайиб, жигарранг тусга кириб қоларди.

Йиллар ўтар, момом ҳам қариб борар, вақти келиб бировнинг кўмагисиз юра олмайдиган, яна озроқ вақт ўтгач, тўшакдан тура олмайдиган бўлиб қолди. Кўзлари хиралаша бошлади. Ўша даврлар телевизорда Бухородаги кўз касаликларини даволайдиган қандайдир шифохона тўғрисида реклама бериларди. Бобом момомга “оёққа туриб кетсанг, сени, албатта, ўша ёққа олиб бораман” дерди. Бобомнинг бу нияти амалга ошмай қолиб кетди. Момомнинг кўзларини Термиздаги нўноқ дўхтирлар операция қилишди, афсус, бироз вақт ўтиб бутунлай кўрмай қолдилар.

Бу орада армияга бориб-келдим. Сўнг университетга бакалавриатурага ўқишга кирдим. Ҳар гал таътилни ўтказиш учун қадрдон қишлоғимга жўнардим. Доим йўл устидаги бобоуйимга кириб ўтардим. Бир сафар манзил ўзгарди: тўғри отауйга қараб йўл солдим. Орадан уч кун ўтиб, бобом билан момомни кўргани келдим. Шунда кўзлари нурсиз момом “Биздан хафа бўлдингми, болам? Бобонг сени ранжитиб қўйдимми деб ўзини-ўзи койиб юрибди!” деди. Жим қолдим. Биргина ғўрлигим бу кекса инсонларни минг хаёлга солиб қўйибди-а? Ташқарида қандайдир юмуш бажариб юрган бобом уйга кириб қолди. Бағрига босганча: “Ўғлим, ўтган сафар кетаётганингда сенга пул бермаганмидик?” деди.
Устимдан бир челак муздек сув қуйилгандай бўлди. Мен – нотавон набиранинг ўша дамдаги ҳолати ҳеч бир таърифга сиғмасди. Бобом ўқишга кетишим олдидан пул беришни ҳеч вақт эсдан чиқармаган бўлса-да, айни дамда дунёдаги энг катта узрли сабаб ҳам мени бу ҳолатда оқлолмасди. Мен мутлоқ айбдор эдим. Олти ойдан бери дийдоримга муштоқ қалблар ойнасини шунчаки бепарволик натижасида синдириб қўйганим жудаям аламли эди. Бундан кейин хатони такрорламасликка – ҳеч қачон йўл устидаги болалигим ўтган уйдаги қадрдонларимни кўрмасдан ота-онам ҳузурига бормасликка аҳд қилдим…

…аҳдимни бузмадим, хатони қайта такрорламадим. Бироқ…
Хона ўртасида, сим каравот устида юзига дока ёпилган момом бир тутам бўлиб ётарди. Юзини очиб кўрсатдилар. Ҳар гал бир қўллаб мени бағрига босадиган меҳрибоним энди мени қучолмас, нурсиз кўзлари билан бўлса-да, менга термулиб, “кимсан?” дея сўрай олмас, “Моможон, мен келдим!” деган сўзларимни эса бошқа эшитолмас эди. Бу дунёнинг ташвишларидан хориган момом абадий уйқуга кетганди.

Барибирам шу дамда нима бўлаётганини тўла идрок қила олмас эдим. Англаганим сари ўпкам тўлиб йиғи кела бошлади. Айвонга чиқиб деворга суянганча йиғлайвердим. Шунда кичкина акам “Фозил, момонг сени мендан кўра кўпроқ яхши кўрарди. Энди момонг йўқ!” деганидан сўнг ҳаммани пахтага ҳайда-ҳайда замонида мени елкасига опичлаб, пахта даласининг ичига яширинган момомнинг ўлганини, улар бошқа тирилиб келмаслигини ҳужайраларимгача ҳис қилдим ва йиғлайвердим, йиғлайвердим, йиғлайвердим.

Момомни тупроққа топширдик. Шундан кейин ҳам ўзимни тутиб олишим қийин кечди. Йиғлаётганимни кўриб, бобомнинг ҳам кўзларига ёш келаверарди. Катта акамнинг менга “бўлди, сени кўриб бобонг ҳам йиғлаяпти” деганлари ҳали-ҳали қулоқларим остида жаранглайди.

Одамзод ҳамма нарсага кўникаркан. Мен ҳам момомсиз ҳаётга кўникдим. Бироқ фикрим улғайгач, борган сари менда мулоҳаза юритиш имкони пайдо бўляпти. Битта қишлоқнинг бир хил икки момосининг азаларида одамлар нега икки хил йиғлашди (?) деганга ўхшаш. Бирида улар гўяндалик қилишди, бирида чинакамига йиғлашди. Бу саволга ҳамон жавоб топа олмайман. Биринчи ўлган кампир қандай яшаб ўтганини билмадим-у, бироқ иккинчиси ушбу машҳур мисралардаги қисматни бошидан ўтказгандек туюлади менга:

Эсингдами сен туғилган он,

Ҳамма шодон эди, сен эса гирён.

Шундай яшагинки, кетар чоғингда

Ҳамма гирён қолсин, сен кетгин шодон.

Фозил Фарҳод

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>