• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 24, 2017

Хитойнинг валюта сиёсати дунё иқтисодиётига қанчалик таъсир қилади?

Ўтган йили Хитой иқтисодиёти жиддий зарбаларни бошидан ўтказди. Улар июнь ва август ойларидаги Хитой фонд биржаларидаги индексларнинг кескин қулаши эди. Булардан ташқари августда юань курсининг бир неча қисқа, лекин етарлича таъсирчан пасайиши қайд этилди. Бу захира валюталар расмий мақомига даъвогар Хитой пул бирлигининг барқарорлигини шубҳа остига қўйди. Бу кўнгилсизликлар Халқаро валюта жамғармаси юанни захира валюталар рўйхатига киритиш масаласини ечиши лозим бўлган вақтдан бир неча ой олдин содир бўлди. Юань курсининг пасайиши жорий йилнинг дастлабки кунларида ҳам кузатилди.

Ўтган йили Хитой иқтисодиётидаги инқирознинг сабаби (намоён бўлиши) — мамлакатдан капитал оқимининг узлуксиз чиқиб кетаётгани сабаб бўлган эди. Йил якуни бўйича у 1 трлн. доллардан кўпроқни ташкил этди. Юань қадри кескин тушиб кетиши лозим эди. Лекин Хитой халқ банки халқаро захиралардан фаол фойдаланган ҳолда ўз валютаси шаънини сақлаб қолди. Ўтган йилда 513 млрд. доллар харажат қилинди. Январь ойида Марказий банк юанни қувватлаш учун 99,5 млрд доллар сарфлади. Хитойнинг халқаро захиралари 2014 йилнинг ўрталаридан “эриш”ни бошлаган эди. Ҳозирги вақтда келиб унинг ҳажми охирги тўрт йилдаги энг паст миқдор – 3 трлн. долларга қадар тушиб кетди. Ўтган йили Хитой ташқи савдо айланмаси ва иқтисодиёт ривожланиш суръатларида пасайишларга қарамай, мамлакат актив савдо баланси сальдоси (қолдиғи) жуда катта миқёс – 594,5 млрд. долларга етди. Бу мутлақ жаҳон рекордидир! Капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ушбу актив сальдо ва у билан бирга ҳалқаро захираларнинг қарийб 15 фоизини “еб” қўйди.

Хитой халқ банки ушбу йилда қарийб захира валютага айланган юань (ХВЖнинг қарори 2015 йилнинг 30 ноябрида қабул қилинган) шаънини сақлаб қолишни мақсад қилган. Жорий йилнинг феврали бошида юань курси беш йилликнинг энг қуйи даражасида турган эди – Хитойнинг 6,6 пул бирлиги АҚШнинг 1 долларига тенг бўлиб қолди. Февраль ўртасига келиб унинг қадри бирмунча ошди. Айримлар буни Хитой марказий банкининг 2016 йилнинг 26-27 февралида Шанхайда бўлиб ўтадиган “Катта йигирматалик” Марказий банклари ва Молия вазирлари учрашуви арафасидаги ўзига хос PR-акцияси сиқатида баҳолашмоқда. Мазкур муҳим анжуманга қадар Хитой нуфузини сақлаб қолиши керак. Бошқалар эса Хитой халқ банки сентябрга қадар, бу вақтда Хитойда G20нинг саммити бўлиб ўтади, юань курсини шундай ушлаб туришини айтишмоқда. Айримлар эса бунинг вақтини ХВЖнинг захира валюталар қаторига юанни киритиш тўғрисидаги қарори кучга кирадиган 1 октябрга қадар деб ҳисоблайди. Мана шундан кейингина юан қадрининг секин-аста пасайишига бемалол йўл қўйиш мумкин бўлади.

Умуман олганда, Хитой раҳбарлари юаннинг келажаги тўғрисидаги масалага ўта жиддий қарайдилар ва онгли равишда узоқ муддатга мўлжалланган, Хитой компартияси ва ҳукумати қарорларини дастуриламал қилиб олганлар. 2015 йилнинг октябрида Хитой компартияси марказий қўмитасининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда ХХРнинг 2016-2020 йилларга мўлжалланган иқтисодий режаси тасдиқланди. Пленумда юанни либераллаштириш бўйича давлат курси ҳақида алоҳида айтиб ўтилди ва бир пайтнинг ўзида уни интернационаллашуви ҳақида ҳам сўз юритилди. Тўғриси, ҳаммаси шиорлар даражасида бўлди. Масалан, айтайлик, валюта либераллашуви натижасида юань курси пастлайдиган бўлса, юаннинг интернационаллашувига қандай қилиб эришиш мумкинлиги у қадар тушунарли эмас. Дунёда ҳали ҳеч ким қулаётган курс вақтида пул бирлигини жаҳон валютасига айлантиришга эриша олмаган эди. Мана шундай тушунарсиз валюта курси Хитой Компартияси раҳбарларининг валюта сиёсати нозик жиҳатларидан у даражада яхши хабардор эмаслигидан бўлишиям мумкин. Лекин фикримизча, асосий сабаб бунда ҳам эмас. Аслида ҳамма гап Хитой иқтисодиёти қандай қоидалар асосида ривожланиши, Чин мамлакатида қандай жамият қурилиши лозимлиги бўйича раҳбарларда фикрий бирликнинг йўқлигида. Бундан эса ҳеч кимга кераксиз ғалати “муросасозлик” вужудга келади.

Ўтган йилнинг ёзига қадар Хитой иқтисодиётни либераллаштириш бўйича озми-кўпми изчил сиёсат олиб бораётган эди. Гарчи буни у ўта эҳтиёткорлик ва шошилмай амалга оширмоқда эди. Кутилмаганда пайдо бўлган иқттисодий муаммолар мамлакат раҳбариятини рефлексив тарзда, либерал чораларнинг зидди ҳисобланган маъмурий-буйруқбозлик усулларини қўллашга мажбур қилди.

Либерализм қоидаларида ман этилмаган чораларга масалан, Марказий банкнинг миллий пул бирлиги курсини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширадиган валюта интервенциясини айтиш мумкин. Жорий йилнинг февраль ойида Хитой Халқ банки раиси Чжу Сяочуань ўтган йилда бўлгани каби Хитой Марказий банки юань курсининг равон пасайиши амалиётини бекор қилишни режалаштираётганини айтиб ўтди, ўшанда Хитой “юмшоқ” валюта демпинги ёрдамида жаҳон товар бозорларида “офтоб остидаги жой”ни эгаллаган эди. Юаннинг янги мавқеи кўп нарсани ўзи зиммасига “олди”. Энди у валюта “жанг”ларида иштирок эта олмайди, валюта демпинги билан шуғулланиш ”ярашмайди”. Эндигина янги пайдо бўлган захира валюта мўътадил улғайди ҳам. Мана шундай сиёсатда умид қилиниши мумкин бўлган ягона нарса – ҳеч бўлмаса тақчилликсиз савдо балансини сақлаб қолишдир.

Хитой Халқ банки раҳбарининг баёноти ҳам Хитой компартияси руҳини ифодалайди. Бунинг кичкинагина “лекини” бор. Мана шундай йўналишда Хитой товари экпортини давомий кучайтириш ҳақида унутишга тўғри келади. Мана шу ерда табиий савол туғилади: юань курси ниманинг ҳисобига қўллаб-қувватланади? Худди шундай саволни кутгандек, Хитой халқ банки раиси юань курсининг яқин келажакда қулашига йўл қўймаслик учун Хитойда халқаро захиралар етарлича экани ҳақида баёнот берди. Капитал оқиб кетишининг интенсивлиги, савдо балансининг ўзгариши ва бошқа ҳолатларда ҳамда 2014-2015-йиллардаги тенденциялардан келиб чиқиб, бугунги астрономик миқдордаги 3 трлн. доллар захира ҳам 3-4 йилдан кейин адо бўлиши мумкин. Демак, Хитой компартияси узоқ муддатли валюта йўналишини ҳаётга татбиқ этиш учун фақат захиранинг ўзи кифоя қилмайди.

Мана шу эҳтимолларни инобатга олган Хитой раҳбарияти юанни халқаро саҳнада илгари суриш учун халқаро савдога эмас, балки капиталнинг халқаро ҳаракатида иштирок этишига асосий эътиборни қаратмоқда. Хитой савдо балансидаги ижобий сальдонинг давомли қисқаришини назарда тутган ҳолда, йўқотишларни халқаро капитал амалиётлари савдо балансида ижобий сальдога эришиш орқали қоплашга уринилмоқда. Бундан бир неча йил аввал Хитой компартиясида мана шундай бурилиш зарурати ҳақида жуда эҳтиёткорлик билан сўз юрита бошлаган эди.

Хитой иқтисодиётига чет эл капиталининг жалб қилинишини фаоллаштиришга эътибор ўтган йилнинг мартидан бошланган эди. Ўша пайтда бўлиб ўтган мамлакатнинг олий қонунчилик ташкилоти – Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши (БҲВЙ) анжуманида иқтисодиётни давомли либераллаштириш ва давлат сектори улушини камайтириш бўйича ислоҳотлар режаси муҳокама қилинди ва маъқулланди. Режада, энг аввало, Хитой бозорига чет эллик инвесторларнинг кириб келишини кенгайтириш кўзда тутилган. Хитой бош вазири Ли Кэицяннинг маърузасида инвесторлар иштироки чекланган тармоқлар сони икки бараварга(79 тадан 38 тага) қисқартирилиши эълон қилинди.

Ҳозир иқтисодиётдаги асосий секторларнинг аксариятида чет эл капиталининг улуши 50 фоиздан ошмаслиги керак, ислоҳотлардан кейин ушбу тўсиқ қурилиш, машинасозлик (мудофаа ишлаб чиқаришидан ташқари), электроника, алоҳида юқори технологияли соҳаларда олиб ташланиши айтиб ўтилди. Бундан ташқари ҳукумат рағбатлантирадиган соҳаларда (алоҳида иқтисодий ҳудудлардаги ишларга тааллуқли) лойиҳаларни тасдиқлаш бўйича барча ваколатлар маҳаллий даражага бериладиган бўлди. Режада чет эллик компанияларнинг банк, суғурталаш, пенсия жамғармаларини бошқариш, секьюритизация амалиётлари ҳамда облигацияларни жойлаштириш ва фонд бозорида савдони ривожлантиришни кенгайтириш соҳасига киритишга тайёрлик кўрсатиб ўтилади.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг қарори Хитойдан капитал чиқиб кетиши тенденцияси аён бўлган вақтдан кейин қабул қилинди. Капитал оқимларини ортга қайтариш вазифаси 2015 йилнинг октябри якунида яна долзарб бўла бошлади, ўша вақтда Хитой компартияси марказий қўмитасининг юқорида зикр қилинган пленуми бўлиб ўтди, унда ХХРнинг 2016-2020 йилларга мўлжалланган навбатдаги беш йиллик иқтисодий режаси тасдиқланди. Юанни либераллаштириш йўналишидан келиб чиқиб, ХКМҚ 2020 йилгача Хитой чет эллик инвесторлар учун молиявий тизимнинг аксарият секторларини очишини, биржада Хитой активларини сотиб олувчи чет эллик инвесторлар учун квоталардан воз кечишини, Хитой эмитентлари капиталида норезидентларнинг иштирокига қўйилган 10 фоизли лимитни бекор қилишини баён қилди.

Ҳозир квоталар акцияларнинг чет эллик харидорлари ва чет элдан активларни сотиб олувчи Хитой компаниялари учун ҳам амалда бўлиб турибди. Хитой компартияси марказий қўмитаси пленуми капитал бозорини “иккала йўналиш”да очишга ваъда берган. Режада юанни тўлиқ либераллаштириш аниқ муддатлари келтирилмаган – ҳужжат беш йиллик доирасида юанни эркин муомалада бўлувчи валютага айлантириш ва алмашинув амалиётларини тартибга солишни соддалаштириш нияти ҳақида кўрсатиб ўтган, холос. Хитойнинг материк қисмида юанни бошқа валюталарга эркин алмаштириш мумкинлиги ҳам ваъда қилинган (ҳозирда бу ман қилинган – валюта сотиб олиш учун, масалан, товарни сотиб олишни тасдиқловчи ҳужжатлар зарур). Пленум фонд бозоридаги ёзги жиддий таҳликалар ҳамда юаннинг валюта курси тушиб кетганидан кейин бўлиб ўтган бўлса-да, унинг қарорларида иқтисодий ва валюта либераллашуви руҳи сезилиб турди.

Хитой Компартиясининг октябрдаги пленумидан кейин либераллашувнинг аниқ чораларини муҳокама қилиш бошланди. Биринчи навбатда чет эллик инвесторлар учун квоталарни ва малакали молиявий-муассасавий инвесторлар (QFII) дастури доирасида инвестицияларнинг энг кам муддатларини қайта кўриб чиқиш кутилмоқда. Дастурнинг қоидаларига кўра, Хитойга қўйилма киритган чет эллик инвестор ўз пулларни ҳафта ёки бир ой ўтгандан кейин олиб чиқиб кетиши мумкин. Янги қоидаларга мувофиқ капитални эртаси куни ҳам олиб чиқиб кетиш мумкин.

QFIIнинг жорий квотаси – ойига 80,8 млрд. долларни ташкил этади. Чет эллик инвесторлар учун лимит миқдори жами – 150 млрд. доллар атрофидагини ташкил этади. Яқин вақтларда квоталар сезиларли миқдорда оширилиши кутилмоқда. Хитой ОАВларига кўра, Хитой халқ банки Хитойга капитал жалб этишнинг бошқа вариантларини ҳам кўриб чиқмоқда. Масалан, чет эллик фуқаролар ва компанияларга белгиланган муддатга эга депозит сертификатларини сотиб олишига рухсат берилиши мумкин. Ҳозирги вақтда чет элликларга фақатгина оддий омонатлар мумкин, холос.

Инвестицияларни жалб қилиш орқали капитал оқимини ортга қайтариш ёки Хитойдан соф капитал чиқиб кетишини камайтиришига ҳамма ҳам ишонмайди. Бу ерда капиталнинг трансчегаравий ҳаракатига қатъий чекловни жорий этиш зарурати тўғрисида сўз бормоқда. Бу эса ўтган йилнинг 70-йилларида Бреттон-Вудс валюта тизими парчалаб ташланганидан кейин жаҳонда ҳукмрон бўлиб турган либераллашувга бевосита таҳдиддир. Маълумки, ХВЖ низоми ўша вақтларда аъзо мамлакатларга миллий пул бирлиги барқарорлигини қўллаб-қувватлаш учун капитал амалиётлар бўйича валюта чекловлари киритиш ёки уни сақлаб қолишга рухсат берган. Ўтган асрнинг охирида дунё иқтисодий глобаллашув ва либераллашув йўлига ўтгач, капитал амалиётлар бўйича валюта чекловларидан фойдаланиш ХВЖ томонидан демократияга “таҳдид” ва оғир “гуноҳ” сифатида таснифланадиган бўлди.

Сўнгги молиявий инқироз вақтида миллий иқтисодиёт ва миллий валютани ҳимоя қилиш учун капитал амалиётлар бўйича валюта чекловларини жорий этиш фикри яна сиёсатчилар ва иқтисодчиларни безовта қила бошлади. Бу фикр Хитойнинг айрим раҳбарлари онгини ҳам эгаллади. Япония банки раиси Харухико Куроданинг яқиндаги фикри ҳам жуда қизиқ бўлди. У капитал ҳаракати устидан назоратни кучайтириш Хитой учун фойдадан ҳоли эмас деб баёнот берди. Хитой қисман ушбу чораларни амалга оширишга киришди. Турли ОАВларнинг хабарига кўра, маъмурлар чет эллик компанияларнинг фойдасини жўнатишни ва чет эллик бошқарувчиларга активлар, шунингдек, хеж-жамғармалар ва тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаларига, чет эллардаги инвестициялар учун юанда маблағлар жалб этишни ман қилдилар.

Юань валюта курси пасайишининг олдини олиш ва Хитойдан капитал чиқиб кетишини тўхтатиш учун “нодемократик” ва “нолиберал” хусусиятдаги бошқа чоралар ҳам кўрилмоқда. Масалан, юаннинг янги йилдаги инқирозидан кейин Хитой халқ банки 2016 йилнинг 11 январида офшордаги Хитой банкларига (биринчи навбатда Гонконгдаги) офшорда юанда кредитлашни тўхтатиш ва бир вақтнинг ўзида офшор юанларини сотиб олиш тўғрисида кўрсатма берди. Мана бу Хитой ОАВларининг яна бир хабари: ХХР марказий банки Хитойда ишлаётган Standard Chartered, Deutsche Bank ва Сингапурнинг DBS банклари учун чет эл валютасидаги амалиётларни вақтинча тўхтатди. Банклар юань курси алмашинув бўйича “ранжитилган” катта ҳажмдаги ҳакамлик битимлари учун жазоланди.

Хитой халқ банкининг Шэнъжэн ва Шанхайдаги банкларга, ушбу шаҳарларда компаниялар ва уй хўжаликлари томонидан АҚШ доллари ва Гонконг доллари сотиб олишга бўлган улкан талаб вазиятида валюта сотишни чеклаш тўғрисидаги оғзаки кўрсатмаси катта шов-шувга сабаб бўлди. Бу ҳақда банкларнинг вакиллари маълум қилишди. Чекловлар хусусий ва корпоратив мижозларга тааллуқлидир. Умуман олганда, 50 минг АҚШ долларига эквивалент чет эл валютасини сотиб олишга рухсат берилади, квоталар календарь йил бошида қайта ҳаракатга келтирилади. Мана шу ҳажмни қўлга киритиш учун ушбу валюта савдо амалиётлари, бевосита инвестициялар ва ҳк.лар учун зарурлиги тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатларни банкка тақдим этиш керак. Мижозлар, агар улар бир кун олдин буюртма бермасалар, 5 минг доллар миқдорида бир марталик валюта сотиб олиш билан чеклаб қўйилган. Агар олдиндан буюртма берилган бўлса, кунига 10 минг доллар сотиб олиш ҳам мумкин. Шундай харидларга ҳафтасига уч марта рухсат этилади.

Шу каби қарорлар ва ҳаракатлар ХВЖ бонг ураётган валюта либераллашуви қоидаларига умуман мувофиқ келмайди. Ҳақиқатда ҳаммаси бунинг акси. Пекин ўзининг “нолиберал” тутумини кўз-кўз қилишга ҳаракат қилмайди. Биринчидан, Хитой марказий банки банкларга аксарият ҳолларда оғзаки шаклда кўрсатма беради. Иккинчидан, у танлов асосида, “аниқ” ишлайди. Алоҳида банкларга, ҳеч қандай циркуляр ва кўрсатмаларсиз таъсир кўрсатади. Учинчидан, “кичик қадамлар” усулида ҳаракат қилади. Ҳолбуки, “кичик қадамлар” усули иқтисодий вазиятнинг кескинлашуви шароитида Хитой учун номақбул бўлиб чиқиши мумкин. Бундай вазиятда ҳукумат ва Хитой марказий банкининг капиталнинг чиқиб кетиши ва юань курсини барқарорлаштириш учун “тизим”ли қарорлар зарур бўлади. Ва буларнинг барчаси Ғарб ва ХВЖ томонидан охирги ўн йилликларда Хитойга зўр бериб юкланаётган валюта либераллашуви қоидаларига унчалик мувофиқ келмайди.

Ботирхўжа Жўраев тайёрлади

Манба: regnum.ru


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>