• Бугунги сана: Shanba, Iyun 24, 2017

Устаси фаранг

Ёқилғи қуйиш шохобчасига бир неча ярд масофа қолганда оёғимни тезлик тепкисидан олиб, тормозни босдим. Орқа ўриндиқда ухлаётган укам Нютон уйғониб қаддини ростлади.

– Ёқилғи кам қолди, – дедим унга. – Ҳали олдинда тупроғ-у жин ургур кактус босган юз милча йўл бор.

Укам оғзини кафтининг орқаси билан тўсиб эснади.

– Ухлаб қолибман, шекилли.

– Донг қотиб ухладинг ўзиям.

У яна эснаганда йўл ёқасидаги уйдан биздан уч-тўрт ёш катта бир йигит чиқиб, машинамиз томон кела бошлади. У бошига гардиши кенг шляпа қўндириб, эгнига коржома кийганди. Уйи бир қаватли, томи ясси, одмигина синчли бино эди. Ёнидаги гаражни ҳам уй билан бирга қуришган бўлса керак. Тарҳиниям битта одам чизган, чамаси.

– Ёқилғининг оддийсидан қўйинг, – дедим у ёнимизга келгач. – Бак тўлгунча қуяверинг.

– Оддийси йўқ, – деди йигит бош чайқаб. – Фақат суперидан бор. Бўладими?

“Майли”, деганимдан кейин у машинанинг туйнукчасини очиб, қопқоғини бурай бошлади.

– Фақат супери бормиш, – дедим укамга энсам қотиб.

– Супериям оддийсидай яхши ёнади, Верн.

– Гапинг тўғрику-я, лекин суперининг бир литри оддийсидан беш сент қиммат туради-да. Бакни тўлдириш учун бир доллар ортиқча сарфлаш керак. Манави нусха атайлаб ёқилғининг қимматини сотаяпти. Чунки гадой топмас бу жойда ёқилғи қуядиган бошқа шохобча йўқ.

– Қўйсанг-чи, Верн. Бир доллар кўпроқ тўласак, пулимиз камайиб қолармиди?

Укам билан тортишиб ўтирмадим. Лекин кейин кўзим шохобчадаги нархлар ёзилган лавҳага тушиб, жаҳлим чиқиб кетди. Бу ердаги супер ёқилғи оддийсидан беш сент эмас, нақд ўн икки сент қиммат тураркан.

Укамга бу расвогарчиликни уқтириб, қанчага тушганимни хомчўт қилиб кўрдим. Уч доллар-у қирқ сент…

– Жин урсин, Нютон, – дедим тутақиб. – Бу одам мени калака қилаяптими?

– Харажатлари кўпроқ бўлса керак-да. Биласан-ку, бунақа шаҳарчада харидор топиш қийин.

– Шаҳарча дейсанми? Атроф ойдала-ку.

Ҳақиқатан ҳам, бу ерда шаҳарча дегулик ҳеч вақо йўқ эди. Йўлнинг бу томонидан синчли бино ва гараж. Нариги томонда реклама тахтасидаги ёзувга қараганда уч-тўрт хил таом ва қадоқланган озиқ-овқат сотиладиган ошхона. Гаражнинг ёнида мотори ечиб олинган, капоти очиқ иккита машина. Ошхонанинг ёнида яна бир машина. Тамом-вассалом.

– Пул ўмариш учун жуда қулай жой эканми, Нют?

– Бу гапни хаёлингдан чиқариб ташла.

– Айтдим-қўйдим-да.

– Арзимаган пулни деб босқинчилик қилиш энди бизга тўғри келмайди, Вернон. Ахир иккаламиз келишиб олгандик-ку. Кечқурун Силвер-ситига етиб оламиз. Жонни Мак Ли у ёқда бизни кутиб турибди. Тонгда эса банкни ўмарамиз. Шунақа келишгандик-ку, тўғрими?

– Тўғри.

– Энди майда ўғрилик ҳақида унут.

– Пулимиз кам қолган, ахир. Юз доллар ҳам чиқмаса керак.

– Юз доллардан кўпроқ.

– Шу ерда чўнтакни қаппайтириб олардик…

– Эртага чўнтагимиз қаппаяди.

Укамнинг гапи тўғри. Лекин тарки одат амри маҳол, дейдилар. Нют иккимиз ёқилғи шохобчалари, ярим тунгача ишлайдиган дўкон ва қовоқхоналарни ўмаришда устаси фаранг бўлиб кетганмиз. Аслида бунинг қийин жойи йўқ – кирасан, тўппонча ўқталиб кассадаги пулни оласан-у, қуённинг расмини чизасан. Унчалик кўп пул тушмасаям, ҳарқалай, бинойидек кун кўришга етади.

Лекин ҳар қандай устаси фаранг ҳам бир кун келиб қўлга тушаркан. Укам иккимиз жазо муддатини штат турмасида ўтказдик, бадқовоқ амакилар роса тавбамизга таянтиришди. Турмадан кўзимиз мошдай очилиб чиқдик. Майда босқинчиликка қайта қўл урмаймиз, деб бир-биримизга сўз бердик. Дўкондан икки юз-уч юз доллар ўмарган одам каттароқ ишга қўл ургандан кўра кўпроқ таваккал қилади. Жонни Мак Лининг бир гапи сира ёдимдан чиқмайди: “Банкни ўмарасанми, новвойхонаними – аслида фарқи йўқ. Лекин банкдан бир қоп пул билан чиқасан, новвойхонадан бир халта нон билан”.

Саватдан шляпа кийган ҳалиги нусха ёқилғи қуйгач, капотни очиб машинамизни кавлаштира бошлади.

– Анави нима қилаяпти, Нют? Тилла қидираяптими? – дедим ҳайрон бўлиб.

– Машинанинг мойини текшираяпти, чоғи.

– Мойимиз тугамаган бўлсин-да, ишқилиб. Йўқса, яна уч-тўрт долларга тушамиз.

Мой тугамаган экан. Шляпали йигит мурватларни бирма-бир текшириб чиқди, ҳатто аккумуляторнинг чангиниям артди.

– Мойи жойида экан, – деди у катта иш қилгандек манглайини артиб. – Ёқилғиниям вақтида қуйдирдинглар. Кейинги шохобчагача ҳали узоқ юрасизлар.

– Хўш, қанча тўлашимиз керак?

Шундай деб чўнтагимга қўл чўздим. Йигит нархини айтгач:

– Вентиляторинглар эскирибди, – деди.

– Вентилятор?

– Ҳа, – деди у бош сермаб. – Уч-тўрт милдан кейин ишламай қолиши мумкин. Ташқарига чиқинглар, кўрсатаман.

Нют иккимиз чиқиб капотнинг тагига қарадик. Шляпали йигит радиаторнинг ортидаги бир матоҳни қўли билан лиққиллатиб кўрсатди.

– Зўрға илиниб турибди. Охирги марта буни қачон алмаштиргансизлар?

Укам иккимиз бир-биримизга қарадик. Биз машинани ўт олдириш-у, тўхтатишдан бошқасини билмасдик. Болалигида Нют ҳатто калитсиз ҳам моторни ёқа оларди. Жуда шўх бола эди ўзиям.

– Агар вентилятор ўчиб қолса, сув пуркагич ишдан чиқади. Радиатор ҳам куйиши мумкин. Маслаҳатим – бу ёғига машинани иложи борича секинроқ ҳайданглар. Тезлик қирқ милдан ошмасин. Ҳар-ҳар замон тўхтаб, моторни совутиб олинглар. Шунда бир амаллаб уйингларга етиб оласизлар.

Бу гаплардан таъби хира бўлган укам вентиляторни яна бир марта кўрсатишни сўради. Шляпали йигит яна уни қимирлатиб кўрсатди.

– Вентиляторни алмаштириш қанча туради? – деди Нют ниҳоят.

– Янгисини ўрнатиш учун кетадиган меҳнат ҳаққини қўшиб ҳисоблаганда ўттиз-ўттиз беш доллар.

– Алмаштириш учун кўп вақт кетадими?

– Йигирма дақиқа кифоя.

– Сиз алмаштириб бера оласизми?

Йигит бир оз ўйланиб турди-да:

– Қараб кўрай-чи, янгиси бормикан, – деб уйи томонга кетди.

– Ҳозир дарров янгисини топиб чиқади, – дедим Нютга.

– Ким билади, балки вентиляторимиз эскиргандир, – деди укам хўрсиниб. – Балки бу нусха ёқилғини қимматга сотгани етмагандек, бизни лақиллатиб ўша матоҳниям пулламоқчидир. Тирикчиликнинг айби йўқ, дейишади-ку.

– Унда ҳозир келганида вентиляторинг бошингда қолсин, деб айт.

– У бизни алдамаётган бўлса-чи, Верн? Ўша матоҳ ростдан ҳам ярим йўлда ишдан чиқиб, даштнинг қоқ ўртасида қолиб кетсак-чи? Агар кун ботгунча Силвер-Ситига етолмасак, Жонни Мак Ли теримизга сомон тиқади-я.

– Гапингда жон бор, лекин арзимаган темир учун ўттиз беш доллар тўласак, чўнтак ҳувиллаб қолади-ку. Агар эртага Жонни Мак Ли банкни ўмариш ниятидан қайтса-чи? Иш йўқ, пул йўқ, хўш, унда нима қиламиз?

– Сенингча, бузуқ машина билан даштда қолиб кетган маъқулми?

Боя айтганимдек, шляпали йигит бирпасда янги вентилятор топиб келди. Кичкина шохобчада дуч келган машинага мос мурватнинг топилиши кишида шубҳа уйғотарди. Бу ҳақида Нютга айтганимда, у елка қисди.

– Ёки бу нусха пулимизни шилаяпти, ёки ростдан ҳам бизга ёрдам бермоқчи.

Йигит вентиляторни алмаштираётганида унинг маслаҳати билан йўлнинг нариги томонидаги ошхонага ўтдик. Ошхонанинг ёнидаги машина аллақачон кетиб бўлганди. Ичкарида малла сочига қизил боғич боғлаган озғин ошпаз аёл тамаки тутатиб, рангли журнал варақлаб ўтирарди. Бир-икки долларли олмали пишириқ ва ўттиз беш сентли кофе буюрдик. Овқатланаётганимизда костюм кийган бўйинбоғли бир киши тамаки учун аёлга бир доллар тўлаб, бор-йўғи йигирма сент қайтим олди.

– Ошнамизнинг ёқилғиси нега бунчалик қимматлигини энди тушундим, – деб шивирлади Нют. – Бу ердан нарса олган одам хонавайрон бўлиши тайин. Ичкиликнинг нархини кўрдингми? Бир шиша “Эйншент” бурбони етти доллар тураркан.

– Қизиқ, тушган пулни қаерда сақлашаркан-а? – дедим укамга кўз қисиб.

– Яна бошлаяпсанми, ака?

– Гапириб ҳам бўлмайдими?

– Сайёҳлар кредит карточка билан тўлайди. Доимий мижозларга озиқ-овқатни насияга беришса керак.

– Биз нақд пулда тўлаймиз-ку?

– Карточка бўлмагандан кейин нақдига тўлаймиз-да.

– Бошқалар ҳам шундай қилишади. Гапимга ишонавер. Озиқ-овқат ва ичкиликка доим нақд пул тўланади.

– Хўп, шундоқ ҳам дейлик. Ҳувиллаган даштнинг ўртасидаги ошхонанинг кассасига бир кунда қанча пул тушиши мумкин?

– Лекин банк ҳам узоқда-да. Даромадни уч-тўрт ҳафтада бир марта олиб боришса керак.

Нют ўйланиб қолди.

– Балки шундайдир. Аммо биз майда босқинчиликка қайта қўл урмаймиз, деб келишиб олганмиз.

Овқат пулини тўлаганимиздан кейин Нют ошпаз аёлга жилмайиб, олмали пишириғини мақтади-да: “Эрингиз машинамизни яп-янгидай қилиб таъмирлаяпти”, деди.

– Ҳа, у қўлигул уста, – деди аёл бош сермаб.

– Айтинг-чи, у бу ерга келган ҳамма машиналарнинг вентиляторини алмаштирадими?

– Билмасам, – деди аёл. – Машинанинг ашқол-дашқолларини мен яхши тушунмайман. У – уста, мен эса ошпазман. Ҳамма ўз ишини қилгани маъқул.

Йўлни кесиб ўтаётганимизда Нют пулларимиздан иккита йигирматаликни ажратиб, кўкрак чўнтагига солди. Ёқилғи ҳақини эслатганимдан кейин истаб-истамай яна битта йигирматалик қўшди-да, қовоғини солиб, қолган пулимизни ҳисоблай бошлади.

–Эртага Жонни Мак Ли ваъдасининг устидан чиқмаса, ҳолимиз хароб, – деди у.

– Жонни бир сўзли йигит.

– Айтишимча, банкни ўмарсак, ҳар биримизга камида йигирма мингдан тегаркан.

– Бу ёғига майда ўғрилик ҳақида ўйламасак ҳам бўларкан унда.

– Ана энди ўзингга келаяпсан, Верн.

Нют жилмайиб елкамга қоқиб қўйди. Кейин машинамизни таъмирлаётган шляпали йигитнинг олдига бордик. У ишшайиб қўлидаги занглаган мурватни кўрсатди.

– Бу эски вентиляторларнинг манави ерини бураб кўринглар. Нют иккимиз галма-галдан бураб кўрдик.

– Буралмаяпти, тўғрими? Бунақа вентилятор билан шохобчага қандай етиб келдинглаб, ҳайронман, – йигит шундай деб эски вентиляторни темир-терсак уюмига улоқтирди.

Балки у бизни лақиллатаётгандир, деб ўйладим ичимда. Балки вентиляторнинг ўша ери аслида буралмас? Ҳозир ташлаган матоҳи бизнинг вентилятор бўлмаса-чи? Нютга қарасам, уям ўйланиб турибди. Турмада машина таъмирлашни ўргатишмагани чатоқ бўлди-да. У ёқда мени кир ювишга, Нютни эса почта халталарини тикишга мажбур қилишганди.

– Майли, деди Нют чўнтагидан учта йигирматаликни чиқариб. Ёқилғига ўн олти доллар. Вентилятор ўттиз-ўттиз беш доллар туради, дедингиз. Шунда ҳаммаси қанча бўлади?

Саксон беш доллар бўларкан. Чунки йигит машинамизга эллик икки долларлик вентилятор ўрнатибди. Меҳнат ҳаққи – ўн икки доллар. Бунинг устига устамиз моторнинг камари ва радиатор қувуриниям алмаштирибди.

– Мана эски қувурларинг, – деб у темир-терсак уюми орасидан илма-тешик бир матоҳни олиб кўрсатди.

– Алмаштиришдан аввал биздан сўрамабсиз-да? – дедим мен.

– Овқатланаётгандинглар, халал бергим келмади.

– Жуда ғамхўр одам экансиз.

– Буларни алмаштирмаганимда бари-бир ярим йўлда қолиб кетардинглар. Майли, агар хоҳласанглар янгисини ечиб, эски қувурингларни ўрнатиб бераман.

Биз бунга кўнмадик, албатта. Нют менга савол назари билан қаради-да, кейин истар-истамас чўнтагини кавлаб, бояги пулга яна ўттиз доллар қўшди.

– Нима ҳам дердик, тўғри қилибсиз, уста, – деди у хўрсиниб. – Буёғига ярим йўлда қолиб кетмаслигимиз аниқ. Машинанинг бошқа бузуқ жойи қолмади-ми?

– Яна бир жойи чатоғроқми дейман-да… – деди уста интилиб.

– Қаери? – укам иккимиз баравар сўрадик.

– Ҳозир кўрсатаман.

У шундай деб гидравлик кўтаргич билан машинани бир оз кўтариб ўзи тагига кирди.

– Манави ерига қаранг. Кўраяпсизми, олдинги амортизаторнинг учидаги резина узилиб кетган. Бу аҳволда амортизатор машинанинг корпусини тешиб юбориши мумкин. Янгисини қўймаса бўлмайди.

Биз ҳам энгашиб машинанинг тагига қарадик. Кейин укам билагимдан ушлаб мени четга тортди:

– Акам иккимиз бир маслаҳатлашиб олайлик.

– Хўш, бунисига нима дейсан? – деди у нарироққа ўтганимизда. – Бу нусха ғирт қаллобга ўхшайди.

– Лекин у алмаштирган мурватларнинг бари яроқсиз эди-да.

– Ким билади, балки бизга манави темир-терсакнинг орасида минг йил ётган матоҳларни кўрсатгандир.

– Бўлиши мумкин…

– Амортизаторнинг резинасиниям ўзи суғуриб ташлаган бўлса-чи?

– Хуллас, бу одам ё учига чиққан фирибгар, ё ўта виждонли уста.

– Виждонли эмаслиги аниқ. Виждони бўлса, ёқилғига отасининг нархини қўймасди. Ошхонада хотини ишлаётганиниям айтган бўларди.

– Энди нима қиламиз? Амортизаторгаям пул тўласак, чўнтак қуриши аниқ.

Устадан амортизаторни алмаштириш қанча туришини сўрадик. У қаламча билан бир парча қозозга ёзиб ҳисоблади. Янгисини ўрнатиш учун кетган меҳнат ҳақи ва қўшимча қиймат солиғи билан бирга қирқ беш доллар бўларкан. Укам иккимиз қолган пулимизни ҳисобладик.

Амортизаторгаям пул тўласак, чўнтакда бор-йўғи уч доллар қоларкан.

Шунда мен укамга қарадим. У эса, нигоҳимдан нима қилмоқчилигимни дарров тушунди. Бари ҳал бўлганди…

Шляпали йигитга амортизаторниям алмаштиришга рухсат бердик-да, ошхонага бориб товуқ гўштидан пиширилган қиммат таомни буюрдик. Пиво ва кофе билан уни паққос туширгач, пулини тўлаб пинак бузмай ортга қайтдик.

Устамиз ҳар галгидек, келишимизга машинанинг янги бузуқ жойини топиб қўйганди. Бу сафар у бўйнини қашиб, орқа ғилдиракнинг амортизаториям ишдан чиқай, деб қолганини айтди.

– Биз акам билан барини келишиб олдик, сэр, – деди Нют унга. – Шу пайтгача машинамизнинг техник ҳолатига ҳеч аҳамият бермаган эканмиз. Транспорт воситасига нисбатан бундай муносабатда бўлиш ярамайди, албатта. Орқа амортизатор бузилган бўлса униям алмаштира қолинг.

– Мой филтриниям янгиласам-чи?

– Бемалол. Машинанинг қаерини янгилаш керак бўлса, янгилайверинг. Тўғри, бизнинг ортиқча вақтимиз ҳам, пулимиз ҳам йўқ. Лекин сиздай қўлигул устага учраган эканмиз, қанча керак бўлса, шунча кутишга тайёрмиз. Биз анави дарахт соясида ўтириб турамиз. Сиз ишлайверинг.

Шундай деб Нют иккимиз сояга ўтдик-да, “кола”дан ҳўплаб кута бошладик. Шляпали нусха ҳар-ҳар замонда олдимизга келиб машинанинг яна қаерида камчилик топганини айтар, биз эса, елка қисиб: “Тузатаверинг”, дердик.

– Машинамизнинг шунча бузуқ жойи борлигини билмаган эканман, – деди Нют ишшайиб.

– Таъмирдан чиққач, яп-янгидек ярқираб кетса керак.

– Анави нусха рулнинг ёнидаги соат-у кулдондан бошқа ҳамма нарсани янгилаяпти, шекилли.

– Унга соат ҳақида гапира кўрма, – дедим Нютга кулиб. – Йўқса, бу ерда бир йил қолиб кетамиз.

Шляпали фирибгар икки соат-у йигирма дақиқадан кейин ниҳоят ишни тугатиб, ёнимизга келди. Қўлидаги қоғозга алмаштирган ҳамма ашқол-дашқолларининг нархи ёзилганди. Хуллас, барини қўшиб ҳисоблаганда 277 доллар-у 45 сент тўлашимиз керак эди.

– Анчага тушибмиз-ку, – дедим мен.

– Меҳнати оғирлигини ўзингиз кўрдингиз, – деди йигит шляпасини пешонасига тушириб. – Бунинг устига, эҳтиёт қисмлар ҳам қиммат туради.

– Тўғри айтасиз, – унинг гапини маъқуллади Нют. – Ҳозир машинадан пулни олиб келамиз.

Укам иккимиз машинага қараб юрдик.

– Дунёнинг ишлари қизиқ-да, – деди Нют хўрсиниб. – Одамни ўзи хоҳламаган ишни қилишга мажбурлашади-я. Биз, ахир, бу ерга машинага ёқилғи қуйдириш учун келгандик-ку, тўғрими?

– Тўғри айтасан.

– Мана, оқибати, – у орқа эшикни очиб ғаладондан 38-калибрли тўппончани олди. Менга эса, 32-калибрлисини узатди. – Мен уста билан ҳисоб-китоб қиламан. Сен бориб ошхонадан ичкилик олиб чиқ. Кейинги дўконгача ҳали анча бор. Томоқ қақраб қолмасин.

Кулиб, унинг елкасидан қоқиб қўйдим-да, тўппончани чўнтакка солиб ошхонага қараб юрдим.

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>