• Бугунги сана: Juma, Dekabr 15, 2017

“Вақтинчалик прописка” очилди(ми?)  

Расман “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби” деб юритиладиган, оддий халқ “вақтинчалик прописка” деб атайдиган ҳужжат республикамизнинг бошқа ҳудудидан келиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаётган ёки ўқиётган юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.

Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига кўра фуқаролар пойтахт шаҳри ва вилоятида ҳисобга туриш учун келган кунидан бошлаб беш кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги милиция таянч пунктига белгиланган тартибда мурожаат этиши керак. Бу талабнинг бажарилмаслиги маъмурий жавобгарликка тортилиш учун асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Паспорт тизими қоидаларини бузиш” деб номланувчи 223-моддасида белгиланишича, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда;  паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши — энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бу-ку, тушунарли. Муаммо шундаки, ўтган йилнинг октябридан буён “вақтинчалик прописка” ёпилгани, кўплаб фуқаролар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни сўраб одатдагидек ички ишлар органларининг ўзлари яшаётган ҳудудга бириктирилган профилактика инспекториларига мурожаат қилишса, рад жавобини олишаётгани, бу ҳолат қачонгача давом этиши ҳам ноъмалумлиги ҳақида гап-сўзлар тарқаган, бир нечта юртдошимиз сайтимизга мурожаат қилиб, мазкур масалада ёрдам беришимизни сўраган эди.

Шундан сўнг tafsilot.uz Ягона портал орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазирига ушбу масала юзасидан бир нечта саволлар билан мурожаат қилди. Сайтимизнинг мурожаатига ИИВнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Бадридин Шорихсиев имзоси билан жавоб олдик.

Жавоб хатида қайд этилишича, чиндан ҳам Ички ишлар вазирлигининг “Фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги меъёрий ҳужжатларга қўшимча ўзгартириш киритилиши муносабати билан 2015 йилнинг 25 октябрь кунидан буён фуқароларни турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиш вақтинчалик тўхтатилган экан. Бироқ бугунги кунга келиб “вақтинчалик прописка” очилган ва фуқароларни доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича 5 кундаy 6 ойгача муддатга (ўқиш учун таълим муассасасига келган шахслар учун эса — ўқиш даврига, *tafsilot.uz изоҳи: масалан, лицей, коллеж ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари бир йилга) шаҳар, туман ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим (бўлинма)лари (халқ тилида “паспорт столи” деб аталувчи идора) томонидан амалга оширилмоқда.

vaqtinchalik_propiska

Масалага ойдинлик киритиш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улугбек тумани ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси билан боғланиб, “вақтинчалик прописка”, яъни фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилиши билан қизиқдик. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар керак бўлар экан:

1) ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза;

2) Фуқаронинг паспорти (казарма, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган хизматчилар учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг ёки шартнома бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси);

3) Фуқаро яқин қариндошларини (ота-ота фарзандларини, фарзандлар ота-онасини, эр хотинини, хотин эрини) вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, мулк эгасининг нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати);

4) Агар бегона шахслар вақтинчалик рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси;

5) Уй эгасининг паспорти нусхаси;

6) Уйнинг кадастр ҳужжатларининг нусхаси (асли ҳам кўрсатилади);

7) Уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, Давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо);

8) Агар эр хотинининг, хотин эрининг уйига вақтинча рўйхатга қўйилаётган бўлса, никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси (шунингдек, ушбу ҳужжатнинг асли ҳам кўрсатилади);

9) Болаларни рўйхатга қўйиш учун, агар улар 16 ёшга тўлмаган бўлишса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларининг нусхалари (шунингдек, уларнинг асли ҳам кўрсатилади) ҳамда 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат. Вояга етмаганлар фақатгина ота-оналари билан бирга прописка қилинади;

10) Давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция (Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларини рўйхатдан ўтказганлик ва чиқарганлик учун, шунингдек турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш учун энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Айни пайтда бу бир киши учун 2604 сўм 80 тийинни ташкил этади);

11) Ижарага турувчининг ишхонасидан уни “вақтинча прописка”га қўйиш тўғрисида расмий илтимоснома;

12) Алоҳида ҳолларда зарурат туғилса бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин.

Яна бир гап. Юқорида фуқаро яқин қариндошларини вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, мулк эгасининг нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати), агар бегона шахслар вақтинчалик рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси талаб этилиши баён этилган. Дейлик, кимдир Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида пропискаси бўлмагани учун уйни узоқ қариндоши ё бўлмасам бирор ишонган танишининг номига ушбу ҳудудлардан уй сотиб олган бўлса-чи? Улар ҳам ўзининг уйига ўзи ижара шартномаси асосида рўйхатга турадими? Табиийки, бундай вазиятда харажатлар пропискага қўйилувчининг чўнтагидан кетади. Ўзининг уйида тургани учун ойма-ой солиқ тўлаб юрадими? Майли, нотариал идорада нотариусга вазият тушунтирилиб, ижара шартномаси кичик суммага расмийлаштирилди ҳам дейлик. Аммо ўзининг мулкида ижарада яшаш кулгили-ку!

Бошқа бир ҳолат ҳам бор. Дейлик, фуқаро узоқ қариндоши (амакиваччаси, тоғаваччаси, отаси ёки онасининг  ёхуд эри (хотини)нинг узоқ қариндошлари ва ҳоказо)никига ё бўлмасам қариндош эмасу, қариндошдан аъло бўлиб кетган инсоннинг уйида ҳеч қандай ижара тўловисиз вақтинча яшаб келаётган бўлса-чи? Бундай ҳолатда қандай йўл тутилади? Уй эгаси уйига одам қўйгани учун ҳеч қандай даромад олмаётган бўлса-ю, аммо солиқ тўлашга мажбур бўлса, бу адолатдан бўладими?

Қонунчилигимизда бунинг ҳам ечими бор, азизлар. Шунинг учун ҳам ҳуқуқини билган одам қоқилмайди деб айтишади-да! Демак, юқоридаги икки вазиятда фуқаролар уй эгаси билан бирга давлат нотариал идорасига бориб, нотариал тартибда текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришлари керак бўлади. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

1) Уйнинг кадастр ҳужжатлари йиғма жилди;

2) Уй эгасининг паспорти нусхаси;

3) Уй эгаси оилали бўлса, рафиқасининг паспорти нусхаси;

4) Никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

5) 17-шаклдаги маълумотнома;

6) Маҳалладан мазкур уйда кимлар пропискага қўйилгани ҳақида маълумотнома;

7) Пропискага қўйилаётган фуқаронинг паспорти ва СТИР нусхаси;

8)Турмуш ўртоғини ҳам рўйхатга қўяётган бўлса, эри (хотини)нинг паспорти;

9) Никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

10)Болаларни ҳам рўйхатга қўйиш учун уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари

11) СТИР (ИНН) нусхаси (уй эгасиники ва рўйхатга қўйилаётган фуқароники (шартнома ким билан тузилаётган бўлса ўша шахсники))

12)Уй эгасининг текинга  фойдаланишга розилиги ҳақидаги  нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати — бу ҳужжат нотариал идорада расмийлаштирилади);

Бизга етиб келган маълумотларга кўра Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида баъзи корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан ишлаб турган, аммо «вақтинчалик пропискаси»нинг муддати тугаган (тагаётган) фуқаролар ишдан бўшатилаётган ёки ишдан бўшатиш хавфи таҳдид солаётган экан. Tafsilot.uz мазкур масала юзасидан ҳам тегишли давлат органлари ва идораларига мурожаат юборди. Шу боис бу мавзуга ҳали қайтамиз.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Шухрат Жавоб бериш
    2 yil олдин

    салом мен Тошкент вилояти Бўка туманидан ЎЗМУ га қатнаб ишлиман 6 йил бўлди лекин Зангота туманига вақтинча прописка қилмасам ишдан бўшатади Бўка туман пропискаси билан ишласам бўладими шу тўғрисида маълумот берсангиз бефойдаку барибир Зангиотада турмасам

  • Erkinjon Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Savol agarda uy egasi tomonidan 3 yilga generalniy ishonchnoma qildirilgan bo’lsa u xolda nima bo’ladi.

  • Abdulatif Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Men Toshkentdan 2 xonali uy olganman. O’zim Toshkent viloyatidan bo’lganim uchun o’zim nomimga olmaganman. Bir qarindoshimizni nomiga olganman. Menga generalniy davernist qilingan . Hamma narsaga huquqim bor kimnidir propiskaga qo’yishga, hattoki uyni sotishga ham. Endi men osha uy uchun davlar uchun har oyga pul tolashimga to’gri kelarkan. Hech bumasa generalniy davernisti bor odamlar uchun nima uchun pul to’lash kerak. Axir davlat ham biladi o’zizni nomiga ololmagani uchun qarindoshini nomiga olganlar toshkentda juda kopligini. O’sha narsaga men tushunmayapman. O’zim uyumga endi o’zim pul to’larkanman hullas. Hayronman…..

  • Jasurbek Жавоб бериш
    2 yil олдин

    эркин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришлари керак бўлади. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

    ушбу қоидалар берилган қонун ёки фармонни аниқ келтирилмаса, юқоридаги фикрлар шунчаки гаплигича қолаверади

  • Мехмон Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Узбекистон фукароларига тошкент шахрида временный прописка очилгани рост факат: харбий хизматчиларга, тошкент шахрида доимий пропискага эга 1-чи линияси буйича кариндошлиги борларга, эр хотинларга, укишда укиётганларга, давлат бюджет ташкилотида ишлаётганларга, давлат бюджет ташкилотига ишга кирмокчи булганларга иш берувчи илтимосномаси билан. Муаммо хоз расчет ва хусусий ташкилот ишчиларига рухсат йук. Сиз айтган текин шартнома ва доверность утмаяпти аренда шартномаси мажбурий булиб колмокда. Ишдан хайдалиш хакида айтсам ноябрь ва декабрь ойларида авж олиб пропискаси тугаганлар ихтиёрий мажбурий ишдан четлатилган. Январь ойидан вактинчалик мехнат билан таминланишдан справка олиб келиб ишлашга рухсат берилди, ишга жойлашишда илтимосномага келсак юкоридан рухсат булмаганлиги сабабли илтимоснома ёзишдан бош тортишяпти.

  • Shaxnoza Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Man Toshkent shahrida Gematologiya ilmiy tekshirish institutida ishliman Toshkent viloyati Zangiota tumanida turaman ishga 2012 yilda ishga kirganman vaqtinchalik prapiska qilishimmi etishgan va shundan beri prapiska qilib keganman 2014 yilda farzandli boldim dekret tatilida bo’lsam xam prapiska qilib keldim lekin prapiska yopilganida qilomadi xali xam dekret tatilidaman ishxonamdan chaqirtirishib o’z xoxishim bn bo’shashim kerekligini etishvoti majburlashvoti lekn ishxonada boshqa viloyatlila xam ishlashvotkani lekn ulardan vaqtinchalik prapiska qilishmaganini eshitdim man chilonzorga yaqin joyda turib xam prapiska qilib keganman shu to’g’rimi man xali xam dekret tatilidaman prapiska qilib kelishimmi etishvoti bomasam xoxishin bilan boshagin diyishvoti majburlab manga yordam berila iltimos

  • Зафар Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Эркин фойдаланиш ижара шартномаси, у факат когозда бор. Нотариусга борилса биз килмаймиз деб кутулишаяпти. Умуман олганда, ишдан бушаб кетишдан бошка чора колмаган. Нима учун Тошкент вилояти хокимлиги давлат бюджетини тулдиришни бошка йулларидан фойдаланмаяпти, менимча бу туфайли энди кайтамга пул тушими камаяди бюджетга. Чунки хамма нодавлат корхоналардаги фукаролар уз вилоятларига кайтиб кетишади, еки ноконуний ишлашига тугри келади.

  • Хусусий ва нодавлат ташкилотлар ишчилари учун ҳам “вақтинчалик прописка” очилди | ТАФСИЛОТ Жавоб бериш
    1 yil олдин

    […] вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик. Айни пайтда фуқаролар шаҳар (туман) ИИБ Хорижга чиқиш, […]

  • Шоҳруҳ Ўрозов Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Ассалому алийкум! Мен Қашқадарёда доимий руйхатдаман! Корхонамни хизмат сафари билан Тошкентга тез – тез оилам билан келиб тураман! Бир танимшимни уйини натарялл «ижара шартнома» билан олдик! Мени шартномам булсахам вақтинча руйхатдан ўтишим керакми?

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>