• Бугунги сана: Payshanba, Mart 23, 2017

Ванга — пухта ўйланган давлат бизнеси

Инсон ҳар қанча университетни битириб, олий маълумотли бўлмасин, агар фикрлаб, тафаккур қилмаса аҳмоқлигича қолиши мумкин экан. Фейсбукда учраб қолди: Ванга бир башорат айтганмиш, унга кўра III жаҳон урушини фақат Путин тўхтата олармиш. Кечирасиз-у, бундай сохта гапларга иймон-эътиқодли инсон мутлақо ишонмайди.

Ванга ҳақида совет даврида ўта кўп ёзилган. Барчаси фақат оддий халқ онгини бошқариш учун қилинган зўр спектакль эди. У пайтда бирон ниманинг ёлғон ёки чин эканини аниқлашнинг деярли имкони бўлмаган. Матбуот, ТВ ва радио нима буюрилса, шуни кўрсатарди. Интернет ҳали тасаввурга ҳам сиғмасди.

Ҳозир бирор хабарнинг рост-ёлғон эканини текшириш учун минглаб ресурслар бор, албатта, бунинг учун бошқа тиллларни ҳам билиш керак. Рус телеканалларини қўйсангиз, Россия дунё тинчлигининг халоскори қилиб кўрсатилади. Бироқ унга иттифоқдош бўлмаган барча давлатлар ОАВларида эса Россия фақат гўдаклар ва бегуноҳ инсонларни қириб ташлаётгани айтилади.

Яқин вақтларгача, ит ҳам Вангани эсламай қўйганди. Эски гап яна «айлантирилаётгани»дан ҳам билиш мумкинки, бу ерда нимадир бор. Бундан ташқари, яқинда фейсбукнинг лентасида Нострадамуснинг янги қайдлари пайдо бўлиб қолди. Башоратларнинг содир бўлиш йилларигача аниқ. Қаранг-а, ҳатто инсонлар қаттиқ ишонган, қадимий диний китоблар минглаб йиллар давомида бузилиш ва ўзгартиришларни бошидан кечириб, асл ҳолатини йўқотган-у, Нострадомуснинг башоратлари конкрет сақланиб қолган экан-да!? Одатда, бундай башоратларни умрида физика, кимё, математика, биология ва анатомия каби аниқ ва табиий фанларни тушунмаган, фаросати ва билими жойида бўлмаган инсонлар олқишлаб кўтариб юради.

2012 йилдаги Майя башорати. Ҳатто ўзимизнинг юртдошларимиз орасида ҳам бунга ишонганлар етарлича топилди. Биттаси ростманасига шам ва гугуртлар тўплаган экан, ўшанда. Одамлар сўрашса «Майялар айтибди. Нимадир бўлади барибир. Свет йўқ бўлиб, атроф қоронғу бўп кетса, ишлатаман» дебди (ҳазил эмас).

Ёки бундан 15 йилча олдин, Россиядаги президентлик сайловлари олдидан ўз номзодини қўйган Жириновский ҳам ким ғолиб чиқишини аниқлаш учун бир лўли фолбин хизматидан фойдаланганди. Ўшанда ўша фолбиннинг айёрлиги-ю, ақллилига қойил қолгандим. Чунки у исм ва шарифи «В» ҳарфи билан бошланадиган шахс ғолиб чиқади деган.

Бу шундоқ ҳам аниқ эди: номзодлар орасида Владимир Вольфович Жириновский (В. В. Ж) ва Владимир Владимирович Путин (В. В. П) бор эди. Шу иккисининг обрўси бошқаларникидан сўзсиз устун эди. Ҳатто касал одам ҳам иккисидан бири бўлишлигини аниқ айтарди. Жириновский ўзини аллақачон президент сифатида кўриб, ўша лўли хотин шарафига зиёфат бергани «Время»дан ҳам кўрсатилганди.

Яқинда Жанубий Кореяда содир бўлган бўҳрон. Давлат раҳбари бўлган аёлнинг фолбин дўстига катта миқдорда пул ишлатгани. Қизиқ, негадир ўша фолбин «Сиринг фош бўлади, уятга қоласан, бутун Корея оёққа туриб, сенинг кетишингни талаб қилади» демаган экан-да бир оғиз, а? Менимча, лицензияси йўқ фолбиндир-да! .

Вангага қайтсак. Россия Фанлар академияси академиги, Илмий тадқиқотларни сохталаштириш ва илмий ёлғонларга қарши кураш қўмитаси раиси Евгений Александров ва шу қўмитанинг яна бир аъзоси Юрий Горний Ванга ҳақида қуйидагича маълумот берганди:

«Ванга — қойилмақом тарзда пухта ўйланган давлат бизнесидир. У сабабли чекка, овлоқ бир қишлоқ бутун дунёдан одамлар ва пул оқиб келадиган ҳудудга айланди. Вангага ҳаммадан ҳам ким кўпроқ сиғинишини биласизми? Улар таксистлар, кафе ва меҳмонхона эгаларидир. Айнан ўша «фирибгар фолбин» сабабли улар мунтазам даромад манбаига эга бўлди. Улар Вангани барча керакли маълумот билан таъминлашган. Келувчи инсон қаердан, муаммоси нимада ва нимани умид қилиб келди, барчасини олдиндан Вангага етказиб туришган. Кейин эса Ванга бу маълумотларни гўё ўзи кўриб тургандек қилиб мижозларга айтиб берган. Ҳатто махсус хизматлар ҳам ёрдам беришган Вангадан давлат брендини яратиш учун. Ванга қабулига кириб чиққан шахслардан бирининг кўрсатмасига кўра, унинг олдига фақат махсус органлар назоратидан ўтгачгина бориш мумкин бўлган».

Хулоса қилиб айтганда, фақат чинакам билим ва тафаккургина бундай алдамчилик ва муттаҳамликнинг ривожланишига йўл қўймайди. Тафаккур қилинг, илм ўрганинг, ўз кучингиз билан университетларга кириб, ўз касбингизнинг ҳақиқий мутахассиси бўлинг. Фақат шундагина инсон ёлғонлар таъсирига осон тушиб қолмайдиган шахсга айланади!

Абдулазиз Саидалихонов

Калит сўзлар: , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>