• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Мартин Лютер Кинг: “Умидим шулдирки…”

Бугун биз сояи давлатида йиғилган буюк америкалик бундан юз йилча аввал Негрларни озод қилиш тўғрисидаги прокломацияни имзолаган эди. Бу муҳим фармонга адолатсизликнинг куйдирувчи тафтида жизғанак бўлган миллионлаб қора қуллар улуғвор умид маёғи сифатида қарадилар. Уни шодлик тонги, узоқ давом этган асирлик кечасининг интиҳоси деб қабул қилдилар.

Аммо орадан юз йил ўтган бўлса-да, ғоят нохуш бир фактни тан олишимиз керак: негр ҳамон озод эмас. Афсуски, орадан юз йил ўтган бўлса-да, негрнинг ҳаёти ҳамон сегрегация кишанлари ва дискриминация занжирлари билан зимистонга айлантирилмоқда. Орадан юз йил ўтган бўлса-да негр фаровон ҳаёт уммонининг ўртасидаги қашшоқлик оролида кунини кўрмоқда. Юз йилдан буён негр америка жамиятининг пана-пастқам хилватларида эзилмоқда ва ўз ерида сиғинди мақомида яшамоқда. Бугун биз бу ерга айнан шунинг учун, вазиятнинг нақадар аянчли эканини таъкидлаш учун келдик.

Биз давлатимиз пойтахтига рамзий маънода чек бўйича нақд пул олишга келдик дейишимиз мумкин. Бир пайтлар республикамизнинг тамал тошини қўйганлар Мустақиллик декларацияси ва конституциядаги чиройли сўзларни ёзишар экан, бу билан ҳар бир америкаликка мерос бўлиб қоладиган ўзига хос векселни имзолашган эди. Ушбу вексел билан ҳамма одамларга яшаш, озод яшаш ҳуқуқи, фаровон турмуш кафолатланган эди.

Бугун шу нарса аниқ бўлдики, Америка ўзининг рангли фуқароларига ушбу вексел бўйича тўловни амалга оширишга қодир эмас экан. Қиёмат қарзини қайтариш ўрнига Америка негрларнинг қўлига сохта чек тутқазди, уни эса «маблағ етишмайди» белгиси билан қайтардилар. Аммо биз адолат банки касод бўлганига ишонмаймиз. Улкан имкониятлар хазинасига эга давлатимизда маблағ етишмаслигига ишонмаймиз. Шунинг учун ушбу чек бўйича ҳақимизни олгани келдик, бу чек бўйича бизга эркинлик ганжи ва одиллик кафолати берилиши керак. Биз бу ерга, бу муқаддас жойга яна Америкага бугунги куннинг қатъий талабини эслатиш учун ҳам келдик.

Ҳозир кўнгилга таскин берадиган чоралар билан ёки тадрижий қарорлар шаклидаги тинчлантирувчи дорини ичиш билан қаноатланиб қоладиган пайт эмас. Сегрегациянинг зим-зиё водийсидан ирқий адолатнинг чароғон йўлига чиқиш вақти келди. Ҳаммага имкониятлар эшигини очиш мавриди келди. Бизнинг миллатимизни ирқий адолатсизликнинг билқиллама қумлоқларидан биродарликнинг мустаҳкам қоясига олиб чиқиш фурсати етди.

Негрларнинг қатъиятини етарлича баҳоламаслик ва ушбу фурсатнинг жуда ҳам муҳимлигини эътиборга олмасликнинг оқибати давлатимиз учун ғоят хавфли бўлиши мумкин. Эркинлик ва тенгликнинг руҳлантирувчи кузи келмагунча негрларнинг ҳақли норозилигининг жазирама ёзи тугамайди. 1963 йил интиҳо эмас, ибтидодир. “Негр бир қизишиб кетди-да, энди совуйди” деб ўйлаётганлар қаттиқ адашади, чунки бизнинг миллат бундан буён эскича яшай олмайди. Негрга унинг фуқаролик ҳуқуқлари берилмагунча Америка тинчлик-хотиржамлик нималигини билмайди. Адолатли ёруғ кун келмагунча инқилобий бўронлар давлатимиз асосларини зириллатаверади.

king_umidim_uldirki_4Адолат саройининг табаррук остонасида турган халқимга айтадиган яна бир гапим бор. Ўзимизнинг ҳаққоний ўрнимизни эгаллаш жараёнида бизни ножўя ҳаракатларда айблашларига замин яратиб бермаслигимиз керак. Келинг, озодликка бўлган ташналигимизни алам ва нафрат косасидан сув ичиб қондирмайлик.

Биз ҳамиша ўз курашимизни ўз қадримизни билган ва тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда олиб боришимиз керак. Эзгу мақсад кўзланган норозилигимиз зўравонликка айланиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур.

Биз жисмоний кучга руҳий куч билан жавоб бериб, улуғвор юксакликка эришишга ҳаракат қилишимиз лозим. Негрлар жамиятида ҳукм сураётган фавқулодда жанговарлик барча оқ одамларда бизга нисбатан шубҳа, ишончсизлик уйғотмаслиги керак, чунки бизнинг оқ биродарларимизнинг кўпчилиги уларнинг тақдири бизнинг тақдиримиз билан чамбарчас боғлиқлигини, уларнинг эркинлиги бизнинг эркинлигимиз билан муқаррар равишда боғлиқлигини англаб етишган, уларнинг бугун шу ерда ҳозир бўлганлиги шундан далолат беради. “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донги чиқмас” деганларидай, биз ўзимиз ёлғиз мақсадга эриша олмаймиз. Ҳаракатни бошлар эканмиз, нима бўлганда ҳам олға интилишга қасамёд қилишимиз керак.

Биз ортга қайта олмаймиз. Фуқаролик ҳуқуқларининг фидойи ҳимоячиларидан “Сиз қачон тинчийсиз?” деб сўровчилар бор. Узоқ сафар туфайли йўл азобини тортган биродарларимиз ҳордиқ чиқариш учун йўл бўйидаги мотеллар ва шаҳар меҳмонхоналаридан қўноқ олмагунча биз ҳеч қачон тинчимаймиз. Негрнинг бир жойдан бошқа жойга кўчишининг асосий тури кичик геттодан катта геттога кўчиш бўлиб қолаверер экан, биз тинчимаймиз. Миссисипидаги негр овоз бера олмас экан, Нью-Йоркдаги негр эса овоз беришда маъни йўқ деб ҳисоблашда давом этар экан, биз тинчимаймиз. Йўқ, адолат ариғи, одиллик дарёси тўлиб оқмас экан, биз ҳеч қачон тинчимаймиз, хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ.

king_umidim_uldirki_3Кўпчилигингиз бу ерга оғир кўргилик ва азоб-уқубатларни бошдан кечириб келганингизни ҳеч қачон унутмайман. Баъзиларингиз турманинг тангу-тор камераларидан тўғри шу ерга келгансиз. Баъзиларингиз озодликка интилишингиз туфайли бошингизга полициянинг қаҳру-ғазаби ва таъқиб тошлари ёғилган жойлардан келгансиз. Сиз ҳақ йўлида узоқ вақт дард чеккан одамларсиз. Ноҳақ чекилган азоб-уқубатнинг ажри борлигига ишонган ҳолда ишлашда давом этинг.

Миссисипига қайтинг, Алабамага қайтинг, Луизианага қайтинг, шимолий шаҳарларимиздаги геттолар ва хароб маҳаллаларга қайтинг, билингки, бу вазият қандай бўлмасин ўзгариши мумкин ва албатта ўзгаради. Келинг, умидсизлик гирдобида қийналмаймиз.

Қулоқ солинг, дўстларим, шунча қийинчилик ва кўнгилқолишларга қарамай менинг бир умидим бор. Бу Америка орзусига чуқур сингиб кетган умиддир.

Умидим шулдирки, миллатимиз қаддини тик тутадиган ва унинг “Ҳамма одамлар тенг ҳуқуқли қилиб яратилган” деган ақидаси рўёбга чиқадиган кун келади.

Умидим шулдирки, кун келиб Жоржиянинг қирмизи заминида собиқ қулларнинг болалари билан собиқ қулдорларнинг болалари биродарлардай бир дастурхон атрофида ўтира оладиган бўладилар.

Умидим шулдирки, кун келиб ҳатто адолатсизлик ва жабр-зулмдан тинкаси қуриган Миссисипидек саҳройи штат ҳам адолат ва озодлик чечаклари гуллаб-яшнаган воҳага айланади.

Умидим шулдирки, кун келиб менинг тўрт болам уларга терисининг рангига қараб эмас, бор фазилату қусурларига қараб баҳо бериладиган мамлакатда яшайдиган бўлади.

Бугун менинг бир умидим бор.

Умидим шулдирки, кун келиб ҳозирги губернатор штатнинг ички ишларига аралашмоқдалар, конгресс қабул қилган қонунларнинг бизга дахли йўқ, уларни тан олмаймиз дея иддао қилаётган Алабама штатида вазият ўзгариб, жажжи-жажжи қора болакайлар ва қизчалар жажжи-жажжи оқ болакай ва қизчалар билан худди ака-ука ва опа-сингиллардай қўл ушлашиб юрадиган бўладилар.

Бугун менинг бир умидим бор.

Умидим шулдирки, кун келиб барча пастликлар кўтарилади, ҳамма тепалик ва тоғлар пасаяди, қир-адирлар текисликка айланади, қияликлар текисликка дўнади, Оллоҳнинг буюклиги кўз ўнгимизда намоён бўлиб, барча бандалар биргаликда бунинг гувоҳи бўладилар.

Биз шундан умидвормиз. Жанубга мен шундай ишонч билан қайтаман. Шу ишонч билан биз чорасизлик тоғидан умид тошини кесиб ола оламиз. Шу ишонч билан биз халқимизнинг ғала-ғовур овозини биродарликнинг ажойиб симфониясига айлантира оламиз. Шу ишонч билан биз биргаликда меҳнат қила оламиз, биргаликда ибодат қила оламиз, бирга кураша оламиз, турмага бирга кета оламиз, бир кунмас-бир кун озод бўлишимизни билган ҳолда озодликни биргаликда ҳимоя қила оламиз.

DISTRICT OF COLUMBIA, UNITED STATES - AUGUST 28: Dr. Martin Luther King Jr. addressing crowd of demonstrators outside the Lincoln Memorial during the March on Washington for Jobs and Freedom. (Photo by Francis Miller/Time & Life Pictures/Getty Images)
DISTRICT OF COLUMBIA, UNITED STATES – AUGUST 28: Dr. Martin Luther King Jr. addressing crowd of demonstrators outside the Lincoln Memorial during the March on Washington for Jobs and Freedom. (Photo by Francis Miller/Time & Life Pictures/Getty Images)

Бу барча одамлар ушбу сўзларга янгича маъно бахш этиб куйлай оладиган кун бўлади: “Эй она диёрим, озод, ҳур замин, мен сени мадҳ этгум. Аждодларим хоки ётган муқаддас тупроқ, сайёҳларнинг фахри бўлган замин, барча тоғ ёнбағирларида озодлик таронаси таралсин”.

Америка буюк мамлакат бўлиши учун айтганларим рўёбга чиқиши шарт.

Нью-Хемпширнинг ажойиб тепаликлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Нью-Йоркнинг азим тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Пенсилваниянинг пурвиқор Аллеган тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Колорадонинг қорли Қояли тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Калифорниянинг эгри-бугри тоғ чўққилари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Теннессидаги Лукаут тоғи узра озодлик қўшиғи янграсин!

Миссисипидаги ҳар бир тепалик ва тепача узра озодлик қўшиғи янграсин!

Ҳар бир тоғ ёнбағрида озодлик қўшиғи янграсин!

Озодлик қўшиғи янграшига, унинг ҳар бир қишлоқ ва овулда, ҳар бир штат ва ҳар бир шаҳарда янграшига имкон берсак, ҳамма одамлар, қоралар ва оқлар, яҳудийлар ва мажусийлар, протестантлар ва католиклар бир-бирларининг қўлларидан тутиб негрларнинг қадимги маънавий гимнини куйлай оладиган кун келишини тезлаштира оламиз: “Ниҳоят биз озодмиз! Ниҳоят биз озодмиз! Қодир эгамга минг қатла шукур, ниҳоят биз озодмиз!”.

Мартин Лютер Кинг,

1963 йил 28 август

__________________________

Tafsilot.uz маълумоти:

Мартин Лютер Кинг бу нутқни 1963 йил 28 августда негрлар иш ўринлари ва озодлик истаб Вашингтонга юриш қилган вақтда Линколн ҳайкалининг пойида сўзлаган. Бу Америкада 1955 — 1968-йиллари давом этган фуқаро ҳуқуқлари учун кураш ҳаракатидаги энг муҳим палла эди. Кингнинг нутқи Америка тарихидаги энг яхши нутқлардан бири ҳисобланади.

Ҳасан Карвонли таржимаси


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Сохиб Жавоб бериш
    2 yil олдин

    «негр» сўзини «қора танли» деб алмаштиришга нима дейсиз?

  • Bobirjon Жавоб бериш
    9 oy олдин

    Umuman olganda I have a dream deb xitob qiladi Martin Lyuter. Buni tarjimasi o’zizga ma’lum. Umidim shuldirki deb badiiy jixatdan bezab ma’nosini uzoqlashtirmang

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>