• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Уинстон Черчилл (1946 йил 5 март, Фултон, АҚШ). 2-қисм

(Давоми. Нутқнинг боши: 1-қисм)

Аммо биз ўзимизга бериб кўришимиз керак бўлган бир муҳим савол бор.АҚШ ва Британия ҳамдўстлиги ўртасидаги қалин муносабатлар айни пайтда уларнинг Жаҳоний Ташкилотга содиқ қолишларига халал бермайдими? Менинг жавобим шу: бундай муносабатлар, аксинча, мазкур ташкилотнинг мақоми ва қудратини оширишнинг, эҳтимол, бирдан-бир чорасидир. АҚШ, Канада ва Жанубий Америка республикалари ўртасида ўзига хос муносабатлар мавжуд. Биз ҳам Россия билан ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам кўрсатиш тўғрисида 20 йиллик шартнома тузганмиз. Мен Буюкбритания ташқи ишлар вазири жаноб Бевиннинг гапига қўшиламан, унинг фикрича, агар хоҳласак бу шартномани 50 йилга ҳам тузишимиз мумкин. Бизнинг ягона мақсадимиз ўзаро ёрдам кўрсатиш ва ҳамкорлик қилишдир. Бизнинг Португалия билан иттифоқимиз 1384 йилдан бери амал қилади ва ўтган урушнинг оғир дамларида анча фойда берди. Ушбу битимларнинг ҳеч бири жаҳон миқёсидаги муросаи мадоранинг умумий манфаатларига зид эмас. Аксинча, улар БМТ ишига кўмаклашиши мумкин. «Оллоҳнинг уйида ҳаммага жой етади». Бирлашган Миллатлар ўртасидаги бирон-бир мамлакатга қарши қаратилмаган ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига мос келмайдиган режаларни ўз ичига олмаган алоҳида муносабатлар нафақат зарарсиз, балки, менимча, фойдали ва керакли ҳамдир.

Мен Тинчлик қасри ҳақида гапирган эдим. Бу қасрни барча мамлакатларнинг меҳнаткашлари барпо этишлари керак. Агар ушбу бинокорларнинг иккитаси бир-бирини жуда яхши билса, эски дўстлар бўлса, агар улар қуда-анда бўлиб кетган бўлсалар, ўтган куни қаердадир кўзим тушганидек «агар улар бир-бирларининг мақсадлари рўёбга чиқишига, келажаги порлоқ бўлишига ишонсалар, бир-бирларининг яхшисини ошириб, ёмонини яширишга уринсалар», унда нега умумий мақсад йўлида дўст ва ҳамкор сифатида биргаликда ишлай олмас эканлар? Нега улар иш қуролларидан биргаликда фойдаланиб, бир-бирларининг меҳнат қобилиятини ошира олишмас экан? Улар нафақат шундай қила олишади, балки шундай қилишлари шарт, акс ҳолда қаср барпо бўлмайди ёки нўноқ шогирдлар томонидан қурилган тақдирда ҳам тезда қулайди ва биз яна, таассуфки, учинчи марта уруш жабр-ситамларини бошдан кечиришга мажбур бўламиз. Унда кечагина тугаган урушнинг машаққатлари бу галгисининг олдида ҳолва бўлиб қолади.

Ўрта асрлар даври қайтиши мумкин, илм-фаннинг ярқироқ қанотларида тош асри қайтиб келиши мумкин, инсониятга ҳозир беҳисоб моддий бойлик келтириши мумкин бўлган нарса унинг буткул йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун сизни огоҳ бўлишга даъват этаман. Эҳтимол, вақт жуда оз қолгандир. Келинг, жуда кеч бўлмасидан мудҳиш воқеалар юз беришига йўл қўймаймиз. Модомики, биз мен ҳозиргина гапириб ўтганимдек иккала мамлакатимизнинг ҳам қудратини оширадиган ва хавфсизлигини таъминлайдиган қардошларча иттифоқ бўлишини хоҳлар эканмиз, келинг, шундай қиламиз, бу улуғ иш бутун дунёга маълум бўлсин ва тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилсин. Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул.

Дунёнинг иттифоқчилар ғалабасидан сўнг яқиндагина ёришган юзига яна соя тушди. Совет Россияси ва унинг халқаро коммунистик ташкилоти яқин келажакда нима қилмоқчи эканини ва уларнинг босқинчилик ва бузғунчиликка интилишларининг чеки бор-йўқлигини ҳеч ким билмайди. Мен шавкатли рус халқига ва уруш давридаги дўстим маршал Сталинга тан бераман ва уларни жуда ҳурмат қиламан. Англияда — бу ерда ҳам шундайлигига шубҳам йўқ — Россиянинг барча халқларига чуқур ҳамдардлик билан, яхши ният билан қарайдилар ва мустаҳкам дўстона муносабат ўрнатиш учун кўплаб келишмовчилик ва зиддиятларни енгиб ўтишга тайёрдирлар. Биз Россия Германия яна тажовуз қилишидан хавфсирашини, шу боис ўзининг ғарбий чегаралари хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини тушунамиз. Биз уни ўз ўрнида — жаҳоннинг етакчи давлатлари орасида кўришдан хурсандмиз. Биз денгизларда унинг кемаларини кўрсак олқишлаймиз. Энг аввало биз Атлантиканинг ҳар иккала томонидаги халқларимиз ва рус халқи орасидаги доимий, қалин ва мустаҳкамланиб борувчи алоқаларни маъқуллаймиз. Бироқ мен сизга Европадаги ҳозирги аҳвол ҳақидаги баъзи фактларни баён қилиб беришни ўз бурчим деб биламан. Сиз уларни менга қандай тақдим этишса шундай ҳикоя қилиб беришимни хоҳлаётганингизга аминман.

Қитъада Болтиқ денгизи соҳилидаги Штеттин шаҳридан то Адриатика денгизи бўйидаги Триест шаҳригача темир парда тортилди. Марказий ва Шарқий Европадаги қадимий давлатларнинг барча пойтахтлари — Варшава, Берлин, Прага, Вена, Будапешт, Белград, Бухарест, София парданинг у томонида. Ушбу машҳур шаҳарларнинг ҳаммаси ва уларнинг теварак-атрофидаги аҳоли совет таъсир доираси деб аталадиган ҳудудда қолиб кетишди, уларнинг барчаси у ёки бу шаклда нафақат совет таъсири, шунингдек Москванинг салмоқли ва тобора кучайиб бораётган назорати остидадирлар. Фақат абадий шон-шарафга бурканган Афинагина Британия, Америка ва Франция кузатувчилари иштирокида сайловда ўз келажагини ўзи эркин белгилай олади. Руслар ҳукмронлигидаги Полша ҳукумати Германияга қарши улкан ва адолатсиз суиқасдга гижгижланаяпти, бу эса миллионлаб немисларнинг оммавий равишда ўта ачинарли ва мисли кўрилмаган кўламда қувғин қилинишига олиб келмоқда. Шарқий Европанинг ушбу давлатларидаги камсонли коммунистик партиялар аъзолари сонига мутлақо номутаносиб бўлган фавқулодда кучга эга бўлиб, ҳамма жойда тоталитар назорат ўрнатишга интилмоқдалар. Мазкур давлатларнинг деярли барчаси зўравон ҳукуматлар томонидан бошқарилмоқда, шу кунгача уларда ҳақиқий демократия йўқ, Чехословакия бундан мустасно. Туркия ва Эрон уларга Москва ҳукумати томонидан билдирилаётган эътироз ва кўрсатилаётган босимлардан чуқур хавотир ва ташвишга тушиб қолишган. Берлинда руслар босиб олинган Германиянинг совет зонасида сўл немис раҳнамолари гуруҳларига махсус имтиёзлар бериш орқали квазикоммунистик партия тузишга уринишмоқда.

Бултур июн ойидаги жанглардан сўнг Америка ва Британия армиялари илгари эришилган келишувга мувофиқ деярли 400 милга чўзилган фронт бўйлаб ғарбга, баъзи жойларда 150 милгача ичкарига чекиндилар. Келишувга кўра ғарб давлатлари эгаллаган бу кенг ҳудуд бизнинг рус иттифоқчиларимиз ихтиёрига ўтди. Агар ҳозир совет ҳукумати биртомонлама хатти-ҳаракатлари билан ўз зонасида коммунистпараст Германия давлатини тузишга уринса, бу Британия ва Америка зоналарида янги жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради ҳамда мағлубиятга учраган немисларга советлар ва ғарб давлатлари ўртасида ўйин қилиш имконини беради. Буларнинг бари бор гаплар, улардан қандай хулоса чиқармайлик, Европа унинг учун биз курашган ва озод этган ўша озод Европа, мустаҳкам тинчлик ўрнатиш учун зарур шарт-шароитга эга Европа бўлмаслиги аниқ.

Дунёнинг хавфсизлиги Европада янги ҳамжиҳатликка эришишни тақозо қилади, ундан ҳеч бир тарафни батамом четга суриб қўйиш керак эмас. Европадаги ушбу қудратли икки асосий ирқ ўртасидаги низолар туфайли илгари қанча қирғинбаротлар бўлган, кўз ўнгимизда жаҳон урушлари бўлиб ўтди. Умримиз мобайнида икки марта Қўшма Штатлар ўз хоҳиши ва анъаналарига хилоф равишда, яққол кўриниб турган далилларга қарши ўлароқ даҳшатли хунрезликлар ва йўқотишларга қарамай ҳақ ишнинг ғалабасини таъминлаш учун енгиб бўлмайдиган кучлар томонидан ушбу урушларга жалб этилди. Икки марта Қўшма Штатлар ўзининг миллионлаб ёшларини Атлантика океанининг нарёғидаги урушга жўнатишга мажбур бўлди. Бироқ ҳозирги вақтда ҳар қандай мамлакат, мағрибу машриқнинг қаерида жойлашганидан қатъи назар, уруш балосига йўлиқиши мумкин. Биз шубҳасиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида, унинг низомига мувофиқ Европани ялпи тинчитишдек улуғ мақсад йўлида ҳаракат қилишимиз керак. Бу, менинг фикримча, ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга сиёсатдир.

Европани кўндалангига ажратиб қўйган “темир парда”нинг бошқа тарафида хавотирланиш учун бошқа сабаблар бор. Италияда коммунистик партиянинг фаолияти коммунистлар таълимини олган маршал Титонинг Адриатика марказидаги Италиянинг собиқ ҳудудига қилаётган даъвосини қўллаб-қувватлаш зарурати туфайли танг аҳволга солиб қўйилган. Шунга қарамай Италиядаги вазият ноаниқлигича қолмоқда. Бундан ташқари, тикланган Европани қудратли Франциясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Умр бўйи мен дунёда қудратли Франция мавжуд бўлишининг тарафдори бўлиб келдим, ҳатто энг оғир кунларда ҳам унинг келажаги порлоқ бўлишига ишонганман. Бунга ҳозир ҳам ишонаман. Лекин Россия чегараларидан олисда жойлашган кўпгина мамлакатларда коммунистик бешинчи колонналар тузилган. Улар батамом ҳамжиҳатликда, коммунистик марказдан олинадиган кўрсатмаларга тўла бўйсунган ҳолда иш қиладилар. Коммунистик партиялар ёки бешинчи колонналарнинг христиан цивилизациясига солаётган хавф-хатари ва таҳдиди тобора кучайиб бормоқда, коммунизм ҳали гўдаклик палласида бўлган Британия ҳамдўстлиги ва Қўшма Штатлар бундан мустасно. Буларнинг бари тинчлик ва демократия учун қўлда қурол билан елкама-елка курашиб биргаликда эришилган ғалабадан сўнг кўп вақт ўтмай айтишга тўғри келаётган нохуш фактлардир. Аммо ҳали вақт борида уларни пайқамаслик ўтакетган калтафаҳмлик бўлур эди. Узоқ Шарқдаги, айниқса Манчжуриядаги вазият ҳам кишида хавотир уйғотади. Ялтада эришилган келишув, унга мен ҳам дохилман, Россия учун ниҳоятда мақбул битим бўлган эди. Аммо у ҳеч ким уруш 1945 йилнинг ёзида ё кузида тугайди деб айта олмайдиган ва Япония билан бўладиган уруш Германияга қарши уруш тугаганидан сўнг 18 ой ичида кечиши кутилаётган бир пайтда тузилган эди. Сиз Узоқ Шарқда бўлаётган ишлардан жуда яхши хабардорсиз ва Хитойнинг содиқ дўсти ҳисобланасизки, менинг у ердаги аҳвол ҳақида гапириб ўтиришимга ҳожат йўқ.

Мен сизга Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам бутун дунёни қоплаётган кўланкани тасвирлаб беришга ўзимни бурчлиман деб билдим. Версал шартномаси тузилаётганда мен вазир ҳамда Буюкбританиянинг Версалдаги делегациясига раҳбарлик қилаётган жаноб Ллойд Жоржнинг яқин дўсти эдим. У ерда эришилган шартлашувларнинг кўпига қўшилмаган бўлсам ҳам менда ўша даврдаги вазият ҳақида ёрқин таассурот қолган эди. Уни ҳозиргиси билан таққослаш мен учун жуда оғир. У давр қалбларни бошқа уруш бўлмайди ва Миллатлар лигаси ҳар нарсага қодир кучли ташкилотга айланади деган улкан орзу-умидлар ва чексиз ишонч ҳисси қамраб олган давр эди. Бугун мен дунёмизнинг ҳорғин чеҳрасида шундай ишонч ва орзу-умидларни кўрмаяпман ҳам, сезмаяпман ҳам.

Иккинчи томондан, мен янги уруш муқаррар, бунинг устига у яқин орада бошланади деган фикрни хаёлимдан қуваман. Шунинг учун қуваманки, тақдиримиз ўз қўлимизда эканлигига, урушнинг олдини ола олишимизга ишонаман. Қулай фурсат ва имконият туғилган экан, ушбу масала бўйича фикр билдиришни ўз бурчим деб биламан. Мен Россия урушни хоҳлашига ишонмайман. У нимани хоҳлаётган бўлса, бу урушнинг ҳамда ўз қудрати ва таълимотини кенг ёйишнинг натижаларидир. Аммо биз бу ерда бугун, ҳали вақт борида урушнинг абадий олдини олиш ва барча мамлакатларда иложи борича тезроқ эркинлик ва демократия қарор топиши учун шарт-шароит яратиш ҳақида ўйлашимиз шарт. Агар қийинчилик ва хавф-хатарларни кўриб кўрмасликка олсак ёки нима бўлар экан деб кутиб ўтирсак ёхуд яраштириш сиёсатини юритсак, улар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди. Биз уларни ҳал қилишга эришишимиз керак, бу қанча кўп вақтни олса шунча қийин кечади ва олдимиздаги хавф-хатарлар янада даҳшатли тус олади. Уруш давридаги иттифоқчиларимиз бўлмиш рус дўстларимизнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб шундай хулосага келдимки, улар ҳеч нимани куч-қудратни қадрлаганчалик қадрламайдилар ва ҳеч нимага ҳарбий заифликка қараганчалик нописандлик билан қарамайдилар. Шу сабабга кўра эндиликда кучлар тенглигига асосланган эски доктрина яроқсиздир. Биз озгина қўлимиз устун-ку деган фикрдан келиб чиқиб ҳаракат қилишни ўзимизга эп кўра олмаймиз, чунки бу кучни синаб кўриш васвасасини келтириб чиқаради. Агар ғарб давлатлари биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми принципларига қатъий содиқлигича қолсалар, уларнинг ушбу принциплар ривожига кўрсатадиган таъсири жуда катта бўлади ва ҳеч ким уларнинг барқарорлигига путур етказа олмайди. Бироқ улар тарқоқ бўлишса ёки ўз бурчини бажара олишмаса ва ушбу ҳал қилувчи йилларни ўтказиб юборишса, унда ростдан ҳам ҳаммамиз фалокатга йўлиқамиз.

Ўтган сафар, воқеаларнинг худди шундай ривожланишини кузата туриб, мен бор овозим билан ватандошларимни ва бутун дунёни хавфдан огоҳлантирмоқчи бўлдим, аммо ҳеч ким гапларимга қулоқ солишни истамади. 1933 йилгача, ҳатто 1935 йилгача ҳам Германияни бошига тушажак даҳшатли қисматдан асраб қолиш мумкин эди, шунда Гитлер инсоният бошига бахтсизлигу кулфатлар ёғдира олмаган бўларди. Ўз вақтида чора кўрилганда кечагина тугаган, ер юзининг катта қисмини вайронага айлантирган урушнинг осонгина олдини олиш мумкин эди, тарихда ҳали бунақаси бўлмаган. Аминманки, битта ҳам ўқ отмасдан унинг олдини олса бўларди, Германия эса бугун қудратли, гуллаб-яшнаётган ва обрўйли мамлакатга айланарди; аммо ўшанда мени эшитишни истамадилар ва даҳшатли гирдоб бизни бирин-кетин ўз домига тортиб кетди. Биз бу ҳол такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак. Ҳозир бунга фақат бугун, 1946 йилда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг умумий раҳбарлигида ҳамма масалалар бўйича Россия билан тил топишиб, ҳамжиҳат бўлиб, ушбу эзгу тушунчани инглиззабон дунёнинг бутун куч-қудрати ва у билан боғлиқ барча-барчага суянган ҳолда узоқ йиллар мобайнида ҳимоя қилиб эришиш мумкин. Токи ҳеч ким Британия империяси ва ҳамдўстлигининг буюк кучига нописандлик билан қарамасин. Бизнинг оролимизда 46 миллион киши озиқ-овқатдан қийналаётганини, 6 йиллик урушнинг чексиз машаққатларидан сўнг бизда саноатимиз ва экспорт савдосини тиклашда қийинчиликлар мавжудлигини кўриб турган бўлсангиз ҳам бизни бу йўқчиликларни уруш машаққатларини шараф билан енгиб ўтганимиздек енгиб ўтолмайди деб, ёки бизни ярим асрдан сўнг ер юзининг ҳамма ҳудудларида яшовчи ва анъаналаримизни, турмуш тарзимизни ҳамда сиз билан биз амал қиладиган умумбашарий қадриятларни ҳимоя қилиш ишида якдил бўлган 70-80 миллионлик халққа айланмайди деб ўйламанг. Агар Британия ҳамдўстлиги ва Қўшма Штатлар аҳолиси ҳавода, денгизда, илм-фан ва иқтисодиётда чинакам ҳамкор бўлиб, биргаликда ҳаракат қилсалар, кучлар нисбатининг жиззакиликка ёки авантюризмга ундайдиган хавотирли ўзгаришига йўл қўймайдилар. Аксинча, хавфсизликка бўлган ишонч тўкис бўлади. Агар биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомига виждонан амал қилсак ва бировларнинг ерлари ва бойликларига даъво қилмасдан, одамларнинг маслаклари устидан асоссиз назорат ўрнатишга интилмасдан, хотиржамлик ва зийраклик билан олға қадам боссак, агар Британиянинг барча маънавий ва моддий кучлари сизларники билан қардошларча иттифоққа бирлашса, нафақат биз учун, балки ҳамма учун, нафақат ҳозир, балки келгусида ҳам келажак сари кенг йўл очилади.


Фото: Westminster College // westminster-mo.edu

Уинстон Черчилл ушбу нутқни 1946 йил 5 март куни АҚШнинг Миссури штатидаги Фултон шаҳрида жойлашган Вестминстер коллежида сўзлаган. Мазкур нутқ бутун дунёда совуқ урушнинг бошланишига туртки бўлган.

Ҳасан Карвонли таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>