• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Хиёнат бор жойда…

Бугунги нотинч дунёда инсоннинг ҳайратини ошириб, руҳиятига таъсир қиладиган ҳолатлар кўп. Бирорта давлатда яҳудий миллатига мансуб одамга нисбатан нотўғри муносабатда бўлинса, Исроил дарҳол баёнот бериб, марҳамат, ўз Ватанига келсин, биз уни хафа қилдириб қўймаймиз, дейди. Қайсидир давлатда бир рус фуқароси оғир бетоб бўлиб қолса, Россия зудлик билан самолёт юбориб, уни Москва клиникаларидан бирига олиб келади. Мабодо бир АҚШ фуқароси жангариларга асир тушиб қолса, ҳукумат баёнот бериб, уни қутқариб олиш учун бутун саъй-ҳаракатни ишга солади. Дипломатик йўл билан гаровдан озод қилинган оддий французни эса давлат раҳбари аэропортда кутиб олади. Дунёнинг бирорта минтақасида ишлаётган ёки яшаётган немисни биров хафа қилиб кўрсин-чи, Германия ҳукумати бунга лоқайд қараб тура олармикан?! Тўғриси, ибрат оладиган ҳолатлар.

Жаҳон мусулмон оламида эса бошқа манзара. Мазҳаблар ва турли оқимлар ўртасидаги курашлар, ҳарбий тўнтаришлар, динга ва миллатга хиёнатлар, бировларнинг ноғорасига ўйнаб ўзаро қон тўкишлар, бойлик ва мавқе билан боғлиқ хунрезликлар, бомбалар ёғдирилиб, ўлдирилаётган гўдаклар, оналарнинг фарёди, яраланган болаларнинг чинқириғи, ўлими олдидан имон келтираётган қарияларнинг мудҳиш қиёфалари, миллионлаб қочоқларнинг аянчли аҳволлари, очликдан, касалликдан, Ўрта ер денгизига ғарқ бўлиб, жон таслим қилаётганларнинг фожиали тақдирлари ҳар қандай тошбағир инсоннинг ҳам юрак-бағрини эзиб юборади. Бундай хиёнаткорлик муқаддас динимизнинг душманларига жуда қўл келяпти. Бугунги кунда дунёда юз бераётган барча бало-қазолар мусулмонларга тўнкалаяпти.

Баъзан ўйланиб ўйимизга етолмаймиз:

Нега католиклар, протестантлар ва проваславлардан иборат насронийлар аҳил, иноқ, муроса қилиб яшашаяпти-ю, суннийлар билан шиалардан иборат мусулмонлар бир-бирларига нисбатан ёвқараш қилишади?

Нега бундан икки минг йил олдин Ҳазрати Исо Масиҳни тан олмаган яҳудийлар бугун насронийлар билан  аҳил, иноқ, муроса қилиб яшашяпти-ю, бир дин вакиллари бўлган суннийлар билан шиалар бир-бирларига шубҳа билан қарашади? Ўртада бузғунчилар бор, дерсиз. Бор. Бироқ нега уларнинг ноғорасига ўйнашади. Ахир, бу Қуръон таълимотига, Ҳадис илмига зид эмасми?!

Сурия ва Ироқдаги вазиятлар суннийлар ва шиалар ўртасидаги муносабатларга совуқлик туширган бўлса, Ямандаги сўнгги воқеалар бу муносабатни можарога айлантириш учун шарт-шароит яратди. Бундай ҳолат фақат четда кузатувчи бўлиб турган ғаразгўй кучларга қўл келяпти. Бир давлат дарров жаҳондаги мусулмонларнинг 10 фоизини ташкил этган шиаларнинг ҳомийси бўлиб майдонга чиқди. Ваҳоланки, бу давлатда қарийб 25 миллион мусулмон сунний яшайди. Шуни била туриб, ҳар куни телеэкранда икки мазҳабни бир-бирига қарши қайрашдан «ҳузур» қиляпти. Ахборот хуружи деганлари шу.

Ҳарбий тўнтаришлар ҳам асосан Осиё ва Африкадаги айрим мусулмон мамлакатларда амалга ошириляпти. Кейинги йилларда бир нечта ҳолатни кузатдим. Қуръонга, Конституцияга, Президентга, Ватанга, халққа қасамёд қила туриб, Президентни ва ҳукуматни ағдарган ҳарбийлар ҳам бўлди. Бундай хиёнатни ҳеч қачон халқ кечирмайди. Ҳарбий куч, қатағон, зўрлик ва зўравонлик билан мамлакатда узоқ вақт тинчликни сақлаб бўлмайди.

Бир неча йиллар олдин Нигерияда Муҳаммади Бухари ҳарбий куч билан ҳокимиятдан четлатилган эди. Мамлакат миллий ва диний низолар гирдобига тушиб қолди. Айниқса, насронийлар билан мусулмонлар ўртасида хунрезлик кучайиб кетди. Бу йил мамлакатда жаҳондаги нуфузли халқаро ташкилотлар назорати остида демократик сайлов ўтказилди. Натижада Муҳаммади Бухари яна сайловда ғолиб чиқди ва Президент этиб сайланди. У насронийлар билан мусулмонларга бирдай муносабатда бўлиб, мамлакатда тинчлик-барқарорлик ўрнатишга астойдил киришди.

Биласиз, Жазоир ва Тунис ўтмишда турли тўнтаришлар-у нотинчликларни бошидан ўтказган давлатлар. Ҳозир бу давлатларга халқнинг ўзи танлаган одамлар раҳбарлик қилишяпти. Уларнинг бири — Абдулазиз Бутефлика, бир кам саксон ёшда, 2013 йили ногирон бўлиб қолган бу инсон тўртинчи бор Жазоир президенти этиб сайлангани муносабити билан 2014 йилнинг бошида ногиронлик аравачасида ўтирган куйи қасамёд қилди. Иккинчиси — Бажи Қаид ас-Себсий, ҳозир 88 ёшда. Икковлари ҳам ўзларини юртда тинчликни сақлашга бағишлаган фидойи инсонлар.

Осиё ва Африкада ҳарбий тўнтариш ёки бошқа нодемократик йўллар билан ҳокимиятни эгаллагач, халқни куч билан бошқариш йўлини танлаган раҳбарлар ҳам йўқ эмас. Уларга ғарбдаги демократик дунёнинг муносабати қандай, дерсиз. Бу йўриққа қай даражада йўрғалаш билан боғлиқ. Агар айтганини қилишса, даҳолар уларга нисбатан демократик стандартларни қўллашмайди ва улардан буни талаб қилишмайди ҳам. Агар айтганларини қилишмаса, танобларини тортиб қўядиган таъсир кучлари ишга тушади. Бундай пайтда улар паноҳ излашга мажбур бўлишади.

Қаердан ва кимдан, дерсиз. Бу сирли дунёда шундай куч ва имконият бор. Кутилмаганда бу куч ахборот хуружлари ёрдамида демократия даҳоларининг даъволарини йўққа чиқариб, мўлтираб турган кўзларни ҳимояга олади ва ҳарбий тўнтариш ёки нодемократик йўл билан ҳокимиятни эгаллаган раҳбарни халқчил  инсон қилиб кўрсатишнинг уддасидан чиқа олади. Шундай қилиб, ҳаётнинг тортиш қонуни қарама-қарши кучларнинг мувозанатини сақлаб туради. Умуман, ноқонуний йўл билан ҳокимиятни эгалламоқчи бўлган одам кимгадир суянмаса ва ишонмаса, бу ишга қўл урмайди.

Энди бировларнинг ноғорасига ўйнаб ёки йўриғига йўрғалаб, эътиқодга, миллатга ва Ватанга хиёнат қилиш ҳолатлари эса айрим мусулмон мамлакатларда тобора такомиллашиб, оммавийлашиб, ваҳшиёна тус олиб бормоқда. Сурия ва Ироқдаги бугунги мудҳиш манзараларнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги газ камераларидан, етмишинчи йиллардаги Вьетнам бомбардимонларидан, Пол Потнинг Камбоджада ўтказган қирғинбарот қатағонидан, ёш болаларга нисбатан Освенцимда ўтказилган «тажриба»дан ҳеч қандай фарқи йўқ. Қурбонларнинг сонлари ҳар куни, ҳар соатда ошиб боряпти. Туркия Президенти Эрдўғон 2015 йилнинг апрель ойида «Евроньюс»даги бир чиқишида биргина Суриянинг ўзида ҳукумат қўшинлари томонидан 300 мингдан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилиб, мамлакатнинг 4 миллион аҳолиси қочоққа айланганини айтди. Ироқ ва Ливияда эса мусулмон мусулмонни ўлдириши оддий «ҳунар»га айланиб қолди. Шер кийикнинг боласига эмас, онасига ташланади. Мансабпараст, мазҳабпараст, мунофиқ, хиёнаткор, бойликпараст мусулмон ниқобидаги жиноятчилар эса ёш болаларни ўлдираётганларида шайтонлаб, жинни бўлиб қолмаётганларига ҳайратланамиз.

Бундан бир неча йил олдин исломофобия оддий бузғунчилик ҳаракати сифатида намоён бўлган бўлса, эндиликда бу ҳаракат илдизи мустаҳкам ва тараққиёти тезлашиб бораётган фанга айланиб бормоқда. Бугунги кунда бу ҳаракатни рағбатлантирадиган ва маблағ билан таъминлайдиган арбоблар кўпайиб қолди. Улар оммавий ахборот воситалари орқали ўз мақсадларини очиқ-ойдин айтмоқдалар. Яқинда Нидерландиядан биттаси «Евроньюс»да баёнот бериб: «Мен Германиядаги исломга қарши ҳаракатни қўллаб-қувватлайман ва бу ҳаракатга ёрдам бераман», деди.

Ватанга, миллатга ва диний эътиқодга хиёнат аслида пасткашликнинг ўта хунук кўриниши. Сиз сотқинларнинг ўз хўжайинлари олдида ялтоқланиб, мўлтираб, букилиб, сўз тополмай энтикиб, ўз тилида раҳмат айтса, дакки эшитадигандай ўзга тилда чулдираб туришини кузатганмисиз? Тўғриси, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсиз. Сотқин — бирорта давлатнинг, идоранинг, гуруҳнинг ёки оқимнинг сателлит (қўғирчоқ) раҳбари, хўжайин эса бирорта давлатнинг, сиёсий ёки ҳарбий тизимнинг раҳбари. Биринчиси — қарам, иккинчиси — ҳукмдор. Суҳбат пайтида баъзан ҳукмдор қўғирчоққа айланган қарам одамнинг кимлигини, исмини, қайси давлатдан ёки миллатдан эканини ҳам унутиб қўяди. Бироқ ҳукмдорнинг «биз сендан розимиз, урушавер, керак бўлса, ёрдам берамиз», дегани  унга далда беради. Бориб яна ўз Ватанини вайрон қилади, ўз миллатдошларини ва ўз диндошларини ўлдиради. Оқибатда Осиё ва Африканинг бир қанча мусулмон мамлакатларида уруш олови гуркираб ёняпти. Яна бир қанча мамлакатларда қалтис вазиятлар ҳукм суриб турибди. Нафақат ернинг устида, балки Ўрта ер денгизининг  тагида ҳам янги-янги қабристонлар пайдо бўлмоқда. Ҳар куни урушдан қочаётган  юзлаб, минглаб аёллар, қариялар ва болалар денгизга чўкиб ўляпти. Осиё ва Африкадаги бугунги ҳаётнинг фожиали-саргузашт фильмдан фарқи йўқ.

Ахборот хуружлари тобора авж олиб, бузғунчилик ҳаракатлари ранг-баранг тус олиб, дунёга ҳукмронлик қилишга интилишлар кучайиб бораётган бугунги кунда ҳеч бир давлат, ҳеч бир минтақа, ҳеч бир миллат эътибордан, назоратдан четда эмас. Босган ҳар бир қадамингизни, айтган ҳар бир сўзингизни, қабул қилган ҳар бир қарорингизни кузатиб туришибди. Донолардек мулоҳазали, заргарлардек моҳир, қўриқчилардек ҳушёр бўлмасангиз, доғда қоласиз. Ҳар куни ўнлаб телеканаллар мусулмон оламида бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида гап борганида, Марказий Осиё билан Шимолий Кавказни тилга олмасдан ўтмайди. Агар фақат ҳавас  қилиб тилга олишса керак, десангиз, хато қиласиз. Қадимги Мовароуннаҳр қадимги Месопотамияга ўхшаб, оловда куйишини истайдиган аламзада кучлар бор.

Айниқса, бой берилган тарихий имкониятни қайтаришга умидворлик учқуни ҳали сўнгани йўқ. Иккинчи бир куч борки, бизни араб дунёсидаги каби бўлакларга бўлиб юбориб, ҳукмронлик қилишни истайди. Бошқа бир куч эса бизни бир-биримизга қарши қўйиб, қонимизни тўкиб, Пайғамбаримиз айтганидек, миллат сифатида ҳалок қилишни хоҳлайди. Ҳар сафар хорижлик ҳамкасбларимнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва унга туғилиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳақидаги сўзларини эшитганимда, кўзларига қараб туриб, ниятларини англаб етгандай бўламан. Баъзилари жуда устамон бўлиб кетишган. Ютуқларимизни айта туриб, эртанги кунимиз ҳақида шубҳа туғдирадиган мисолларга урғу бериб қўяди. Ҳозир ахборот хуружлари шу даражада таъсирчанки, баъзан ҳамкасбларим, зиёли танишларим «шу тўғрими?» деб сўраб қолишади. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан оммавий ахборот воситаларида империяни улуғлаш ва қўмсаш, ғалабани асосан битта миллат билан боғлаш, коммунистик тузум даҳоларини мадҳ этиш, ўттизинчи йиллардаги қатағонларни хас-пўслаш, мустақил республикалар ўз миллий қаҳрамонларини улуғлашларини камситиш, буюк давлатчилик ва буюк миллатчилик ғояларини айнан собиқ империя давридагидек тарғибот-ташвиқот қилиш тенденцияси кучайди.

Бизнинг  юртимизда ислом динининг, миллий ва маънавий қадриятларимизнинг илдизи мустаҳкам. Ҳеч қандай бузғунчи ташқи кучлар бизни йўлдан оздира олмайди. Ўзбекистон ўзини ўзи ҳимоя қилишга қодир. Мамлакатимизда ҳукм сураётган бугунги тинчлик-осойишталик, миллий ва диний бағрикенглик, етарли ҳарбий куч-қудратга эгалик ва ҳимояга қодирлик, мустақил ташқи сиёсатда танланган йўл, халқимизнинг ҳушёрлиги ва Ватанга содиқлиги эртанги кунга бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди.

Оддий ҳаётда бўлганидек, халқаро ҳаётда ҳам бир қонуният бор: хиёнат бор жойда қон тўкилади! Буни жаҳонда юз бераётган ўнлаб қонли воқеалар мисолида кўриб турибмиз. Шунинг  учун огоҳликни ва ҳушёрликни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>