• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Йигит йиқилмасин, она йиғламасин

«Худо кўрсатмасин, бир йигит йиқилса, она йиқилади, ота йиқилади, оила мотамга ботади, қишлоқ йиғлайди. Ўн йигит йиқилса-чи? Юз йигит йиқилса-чи? Ахир баъзи минтақаларда миллий низолар туфайли келинчаклар бева қолмоқдалар, оналар «болам!» деб фарёд чекаяптилар. Йўқ! Бунга йўл қўйиш мумкин эмас ва йўл қўймаймиз ҳам!»

Мен мустақил Ўзбекистон давлатининг биринчи Президенти этиб сайланган Ислом Каримовнинг бу сўзларини 1992 йил 4 январь куни эшитган эдим. Орадан 24 йил ўтди. Ҳеч ким йиқилмади, ҳеч ким йиғламади. Қандай қилиб?.. Яхшиси, мен кузатганларимни айтай, сиз тингланг.

Келинг, биргалашиб юқоридаги сўзлар айтилган кунларни эслайлик. Собиқ империянинг ғоявий карнайи ишлаб турибди, буюкдавлатчилик ва буюкмиллатчилик шовинизми билан суғорилган газеталар чиқиб турибди. Собиқ Марказнинг қайта тикланишидан умидларини узмаган бир қанча арбоблар, Ўзбекистон ўйламай қўйган қадами учун ҳали пушаймон бўлади, деб жаҳонга жар солиб турибди. Телеэкрандаги ва газеталардаги йиғлоқи оҳанглар деярли бир хил: Ўзбекистон фуқаролар уруши арафасида, мамлакатни очарчилик кутмоқда, унинг пахтасини ҳеч ким сотиб олмай қўйди. Тошкентда газ будкалар ёпилиб, музқаймоқ сотилмай қўйди, телефон қилсангиз, ўзбекча жавоб беришади, ахир, бунга қандай чидайсиз, ҳатто, йиғилишларда ҳам ўз тилларида гаплашадиган бўлишди, Москва нега бизни ҳимоя қилмаяпти?..

Ўша даврда бундай иғвогарликлар ва бузғунчиликлар билан тўлиб-тошган газеталарни мен ҳамон ўз архивимда сақлаб кел­япман. Бироқ ўша пайтда иғвогарларни жавобсиз қолдирмадим. Деярли ҳар куни уларга ўз памфлетларим, луқмаларим ва шарҳларим билан жавоб бердим.

Аслида бундай ҳолат йигитнинг йиқилмаслигига ва онанинг йиғламаслигига катта хавф туғдирар эди. Қулга айлантирилган халқнинг озодлигидан унга эгаликни даъво қилиб келган зўравонларда аламзадалик тутқаноғи хуруж қилаётган эди. Шундай бир пайтда ўзимизнинг ичимиздаги ғарбпарастлар, мунофиқлар, оғмачилар танлаган йўлимизни бошқа томонга буриб юбориш учун чиранишларини қўймас эди. Бунинг устига айрим қўшниларимизда вазият издан чиқа бошлади. Жумладан, Тожикистонда авж ола бошлаган бошбошдоқлик оқибатида Душанбенинг Шоҳидон майдонидаги митингга «демократлар» қўлларида автоматлар билан келишди. Громовнинг охирги аскарларидан қутулганига шукур қилиб, келган балонинг кетганлиги рост бўлсин, деб ўлганларига худойи қилаётган аф­ғонлар эса худди тожикларга ўхшаб, «энди қандай ҳокимият ўрнатамиз?» деб яна парокандалик кўчасига кира бошлаган эди. Демак, атроф нотинч, яқиндаги қўшнилар безовта!

Бу ҳам етмаганидек, собиқ империя меросхўрлари ахборот хуружлари билан қаноатланиб қолмасдан миссионерликни авж олдириб, шаҳарларимиз ва қишлоқларимизда нас­ронийлик тарғиб қилинган адабиётларни бепул тарқата бошлашди. Улар қўшни давлатларда тарғибот-ташвиқот механизмини ҳаракатга келтириб, ўтмишдаги Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларини эслатиб, Ўзбекистон ўз исканжасига олиб, сизларни яна қарам қилади, дея қардош халқлар қалбига ғулғула сола бошлашди. Ҳатто, Ўзбекистонда амирлик тикланганини тарғиб қилган турли даражадаги арбоблар-у журналистлар ҳам бўлди. Москвага борганида руслар ягона Тангрига сиғинаётганини кўргач, бирорта ҳам насронийга зарар етказмай, орқасига қайтган Амир Темур «қонхўрлик»да Чингизхондан ҳам даҳшатлироқ эди, деб тар­ғиб қилина бошланди. Айтгандай, бундай тарғибот ҳозир ҳам давом этмоқда. Мана, 2015 йил 15 ноябрь куни эрталаб соат 7 дан 20 минут ўтганда «Россия-24» каналидан айтилган иғво: «Темурланг ўликларнинг бош суякларидан тоғлар яратди». Бундай муттаҳамликни жавобсиз қолдириб бўлмайди: «Сирдарё билан Амударёдан сув ўрнига Ўрта Осиёликларнинг қонини оқизган жаллод генерал Скоблевнинг ҳайкали эса Москванинг қоқ марказида қонхўрликнинг тимсоли бўлиб турибди».

Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг, 1992 йилдаги ўта қалтис вазиятда, ҳамма томондан хавф-хатар исканжага олиб турган бир пайтда йигитни йиқитмасдан ва онани йиғлатмасдан қандай қилиб озодликни сақлаб қолиш, танланган йўлни давом эттириш ва тинчлик учун курашиш мумкин?! Ўша пайтда Ўзбекистонни 30 та давлат таниб тан олгани ҳолда ҳали Тошкентда уларнинг элчихоналари тўлиқ иш бошлагани йўқ, бунинг устига ҳали БМТга аъзо бўлганимиз йўқ. Шунингдек, «катта оға»лик даъволарига ва «боқиманда»лик тамғаларига чек қўйиб, тенгҳуқуқли асосга эга жиддий бир ҳужжатга эга бўлганимиз йўқ.

Хўш, ўшанда қандай куч бизни турли бало-қазолардан сақлаб қолди?! Аввало, Яратган Эгам! Улуғларимиз руҳи қўллади. Қолаверса, дипломатик санъат ва маҳорат, мулоҳазакорлик, вазминлик, ўйлаб иш қилишлик, ички вазиятни қўлга олиш, ташқи кучларнинг асл мақсадларини тўғри англаб етиш ва уларга қарши тура олиш, ёндашувларда хатога йўл қўймаслик ва тўғри қарор қабул қилиш, иғволарга учмаслик ва душманга панд бермаслик, миллий ва диний бағрикенглик, муроса ва мулоқот, қонунлар ва урф-одатларга таяниш, тинчликни қадрлаш, оддий келишмовчилик, низо ёки қарама-қаршиликнинг уруш-жанжалга айланиб кетишидан сақланиш фақат бир йил эмас, балки 24 йил йигитни йиқилишдан, онани йиғлашдан асради.

Ёш Ўзбекистон давлати дипломатиясининг куч-қудрати ва фаолият доирасини, даллолларсиз ва воситачиларсиз ҳам бошқаларнинг кўнглига йўл топа олганини, тортинмай, ётсирамай, ялтоқланмай бошқалар билан тенглик асосида мулоқотлар олиб борганини, жаҳон ҳамжамиятида авлод-аждодларига муносиб бўй-басти билан намоён бўлганини синов даври бошланган биргина 1992 йил мисолида таърифлаб бермоқчиман. Биринчи Президент сайланганидан кейин Ўзбекистонга хорижлик давлат арбоблари, дипломатлар, журналистлар ҳамда турли даражадаги ишбилармонлар оқими кучайди. Уларда Ислом Каримов билан суҳбатлашиш иштиёқи кучли эди. Эҳтимол, «пахта экишдан бошқа нарсани билмайдиган» халқ раҳбарининг кўнглидаги гапларни билишни исташгандир. Шунинг учун дастлаб Тошкентга Генри Киссинжер, Жеймс Бейкер каби сиёсат оламининг «академик»лари ташриф буюришди. Жеймс Бейкер Президент ва журналистлар билан учрашувдан қаноат ҳосил қилган бўлса, Генри Киссинжер Вазирлар Маҳкамасида ҳатто депутатлар, вазирлар, йирик олимлар, концернлар ва банклар раҳбарлари билан ҳам мулоқотда бўлди. Ислом Каримов бир йилда президентлар, бош вазирлар, вазирлар, элчилар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, жаҳондаги йирик оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, ишбилармонлар вакилларидан жами 59 нафарини қабул қилди. Ўзи бир йилда Швейцария, Финляндия, Хитой, Саудия Арабистони, Туркия, Покистон, Эрон, Австрия, Миср, Малайзия, Индонезия, Корея Республикаси, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда бўлиб, дастлабки йилдаёқ Ўзбекистоннинг шуҳратини дунёга ёйди, Довосдаги халқаро анжуманда нутқ сўзлаб, мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятларини асослаб берди, Хельсинкида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашининг якунловчи актига имзо чекди, Москвада Ўзбекистон билан Россиянинг бундан кейинги муносабатларига аниқлик киритилган ҳужжатни имзолади, Маккада муқаддас Каъбатуллоҳни зиёрат қилди, Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий қабри устида Марказий Осиёдаги халқлар қардошлигига абадийлик тилаб, дуо қилди.

Ташқарида қандай иғво ва бузғунчилик авж олдирилмасин, Ўзбекистонда Ислом Каримов ташаббуси, иштироки ва раҳбарлигида қўшни қардош давлатлар ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик, ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ўндан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Худди ўша йили минтақада телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ўзаро айрибошлаш ҳамда ягона газета чиқариш ғояси туғилди. Бир йилдан сўнг бу ғоя амалга оширилганида собиқ империя меросхўрлари уни йўққа чиқариш учун астойдил ҳаракат бошлади. Шундан кейин ҳам Ўзбекистон раҳбарияти Марказий Осиёдаги давлатлар ва халқларнинг бирлигини ҳамда қардошлигини мус­таҳкамлаш борасида ўзининг куч-ғайратини ва дипломатик саъй-ҳаракатини аямади. Бу ҳаракат бугун ҳам ўз таъсир кучини йўқотгани йўқ.

Шак-шубҳасиз, мўътадил ва таъсирчан дипломатия фақат ташқи сиёсатда эмас, балки ички сиёсатда ҳам жуда зарур. Ўз оиласининг бошини қовуштира олмаган одам қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, бегоналар билан ҳам тил топиша олмайди. Ислом Каримов бизда бошбошдоқлик, очарчилик, миллий ва диний низолар бўлишини кутиб, мамлакатда парокандалик, ҳатто фуқаролар уруши юз беришига умидвор бўлаётганларни мулзам қилиш ҳамда Ўзбекистон деган ёш ва мустақил оилада ҳаётни изга солиб юбориш учун бир йилда 60 дан ортиқ фармон, 28 та қарор қабул қилди, 40 дан ортиқ қонунни тасдиқлади, пойтахтда ва вилоятларда 26 та учрашув ўтказди, 35 та жиддий тадбирда иштирок этди, хорижлик ва ўзбекистонлик журналистлар иштирокида 7 марта матбуот анжумани ўтказди. Агар оила бошлиғи шундай ишчан, фаол, эътиборли, холис, одил, бағрикенг, вазмин, ҳушёр, қатъиятли ва талабчан бўлмаса, қайсидир ҳолатда хато юз бериши аниқ. Бироқ Оллоҳ бизни хатолардан асради. Йигитлар йиқилмаганлиги, оналар йиғламаганлиги боиси шундан.

Менимча, 1992 йилдан кейинги йилларга тўхталиб ўтишга ҳожат йўқ. Чунки ички ҳамда ташқи сиёсатдаги жараёнлар ва тутган йўлимиз худди ана шу йўналишда давом этди. Тўғри, оёққа туриб, нафақат иқтисодда ва ташқи сиёсатда, балки ҳарбий куч-қудратда қаддимизни ростлаб олганимиздан сўнг ҳам ғаразгўйлик ва ҳасадгўйлик билан боғлиқ жиддий синовларга дуч келдик. Бироқ уларни ҳам йигитни йиқитмасдан ва онани йиғлатмасдан енгдик. Бундай синовларга бундан кейин шай бўлиб туришимиз зарур.

Шу ўринда, бир масалада шахсий фикримни айтмасам бўлмайди. Мен шу пайтгача давлатимиз раҳбари оғзидан ҳали бирон марта уруш сўзини ёки ер юзининг бирон жойида пайдо бўлган уруш-жанжал ва низони маъқуллаб, ёхуд кимларгадир ён босиб айтган гапини эшитганим йўқ. Аксинча, доим муроса ва мулоқот ҳақида гапиради, бундай жараёнга Ўзбекистоннинг доим тайёр эканлигини таъкидлаб келади. Халқаро масалаларга ёндашувларда ҳамиша ўзбекона одат ва бағрикенглик сезилиб туради. У киши қандай халқаро анжуманда қатнашмасин, қурол кучи билан ҳеч бир муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини қайта-қайта таъкидлайди. Ҳарбий куч-қудрат, умуман, ҳар қандай қурол-яроғ бошқаларга зўравонлик қилиш учун эмас, балки Ватанни душмандан ҳимоя қилиш учун керак.

Бошқа баъзи бир давлатлар раҳбарларининг оғзидан бутунлай бошқача гапларни эшитасиз. Айниқса, бошқаларни ўз ҳарбий куч-қудратлари билан қўрқитадиганлар, кичик ва кучсиз давлатларни менсимайдиганлар, ўзларининг замонавий ҳарбий қуроллари билан мақтаниб, уларни кун-у тун телеэкранларда намойиш қиладиганлар, ўзлари ҳар куни юзлаб, минглаб одамларни бомбалаб ўлдирганлари ҳолда ўзларининг битта одамлари ўлса, жаҳон миқёсида жар солиб, шайтонлаш ҳолатига тушаётганлар, давлатларни турли ҳарбий-сиёсий блокларга тортиб, бировларнинг жиловини ўз қўлларига олаётганлар, миллий-этник ва диний низо қўз­ғашда турли ҳийла-найрангларни ишга солаётганлар кўпа­йиб боряпти. Энг хавф­ли томони шундаки, жаҳондаги бир ярим миллиард нас­ронийни бир ярим миллиард мусулмонга қарши қайраб, бундай қабиҳ ишга оммавий ахборот воситаларини жалб этаётганлар бугунги дунёни фалокат сари яқинлаштирмоқдалар. Кўплаб телеканалларнинг мусулмонларни камситиш ва ҳақоратлашдан бошқа ишлари қолмади. Ана шундай вазиятда Ўзбекистон вазминлик кўрсатаётганини халқимиз маъқуллайди, албатта.

Бироқ телеканалларда инсоннинг руҳиятига ёмон таъсир кўрсатадиган ҳолатлар кўп. Баъзи бировлар андишани қўрқоқлик деб тушунишяпти. Шунинг учун айрим ҳолатларда луқма ва шарҳлар билан чиқиб туриш ҳаддиларидан ошаётганлар учун огоҳлантириш бўлади, деган фикрдаман. Ҳар ҳолда, «қаерда низо чиққудек бўлса, биринчи бўлиб биз зарба берамиз», дейдиганларга бугунги дунё бир давлатнинг ёки бир миллатнинг мулки эмаслигини эслатиб турган маъқул. Афтидан, кун-у тун ўзининг қардош миллатдоши ва диндошига лой чаплашдан чарчамаётган, террорчиларга қарши кураш баҳонасида ўзининг геосиёсий ҳамда иқтисодий манфаатларини қондираётган, миллатчиликни давлат сиёсати даражасига кўтарган, ўз ҳақиқатидан бошқа ҳақиқатни тан олмайдиган, кечаги дўстини бугун душманга айлантирган кучлардан эҳтиёт бўлганимиз маъқулга ўхшайди.

Йигитни йиқитмаслик ва онани йиғлатмаслик сиёсати ҳушёрликка ҳамда огоҳликка таянар экан, демак, юртимизда тинчлик абадий бўлади.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>