• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Вагондаги қотиллик

“Тасодифий фожиа — туби кўринмаган жарликни эслатади”.

Ч.Айтматов.

Муҳаррир қаршисида бош эгиб ўтирган, изтироблари кўзларида аччиқ ёш бўлиб силқиб турган йигит — шифокор Ҳасан Очилов. Таскин беришга ожизлигингни сезсанг, бундан ортиқ даҳшат йўқлигини ҳис қиласан, киши. Ҳасан ҳам гапни нимадан бошлашни билмай оғир сукутда туриб қолди.

Маълумот: Ҳасан Очилов — 1961 йилда туғилган. Касби шифокор, Ғузор ноҳияси марказий касалхонасининг “Тез ёрдам” бўлимида ишлайди. Оилали, икки фарзанди бор.

— Мени айрилиқ, армон доғи қийнаб келаяпти. Рости, бу азоб мени куну тун қўймайди. “Нега шу ёшимда ҳаётдан тўйиб бораяпман?” — деб гоҳи жуда асабийлашар, гоҳида йиғлайман. Укам, жигарим — Воҳиджоннинг қисмати менга тинчлик бермайди. Йигирма ёшида ҳаётдан фожиали кўз юмганлигига ишонгим келмайди. Воҳиджон 1990 йилнинг майида армиядан келди. Забардаст, армияда тирноғи ҳам қонамаган бола…

Ҳасан қўлимга катта, қизил муқовали альбомни тутқазди. Унда навқирон йигитнинг хизматдаги суратлари, моҳирлик билан чизилган соғинч мактублари тикилган. Ноҳиядаги Тельман номли мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Кемерово вилоятида хизмат бурчини ўтаган. Тенгқурлари ичида эпчиллиги, уддабуронлиги билан танилган. Хизматни аъло даражада ўтаб қайтган. Армиядан келиб, ноҳия ҳудудида иш ахтарган. Лекин иш топа олмаган. Самарқанд мебель заводида ишлаб юрган.

— Яшириб нима қилдим. Эс билибманки, оиламизда осойишталик бўлганини эслай олмайман. Ота-онам ўртасидаги келишмовчилик бизни ҳам қийнарди. Лекин мен ва укаларим буни ичимизга ютишга кўниккан эдик. Укам Воҳид учун бу нарса оғир ва таъсирли эди. У шундай кезларда жуда асабийлашар, гоҳида сирли тарзда маъюс тортиб қоларди. 1990 йил 29 сентябрь куни уйга келиб: “Ака, мен Тошкентга бориб келаман, бир нарса олмоқчи эдим” деди. Тўғриси, шу сафар Тошкентга кетишига хоҳишим йўқ эди. Ўша куни негадир биринчи марта ёлворгандай бўлдим. Барибир кўнглимдан хавотир ўтди. Хаёлимга келган совуқ шубҳаларни қувишга уриниб ичкари кирдим. 30 октябрь эди. Тонгга яқин кўзим илиниб, ёмон туш кўрдим. Укамнинг уйдан чиқиб кетганига роппа-роса йигирма кун бўлганди.

19 октябрь куни Ҳасан Очилов укаси Воҳид Очиловнинг суратини олиб Тошкентдаги ички ишлар қидирув бўлимига, ноҳиялардаги қидирув бўлимларига, бахтсиз ҳодисалар бюросига мурожаат қилади. Ҳеч қаердан маълумот топа олмайди. Бош суд тиббиёт экспертиза идорасидаги номаълум кишилар рўйхатида ҳам топилмади…

qotillik

Аслида бу воқеа шундай бўлганди: 29 сентябрь куни Тошкентга борган Воҳид Самарқандга қайтиш учун 30 сентябрь куни “Тошкент — Бухоро” поездига чиқади. Воҳид поездда йўл-йўлакай Анжела ҳамда Гуля исмли қизлар билан танишиб қолади. Худди шу поездда кетаётган самарқандлик Мухтор исмли йигит қизлардан бири Гуляни суҳбатга таклиф қилади. Мухтор қиз билан қўшни вагондаги купеда кетаётган бухоролик йигитлар олдига боради. Қиз ташқарида дугонаси қолганлигини айтиб безовталанади. Йигитлар Гуляга “дугонангни ҳам чақириб кел” дейишади. У дугонасига Воҳид рухсат бермаслигини айтади. Йигитлар эса “ундай бўлса, ўзини чақир” дея Воҳидни чақириб келишни буюришади. Қиз Воҳидни ичкарига чақириб, ўзи дугонаси билан йўлакда қолади. Воҳид 10 минутлар чамаси вақтдан сўнг аччиқланиб қайтиб чиқади. Ичкарида қандай гап-сўз бўлганлиги қоронғу. Гулянинг гувоҳлик беришича, йигитлар Воҳид чиқиб кетгач, тожикчалаб ўзларича нимадир дейишган. Орадан кўп ўтмай, йигитлардан учтаси купедан чиқиб, тамбурга қараб йўл олишади. У ерда ўтирган Воҳид орқа эшикдан келиб урилган зарбдан гангиб кетади. Тахминий маълумотларга қараганда, биринчи зарб бош мияга урилган. Йигит ўзини ўнглаб олгунга қадар яна икки марта қаттиқ нарса билан орқа мия ҳамда қўлига жароҳат етказилган. Қўрқувдан қичқириб юборган Анжела ҳам шу тарзда азобланган. Жиноятчилар изни ёпиш мақсадида икки жасадни ҳам вагондан улоқтиришга улгуришади. Купеда қолган Гуля хавфсираб дугонасидан хабар олиш учун чиқади. Қараса ҳеч ким йўқ. У ёққа чопади, бу ёққа чопади. Бу ҳақда поезддаги кузатувчиларга ҳам хабар беради. Улар эса парво ҳам қилишмайди. Эртаси куни кундуз соат 12 ларда темирйўлчилар Жиззах йўлида номаълум жасадни топадилар…

— Укам ўша пайтда тирик бўлган. Беҳушлигини кўрганлар “Тез ёрдам” чақириб уни Дўстлик ноҳиясидаги касалхонанинг жарроҳлик бўлимига олиб келишган. Бу ерда бир сутка сақланган. Кўп қон йўқотиб, жон таслим қилган. Тириги ҳам, ўлига ҳам хор бўлган укамнинг жонига куяман. Ўликхонага олиб бориб ташланган-а…

Кейин маълум бўлишича, ўликхонадан марҳумни олиб (яхши одамлар ҳам бор экан, хайрият) Дўстлик ноҳиясидаги “Ёдгорлик” қабристонига кўмишган. Ўша пайтда мен бу ерда шаҳарма-шаҳар сарсон бўлиб юрганман…

Мулоҳаза: Ҳурматли муштарий! Воқеалар тафсилотини ўқиётиб, бир қанча ноаниқликларга дуч келяпсиз. Поезднинг 16-17 вагонлари ўртасидаги йўлакда турган Воҳидни ўласи қилиб калтаклаб, улоқтириб ташлаганлар ким ва уларнинг мақсадлари не эди? Воҳиднинг ҳимоясида турган қизларни тортиб олишмиди? Мухтор нега ҳимояга етиб келмади? Ўзларини бухоролик деб таништирган 6 нафар бухоролик йигитнинг Мухторга қанақа яқинликлари бўлган?

Шубҳасиз, бу фожиа ими-жимида қилинмаган. Маълумотларга қараганда, ўша пайтда вагонда ҳамма уйғоқ бўлган. Бу фожианинг гувоҳлари қизлар қаттиқ қичқиришган ҳам. Лекин ҳеч қаердан ёрдам бўлмаган. На йўловчилар, на вагонлардаги кузатувчилар бунга эътибор беришмаган. Ахир, икки дақиқа ичида икки одамнинг ҳаётини ҳал қилиш осонмиди? Агар бу воқеадан бирор жонзот хабардор бўлмаган, десак янглишамиз. Тирик қолган Гуля, самарқандлик Мухтор исмли йигит, вагондаги кузатувчилар — уларнинг ҳаммалари бу воқеадан воқиф бўлишган. Лекин ҳеч кимнинг аралашгиси келмаган. Икки кишининг тасодифий ўлимига сабабчи бўлган шахслар оғир жиноятчи ёки гиёҳвандлар эмаслигига кафолат бериш қийин. Балки, Воҳиднинг ноҳақликка нисбатан исёнкорлиги ўлимига сабаб бўлгандир?

— Укамни излаб зор қақшаб юрганимга 66 кун бўлди, деганда ён қишлоқлик Бекмурод Худоёровдан мудҳиш хабар эшитдим. Ўша куниёқ — 10 декабрь куни отам билан Тошкентга Бекмурод билан Гуля исмли қиз ўқийдиган гидрометереология билим юрти ётоқхонасига бордик. Қизни топиб, воқеа ҳақида сўрадик. Лекин у бу воқеа ҳақида оғиз очмасликка қаттиқ қасам ичгандек кўринди. 6 сентябрь куни дугонасини топиш учун қидирув берганлигини айтди. Дўстлик ноҳиясидаги ўликхонадан ҳар икки мурданинг жасади топилган. Қизга биз билан Дўстлик ноҳиясига бирга боришини айтганимизда, иссиқроқ кийиниб келаман, деб ғойиб бўлди. Ноилож ундан ҳеч гап ололмагач, ўзимиз укамни беҳуш ҳолда олиб боришган касалхонанинг жарроҳлик, кейин оғир касалликлар бўлимига бордик. Оғир касалликлар бўлимида укамни 15 минут сақлашган экан. Биласизми, ҳатто бу ерда касаллик тарихи ҳам очилмаган…

Ноҳия ички ишлар бўлимига учрадик. Укамни кўмган милиционер Мурод ака Эшмирзаев экан. Жиззах темир йўл вокзалидагилар укамнинг “иши” бўйича ҳужжат Ховос ноҳиясидаги темир йўл прокуратурасида эканлигини айтишди. Танишдим. “Иш”да фақат юзаки маълумотлар тикилган. Гуля исмли қиздан расмий тарзда, ишонарсиз сўроқ олинган, холос. Эксперт хулосаси бу ерда йўқ экан. Лекин воқеа содир бўлган кун ҳақида ҳатто тахминий бўлсада, ҳеч нима йўқ. Поезддаги кузатувчилар сўроқ қилинмаган. Умуман, “иш”га бефарқ муносабатда бўлингани шундоқ кўриниб турибди. Бу фақат кейинчалик марҳумнинг яқинлари учун кўрсатиш учун олдиндан тайёрланган расмий ва юзаки нарса эди.

Наҳотки, 1 октябрь куни қотилликни вагонда ҳеч ким кўрмаган, эшитмаган, билмаган бўлса? Укам забардаст, спортнинг кўп турлари билан шуғулланарди. Уни бир-икки киши эмас, уюшган тўда ўлдирган.

Маълумотларга қараганда, жиноят изи, поезддаги қотилликни аниқлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Ҳасан Очилов қайси бир ташкилот, ички ишлар органлари, касалхоналарга учрашмасин, кўнглига таскин берадиган маълумот ололгани йўқ. Йигитни бўзлатаётган нарса ҳам шу. Жиноят излари эса жуда олисдан бошланган. Ҳасан қаердан нажот изласин, кимга бориб бўзласин? Кўрганлар, билганлар мутасаддилар ҳам жим туришган бўлса. Ҳасан йиғлаб-йиғлаб бутун жумҳуриятимиз фуқароларига “Ёш ленинчи” орқали ўзининг сўровларини ёзишимизни сўради.

Вагонда рўй берган қотиллик ҳақида қаердадир, кимдир бирор нима гапиргандир! Ёки орқаворотдан бирон гап эшитгандир! Майли, исми-шарифлари ҳам керак эмас. Бир оғиз бўлса-да, ҳақиқатни айтсинлар! Укам жиноятчилар қўлида жон берганми?! Овоз беринг, одамлар! Наҳотки, гулдек бир йигит дунёга не-не умидлар билан келиб, изсиз ўлиб кетса?! Менга таскин берадиган хатларингизни кутаман…

Юқорида “Тошкент — Бухоро” поездидаги қотиллик билан боғлиқ воқеа тафсилотларини кузатдингиз. Жиноятнинг илдизлари битта бўлмайди. Сизу бизнинг ҳушёрлигимиз, зийраклигимиз ана шу илдизларга болта уриш. Ён-веримизга синчковлик билан қараш, ҳимоясиз одамни суяш… Воҳид Очиловнинг ўлими билан боғлиқ жиноят изларини очишни фақат унинг акаси Ҳасан Очилов талаб қилиб югуриб, нажот кутиб юрибди. Қотилликнинг қаерда содир бўлганидан қатъи назар, бундай мудҳиш фожиага бефарқ қарамаслигимиз керак. Жиноят илдизларини топишда ҳаммани ҳушёрликка чақирайлик, токи ҳеч бир жиноят очилмасдан қолмасин…

Замира Маматқулова,

Ғузор ноҳияси

_______________________________

(“Ё.л.” газетаси, 33 (13729)-сон,

1991 йил 27 февраль)

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>