• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Хато такрорланмайдими?

Тинчлик йўлида қадам

2015 йилнинг июль ойида тарихий бир воқеа амалга ошди. БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрон ядро дастури бўйича Вена келишувларини маъқулловчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Reuters агентлиги хабар қилишича, Хавфсизлик кенгаши аъзолари 90 кундан сўнг Эронга қў­йилган санкцияларни олиб ташлашга тайёргарлик бошланишини тасдиқлашди. Демак, ҳаловатини йўқотган дунё бир оз тин олди. Бебаҳо неъмат тинчлик йўлида яна бир қадам ташланди.

Устозим, сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматов қувонганидан менга қўнғироқ қилди ва резолюция қабул қилингани билан табриклади. Тинчликпарвар халқмиз-да. Дунё ҳаловатини ўйлаб қилинган ҳар бир эзгу иш бизни-да қувонтиради. Шу ўринда Эрон ядровий дастури атрофидаги келишмовчиликлар борасидаги айрим маълумотлар (википедиядан олинган)га тўхталсак.

Ўтган асрнинг 50–60 йилларида Эронда мамлакатни модернизация қилиш, Ғарб мамлакатлари йўлидан бориш ҳисобига ҳаёт тарзини яхшилашга қаратилган изчил сиёсат олиб борилди. 1957 йилнинг 5 мартида Эрон АҚШ билан атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш борасида битим имзолади. Айнан ўша йили Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ташкил этилиб, Эрон 1958 йилда унга аъзо бўлиб кирди. 1963 йилда Эрон Ядро қуролини атмосфера, космик фазо ва сув остида синовдан ўтказишни тақиқловчи битимга қўшилди.

Теҳрон университетида Ядро илмий-тадқиқот маркази очилиши мамлакатнинг атом энергетикаси соҳасини ривожлантириш борасидаги амалий қадами бўлди. Жумладан, 1967 йилда мазкур марказда 5 МВт қувватга эга, юқори даражада бойитилган ураннинг 5,5 килограмм ёнилғисига эга реактор ишга туширилди. 1968 йилда Эрон атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланишни тақозо этувчи ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги битимни имзолади. Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Пехлавий 1974 йилда атом энергетикаси соҳасини ривожлантириш режасини эълон қилиб, 20 йил ичида 23 ГВт қувватга эга 23 та атом реакторини қуриш вазифасини қўйди.

1979 йилда мамлакатда инқилоб амалга ошиб, шоҳ тах­т­дан ағдарилди ва янги ҳукумат тузилди. Ҳукумат ўз навбатида Атом электр станцияси қуриш дастуридан воз кечди. Орадан бир неча йил ўтгачгина яна ядро дастури тикланди. Исфахонда Хитой ёрдамида Ўқув-тадқиқот маркази очилди. 1998 йилда Бушер атом электр станцияси қурилиши бошланади.

Бушердаги АЭС

2003 йилда АҚШ Эронни махфий равишда ядро қуроли ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бораётганликда айблади. Шу тариқа мамлакатни халқаро изоляция қилишга ҳаракат қилди. Бироқ АҚШ саъй-ҳаракатлари дастлаб Франция, Германия, Буюк Британия, Россия томонидан қаршиликка учради. Сабаби, бу мамлакатлар ҳарбий техника етказиб бериш ва Бушер АЭСи қурилишига ёрдам бериш бўйича Эрон билан тузган битимидан зарар кўриши мумкин эди-да. 2003 йилнинг охирида Франция, Германия ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлари Эрон ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги битимга қўшимча протоколни имзолашини таъкидлайдилар. Мазкур ҳужжат имзоланиши МАГАТЭ инспекторларига Эроннинг исталган ядро объектини текширишга имкон берарди. Бироқ протокол мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинмади.  Шундан кейин Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ турли маш-машалар бошланди. Ғарб мамлакатлари Эронни ядро қуроли тайёрлаётганликда айблашса, расмий Теҳрон ўз навбатида атом энергиясидан тинчлик мақсадларини кўзлаётганини тушунтиришга зўр бериб уринарди.  2010 йилнинг 9 июнида БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга қарши 1929-сонли янги санкцияни қўллади. Унга кўра, мамлакат иқтисодиётининг айрим соҳаларига сармоя киритиш, айрим қуролларни бу давлатга сотиш тақиқланди. Хуллас, Эроннинг ядро дастури билан боғлиқ сиёсий «уруш», асаблар жанги, ахборот уруши авж олди.

Ниҳоят, 2015 йилнинг 15 июли. Эрон ва кучли олтилик давлатлари – АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия келишувга эришди. Бунга кўра, Эрон ­МАГАТЭ инспекторларини ўзининг ядровий объектларига киритади. Ғарб мамлакатлари эса ўз навбатида санкцияларни бекор қилади. Ишқилиб, тинчлик йўлида қадам ташлангани рост бўлсин.

Хиросима фожиаси

Хиросима, 1945 йил, август

Ҳар йили 6 август санаси Ядро қуролини тақиқлаш бўйича умумжаҳон кураш куни сифатида кутиб олинади. Аслида бу сана инсоният тарихидаги энг катта фожиа­лардан бири содир бўлган кун. Бундан 70 йил муқаддам 6 август куни Америка авиацияси Япониянинг Хиросима шаҳрига атом бомбаларини ёғдиради. Маълумотларга кўра, инсон қўли билан бунёд этилган ажал уруғи ўша куннинг ўзида 80 минг кишининг ёстиғини қуритади. 40 минг киши яраланади. 200 мингга яқин инсон нурланади. Буни қарангки, шаҳардаги 90 минг уйдан 62 минги вайрон бўлади. Оловуддиннинг шамчироғидан ёвуз жин чиқиб кетганди, ўша кунда.

Хиросимада ҳалок бўлганлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилган. Унда «Хотиржам ётинглар, хато такрорланмайди», деган ёзув бор. Қани эди, инсон бундай хатоларини умуман такрорламаса. Тинчлик, ободлик, фаровонлик каби орзулар тантана қилса. Бироқ ҳамма ҳам инсониятга қир­ғин солувчи қуролни, уни инсонга қарата қўллашни хато деб билмайди-да.

Хиросимада ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик

Ядро қуролига эга мамлакатлар унинг захираларини қисқартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу кўнгилни бироз хотиржам қиладиган ҳолат. Аммо бу билан дунё ҳаловати барибир қўним топмаяпти. Хавотир, таҳлика, таҳдид сақланиб турибди. Нега дейсизми? Унда ядро қуролига эга мамлакатлар захирасига назар ташлайлик.

15 минг 850 дона

«Bulletin of The Atomic Scientists» журналининг 2009 йилги сонида босилган мақолада АҚШ 1945 йилдан бошлаб 66,5 мингта атом бомбаси ва ядровий жанговар  каллаклари ишлаб чиқаргани келтириб ўтилганди. Тўғриси, мазкур мавзу ёпиқ характерга эга бўлгани учун турли манбада турлича маълумотларни учратасиз. Қайси бири тўғри ёки нотўғри эканлигини англамай қоласиз. Нима бўлганида ҳам бундай ажал қуроли ер юзидан йўқолмагани маълум.

АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой дун­ё­нинг ядро қуролига эга энг қудратли мамлакатлари ҳисобланади. Интернетда келтирилган маълумотларга кўра, Россия ядровий қуроллари захирасига кўра рўйхатда биринчи ўринда кўрсатилган. Иккинчи ўринда АҚШ, учинчи ўринда  Хитой, тўртинчи ўринда Буюк Британия, бешинчи ўринда эса Франция эътироф этилади.

2012 йилнинг бошидан ядро қуролига эга мамлакатлар уларни модернизация қилишга киришишди. Ўз навбатида ядровий арсенални қисқартириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ядро қуроли захираларининг қисқариши ниманинг ҳисобига амалга ошди? Бунга АҚШ ва Россия ўртасида 2002 йилнинг майида имзоланган битим сабаб бўлганини таъкидлаш жоиз.

Ядро қуроли билан боғлиқ муаммо ва можароларни ўрганишга ихтисослашган ташкилот бор. Номи тинчлик борасидаги муаммоларни тадқиқ этувчи Стокгольм халқаро институти (СИПРИ). 1966 йилдан фаолият кўрсатаётган бу муассаса мустақил таҳлилий марказ эканлиги билан эътиборга молик.

2015 йилнинг июнида мазкур институтнинг матбуот хизмати дунёда ядро қуроллари аста-секин қисқараётгани ва бир вақтнинг ўзида модернизациялашаётганини маълум қилган. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатган. Институт таҳлилчилари 2015 йилнинг бошида 9 мамлакат – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея ихтиёрида тахминан 15 минг 850 дона ядро қуроли мавжудлигини айтишган. 2014 йилда бу кўрсаткич 16350 тага тенг бўлган. Демак, 500 тага камайган. Мавжуд қуролларнинг 4300 таси жанговар шай ҳолатда эканлигини ҳам экспертлар маълум қилишган. 2011 йилгача 20,5 мингдан ортиқ ядровий жанговар каллаклар дунёда мавжудлигини ҳисобга олсак, статистикадан кўнгил хотиржам тортгандай бўлади. Аммо бундан 5 йил муқаддам 4400 та қурол, бугун эса ундан бор-йўғи 100 та кам жанговар шай ҳолатда бўлгани вазиятнинг қалтис бўлиб турганини кўрсатади.

Институт томонидан берилган маълумотга кўра, 2013 йилга нисбатан 2014 йилда ядровий қуроллар салкам мингтага қисқарган. Демак, аста-секинлик билан деган гапда жон бор. Ядро қуроллари бўйича дунё захирасининг 93 фоизи АҚШ ва Россия улушига тўғри келади. Мана, муаммони қайси томонга қараб ҳал этиш кимнинг қўлида?

Таҳлика, хавотир

Шу ўринда инсониятни таҳликага, хавотирга қўядиган, она сайёрамиз учун таҳдид солиши мумкин бўлган бир масалага тўхталсак. Бу ядро қуроли халқаро террорчиларнинг ёки террорчилик ташкилотининг қўлига тушиб қолиши билан боғлиқ хатар, хавф. Муаммо қанчалар долзарб? 1977 йилда АҚШ Конгресси буюртмасига кўра ўтказилган тадқиқотнинг кўрсатишича, террорчилар томонидан маълум миқдорда уран ва плутонийга эга бўлинганда  соддароқ бўлса-да ядро қуролини ясаш мумкин экан.

Академик Алексей Яблоков

Иттифоқ парчаланганидан сўнг бир қанча ядровий зар­ядлар нодавлат ташкилотлари, тан олинмаган давлатлар қўлига тушиши ва бунда ядровий терроризм мақсадларида фойдаланиш мумкинлиги билан боғлиқ назария илгари сурилди. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, де­йишади. Масалан, Елциннинг экология бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган академик Алексей Яблоков 132 та шундай қуролдан 84 таси йўқолганини айтган. Тўғри, расмийлар, ядровий қуролларни асрашга масъуллар бу маълумотни инкор қилишган.

МАГАТЭнинг маълумотига кўра, 1993 йилдан 2009 йилгача 1773 та радиоактив воситалар контрабандаси қайд этилиб, улардан 15 тасида бойитилган уран ёки плутоний билан боғлиқ жиноят бўлган. Бу фактга нима дейсиз?

Бундай хатарнинг олдини олиш мақсадида жаҳон ҳамжамияти томонидан меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Масалан, 2005 йилда Ядровий терроризм актига қарши кураш бўйича халқаро конвенция қабул қилинди. 2006 йилда ядровий терроризмга қарши кураш бўйича глобал ташаббус тасдиқланди, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2004 ва 2009 йилларда махсус резолюциялари қабул қилинди.

Ядро қуролидан холи

2014 йил 6 май санасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида беш ядровий давлат – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия  якдиллик билан муҳим халқаро ҳужжатни – Марказий Осиё­да ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолашди.

Бу улкан тарихий воқеада Ўзбекистоннинг катта ҳиссаси борлигини ишонч ва ғурур билан таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси жаҳон ҳамжамиятида ўзининг амалий ифодасини топди. Менимча тинчликка йўғрилган мана шундай амалий ишлар она сайёрамизни турли бало-қазолардан асрашда муҳим ўрин тутади. Дунёнинг асаблари таранглашиб, турли низолар, қарама-қаршиликлар, динлар, эл-элатлар ўртасида қон тўкилиши давом этаётган бир даврда Хиросимадагига ўхшаган хато такрорланмаслигига ким кафолат бера олади? Аслида хато инсоннинг бир-бирини қирувчи қуролни ихтиро қилганидан бошланган.

Шерзод Толмасов

Tafsilot.uz маълумоти:

Илк атом бомбаси синовини 1945 йилнинг 16 июлида АҚШ амалга оширган. Мазкур бомба Тринити деб номланиб, 19 килотонна тротил эквивалентидаги кучга эга бўлган.

1952 йил 3 октябрда Буюк Британия «Бўрон» деб номланган 25 килотонна қудратга эга бомбани синовдан ўтказган.

1952 йилнинг 1 ноябрида АҚШ илк термоядро бомбасини синаб кўради.

1953 йилнинг 12 августида собиқ Иттифоқ илк термоядро бомбаси РДС-6с ни синовдан ўтказади.

1960 йилда Франция 60 килотонналик атом бомбасини синаб кўради. 1961 йилнинг 31 октябрида тарихда энг кучли термоядровий бомба собиқ Иттифоқ томонидан синалган.

Хитой 1964 йил 16 октябрда атом бомбасининг илк синовини амалга оширади.

Ҳиндистон 1974 йилда портлатиб кўрган атом бомбасини «Кулаётган Будда» деб номлайди.

 Покистон 1998 йилнинг 28 майида 9 килотонналик бомбани синаб кўради.

Шимолий Корея 2006 йилнинг 9 октябрида «Квандай-ри» деб номланган атом бомбасини синаб кўрган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Калит сўзлар: , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>