• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Япония қандай мағлуб этилган эди?

Эски душманлар

Улуғ ватан уруши 1945 йилнинг май ойида тугагани билан СССРнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки ҳали якунига етмаганди. Шарқда Германиянинг иттифоқчиси бўлган Япония ҳали мағлуб этилмаган эди.

20-аср бошидаги рус-япон урушида Россия мағлуб бўлганидан бери икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар совуқлигича қолаётганди. Гражданлар уруши йилларида япон аскарлари интервенцияда иштирок этишган, кейин японларнинг иштаҳаси очилиб, СССРга бостириб кириш ҳақида ўйлай бошлаган эдилар.

Японлар Хитойга бостириб кириб, император армияси Совет иттифоқи ва унинг иттифоқчиси бўлмиш Мўғулистон чегарасига яқинлашган 1930-йилларнинг ўрталаридан бошлаб катта уруш хавфи сақланиб келаётган эди.

Хасан кўлидаги 1938 йилги ва Халхин-гўл дарёсидаги 1939 йилги жанглар ҳарбий кучларнинг қудратини синовдан ўтказишга ўхшаб кетарди. Уларнинг якуни япон генералитетини СССР билан бўлажак катта урушни иложи борича ортга суриш мақсадга мувофиқ деб хулоса чиқаришга мажбур қилди.

Омонат бетарафлик

1941 йилнинг 13 апрелида СССР ва Япония ўртасида бетарафлик тўғрисидаги пакт имзоланди. Ушбу ҳужжат туфайли Япония шимолда уруш чиқиши хавфини бартараф этиб, жануби-шарқий Осиёни босиб олишни давом эттириш имконига эга бўлди. Ўз навбатида Совет иттифоқи ҳам бирйўла икки фронтда урушишига тўғри келмаслигидан енгил тин олди.

1941 йилнинг июн ойида Германиянинг иттифоқчиси бўлган давлатлардан биргина Япония СССРга қарши уруш эълон қилмади. Шунга қарамай 1941 йилнинг июл ойида урушга кириш масаласи Япония бош штабида қизғин муҳокама қилинганини айтиб ўтиш керак.

Япон сиёсатчилари ва ҳарбийлари эҳтиёткорлик қилишганди. Яъни Германия ҳал қилувчи устунликка эришгандагина СССРга қарши уруш бошлашни мўлжаллашаётганди. Шу боис Ҳитлер урушга қўшилишни қатъий талаб қилаётганига қарамай Токиодагилар кутиб туришни маъқул кўришди. Совет-япон чегарасидаги вазият эса кескинлигича қолаётган эди.

Ҳитлерчиларнинг Сталинград ва Курск ёйидаги мағлубиятидан кейин вазият буткул ўзгарди. Германия урушда ғалаба қозонолмаслиги аниқ бўлиб қолгач, АҚШ ва Буюкбританияга қарши урушда ҳолдан тойган Япониянинг ўзи СССР билан ўртада можаро чиқишининг олдини олишга ҳаракат қила бошлади.

Бироқ 1943 йилги Теҳрон конференциясидаёқ Совет иттифоқи ўз иттифоқчилари олдида Европада уруш тугаганидан сўнг уч ойдан кечиктирмай Японияга қарши урушга кириш мажбуриятини зиммасига олган эди.

Ялта ва Потсдамдаги конференцияларда ҳам Сталин берган ваъдасида туришини тасдиқлади.

Муросага келишнинг иложи йўқ

1945 йилнинг баҳорига келиб Япониянинг урушда мағлуб бўлиши аниқ бўлиб қолди. Фақат қандай шартларда сулҳ тузилиши ноаниқ эди холос. Бу СССРнинг иттифоқчиларига берган ваъдасида туриш-турмаслигига боғлиқ эди.

1945 йилнинг 5 апрелида СССР бетарафлик тўғрисидаги пактни бекор қилди, бу Япония ҳукумати учун ташвишли сигнал эди. Москвадаги япон дипломатлари эҳтиёткорлик ила Япония билан АҚШ ва Буюкбритания ўртасида ярашиш тўғрисида музокара ўтказиладиган бўлса Совет иттифоқи силагарчи бўлиш-бўлмаслиги ҳақида суриштира бошладилар. Эвазига Япония СССР учун фойдали шартларни таклиф қилишга, шу жумладан унга айрим ҳудудларини беришга ҳам тайёр эди.

Вазиятнинг бундай тус олиши Буюкбритания ва АҚШни хавотирга солаётган бўлса ҳам Совет иттифоқи Япония билан муроса қилмоқчи эмас эди.

Квантун армиясининг тор-мор қилиниши

1945 йилнинг май ойидан Европадаги урушдан бўшаган қисм ва бўлинмаларни шарққа жўнатиш қизғин тус олди. Шарқий қўшинларни кучайтириш учун 400 мингдан зиёд киши, 7137 та тўп ва миномётлар, 2119 та танк ва ўзиюрар тўплар жўнатилди. Шарқдаги совет қўшинларининг умумий сони 1 млн 750 минг кишига етди. Уларнинг қўлида 26 мингдан кўпроқ тўп, 5500 та танк ва ўзиюрар тўп, 5400 га яқин самолёт бор эди.

Қизил Армия кучлари учта фронтга — маршал Родион Малиновский қўмондонлигидаги Байкалорти фронти, маршал Кирилл Мерецков қўмондонлигидаги 1-Узоқшарқ фронти ва армия генерали Максим Пуркаев қўмондонлигидаги 2-Узоқшарқ фронтига бўлинган эди. Операцияга умумий раҳбарлик қилиш маршал Александр Василевскийга топширилди. Маршал Хорлогийн Чойбалсан қўмондонлигидаги мўғул армияси совет қўшинларининг иттифоқчиси сифатида урушда қатнашиши режалаштирилган эди.

Совет-мўғул қўшинлари қаршисида Манчжоу-го давлатининг ҳарбийларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 1 млн кишига яқин Квантун армияси турар эди. Японларнинг қўлида 6260 та тўп ва миномётлар, 1150 та танк, 1500 та самолёт бор эди.

1945 йилнинг ёзида Квантун армиясининг аҳволи яхши эмасди. Аскар ва офицерларнинг пичоққа илинадиганлари мамлакат ҳудудини бостириб кириши кутилаётган америкаликлардан ҳимоя қилиш учун Японияга чақириб олинган эди. Янги келганлар жанговар тажрибага эга эмас, қурол-яроғлари ҳам совет техникаларига бас келолмасди.

Квантун армияси қўмондони генерал Оцудо Ямада бор кучини Қизил армия ҳужумини қайтара олмаса-да, ҳеч бўлмаса уни иложи борича қийинлаштириш ва вақтни чўзишга қаратди.

Мисли кўрилмаган қуршов

1945 йил 8 август куни Москва вақти билан 17:00 да Япониянинг СССРдаги элчисига уруш эълон қилиш тўғрисидаги ҳужжат расман топширилди.

1945 йил 9 август тонгида учала фронтнинг илғор разведкачи отрядлари ҳужум бошлади. Шу билан бир вақтда авиация японларнинг Харбин, Синцзин ва Цзилиндаги ҳарбий объектларга, чегара зонасидаги алоқа тармоқлари ва йўлларига, қўшинлар тўпланган ҳудудларига ёпирилиб зарба берди. Тинч океан флоти ҳам жанговар операцияларга киришди.

Совет қўмондонлари японларни бир ярим миллион квадрат-километр ҳудудда қуршовга олишни режалаштирган эди.

Операция давомида оғир иқлимий шароитда ҳаракат қилиш, Гоби чўлини кесиб ўтиш ва ўтиш қийин бўлган тоғли ҳудудларда урушишга тўғри келарди.

Бироқ 1945 йилнинг августига келиб Совет иттифоқи армияси дунёдаги энг қудратли ҳарбий тузилма ҳисобланиб, ушбу режани тўлиқ амалга ошириш имконига эга эди.

9 августда, урушнинг биринчи куниёқ Урушга раҳбарлик қилувчи олий кенгашнинг шошилинч йиғилишида Япония бош вазири Кантаро Судзуки шундай деган эди: «Бугун эрталаб Совет иттифоқининг урушга кириши бизни буткул чорасиз аҳволга солиб қўйди, бундан кейин урушни давом эттира олмаймиз».

Японияга қарши урушда совет қўшинлари Германияга қарши урушда тўплаган тажрибасини кенг миқёсда қўллай бошлади. Душмандан ўзлаштирилган усуллар ишга туширилди. Масалан, генерал Кравченконинг 6-гвардиячи танкчилар армиясининг Хинган тоғига қилган юриши ёнилғи етишмаслиги туфайли тўхтаб қолганида ёнилғини самолётларда етказиб бериш йўлга қўйилди. Илгари немислар шундай қилишган.

Синьцзин (Чанчунь) шаҳридаги ҳарбий аэродромда совет қўшинлари томонидан забт этилган япон самолётлари. Фото: РИА Новости

Ўн икки кун

Ҳаракатчан совет ҳарбий қисмлари японларнинг истеҳкомлар қурилган ҳудудларини айланиб ўтар, улар пиёда қўшинлар томонидан ўраб олинарди.

Мўғулистон ва Даурия ҳудудидан ҳужумга ўтган Байкалорти фронти қўшинлари қақраган даштлардан, Гоби чўлидан ва Каттахинган тоғ тизмасидан ўтиб, японларнинг Калган, Солун, Хайлардаги қўшинларини тор-мор қилди, Квантун армиясини Шимолий Хитойдаги япон қўшинларидан ажратиб қўйиб, Манчжуриянинг энг муҳим саноат ва маъмурий марказларига яқинлашиб борди.

Денгизбўйидан Байкалорти фронти тарафга қараб ҳужумга ўтган 1-Узоқшарқ фронти қўшинлари японларнинг чегарадаги истеҳкомларини яксон қилиб, Муданцзян ҳудудида япон қўшинларининг шиддатли қарши ҳужумларини қайтарди, Цзилин ва Харбинни, Тинч океан флоти десанти билан ҳамкорликда бир қатор портли шаҳарларни қўлга киритиб, Кореянинг шимолий қисмини ўз назоратига олди.

2-Узоқшарқ фронти қўшинлари Амур ҳарбий флотилияси билан ҳамкорликда Амур ва Уссури дарёсидан ўтди, Хэйхэ ва Фуцзин ҳудудида японларнинг мустаҳкам мудофаасини ёриб ўтиб, Кичикхинган тоғ тизмасини ортда қолдириб, 1-Узоқшарқ фронти қўшинлари билан биргаликда Харбин шаҳрини эгаллади.

Квантун армиясининг аҳволи шунчалик танг бўлиб қолдики, у 14 августдаёқ вақтинчалик сулҳ тузишни сўрашга мажбур бўлди. Лекин амалда япон ҳарбий бўлинмалари жангни давом эттираверди.

18 августда бошланган Курил десант операцияси давомида Курил ороллари японлардан тортиб олинди. Айни вақтда ўтказилган Жанубий Сахалин операцияси натижасида Жанубий Сахалин ҳам совет қўшинлари назоратига ўтди.

1945 йил 19 августда Мукденда Манчжоу-го императори Пу И қўлга олинди. 20 августга келиб совет қўшинлари шимоли-шарқий Хитойнинг ичкарисига ғарбдан 400-800 км, шарқ ва шимолдан 200-300 км масофагача кириб борди, Манчжурия текислигига чиқиб, япон қўшинларини бир қатор гуруҳларга бўлиб ташлади ва уларни қуршовга олишни якунлади.

Айни пайтда Квантун армияси бўлинмаларига Япония императорининг таслим бўлиш ҳақидаги буйруғи етказилди, шундан кейин японлар оммавий равишда асир туша бошладилар.

Шундай қилиб Квантун армиясини тор-мор қилишга қаратилган асосий жанговар ҳаракатлар 12 кунда тугалланди.

Ғолиблар ва мағлублар

Айрим қаршилик ўчоқларини бостириш Квантун армиясини асир олиш якунланган 10 сентябргача давом этди.

Операция давомида совет қўшинларидан 12031 киши ҳалок бўлди, 24425 киши яраланди. Япон қўшинларидан 84000 га яқин киши ҳалок бўлди, 600000 дан зиёд киши асир тушди.

1945 йил 2 сентябр куни Американинг «Миссури» крейсери бортида Япониянинг сўзсиз таслим бўлганлиги ҳақидаги акт имзоланди. Актга Совет иттифоқи номидан генерал-лейтенант Кузма Деревянко қўл қўйди.

Уруш якунига кўра жанубий Сахалин ва бир қатор ороллар СССР таркибига қўшиб олинди.

1945 йил 30 сентябр куни СССРда «Япония устидан қозонилган ғалаба учун» медали таъсис этилди. 1 800 000 га яқин киши ушбу медал билан мукофотланган (улар орасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ҳам бор).

Андрей Сидорчик, «Aif.ru»
Ҳасан Карвонли таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>