• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

«Йиғинди гаплар»

Ўзбек рўмончилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийға

Аросатлик дамларим

«Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик», дейдилар. Шунга кўра мактубимни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимнинг қора дамлари бўлған кейинги «аросатлик замонлари»дан белгуладим.

Бундан чамаси ўн йиллар аввал. Лицейнинг биология-кимё йўналишида ўқиётған кезларим. «Ўткан кунлар» рўмонингизни илк бора қўлимға олдим. Кутубхоначи опадан олинған китобнинг «Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли» номли фаслининг ўзиёқ мени зериктирған. Маъзур тутғайсиз. Сўзлар жўн жумлалардек туюлиб, мени ўзига тортмаған. Тили ҳам мураккаб. Шу боис муқовани ёпиб китобни қайтариб топшириб юборғандим. Бунинг учун мени уришишға, койишға ҳаққингиз бор. Ҳақиқатда ўзбекнинг бўйи етган боласи учун «Ўткан кунлар»ни ўқимаслик уят. Йиллар ўтди. Адабиётға қизиқа бошладим. Тақдирнинг иноятини қарангки, унга ҳақиқий меҳрим йигирма бешдан хатлаганимдан сўнг бошланаяпти. Сиз эса бу ёшда аллақачон «Ўткан кунлар»ни ёза бошлағансиз…

37-хонадон(лар)да

Ойбек, Абдулла Қаҳҳор. Буларни бирлаштириб турғувчи нуқта нима? Узоқ ўйламай жавоб берасиз: албатта адабиёт. Тағин нима? Тошкандда ҳар иккисининг ҳам уй-музейи бор. Яна-чи? «Йўқлаб» борсанг Чиғатой қабристонида қабрлари… Сизни улар билан бирлаштириб турғучи биргина нуқта бу — адабиётдир. Бошқаси эса…

Яқинда Сиз яшаган хонадонни кўриш мақсадида бир дўстим билан «Самарқанд дарбоза»си маҳалласининг Термиз кўчасидаги 37-хонадон эшигини топдик. Таққиллатдик. Ҳеч ким йўқ. Кўчада турганлар уй соҳиби — Хондамир Қодирий ишда эканини ва кириш учун қўшни уйдан ўтиш мумкинлигини айтишди. 35-хонадон эшигини жиринглатдик. Ҳовлида юмуш билан юрган Отабек тенги бир йигит эшикни очиб, бизни ичкарига бошлади. Исми Абдуқодир экан. Кенжа қизингиз Аниса (буви)нинг невараси. Ўша машҳур шийпонингизга чиқдик. Ҳамал ҳавоси бизни хаёлан ХХ аср остонасига элтади. Шийпон остидаги хонага негадир қулф осилган. Хитойча қулф бизга ичкарига кириш мумкин эмас, деяётгандек. Эварангиздан бир икки оғиз гап сўраймиз. Унинг айтишича, ёз келганда қариндошлар бу ерга йиғилишиб, гурунглашишар экан. Абдуқодир бу хонадонда Сизнинг замонингиздан қолган бирорта дарахт қолмаганини, сўнгги тут ҳам катталашиб шийпонга соя солғани учун икки йил аввал кесиб ташлашганини айтади. 37-хонадон адоғида сиздан мерос мана шу шийпонгина қолған…

Кўчага чиқғач, уйингиз тўғрисида сўраймиз. Абдуқодир бизга йўлни тушунтиради: катта кўчадан ўнгга, бироз юриб яна ўнгга, тор кўча бўйлаб яна ўнгга, …кўчаси…

Не ажабки, у ерда ҳам 37-хонадон бор. Уй эшигини таққиллатдик. Эшикни очган бир аёлга мақсадимизни тушунтиргандик бизни ичкарига бошлади. Ўзини Муқаддас дея танитган аёл неварангиз Шеркон Қодирийнинг келини экан. Сиз яшаган икки қаватли қадимий уй. Бир неча йиллар илгари таъмирланган-у, негадир охирига етмай тўхтатилған… 1937 йил 31 декабрь оқшомида Сизни миршаблар олиб чиқиб кетган хонага кирамиз. Сиз ётған корават. Кўрпа-тўшак. Хона жиҳозлари. Суратларингиз. Китобларингиз. Бариси сизни эслатади… Ёнидағи яна бир хонани очиб кўрсатади келин. Унда ҳар хил эски буюмлар йиғилған. Дўхтир неварангизнинг иши. Буюмлар орасида сиз сафарларда олиб юрған жамадон ҳам бор экан. Яна унинг айтишича, бу хоналар ёзлиқ жойларинғиз экан. Саратон келса икки томондағи деразалар очилса елвизак бўларкан. Шунда яна бир қобилиятингиз — усталиғингиз бизни лол қолдиради. Қишлиқ жойинғиз — паски қаватда келинингиз Муқаддасхон яшар экан. Янгани саволга тутамиз: «Авлодлардан ёзғучи чиқмадими?» У секин йўқ дегандек бош чайқатади. Дўстим ҳазил аралаш гап қилади: «Сизга жанговар топшириқ, битта ёзғучи туғиб беринг». У индамай бош эгади. Ҳовлига чиқамиз. Келин бизга боғингизнинг ҳудудини тушунтиради: «Сизлар кириб келган кўчанинг бошидан то…» У кўрсатган жойда ҳеч қандай боғ кўринмайдир. Турли шаклдаги иморатлар. Қариндошлар, бегоналар қўним топишган. Шийпонга бориладиған йўл ҳақинда сўраймиз. У тушунтиради: «Бир пайтлар бу ерда йўл бўларди». Энди эса… Ҳеч бўлмаса биргина туйнук ҳам қолдирилмаган: афсус. Сиз яшаган 37-хонадон қоқ иккига бўлиб олинган. Боғларнинг ўрнини ҳисобласак, у ерга ўндан ортиқ хонадон ўрнашған. Боғ-ку майли. Невараларингиз ўзлари кўтарған деворни нуратиб ташлашга ўзларида нега куч тополмаётган экан, шуниси юрагимни ачиштирди. Ё авлодлар кўпайиши билан қариндошлик ришталари узоқлашиб борармикан, а? Эҳтимол, феъли кенг руҳингиз ҳам бу бўлинувни кўриб, узоқ-узоқларга кетиб қолғандир…

Ортга қайтарканмиз дўстим билан гурунглашамиз: Сиз ҳақингизда, Отабек ва Кумуш ҳақинда, эски Тошканд тўғрисинда, биз тобора узоқлашиб бораётган 37-хонадонлар кейинги сафар ташриф буюрганимизда бирлаштирилиб, уй-музейига айлантирилиши ҳақида…

Келажак адабиёти

Ойтғонингиздек, биз ҳам янги даврга оёқ қўйдик. Шундай экан, бас, ҳар бир йўсинда шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашяпмиз ва шунга ўхшаш рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг «Отабек-Кумуш»лари ва «Анвару Раъно»лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этишға чоғланяпмиз…

«Ўткан кунлар»га қайтиб

«Ўткан кунлар»ни шу кунларда ўқидим. Ҳеч ҳам зерикарлик эмас. Тили ҳам ширин. Хушомадга йўйманг-у, унинг «шева»си ўзбек адабий тилининг тамал тоши. Ўзбекистондаги турли хил элат авлодларини бирлаштириб тўрғучи тил. Чиройлилигидан мактубни ҳам мазкур тилда битдим. Яқин-яқингача тенгдошларим орасида «Ўткан кунлар» ҳақида гап кетганда мавзуни бошқа ёққа буришға ё бўлмаса суҳбатдан қочишға уринардим. Бугун эрса китобни ёшлигидаёқ ўқиган дўстларим билан бемалол мулоҳаза юрита оляпман. Гўё энди уялмайдигандекман. Бироқ қанчалар аччиқ бўлмасин донолар айтган ўша машҳур гапда жон бор: «Ўткан кунлар»ни 3 хил ёшда ўқиган одамда у ўшанча таассурот қолдиради». Биринчисидан айрилганимға ўкинаман. Иккинчисига етказганига шукур. Учинчиси ҳамма биродарларимға насиб этсин.

Хотима

Кўнгил қурғур нозик экан. Ўзингиз Кўмушни ўлдириб қўйиб қандай йиғлаған бўлсангиз мен ҳам ушбу битикларни ёзатуриб кўзларимда ёш қалқди. Қаранг, мақсад сиз ҳақингизда гаплашиш эрса-да, унга ўз ҳасратимни ҳам қўшдим. Ҳали мактубни қай манзил сори элтишни ҳам билмайман. Кечиринг: манзилингизни топа олмағаним учун, китобингизни кеч ўқиғаним учун, шу ёшимғача адабиётға жўялик нарса қўшмағаним учун!..

Куюнчак мухлисингиз

Энди сизни қидирсам қаердан топишимни биламан. «Ўткан кунлар»дан.

Энди ҳар гал Қодирийни кумсасам «Ўткан кунлар» муталаасига киришаман…    

Қодирий бобо. Мана рўмонингиз яратилғаниға юз йилга яқин муддат ўткан бўлса-да, ҳамон ўқилаяпти. Қайта-қайта нашр қилинаяпти.

«Ўткан кунлар»га яқинлашмаса-да, бироқ унинг «укаси»ни ёзишга ваъда бераман.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>