• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Ягона гувоҳ (бир ўлим тарихи)

Ҳурматли редакция! Мен юрак тўла дардларимни ёзиб сизлардан нажот истаб умидли кўзларимни йўлларингизга тикиб қўлимга қалам олдим. Ёзаётган дардларим қоғозда қолиб кетмас деган умиддаман. Укам Қувватов Полвон армиядан қайтгач, икки йил жамоа хўжалигимизда ишлади. Сўнг қишлоғимизда яшовчи Ғаниев Ҳусаннинг қизи Хуршидага фотиҳа қилиб қўйдик. Улар бир-бирини яхши кўришарди. 1990 йил 15 август куни икки ёшнинг тўйи бўлиши керак эди. 8 август куни кечқурун укам Полвон қиз билан учрашиш ниятида унинг уйига боради. Улар ҳовлида гаплашиб ўтирган пайтда қизнинг укаси Ғаниев Тиркаш укамнинг бошига арматура (темир қозиқ) билан уради. У беҳуш бўлиб йиқилади. Қиз бақириб одамларни ёрдамга чақиради. Қўшниси Ғаниева Фотима ва Давронова Хайринисо келиб беҳуш бўлиб қонига бўялиб ётган укамни кўриб қизнинг отасига хабар беришади. Қизнинг отаси уни район шифохонасига олиб боради. Врачлар бир ярим соат чамаси операция қилишади. Укам уч кун ётиб 11 августда вафот этди. Биз воқеани район ички ишлар бўлимига билдирдик. Тергов ишлари бошланди. Тиркаш қилган ишини тан олди. Қиз ҳам бўлган воқеани рўй-рост гапириб берди. Тиркаш 1990 йил 4 декабрда қамоққа олинди. Ҳужжатлар прокуратурадан судга ўтказилди. Ишни Ургут туман суди кўриб, қайта сўроққа юборди. Иккинчи марта иш тескарисига айлана бошлади. Тиркаш олдинги айтганларидан тонди. Қиз эса марҳумга туҳмат қилди. 1991 йил 6 июлда қамоқ муддати тугади деб уни озод қилишди. Ишни шу район судига оширишди. Мана бир ярим йилдан бери қотилни суд қилишмайди. У кўз ўнгимизда ўйнаб юрибди. Қонунни ҳимоя қилуви органларга қатнайвериб чарчадик. Адолат борми ўзи? Бизга ёрдам қўлини чўзасизлар деган умидда мурожаат қилаяпмиз.

Розия Қувватова

Мактуб редакциямизга келгандан сўнг бирон ой чамаси ўтгач, мен Пастдарғом районига бориб, суд раиси Очил Мардоновга учрашдим. У киши бу иш яқинда судда кўрилганини айтиб, олдимга икки жилддан иборат сўроқ ҳужжатларини қўйди. Қувватов Давроннинг 1990 йил 7 сентябрда берган аризасига биноан Ғаниев Тиркашга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунлари мажмуасининг 88-моддаси “в” банди билан жиноий иш қўзғатилган. (Эътибор беринг: жиноят 8 августда содир этилган). Ғаниев Тиркаш 1974 йилда туғилган. Балоғатга етмаган. 10-синфда ўқийди. Унинг тушунтириш хатидан: “… Тўй бўлмасдан олдин ҳам Полвон ака келиб турарди. Мен унга тўй бўлмагунча бизникига келма деб айтдим. У ўша куни маст эди. Мени ҳақорат қилди. Урди. Бошим токка бориб тегди. Ерда турган арматурани олиб унга қараб отдим. Темир калласига тегиб қонатди…”

Ғаниева Фотиманинг тушунтириш хатидан: “… Полвон аканинг илтимосига кўра бир неча марта қизни учрашувга чақириб қўйганман. Ўша куни соат 22 ларда Полвон ака келиб қизни чақириб қўй деди. Мен бориб чақирдим. У укам уйда, рашки ёмон деди. Мен бу гапни Полвон акага айтдим. У майли деб чиқиб кетди. Орадан 15 минутча вақт ўтгач, бақириқ овози эшитилди. Бориб қарасам уни пешонаси ёрилиб ариқ ичида ётган экан. Гулноз опа эса Тиркашга  қараб бировнинг боласини ўлдириб қўйдинг-ку, нима учун бошига урасан, деб гапираётган экан…”

Қизнинг тушунтириш хатидан: “1990 йил 30 апрель куни Полвон ака билан фотиҳа қилиндим. 8 август куни кечқурун у маст ҳолда келди. Мен кетинг дедим. Кетмади. Гаплашиб ўтирди. Сўнг укам келиб қолди. Улар жанжаллашиб қолишди. У укамни урди, тепди. Укам йиқилди. Мен Полвон акани уйдан ташқарига олиб чиқдим. Укам орқадан келиб уни бошига урди. Нима билан урганини кўрмадим. Полвон ака ариққа йиқилиб тушди. Мен бақириб қочдим. Ҳамсояларимиз келишди. Уни касалхонага олиб кетишди…”

Тиббий текширув хулосасидан: “Қувватов Полвон бошига қаттиқ урилгани натижасида ўлган. Ўртача кайф бўлган”.

Юқоридаги ариза ва тушунтириш хатларини ўқиган кишига юз берган фожиали воқеа ойдинлашгандек бўлади. Энди дастлаб район ички ишлар бўлимига аризани нима учун 9 августда эмас, балки 7 сентябрда берилгани хусусида тўхталсак. Икки томоннинг эскидан борди-келдиси бўлган. Бир-бирларини яхши танишган. Оиласини билишган. Йигит билан қиз ҳам ёшликдан бирга ўсишган, бир далада ёнма-ён меҳнат қилишган. Шундан ораларида муҳаббат пайдо бўлган. Икки ёшнинг розилиги билан фотиҳа тўйи ўтказилган. Аммо баъзи жойдаги урф-одатга кўра, асосий тўйни ўтказишга шошилишмаган. Буни йигитнинг отаси: “Энди келинни олайлик десам, отаси бу йил ҳам ишлатаман. Кейин оласиз”, деди деб изоҳласа, қизнинг отаси: “Ўзи сўраб келмади. Келса бераман-да”, деб айтди. Мен бу урфни қораламоқчи эмасман, бироқ шу туфайли уч ёшнинг тақдири мажруҳ бўлди.

Полвон қазо қилгач, тўйга деб атаб йиғилган нарсаларни унинг азасига ишлатишди. Қиз томон йигирмагача марҳумнинг катта-кичик йиғинларига қатнашишди. Шу орада аввал аёллар, кейин эркаклар орасида миш-миш тарқалади. “Эмишки, Даврон бобо Ҳусандан ўғлини хунини ундириб олибди. Шу сабабли ҳеч жойга арз қилмай, жим юрганмиш”. Бу миш-мишга аввалига унча эътибор беришмайди. Гап кўпаявергач эса, икки томоннинг ҳам ғурурига тегади. Улар орият талашиб уришиб қолишади. Аслида миш-миш тарқашига йигит томондан фотиҳа куни қизникига берилган нарсаларнинг қайтарилиши туртки бўлади. Йиқилиб тушди деган сўзларга ишониб, тақдирга тан бериб юрган отанинг неча йиллик дўсти билан душманчиликка боргиси келмайди. Аммо таъналар суяк-суягидан ўтиб, бир алами ўн бўлавергач, район ички ишлар бўлимига 7 сентябрь куни бориб ариза топширади. Кечқурунига гумондору гувоҳлар олиб бориб сўроқ қилинади ва юқоридаги тушунтириш хатлари олинади. 25 сентябрда эса қабрни очишиб мурдани тиббий текширувдан ўтказишади. Воқеа содир бўлган жой негадир бир неча ой ўтиб иш ҳужжатларидаги тафовутларни бошқатдан ўрганилиб бартараф этиш учун қайтарилгандан сўнггина бориб текширилган ва суратга олинган. Дарҳақиқат, икки жилдлик ҳужжатлар билан танишган киши ундаги жиддий тафовутлар, юзлаштириб аниқланиши лозим бўлган ўринлар мавжудлигини яққол сезиши мумкин. Масалан, қизгина кейинги кўргазмасида “Полвон ака мен ухлаб ётганда келиб устимга ўзини ташлаб зўрламоқчи бўлди. Талашиб ётганимиз устига яқингинамизда бўлаётган тўйга чиққан укам келиб қолиб унга “бундай қилманг, кетинг” деганди, кайфимни бузма деб уни урмоқчи бўлиб ҳовлига қувиб чиқди. Оёғи тойиб йиқилаётганда боши водопроводнинг чиқиб турган учли темирига урилиб қонади”, дейди. Олдинги кўргазмасини айтиб туриб мажбурлаб ёздиришганини таъкидлайди. Шунда ўша орган ходими билан қиз юзлаштирилиб ҳақиқат аниқланиши лозим эди. Аммо бу муҳим иш қилинмайди. Қолаверса, айбдор гумон қилинган Тиркаш ҳам аввал қўрқитишгани учун ёлғон кўргазма берганман деб ёзган. Бу ҳолат ҳам ноаниқлигича қолган. Натижада иш чигаллашиб анча чўзилган. Қайта-қайта терговдан сўнг иш ниҳоясига  етказилиб судга оширилган. 1992 йил 13 февралда суд шундай ҳукм чиқаради.

“Судланувчи Ғозиев Тиркаш Ҳусанович ЎзССР жиноят қонунлари мажмуасининг 88-моддаси “в” банди билан айбли деб топилсин, шу моддага кўра муддати 5 (беш) йил озодликдан маҳрум қилинсин. Жазони кучайтирилган режим ўрнатилган аҳлоқ тузатиш меҳнат колониясида ўташ белгилансин. Судланувчи Ғаниевни дастлабки терговда қамоқда бўлган (4 Х 1990 йилдан то 6 июль 1991 йилга қадар) 7 ой 2 кун жазодан чиқариб ташлансин. Ўташ учун 4 йил 4 ой 28 кун озодликдан маҳрум қилинсин. Эҳтиёт чораси ўзгартирилиб Ғаниевни суд залидан қамоққа олинсин. Жазо муддати 13 февраль 1992 йилдан бошлаб ҳисоблансин. Ҳукмдан норози томон шу суд орқали 10 кун ичида Самарқанд вилоят суди жиноят судлов коллегиясига шикоят қилишга ҳақлидир”.

Ҳукмни ўқиган киши ҳақиқат барибир қарор топибди, жабрланувчини ярали юрагига таскин бўлибди, деб ўйлайди. Мен ҳам шундай ўйлагандим. Бироқ…

“Мен тақдирга тан бериб, жудолик азобига чидагандим. Аммо бўлмади. Гап-сўзларни кўтаролмадим. Тўғри, бу фожиани улар атайлаб уюштирмаган. Қасддан қилган десам, гуноҳга ботаман. Лекин ўғлимнинг ўлимига шулар сабабчи-ку. Майли нодонлик қилиб борибди дейлик, шунга жанжал чиқариб ўлдириш шартмиди. Ахир фотиҳа қилиб қўйгандик. Вақтида тўй қилганимизда шундай бўлмасмиди. Биз оға-ини эдик. Энди икки ёш туфайли қариндош бўламиз девдим. Мана оқибати. Мен бўйга етган фарзандимдан айрилдим. Унинг ўғлига бор-йўғи 5 йил беришди. Рози бўлдим. Аммо улар норози. Қайтариб чиқариб олишмоқчи. Норози бўлиб ариза ёзишган экан. Чақиришди. Мен ҳам ҳукмни ўз кучида қолдиришларини сўраб ариза ёзиб ташладим. Болам, кўп қийинчилик кўрган эдим. Ҳаммаси бир томон, бу бир томон бўлди”. Даврон бобо дарддан, аламдан сўзлолмай қолди. Кўринишидан ёшликда бақувват бўлган панжалари устидаги кўрпани ҳолсизгина ғижимлади. Ўтирганлар анча вақт жим қолдик. Мен ўринга михланган қаршимдаги бир вақтлар забардаст бўлган вужудга қараб дунёнинг ишларидан ҳайратга тушдим. Отанинг илтижоли кўзларига дош беролмадим. Хайрлашиб кўчага чиқдим.

Сўнг қизнинг уйига бордим. Унинг ота-онаси билан суҳбатлашдим. Улар ҳам ҳақиқат излаб қайсидир редакцияга ёзишган экан. Аввалдан бир-бирларини ҳурмат қилишларини, яхши ниятлар билан қудачилик қилишмоқчи бўлишганини айтишди. Ўғлингизни шу ишда гуноҳкор деб биласизми деб сўрадим. “У туҳмат билан қамалди” деди ота куюниб. Даврон бобога ёмон бўлди. Фалокат-да, қуваётиб йиқилиб тушибди деб, жойини кўрсатди. “Нега ўғлингиз икки хил кўргазма берган. Қайси бирини тўғри деб ўйлайсиз?” “Аввалгисини қўрқитиб алдаб ёздириб олишган”. “Ўғлингиз ўша қўрқитган орган ходимини кўрстаиб бероладими?” “Билмадим. Ўзидан сўранг, балки кўрстиб берар”. Айбдор қамоқхонада бўлганлиги сабабли учрашишнинг иложи бўлмади.

Фожиа уч кишининг ўртасида юз беради. Улардан бири бошидаги жароҳат туфайли уч кун тилдан қолиб жон талашиб қазо қилади. Иккинчиси қамоқхонада не ўйлар исканжасида юрганини ёлғиз Аллоҳгина билади. Учинчиси… Мен у билн ишхонасида учрашиб суҳбатлашдим. Кутмаган экан. Ҳайратланди. Суҳбатимиз унча қовушмади. Саволларимга ўйлаб-ўйлаб қисқа-қисқа жавоб берди. Мен унинг ҳолатини тушундим. Тақдир ўйинини қарангки, қазо қилган ёқтигани, фотиҳали йигити, айбдор деб жазоланган — бир қориндан талашиб тушган укаси. Иккисини ўртасидиги воқеани ўз кўзи билан кўрган ёлғиз гувоҳ эса ўзи. Унинг одил бўлишга қудрати етармикан?

“Иккимизнинг розилигимиз билан фотиҳа қилишганди. Қандай ширин орзуларимиз, улуғ ниятларимиз бор эди. Ҳаммаям орзу қилади-да. Бариси абас топди. Жуда-жуда тез тугади. Албатта унга ҳам, ота-онасига ҳам, укамгаям ачинаман. Охирги марта кўргим келувди. Бормоқчи эдим. Қўйишмади. Бизда фотиҳага қизларни қўйишмайди. Тушларимга кириб туради. Кўпинча безовта бўлади… Уларга қийин бўлди. Бизга ҳам. Аслида ўзи сабабчи бўлди-да. Укам айбдор эмас”.

Қисқача шу. У икки ўт орасида ёниб юрибди. Ота-оналар эса яна ариза ёзишиб, бу савдони давом этказишмоқчи. Полвонни тунда қиз боланикига гарчи у ўзига фотиҳа қилинган бўлса-да, кириб борганини оқлай олмаганимиздек уни Тиркаш атай уриб ўлдирган деб ҳам айтолмаймиз. Фақат биз бир-бирларига яқин бу жафокаш одамларнинг дард устига чипқон қабилида иш қилмасликларини, бир-бирига жароҳат устига жароҳат етказмасликларини истардик.

Улуғ шоиримиз Машраб айтган: “Ризо керак қазосига, сабр керак балосига”. Айниқса, қасддан бўлмаган ишларда. Одамлар ҳам бундай фожиали ҳолларда ортиқча гап-сўз, миш-мишлардан ўзларини тийишлари, ҳар икки томоннинг ҳам дардини енгиллатишга ҳаракат қилишлари жоиздир.

Муталлиб Содиқов

_________________________________

“ЎзАС” газетаси, 20 (3176)-сон

1992 йил, 15 май


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>