• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Хитойнинг энг бой тадбиркоридан 10 маслаҳат

Танишинг – Жек Ма! Бугунги кунда савдо айланмаси бўйича жаҳоннинг етакчи Amazon ва eBay онлайн дўконлари билан рақобат қилаётган Хитойнинг Alibaba савдо платформаси асосчиси.

У Хитойдаги «маданий инқилоб» даврида зиёли саналгани боис бир умр қочқинда яшаган ўрта миёна мусиқачилар оиласида ўсиб улғайди. Аммо машаққатли кечган болалик йиллари унинг орзуларига раҳна солмади ва Жек Ма 100 миллиард долларига тенг баҳоланган йирик бизнесини муваффақиятли йўлга қўя олди. Унинг гўзал ва ибратли ҳаёт йўли нафақат тадбиркорлар учун, балки оддий ўқувчи ва талабалар учун ҳам қизиқарли. Қуйида бу инсон тадбиркор ва муваффақиятли инсонлар феъл-атворига хос жиҳатлар, уларнинг омадига хос сирлар ҳақида ҳикоя қилади, маслаҳат ва тавсияларини ўртоқлашади.

Компания раҳбарининг ходимларидан фарқли жиҳатлари хусусида

Компания раҳбари ўзининг малака ва маҳоратини ҳеч қачон ходимларнинг қобилияти билан таққосламаслиги лозим. Сабаби – ходим ўз устида ишлаши, масъулиятни ҳис қилиш учун унинг профессионал лаёқатини доимо раҳбарникига қараганда устун, деб ҳисоблаш зарур.

Акс ҳолда, кўп ўтмасдан сиз иш учун номуносиб кадрларни танлаганингизга амин бўласиз. Раҳбарнинг компанияни ривожлантиришга оид режаси доимо бир неча йил олдинни кўзлаши шарт.

Матонат ва қатъийлик – лидер феъл-атворининг асоси. Боиси, бу хислат оддий ходимларни ортиқча босимсиз бошқаришга имкон яратиб беради.

Тақдирнинг кутилмаган зарбаларига дош бериши, қочиб бўлмас муваффақиятсизликлардан омон чиқиши учун йўлбошчи беназир қобилият ва истеъдод эгаси бўлиши зарур.

Шундай экан, узоқни кўра билиш, қатъийлик ва яхши хулқ сардорни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳатлардир.

Сиёсат билан шуғулланиш ҳаммага ҳам эмас

Сиёсат ва бизнеснинг бир қозонда қайнаши жуда камёб ҳолат. Модомики, сиёсатга ишқибоз экансиз, унда бизнесни унутинг. Ёки аксинча. Маблағнинг сиёсат билан тўқнашуви гугурт донаси ва динамитнинг учрашувига баробар вазият: бир куни кучли портлашнинг содир бўлиши аниқ.

Замонавий ёшларга савол

Сизнинг фикрингизча, чинакам муваффақиятсизлик нима?

Аслида омад учун бошланган курашни бас қилиш бу – ҳақиқий муваффақиятсизлик.

Сизнингча, ўзгарувчанлик ёки мослашувчанлик  деганда нимани тушунасиз?

Айниқса, омадсизлик туфайли умрнинг оғир вазиятларини бошдан ўтказаётганда ва ҳаётдан норозиликни ҳис қилганингизда ўзгарувчанлик нима эканлигини тушунасиз.

Бундай шароитда сизнинг вазифангиз нимадан иборат?

Бу вазиятда сизнинг  мажбуриятингиз орзу ва режаларга эътиқод билан эргашиб, қунт билан ҳафсала қилиш, бошқалардан кўпроқ меҳнат қилиб, мақсад сари интилишдан иборат. Фақат аҳмоқларгина гапириш учун оғизни ишлатадилар. Ақлли инсон идроки билан ҳам гапиради, доно кишининг эса қалби сўзлайди.

Биз бу ерга – ҳаётга ўзимиздаги кучнинг бир қисминигина сарфлаш учун келган эмасмиз! Туғилдикми – ундан тўлиқ фойдаланиш зарур.

Мен ҳар доим ўзимга меҳнат қилиш учун эмас, ҳаётдан завқланиш учун дунёга келганимизни таъкидлашдан чарчамайман. Кунимизни фақатгина ишга бағишлаш хато.

Аслида бошқаларга уларнинг ҳаётини яхшилаш учун кўмаклашиш ҳам ҳаётнинг энг улкан мақсади. Борди-ю, вақтни фақатгина ишга сарфласангиз эртами-кечми бундан қаттиқ афсусланасиз.

Рақиб ва рақобат ҳақида

Ёлғиз нодонларгина рақибларига тажовузкор кайфият билан муносабатда бўладилар. Агар сиз рақибларингизга душманга қарагандай қарасангиз, унда кўп ўтмасдан улар чиндан ҳам сизнинг ғанимингизга айланадилар.

Ким биландир рақобатга киришсангиз, унга бўлган нафратингизга барҳам беринг. Акс ҳолда, бу жангда сиз мағлубиятга дучор бўласиз.

Рақобат бу – шахмат ўйинига ўхшайди: ютқазсангиз яна бир қур ўйнаш учун имкон топилади. Бу ўйинда муштлашишга ҳам ҳожат йўқ. Ҳақиқий тадбиркорнинг душмани бўлмайди. Модомики мана шу ҳақиқатни англар экансиз, сизни омадингизни ҳеч ким тўсиб қўя олмайди.

Ҳаётдан нолиш ва шикоятлар ҳақида

Сиз ўзингизга мунтазам дашном берсангиз, бунинг қўрқинчли ери йўқ. Агар тушкунликка тушиш ва ҳаётдан нолиш доимий одатингизга айланиб қолган экан, сизнинг ичкилик касаллигига чалинган одамдан фарқингиз қолмабди – қанча кўп ичсангиз, аҳволингиз шу қадар аянчли тус олиб бораверади.

Омад сари олиб борадиган йўлда нолимоқлик ва майдагаплик энг хавфли тўсиқлар эканини ёдда сақланг.

Дунё учун сизнинг сўзларингиз муҳим эмас, у амалга оширган ишларингиз билан ҳисоблашади.

Бизнесменларга маслаҳатлар

Асл имкониятлар қимматбаҳо тошлар каби – улар кўзга ташланмас жойда бўлади.

Муҳокама жараёнида бирор масала юзасидан таклифни иштирокчиларнинг 90 фоизи қўллаб-қувватласа ёки рад қилса, мен бу таклифни қўллаб-қувватлашга шошмайман. Сабаби оддий – агар муҳокамадаги одамларнинг барчаси мавжуд имкониятни шунчалар аниқ ва осон кўраётган эканлар, демак кўп ўтмасдан бошқа компаниялар ҳам шу осонгина лойиҳа устида бош қотирадилар, натижада бу йўналишдаги етакчиликни биз қисқа фурсатда қўлдан бой берамиз.

Сиз шундай йўл тутингки, ходимларингиз ишга ҳафсала ва иштиёқ билан келишни одат қилсинлар.

2001 йилда катта бир хатога йўқ қўйдим. Мен ўзим билан бирга компанияни шакллантиришга ҳисса қўшган ходимларга улар учун карьерадаги юксалишларининг чегараси нари борса менежер даражасигача кўтарилиши мумкинлигини тушунтирдим. Даражаси вице-президент ва ундан ҳам юқори бўлган бош менежерларни эса четдан, шу соҳанинг усталари орасидан қидиришим кераклигини ўйладим.

Йиллар ўтиб, атрофимда ёлланган бу профессионалларнинг бирортаси ҳам қолмади. Лекин мен касбий маҳоратига шубҳа билан қараган ходимлар вице-президент ва ҳатто ундан ҳам масъулиятли вазифаларни аъло даражада уддалаб келмоқдалар.

Биринчи навбатда мижозлар томонда бўлинг. Кейин ходимларга ён босинг. Ва ундан сўнг акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилинг.

Янги имконият ва шартларга бошқалар уларни ҳис қилмасларидан аввалроқ кўникишга одатланинг.

Пул ва уни қандай ишлаб топиш ҳақида унутинг. Менинг бошқарувда шундай қоидам бор – ишга ва чиқарган қарорларга бўлган муносабатим доимо ўзимдаги қобилиятлардан устунроқ турган.

Сиз барчани бирдек фикрлашга мажбур қила олмайсиз. Бироқ барчани ягона мақсадга ишонтириш сизнинг қўлингиздан келади.

Ҳатто ходимларингизни бир хилда фикр юритишга мажбурлашни хаёлингизга ҳам келтирманг. Бу имконсиз. Қўл остингиздаги ишчиларнинг камида учдан бир қисми сизга ишонмаса, уларга ўз-ўзларича ишлашларига имкон яратманг, уларнинг ҳам бошларини бир мақсад атрофига қовуштириб, жамоавий ишлашга ўргатинг.

Одамлар табиати шундай – улар раҳбардан кўра, қанчалар  ақлга тўғри келмайдиган бўлса ҳам, бирор ғоя атрофида тезроқ жипслашадилар.

Бўлак-бўлак ва калта-култа ишлар ўрнига мустаҳкам ва узоқ муддатли режаларга диққат қилинг.

Сизнинг узоққа боришингизни таъминлайдиган омил – бу сизнинг ишга муносабатингиз.

Тадбиркорлик ҳақида

Тез-тез шундай вазият бўладики, қулай имкониятни яққолроқ ифодалаш мушкул бўлиб қолади. Шуниси маълумки, осон ифода ва изоҳга мойил бўлган нарсаларни эса яхши имконият дейиш хато.

Ҳамкор сифатида сизнинг маҳоратингизни янада тўлдира оладиган одамни танланг. Бунинг учун муваффақият қозонаётган кишини танлашга эса асло ҳожат йўқ. Шерикликка энг зўр эмас, энг тўғри одамни изланг.

Бу дунёдаги энг ишончсиз ва мўрт нарса бу – одамлар ўртасидаги муносабат.

«Бепул» аслида энг қимматли сўздир.

Тўғри, бугун осон бўлмайди, эрта эса янада машаққатли бўлади, лекин охир-оқибат индинга ҳаммаси аён бўлади.

Нимага эътиборли бўлиш керак?

Бизнесменнинг энг катта камчиликлари – ўз фикр ва режаларига ўралашиб, худбинлашиб қолиши, вазиятни тўғри баҳолай олмаслиги, юқори суръатда иш бошлаб, унинг барқарорлигини таъминлай олмаслиги, узоқни кўра билмаслиги.

Модомики, ўзингизнинг барча рақибларингизни билмас ёки уларнинг имкониятига тўғри баҳо бермас экансиз, улардан ҳайиқмаётган бўлсангиз, рақобатда ютқазиб қўйишингиз аниқ.

Рақибингиз сизга нисбатан аҳамиятсиз ва ҳаддан ташқари кучсиз бўлса ҳам, унга тенг муносабатда бўлишни канда қилманг. Шу тахлит, агар у сиздан қудратли бўлса ҳам, ундан қўрқманг.

Бизнесингиз ҳақида

Бизнесингизни бошлаганингизда шуни эсда тутингки, сиз барқарор даромад манбаи, даволаниш таътили, йиллик мукофот пуллари ва бонуслардан воз кечяпсиз.

Бошқа томондан эса, бизнес бу – сиз учун чекланмаган даромад дегани. Яъни, бизнес орқали ўз вақтингизни янада самаралироқ ташкил қилишингиз мумкин бўлади ва бунинг учун бошқалардан рухсат олишга зарурат қолмайди.

Қарорингизнинг тенгқурларингиз қабул қилган тўхтамлардан фарқли бўлиши – ҳаётингизнинг у ёки бу томонга ўзгариб кетишига замин яратади.

Шуҳрат Сатторов тайёрлади

Манба: erkak.uz


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>