• Бугунги сана: Seshanba, Dekabr 12, 2017

Яхшилик ҳикмати

Узоқ йиллар бурун, куч-ғайратга тўла даврим эди, ҳайдовчи бўлиб ишлардим. Ёзнинг салқин тунларининг бирида тун ярмига етганида бир мижозни олиш учун шаҳарнинг марказий мавзесига боришга тўғри келди. Манзилга келиб кутиб турдим. Келишилган вақтдан тахминан ўн дақиқа ўтгач, одатимга кўра қаршимда турган баҳайбат бинодан мижознинг хонадонига кўтарила бошладим. Негадир менга кечикаётган мижоз ёрдамимга муҳтождек туйилар эди.

«Ёрдам керакми?» деган саволимдан кейин эшикнинг нариги томонидан кекса аёлнинг «Бир дақиқа, илтимос!» деган ўтинчи эшитилди. Кўп ўтмасдан эшик очилиб 80 ёшлардаги кекса онахон қўлида ихчам жомадонни кўтарганча чиқиб келди.

Жомадонни олиб, менга табассум билан қараб турган кампирга ёрдамга ошиқдим. У менга меҳрибончилик учун миннатдорчилик изҳор қилди. Мен унга кекса мижозлар онамнинг ҳурматига сазовор эканликларини айтдим. «Олижаноб инсон экансиз», деди кекса хоним.

У машинага чиққач, манзилни сўрадим. Мижозим менга шаҳар ташқарисини, соҳил бўйини кўриш истагида эканлигини айтди. Унга манзилнинг яқин эмаслигини айтсам, онахон менга милтиллаб қолган хотиржам кўзларини тикди. «Биламан, аммо шошаётган жойим, кутаётган оилам йўқ», унинг кўзлари намланди.

Масофа ҳисоблагични ўчириб, ундан соҳилга қайси йўл орқали боргиси келаётганини сўрадим. Биз шаҳар маркази бўйлаб юрдик. Онахон йўл-йўлакай бино ва жойлар билан боғлиқ хотираларини сўзлай кетди. У лифт оператори бўлиб ишлаган кўп қаватли бинони кўрсатиб, турмуш ўртоғи билан шу ерда танишганини айтди, илк учрашувлари ўтган тамаддихонани кўрсатди. Назаримда у айни пайтда ўша хотираларга қайтиб, ёшариб кетган эди.

Чамаси икки соат онахон билан тунги шаҳар бўйлаб кездик. У толиққанини айтгач, уйга қайтдик. Менга қанча тўлаши кераклигини айтганида «оналардан пул олинмаслигини айтдим».

«Сенинг ҳам бола-чақанг бордир», деди мижозим кайфият билан. «Ҳа, лекин бошқа мижозларим ҳам бор», деб уни хотиржам қилдим. «Менга ҳадя қилган лаҳзаларинг учун раҳмат, ўғлим! Барака топ!» деб кампир эшикни ёпди. Эшик зарби менга битта ҳаётнинг тугаганини эълон қилган ҳукмдек совуқ эшитилди.

22 июль тугаб, янги кун бошлангани сабаб мен бошқа мижоз олмадим, уйга ҳайдадим. Эшикни очган рафиқам бугун волидамнинг ўлган куни эканини айтаётганида кўйлагимнинг ёқаси жиққа ҳўл бўлган эди.

Инглиз тилидан

Шуҳрат Сатторов таржимаси


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>