• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Уинстон Черчилл (1946 йил 5 март, Фултон, АҚШ). 1-қисм

Бугун Вестминстер коллежига келганимдан ва сиз менга илмий даража берганингиздан бахтиёрман. “Вестминстер” номи баъзи бир  нарсаларни ёдимга солади. Уни қаердадир эшитгандайман. Ахир мен сиёсат, диалектика, риторика ва бошқа соҳаларда нимаики ўрганган бўлсам, уларнинг катта қисмини айнан  Вестминстерда ўрганганман-ку. Аслида сизу биз бир хил ёки ўхшаш ўқув юртларида таълим олганмиз.

Шунингдек, давлат ишлари билан банд бўлмаган каминадек бир киши учун академик аудиторияда Қўшма Штатлар президенти билан бирга ҳозир бўлиш улкан шарафдир. Бу шараф камдан-кам одамга насиб этади. Президентнинг иши, ташвиши бошидан ошиб ётганига қарамай, у ташвишдан қочмайди, сизу бизнинг бугунги учрашувимизда иштирок этиш, унинг аҳамиятини таъкидлаш учун йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб бу ерга келди ва менга ушбу қардош мамлакатга, океаннинг нарёғидаги ватандошларимга, эҳтимол, яна баъзи мамлакатларга мурожаат этиш имкониятини берди.

Президент сизга ўз истагини, яъни ушбу нотинч ва алғов-далғов замонда сизга бемалол ўзимнинг тўғри ва ҳаққоний маслаҳатимни беришимни хоҳлашини айтди, сизнинг ҳам хоҳишингиз шу эканига аминман.

Мен бу илтифотдан жоним билан фойдаланаман, бунинг устига ёшлик йилларимда нимаики орзу қилган бўлсам, ўй-ниятларимнинг барчаси аллақачон ортиғи билан рўёбга чиққани учун ўзимни шунга ҳақлиман деб ҳисоблайман. Аммо шуни қатъий таъкидлашим керакки, бундай нутқ сўзлашим учун менга ҳеч ким расмий топшириқ ҳам бергани йўқ, расмий топшириқ беришлари учун мен бирон-бир расмий лавозимни ҳам эгаллаб турганим йўқ. Шундай экан, гапирсам фақат ўз номимдан гапираман.

Ҳаётда кўп яхши-ёмон кунларни кўрдим. Шу боис мен ҳаётий тажрибамга таяниб жанг майдонларида тўлиқ ғалабага эришганимиздан сўнг дарҳол бизни қуршаб олган муаммолар ҳақида фикр юритишга ҳамда инсониятнинг келажакдаги шон-шарафи ва хавфсизлиги учун шунча қурбонлар ва азоб-уқубатлар эвазига қўлга киритилган нарсанинг сақланиб қолишини таъминлашга бор кучим билан уринишга ҳақлиман деб ҳисоблайман.

Ҳозир Қўшма Штатлар дунёдаги энг қудратли давлат ҳисобланади. Бугун Америка давлати учун тантанали кундир, чунки куч-қудратдаги устунлик билан бирга у келажак олдидаги ҳаддан зиёд улкан масъулиятни ҳам зиммасига олди. Атрофга боқиб сиз нафақат бажарилган бурч ҳиссини, балки сизга ишонганларнинг ҳафсаласини пир қилиб қўйишдан хавотирланиш туйғусини ҳам туюшингиз керак. Қулай имкониятлар мавжуд ва буни бизнинг ҳар иккала мамлакатимиз ҳам тўла тушуниб турибди. Уларнинг қадрига етмаслик, уларни эътиборсиз қолдириш ёки бой бериш келажакда ҳад-ҳисобсиз таъна тошлари остида қолиш билан тенгдир.

Фикрлашдан тўхтамаслик, қунт-матонат билан мақсадга интилиш ва ҳар қандай масаланинг жуда осон ечимини топа олиш худди уруш вақтида бўлгани каби тинчлик вақтида ҳам инглиззабон мамлакатларга хос хусусиятлар бўлиши керак. Биз бу қатъий талабни бажара олишимиз шарт, менимча бу қўлимиздан келади.

Америка ҳарбийлари бирон-бир жиддий вазиятга дуч келсалар одатда “умумий стратегик концепция” номли директива қабул қиладилар. Бунинг ўзига яраша ҳикмати бор, чунки бундай концепциянинг мавжудлиги аниқ-равшан фикрлашга ёрдам беради. Бугун биз амал қилишимиз керак бўлган умумий стратегик концепция барча мамлакатлардаги барча хонадонлар, барча одамларнинг хавфсизлиги ва хотиржамлиги, эркинлиги ва тараққиётини таъминлаш концепцияси бўлиши шарт. Мен аввало миллионлаб коттежлар ва кўп квартирали уйларни назарда тутаяпман, уларда яшовчилар турмуш қийинчиликлари ва машаққатларига қарамасдан оила аъзоларини муҳтожликдан ҳимоя қилишга, худодан қўрқадиган, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашга интиладиларки, ҳаётда бу хусусиятлар муҳим рол ўйнайди. Бу ҳад-ҳисобсиз уй-жойларнинг хавфсизлиги таъминланиши учун улар иккита асосий офат — уруш ва тираниядан ҳимояланган бўлиши лозим. Меҳнат қилиб, турмуш қийинчиликларини енгиб оила боқадиган киши бошига уруш балоси соя солганда ҳар қандай оила чекадиган оғир изтироб барчага маълум. Кўз олдимизда ўтмишдаги барча қадриятлари билан бирга вайрон қилинган Европа ва Осиёнинг каттагина қисмининг харобалари ястаниб ётибди. Ёвуз ниятли одамларнинг кирдикорлари ёки қудратли давлатларнинг тажовузкорона мақсадлари дунёнинг кўп жойларида цивилизацияли жамият асосларини йўқ қилиб ташлаганда оддий одамлар енгиб бўлмас қийинчиликларга дуч келадилар. Улар учун ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетган, бузилган ёки умуман ер билан яксон қилинган бўлади.

Бу ерда, шундай сокин кунда қаршингизда турарканман, реал ҳаётда миллионлаб одамлар қандай яшаётганини ва бутун ер юзига очарчилик балоси ёпирилса уларга нима бўлишини ўйлаганимда мени қалтировуқ босади. Ҳеч ким “инсон чеккан беҳад азоб-уқубатлар”нинг ҳисобига ета олмайди. Бизнинг асосий вазифамиз ва бурчимиз — оддий одамларнинг оилаларини яна бир урушнинг даҳшатлари ва мусибатларидан асрашдир. Бу борада ҳаммамиз якдилмиз.

Бизнинг америкалик ҳарбий ҳамкорларимиз “умумий стратегик концепция”ни белгилаб олиб, барча ресурсларни ҳисоблаб чиққанларидан сўнг ҳамиша кейинги босқичга ўтишади — уни амалга ошириш воситаларини қидиришади. Бу масалада ҳам умумий якдиллик мавжуд. Аллақачон бош мақсади урушнинг олдини олиш бўлган жаҳоний ташкилот тузилган. Миллатлар лигасидан фарқли равишда АҚШ ва бошқа давлатлар ҳам аъзоси бўлган, мазкур ташкилотнинг вориси бўлмиш БМТ аллақачон ўз ишини бошлади. Бу фаолият сохта эмас, ҳақиқий бўлиши, бу ташкилот шунчаки номигагина ишламасдан, қудратли таъсир кучига эга бўлиши, шунчаки оламшумул Бобил минорасига эмас, кўплаб мамлакатларнинг жанговар қалқонлари осиғлиқ турадиган асил Тинчлик қасрига айланиши учун биз мазкур фаолиятнинг муваффақиятини таъминлашимиз шарт. Ўз-ўзимизни ҳимоя қилиш мақсадида миллий қуролли кучларимизни сақлаб туриш заруратидан халос бўлишдан олдин биз қасримиз билқиллама қумлоқ ёки ботқоқлик эмас, мустаҳкам қоя устига қурилганига амин бўлишимиз керак. Оқил одамлар яхши биладики, бизнинг йўлимиз узоқ ва машаққатли бўлади, аммо агар биринчи ва иккинчи  жаҳон уруши мобайнида тутган (афсуски, икки жаҳон уруши оралиғи бундан мустасно) йўлимиздан заррача ҳам оғишмай ҳаракат қилсак, охир-оқибат кўзлаган умумий мақсадимизга эриша олишимизга ишонаман.

Бу борада ишга киришиш учун менинг амалий таклифим ҳам бор. Судлар шериф ва констеблларсиз ишлай олмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ҳам дарҳол халқаро қуролли кучлар билан таъминлашни бошлаш керак. Бу ишимиз аста-секин амалга ошади, бироқ ҳаракатни ҳозирдан бошлашимиз лозим. Таклифим шуки, ҳамма давлатларга БМТ ихтиёрига маълум миқдорда ҳарбий ҳаво кучлари эскадрилясини бериш таклиф қилинса. Ушбу эскадрилялар ўз мамлакатларида тайёрланса, аммо ротация тартибида бир давлатдан бошқасига ўтказилса. Учувчилар ўз мамлакатларининг, аммо фарқлаш белгилари бошқа бўлган ҳарбий формаларини кийиб юрсалар. Улардан ўз юртига қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни талаб қилиш мумкин бўлмаса, лекин бошқа барча иш ва муносабатларда уларга БМТ раҳбарлик қилса. Бундай қўшинни тузишни кичик-кичик бўлинмалардан бошлаш ва ўртадаги ишонч ошишига мос равишда кучайтириб бориш мумкин. Бу иш Биринчи жаҳон урушидан сўнг қилинишини хоҳлаган эдим, бу ниятимни ҳозир ҳам рўёбга чиқариш мумкинлигига астойдил ишонаман.

Аммо ҳозирги вақтда фақат Қўшма Штатлар, Буюкбритания ва Канадагина эгалик қилаётган атом бомбасини яратиш тажрибаси ва унга оид махфий маълумотларни ҳали эндигина атак-чечак қилаётган БМТга маълум қилиш нотўғри иш ва эҳтиётсизлик бўлур эди. Ҳали уюшмаган ва алғов-далғов дунёда бу қуролни тарқатиб юбориш жинояткорона аҳмоқлик бўлур эди. Ушбу бомбани яратиш учун керак бўладиган билимлар, воситалар ва хомашёлар айни пайтда асосан Америка қўлида жамланганидан ҳеч бир мамлакатдаги ҳеч бир инсоннинг тинчлик-хотиржамлигига зиён етгани йўқ. Мабодо вазият аксинча бўлиб, ушбу даҳшатли қуролга қандайдир коммунистик ёки неофашистик давлат маълум муддат якка ўзи эгалик қилганида биз ҳозиргидек хотиржам яшай олардик дея олмайман. Унинг олдидаги қўрқувнинг ўзиёқ тоталитар тузумларга эркин демократик дунёнинг бўйнига бўйинтуруқ солиб олиш учун етарли бўлган бўлур эди. Бунинг мудҳиш оқибатлари инсон тасаввурига сиғмаслиги аниқ. Худонинг хоҳиши билан бундай бўлмади ва шундай хавф пайдо бўлгунга қадар уйимизни тартибга солиб олишимиз учун ҳали вақтимиз бор. Аммо ҳатто бор куч-ғайратимизни аямасак ҳам бошқа мамлакатлар атом бомбасини қўллашига ёки қўллаш билан таҳдид қилишига қарши уларни тийиб турувчи самарали воситаларимиз бўлиши учун биз барибир етарлича катта устунликка эга бўлишимиз керак. Пировардида, одамларнинг ҳақиқий биродарлиги қандайдир Жаҳоний Ташкилот шаклида рўёбга чиқадиган ва у барча зарур амалий воситаларга эга бўладиган бўлса, фаолияти самарали бўлиши учун унга шундай ваколатларни бериш мумкин бўлади.

Ана энди оддий одамлар ва оилаларга соя солаётган иккинчи хавф-хатар, яъни тирания ҳақида гапирмоқчиман. Биз Британия империясининг бутун ҳудудида фуқаролар фойдаланаётган эркинликлар кўплаб мамлакатларда мавжуд эмаслигидан кўз юма олмаймиз; уларнинг айримлари жуда қудратли мамлакатлардир. Бу давлатларда ҳар тешикка бурнини суқадиган зўравон ҳукуматлар оддий одамларга ҳукмини ўтказиб, уларни ўз йўриғига солиб олган. Давлат ҳокимияти ҳеч бир чекловсиз диктаторлар ёки чамбарчас уюшган бир тўда олигархлар томонидан имтиёзга эга бўлган партия ва сиёсий полиция ёрдамида амалга оширилади. Олдимизда қийинчиликлар ҳали жуда кўп бўлган ҳозирги вақтда биз билан уруш ҳолатида бўлмаган мамлакатларнинг ички ишларига зўрлик билан аралашиш мажбуриятини зиммамизга ололмаймиз. Биз инглиззабон дунёнинг умумий мероси бўлмиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг улуғвор принципларини тинмай, дадиллик билан олға суришимиз керак. Буюк хартияда, Ҳуқуқлар ҳақидаги биллда, Хабеас корпус қонунида, маслаҳатчилар судида ва инглиз умумий ҳуқуқида акс этган ушбу принциплар Мустақиллик декларациясида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Улар ҳар қандай мамлакат халқи конституциявий йўл билан, яширин овоз бериладиган ва сохталаштирилмаган эркин сайлов ўтказиш орқали давлатни бошқариш шакли ва хусусиятини танлаш ва ўзгартириш ҳуқуқи ва имкониятига эга бўлиши; сўз ва матбуот эркинлиги ҳукмронлик қилиши; ижро ҳокимиятидан мустақил бўлган ва бирон-бир партиянинг таъсирига берилмайдиган судлар аҳолининг катта қисми томонидан маъқулланган қонунлар ва вақт синовидан ўтган урф-одатларни ҳаётга татбиқ қилиши лозимлигини англатади. Булар ҳар бир уйда билишлари шарт бўлган эркинликка тааллуқли ҳуқуқлардир. Британия ва Америка халқларининг бутун инсониятга мурожаати шундай. Қани келинг, биз нима қилсак, шуни тарғиб этамиз, нимани тарғиб этсак, шуни қиламиз.

Шундай қилиб мен одамларнинг хонадонларига таҳдид солаётган иккита асосий хавф-хатарни таърифладим. Одамларни кўпинча ҳамма нарсадан кўп ташвишлантирадиган камбағаллик ва етишмовчиликлар ҳақида гапирганим йўқ. Аммо агар уруш ва тирания хавфи бартараф этилса, илм-фан ва ҳамкорлик яқин йилларда, узоғи билан бир неча ўн йил ичида урушнинг бор жабр-ситамларини бошидан кечирган дунёга инсоният тарихида мисли кўрилмаган фаровонлик келтириши шубҳасиз. Ҳозир, ушбу қайғу-ҳасратли бир паллада бизни буюк муҳорабамиздан сўнг бошланган очлик ва умидсизлик қийнамоқда. Бироқ бу кунлар ҳам ўтади, эҳтимол, ўйлаганимиздан ҳам тезроқ ўтар, шунда барча мамлакатлар тўкин-сочин, фаровон яшашига одамларнинг аҳмоқлиги ва ваҳшиёна жиноятларидан бошқа ҳеч нарса халақит бера олмайди. Бундан эллик йил бурун гапга чечан ирланд дўстим, америкалик буюк нотиқ Берк Кокран шундай деган эди: “Ҳаммага ҳамма нарса етарли. Ер — сахий она. Агар фарзандлари тотув бўлиб, унга ҳаққоний ишлов беришса, ер уларга тўкин-сочин, тўқ яшашлари учун зарур бўладиган ҳамма нарсани беради”. Ўрни келганда мен кўпинча унинг шу сўзларини эсга оламан.

Алқисса, биз ҳозиргача тўла якдилмиз. Шу тобда, бизнинг умумий стратегик концепциямиз методикасидан фойдаланишда давом этиш асносида сизга айтмоқчи бўлган асосий фикримни баён қилмоқчиман. Инглиззабан халқларнинг қардошларча иттифоқисиз эффектив равишда урушнинг олдини олишга ҳам, БМТнинг таъсир доирасини узлуксиз кенгайтиришга ҳам эришиб бўлмайди. Бу Британия ҳамдўстлиги ва Британия империяси ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга эканлигини билдиради. Эзмаланиб ўтиришга вақтимиз йўқ, шу боис мен гапнинг лўндасини айтмоқчиман. Қардошларча иттифоқ қардош жамиятларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришнигина эмас, балки ҳарбийларимиз ўртасидаги қалин муносабатларни давом эттиришни ҳам тақозо қиладики, булар яширин хавф-хатарларни биргаликда ўрганишга, қурол-яроғ ва ҳарбий низомларни мослаштиришга, шунингдек ҳарбий-техник коллежларнинг офицер ва курсантларини алмашишга олиб келиши керак. Бу яна барча ҳарбий-денгиз флоти ва ҳарбий-ҳаво кучлари базаларини биргаликда истифода қилиш йўли билан иккитарафлама хавфсизликни таъминлаш учун бундан кейин ҳам мавжуд воситалардан фойдаланишда давом этишни англатади. Эҳтимол бу Америка флоти ва авиациясининг ҳаракатчанлигини икки баробар оширган бўлур эди. Бу Британия империяси қуролли кучларининг ҳаракатчанлигини анча оширган, шунингдек, дунё қай даражада тинчишига қараб анча пулни тежаш имконини ҳам берган бўлур эди. Аллақачон биз кўпгина ороллардан биргаликда фойдаланаяпмиз; яқин келажакда бошқа оролларни ҳам биргаликда истифода қилишимиз мумкин. АҚШ Британия ҳамдўстлиги ва империясига жуда содиқ бўлган Канада доминиони билан мудофаа тўғрисида доимий битим тузган. Бу битим аксарият ҳолларда расмий иттифоқ доирасида тузиладиган жуда кўп шартномалардан кўра фойдалироқдир. Ушбу принципни тўла тенглик асосида Британия ҳамдўстлигининг барча мамлакатларига татбиқ қилиш керак. Нима бўлмасин, биз фақатгина шу тариқа, биргаликда хавфсизлигимизни таъминлашимиз ҳамда ўзимиз учун ардоқли бўлган ва ҳеч кимга зиёни тегмайдиган катта-кичик мақсадлар йўлида меҳнат қилишимиз мумкин. Энг охирги босқичда балки умумий фуқаролик ғояси ҳам амалга ошар (менимча, бу ғоя ҳозирданоқ рўёбга чиқмоқда), аммо мазкур масалани буткул тақдир ҳукмига ҳавола этсак бўлади, чунки бу борада бизга толе ёр бўлишини кўпчилигимиз аниқ сезиб турибмиз.

(Нутқнинг давоми мана бу ерда)

Ҳасан Карвонли таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>