• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Уй бекаси… эркак

 Бир куни шомдан кейин кўчада тоза ҳавода сайр қилиб юриб, маҳалладош йигит билан танишиб қолдим. Мириқиб суҳбатлашдик. Орадан бир неча кун ўтиб, яна учрашганимизда у қувончини яширолмай деди:

– Отахон, яқинда уйланмоқчиман!

– Яхши, табриклайман! – дедим ва сўрадим:

– Бўлғуси келиннинг исми ким?

– Гулчеҳра.

– Исми чиройли экан, бирон жойда ўқийдими ёки ишлайдими?

– Йўқ, бозорда тирикчилик қилади.

– Сиз ишлайсизми?

– Отахон, ҳозирча бекорчиман, – деди у.

– Унда у қиз сизга турмушга чиқишга қандай рози бўлди?

– Биз уч-тўрт марта учрашдик. Мен ишламаслигимни баҳона қилса керак, деб тўйдан гап очишга тортиндим. Бироқ бир сафар учрашганимизда ўзи гап очиб қолди ва: «Сиз қўрқманг, сизни ўзим боқволаман», деб далда берди, – деди йигит.

Тўғриси, олдин ажабландим, кейин ҳозир бунақалар кўп-ку, деган ўйга бориб, парво қилмадим. Ҳар ҳолда насиҳат қилиб қўйишни жоиз билиб дедим:

– Ўғлим, барибир сиз ҳам ишланг. Эркакнинг топганида барака бўлади. Аёлнинг қўлига қараб қолиш эр йигитга ярашмайди.

Ўшанда унинг савлатига қараб, тоғни урса талқон қиладиган йигитлигига ишонган эдим.

Орадан анча вақт ўтди. Яқинда уни бозорда учратиб қолдим.

– Қизимга сўрғич излаб чиқувдим, – деди у.

– Қиз кўрдингизми?

– Ҳа, бир ёшга етай деб қолди.

– Зўр-ку, ота бўлдим денг! – Уни сидқидилдан табрикладим ва сўрадим:

– Ишлаяпсизми?

– Йўқ.

– Нега?

– Э, отахон, ишлаб нима қиламан?! Гулчеҳрахон ҳар куни камида эллик минг сўм топади. Бир ойда йигирма кун чиқса, бир миллион сўм деяверинг. Бунча ойлик қаерда бор?

Орсиз, ғурурсиз йигит фахрланиб гапирарди.

– Келин нима олиб-сотади?

– Мева-чева. Қўйлиқ бозоридан кўтарасига олиб, кўча ва муюлишларда, пана-пастқам жойларда юриб сотади. Қўйлиқдан ҳар гал ўттиз-қирқ кило олиб келади. Агар тунги соат уч-тўртларда бормаса, мевани арзонроқ ололмайди.

– Аёл кишига шунча юк оғирлик қилмайдими, яна кўчама-кўча юриб сотаркан?!

– Отахон, хотин кишининг жони темирдан ҳам қаттиқ бўларкан, хуфтонда келса ҳам чарчадим демайди. Гулчеҳрахон сўзининг устидан чиқиб, бизни боқаяпти.

Йигит шундай деб беўхшов ишшайиб қўйди.

– Сиз уйда нима иш қиласиз? – сўрадим ундан.

– Қизимга қарайман, кунига уч-тўрт маҳал овқатини бераман, гоҳ тайёр Нестле бўтқасини едирсам, гоҳ сутга манний крупа солиб едираман, йиғласа, аллалаб ёки ҳой-ҳойлаб юпатаман. Уй ишларига ҳам ўрганиб қолдим. Овқат пишираман, кир юваман, йиртиқ-ямоқни тикиш ҳам қўлимдан келади. Яқинда духовкада нон пишириб кўрдим. Ҳозир Гулчеҳрахон уйда бўлган кунлари чучвара тугишни ўргатяпти…

Ўзимни тутиб туролмадим:

– Туғишни-чи, туғишни ўргатмаяптими?! – деб юбордим.

– Бу нима деганингиз?! – У бироз қизишди. – Мен ахир эркакман, эркаклик ғурурим бор, ўйнаб гапирсангиз ҳам ўйлаб гапиринг.

– Ўғлим, мен ўйлаб гапиряпман, сиз келинга жабр қилиш ҳисобига уй бекаси бўлиб қолибсиз, – дедим.

Афсуски, ҳозир бундай оилалар битта-иккита эмас, анча кўп учрайди. Оила боқиш масъулияти эркаклардан кўра аёллар зиммасига тушаётганлиги одат тусига кираётгани ачинарли ҳол, албатта. Бу бизнинг минг йиллик қадриятларимизга тўғри келмайди. Гап аёлларнинг тирикчилик йўлидаги хатти-ҳаракатлари ҳақида эмас, балки дангаса эркакларнинг уй бекасига айланиб қолаётгани хусусида боряпти.

Эҳтиёж туфайлигина аёллар шундай синовларга қолиб, эркаклар уйда бекалик қилишга мажбур бўлишаяпти, деб ўйлаган одам хато қилади. Ҳаёт ташвишлари баъзи аёлларни шундай аҳволга солаётганини инкор этмаган ҳолда шуни айтмоқчимизки, умуман, бундай ҳолат баъзи ўзига тўқ ва ҳаётда қийинчиликка учрамаётган оилаларда ҳамда топармон-тутармон эркаклар ўртасида ҳам кузатилмоқда. Бундай ҳолат охир-оқибатда эркакни аёлмижоз, аёлни эса эркакшода қилиб қўяди. Бу нафақат маънавий қадриятларга, балки оиладаги муҳитга ва фарзандлар тарбиясига ҳам салбий таъсир қилади.

Эркаклик ғурури жисмоний салоҳиятда эмас, аввало, оилага бош бўла билишда намоён бўлади. Оилада отанинг ўз ўрни бўлиши керак. Бу мавқе оилани боқиш ва бошқариш масъулияти билан қадр топади. Ота уй бекасига айланиб қолганида, бу қадр хира тортади. Албатта, ҳар бир эркак оила ишларида ўз аёлига ёрдамлашса, бунинг ёмон жойи йўқ. Бироқ бу ёрдам бутунлай ўрин алмашишдан иборат бўлиб қолмаслиги зарур. Айниқса, фарзандларни тўғри тарбиялашда ота билан она ўз ўрниларида бўлиб, оиладаги маънавий муҳитни муомала ва хатти-ҳаракатлари билан изга солиб туришлари муҳимдир.

Сир эмас, бизнинг миллий қадриятларимиз ҳамда турмуш тарзимизга бутунлай ёт маънавият ва  мафкура таъсир кўрсатишга уриняпти. Бу уринишда оилада аёлнинг эркакдан устунлигини кўрсатишга интилиш бор. Орамизда уларга мойиллик билдираётганлар ҳам йўқ эмас. Бугун уй бекаси бўлиб қолган отанинг олдида диванда чўзилиб ётганича телевизор кўраётган қизлар йўқ дейсизми?! Эртага бу қизлар отага сочини турмаклатиб, кийимларини ювдиришдан ҳам тап тортишмайди. Ҳеч қандай «тараққиёт» ва «замонавийлик» ўзбек оиласида отанинг ўрнини камситмаслиги, айниқса, бунга ўз масъулиятини англаган ота-оналар йўл қўймасликлари керак. Ўзгаларнинг вазиятга ва кайфиятга қараб ўзгариб турадиган турмуш тарзлари ҳамда сунъий равишда ўйлаб топилган одатлари биз учун ибрат бўлолмайди.

Яна бир ҳақиқатни айтиб ўтишга мажбурмиз. Ҳозир ота-онасининг нафақаси ҳисобига яшаб, уй бекасига айланиб бораётган йигитлар ҳам оз эмас. Мен уйда овқат пишириб, кир ювиб, телевизор кўриб, бошқотирма ечиб, отаси ёки онасининг нафақасини интизор бўлиб кутиб ўтирадиган не-не йигитларни учратганимда, ҳайратдан бош чайқайман. Соппа-соғ бўла туриб, эркакнинг уйда бекор ўтириши ёки чошгоҳгача чўзилиб ётиши, оилани боқиш масъулиятини аёли зиммасига юклаб, ўзи уйда бекалик қилиши жуда хунук кўринади.

Бизда аёл ҳамиша оила кўрки, уй бекаси, фарзанд эса оила қувончи бўлиб келган. Шак-шубҳасиз, эркаги бор уйнинг файзи ўзгача. Ишёқмас, дангаса, оилани боқиш ташвиши билан яшамайдиган ва уй бекаси бўлиб қолган, ғурури пуфакдек омонат эркак эса ҳеч қачон уйга файз ва барака кирита олмайди.

Дарвоқе, одам эркакман дейиши билан эркак бўлиб қолмайди. Абдулқодир Бедил айтганидек:

Бўкириш бирла тулкидан чиқмайди қоплон,

Ғурур афсуни эртакдек ўрайди осон.

Иброҳим Норматов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — 1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Abdugafur Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Лўлининг эркаги деб аташади бунақаларни.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>