• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Хитой: иқтисодий таназзулнинг янги даври

Социалистик локомотив йўналтираётган Хитой иқтисодиётидаги ютуқлар билан фахрланишга ўрганиб қолган авторитар режим учун бугунги иқтисодий таназзулни тан олиш осон эмас. Тўхташ у ёқда турсин, секинлашиш нималигини билмай ривожланувчи иқтисодиёт ҳақидаги сафсаталар билан тарбияланган хитойликларнинг бутун бир авлоди учун эса бу даҳшатли янгилик. Биржаларда рўй берган пуфакдай ёрилиш Хитой раҳнамоларига уларнинг ҳукумати ҳам чексиз-чегарасиз эмаслигини эслатиб қўйди.

Буюк Хитой девори ортида

2016 йилнинг 16 мартида якунига етган ХХРнинг жорий йилдаги энг муҳим сиёсий анжумани – Умумхитой халқ вакиллари ва Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгашининг қўшма йиғилишида иқтисодиёт борасида жуда кўп гапирилди. Бу бежизга эмас.

Ўтган йилнинг июнида Шанхай биржасида юз берган шов-шувли инқироз дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турган Хитой иқтисодиётини сўнгги чорак асрда кузатилмаган даражадаги секинлашув палласига олиб кирди. Ўтган шанба куни халқ йиғинлари катта залида жам бўлган уч минг нафар тунд делегат олдида сўзга чиққан Хитой бош вазири Ли Кэцян иқтисодиётнинг юқори суръатларда ривожланиб бораётгани ҳақидаги анъанавий баёнотдан чекиниб, «мамлакат ичида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ва қалтис вазият сезиларли даражада ўзини кўрсата бошлаганини» маълум қилди.

Социалистик локомотив йўналтираётган Хитой иқтисодиётидаги ютуқлар билан фахланишга ўрганиб қолган авторитар режим учун бугунги иқтисодий таназзулни тан олиш қийин, албатта. Тўхташ у ёқда турсин, секинлашиш нималигини билмай ривожланувчи иқтисодиёт ҳақидаги сафсаталар билан тарбияланган хитойликларнинг бутун бир авлоди учун эса бу даҳшатли янгилик.

Пекиннинг иқтисодиётни бошқаришга васвасали уринишларига унинг бир биржа, бир ипотека пуфагини галма-гал пуфлаётгани ҳам мисол бўла олади. Бир неча йилдирки, ҳукумат зўр бериб инвесторларни гоҳ у, гоҳ бу бозорга йўналтирмоқда.

Мамлакатда ижтимоий таъминот тизими мавжуд эмаслиги сабаб пулни тугиб қўйишга одатланган кўпчилик хитойликлар, 90-йиллар бошларида кўчмас мулкка пул тикишни инвестициянинг ишончли шакли сифатида кўра бошлаган эди.

Дэн Сяопиннинг 1992 йилдаги машҳур «жанубга сафари» чоғидаги «фаол иқтисодий ўсиш»ни ошириб мақтагани умуммиллий «қурилиш васвасаси»ни келтириб чиқарган ва бу ҳол бозор тўлиб, қурилишлар тўхтамагунча давом этди. Инвестициялардан келаётган даромад тўхтамади. 2015 йилдан бошлаб эса қимматли қоғозлар бозори ишончли ва хавфсиз туюлди. Унда жумладан, қарзга кирган давлат корхоналари активларини ҳам сотишнинг имкониятини кўрган давлат раҳбарлари уни қўллаб-қувватлади.

  Биржаларда рўй берган пуфакдай ёрилиш Хитой раҳнамоларига уларнинг ҳукумати ҳам чексиз-чегарасиз эмаслигини эслатиб қўйди. Бозорни саросима эгаллаганда, ҳукумат дастлаб биржа савдосини қўллаб қувватлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида давлат корхоналарига ўз акцияларини сотишни таъқиқлаш ва юзлаб миллиард долларлик қимматли қоғозларни сотиб олиш йўли билан аралашди. Бу таъсир чораси билан улар муқаррар хаос ва тушкунликни орқага суришни мўлжал қилишди, бироқ буни ишончли қарор дейиш қийин.

Умумхитой халқ вакиллари мажлиси тоби қочган иқтисодиётга дармон қидираётган бўлса-да, давлатнинг пул-кредит соҳасини кучайтиришга доир тадбирлари ва кўчмас мулклар соҳасидаги талабларнинг сусайиши сабаб бу  бозорнинг кўпигида яна таранглашиш аломатлари намоён бўлмоқда.

Мана шу ойнинг бошларида, Шанхайдалигимда кўчмас мулк савдоси агентликлари олдида навбатда турган харидорларнинг бутун бошли кварталларга чўзилган қатори йўл ҳаракатига халақит берар даражада эди. Партиянинг расмий ахборот органи «Синьхуа» харидорлар ўртасидаги «саросима» ҳақига огоҳлантира бошлаган бўлса, Шанхай муниципалитети эса Weibo сайтидаги ўз микроблогида аҳолини хотиржамликка ва тўғри фикрлашга чақира бошлади.

Яна шундай бўлдики, Weiboдаги бошқа бир микроблок партия имижини яхшилаб олиш кампаниясининг қайноқ нуқтасига айланди.

Кўчмас мулк соҳасининг магнати ва 37 миллион аъзоси бўлган обрўли блоггер Жэнь Чжицян (Ren Zhiqiang) Си Цзиньпиннинг ОАВ қарашлари партия қарашларига мос бўлиши кераклиги ҳақидаги баёнотини танқидий муҳокама қилганида унинг постини шу заҳоти ўчириб юборишди, микроблокни эса ёпиб қўйишди. Уч йил бурун Жэнь ошкора равишда кўчмас мулк нархининг осмону фалакка чиқиб кетиши бозор васвасаси эмас, давлат манипуляцияси оқибати экани ҳақида ёзган эди. «Менга шу нарса аён бўлдики, давлат пуфакни ҳаддан ортиқ шишираётганини ўйлаб ҳам кўрмади. Агар ўйлаганида бунақа тушунарсиз вазият келиб чиқмас эди. Кўчмас мулк бозорини тўғрилаш учун ерга бунақа шубҳали нархларни жорий қилмаган бўлар эди, – деб ёзган эди блоггер, – Давлат ўзини хусусий қурувчиларга қараганда шубҳалироқ тутмоқда». Цензорлар тезда Weibo қидирув натижаларидан бу гапларни олиб ташлашди.

Саккиз йил олдин халқ вакиллари қурултойида ўша даврдаги Хитой ҳукумати раҳбари Вэнь Цзябао (Wen Jiabao) Хитойнинг ўсишини «беқарор, мувозанатсиз, бошқарилмайдиган ва исрофгар» деб баҳолаган эди. Бу фикр ижобий қабул қилинган бўлса-да, сабоқ чиқарилмади.

Бу йилги халқ вакиллари қурултойида фойда келтирмаётган пўлат қуйиш заводлари ва кўмир конларини ёпиш, иккинчи ва учинчи даражали шаҳарлардаги бўшаб қолган уйларга одамларни кўчириб бориш, чегарадан кўпроқ капитал кириб келишини таъминлашга оид чақириқлар эшитилди. Шу аснода, расмий статистика ва бозор ҳолати ўртасидаги фарқ мисли кўрилмаган даражада кенгайиб кетди.

Шанхайда бир йигит билан кўчмас мулк офислари олдида навбатга туришлар ҳақида гаплашдим. У ўз шаҳрининг ақлсизлик ичида қолганини айтиб, «Уларга қараб, одамлар қоп-қоп пул учун навбатда турибди деб ўйлаш мумкин» дейди. Мен ундан Жэннинг микроблогини ёпишганидан хабари бор-йўқлигини сўрадим. У сигарет тутата туриб: – «Билмайсизми? Бугун кимнингдир аккаунтини блоклашдими, демак, ҳаққоний янгилик ўша жойда», – деди пинагиниям бузмай.

Бу каби ҳурматсизлик ва тушкунлик кафияти, Умумхитой халқ вакиллари аъзоларини иқтисодий бесаранжомликдан кўра кўпроқ ташвишга солиши турган гап.

«Биз енголмайдиган қийинчилик йўқ. Хитой улкан ҳаётий куч заҳирасига, чексиз салоҳият ва истиқболдаги тараққиёт учун катта имкониятларга эга», – деди Ли Кэцян миллий телевидения орқали трансляция қилинган халқ вакиллари қурултойидаги узундан-узун нутқида. Эҳтимол.

Партия раҳнамолари ижтимоий барқарорликни ҳамма нарсадан юқори қўйишади, мамлакатга таҳдид солувчи ишсизликнинг кескин ўсишига йўл қўймаслик учун бор имкониятини ишга солади. Аммо Хитой тараққиётнинг барча аспектлари бўйича ўзининг етуклик даврига чиқиб бўлди. Шу сабаб бундайин тирқишлар пайдо бўла бошладики, уларга давлат сиёсати билан барҳам бериш қийин кечади.

Жамиятда безовталик ортмоқда, гоҳо Weibo каби майдонларда давлатнинг найрангларини фош қилишга уринишлар бўлмоқда. Вақти келиб, Хитой халқи чин янгиликлар қаерда эканини ҳал этган даврда, суҳбатларнинг ягона мавзуси иқтисодиёт бўлиб қолмайди.

Жиаянг Фан

The New Yorker, АҚШ

Манба: newyorker.com

Tafsilot.uz маълумоти:

Жиаянг Фан (Jiayang Fan) — 1984 йили Хитойда туғилган. Саккиз ёшигача Хитойда яшаган. Кейин оиласи билан бирга АҚШга кўчиб кетган. Дастлаб Массачусеттс штатидаги Deerfield академиясида, сўнгра Williams коллежида таҳсил олган. Ҳозир Нью-Йоркда яшайди. У айни пайтда «The New Yorker’s» нашри таҳрир ҳайъати аъзосидир. Хитой иқтисодиёти, ички ва ташқи сиёсати ҳақида кескин мавзудаги мақолалари билан танилган. «Facebook» ва «Twitter»да шахсий саҳифаси бор. Муаллифнинг бошқа мақолаларини қуйидаги сайтда ўқишингиз мумкин.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>