• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Уй сотиб олаётганда нималарни эътиборга олиш керак?!

Қарияларимиз бизни “Топганинг тўйга буюрсин” деб алқаганида қанчалар хурсанд бўламиз. Аммо тўй қилувчининг ўз уйи бўлгани маъқул. Чунки уй — ватан. Уйсиз одамларни беватан ҳам дейдилар. Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, қонунларимизда хусусий мулкнинг дахлсизлиги кафолатлаб қўйилгач, “чангиб ётган ун бозори, қўқиб ётган жун бозори” билан бирга ҳаётимизда “уй бозори” деган тушунча пайдо бўлди.

У бозордаги даллоллар — риэлторлар ҳақида махсус қонун ҳам қабул қилинган. Қонунга кўра риэлтор малака сертификатига ва лицензияга эга бўлган, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсдир. Риэлторга лицензия кўчмас мулк бозорида фақат ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш учун берилади.

Таъкидлаш керакки, риэлторлар хизматидан фойдаланганда фирибгарлар тузоғига тушиш, демакки, вақт йўқотиш, катта маблағдан ажралиш хавфи минимум даражада бўлади. Аммо уларнинг хизмати текин бўлмайди, албатта. Кўп ҳолларда яхшигина пул тўлашга тўғри келади. Шунинг учунми, юртимизда уйни мустақил равишда харид қилишни хоҳловчилар сони ҳам кам эмас. Қуйида улар йўл қўядиган айрим хатоларга тўхталамиз.

Аввало квартира сотиб олаётганда шошиш керак эмас, бозорни, ундаги нарх-навони ўрганиш зарур. Чунки баъзилар уйни арзон нархда харид қилишни хоҳлайди-ю, эгаси уни иложи борича қимматроққа сотишни исташини унутиб қўяди. Дарҳақиқат, бозорда гоҳо ўртача нархдан ҳам 20-30 фоиз арзон уйлар учраб туради (қарзни тўлашга пул керак, зудлик билан тўй қилишга тўғри келаяпти ва ҳ. деган сабаблар кўрсатилади), лекин жуда кам.

Шундай бўлса-да, бундай уйларни сотиб олаётганда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Айниқса уй ишончнома орқали сотилаётганда, сотувчи сизни шошилтирганда ёки унинг юзида асабийлик зоҳир бўлганда…  “Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур?” дейди халқимиз.

Кўп учрайдиган хатолардан иккинчиси уйни имкони борича тез сотиб олиш истагидир. Кўчмас мулк кундан кунга қимматлашиб боради деган нотўғри тушунча харидорларни дуч келган уйни сотиб олишга ундайди. Ҳақиқатда эса кўчмас мулк бозорида нарх-наво бунчалик тез суръатда ўзгармайди. Ўз квартирасини иккиламчи бозорда сотувга қўядиган мулкдорлар унинг нархини кескин оширмайдилар, бирламчи бозордаги квартираларнинг баҳоси эса объект қурилиши охирига етгунига қадар аста-секинлик билан ошиб боради.

Квартира жойлашган жой, ҳудуд инфратузилмаси ва транспортнинг узоқ-яқинлиги бошида сизга унча муҳим туюлмаслиги мумкин, аммо уй сотиб олаётганда ана шуларни эътиборга олмасангиз кейинчалик кўп йиллар бир қатор ноқулайликларга чидашингизга тўғри келади.

Агар муайян жой ёки уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлсангиз, у ерни яхши биладиганлар ёки у ерда яшовчилар билан маслаҳатлашганингиз маъқул.

Тажрибанинг кўрсатишича, Тошкент шаҳрида ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида қурилган панелли ва керамзитли уйлардаги квартираларни нархини анча тушириб харид қилиш мумкин. Монолит уйлардаги квартиралар ҳам яхшигина дисконт билан сотилади. Ғиштли уйлар одатда юқори баҳоланади.

Муайян инфратузилмалар: болалар боғчаси, ўйин майдончаси, умумий таълим ёки спорт мактаблари, дўконлар, бозор, автотураргоҳларнинг, қулай транспорт маршрутларининг мавжудлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мабодо квартира ривожланган инфратузилмага эга ҳудудда жойлашган бўлса, уйдан метронинг энг яқин бекатига пиёда 10 дақиқада етиш мумкин бўлса нархни сезиларли даражада туширишларидан умидвор бўлманг. Чунки бундай уйларга талаб ҳамиша катта, шу боис нархи ҳам шунга яраша бўлади.

Ниҳоят инсон феъли ҳақида икки оғиз сўз. Харидорлар уйни кўздан кечираётганда ундан иложи борича кўпроқ камчилик топишга, шунинг ҳисобига нархини туширишга ҳаракат қилишади. Бу жуда қўпол хато. Уйни кўздан кечираётганда ҳеч қачон қилдан қийиқ ахтарманг: аввало квартира эгаси билан тил топиша олмайсиз, ҳатто ундан анъанавий рад жавобини (“ёқмаса олманг”) олишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Хоҳлайдими-йўқми, харидорнинг ўзини қандай тутиши сотувчининг уй нархини қанчалик туширишига ўз таъсирини ўтказади.

Агар харидор ўзига ишонса, сотувчига ҳурмат билан муносабатда бўлса, нархни тушириш сабабларини аниқ асослаб берса ва савдонинг пишишини сабр билан кута олса ниятига етиши тайин.

Нима ҳам дердик, ҳаммани муродига еткарсин.

Ҳасан Карвонли

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>