• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

Уч Рембрандт

Жорж Сименон

— «Друо отел»ини биласизми? — сўради мендан Жозеф Леборнь.

— Уни ҳамма билади-ю!

— Унда «Друо отел»и билан боғлиқ бир воқеани эшитинг. Кунларнинг бирида шов-шувга сабаб бўладиган кимошди савдоси ҳақида эълон берилди. Гап кимсан Рембрандтнинг шу пайтгача номаълум асари устида бораётган эди. Валь фамилияли қандайдир антиквар то сотишга қарор қилмагунча — роппа-роса ўн беш йил уни ўз уйида сақлаб келган экан.

У рассомнинг автопортрети бўлиб, муаллиф имзоси ёнидаги “1669” санаси унинг баҳосини ниҳоятда ошириб юборган эди. Чунки Рембрандт шу санада вафот этган ва унинг ўша йили чизилган бошқа портрети йўқ.

Валь бир неча санъатшуносни таклиф қилиб, шоҳ асарни кўрсатади. Улар бир овоздан сурат асл нусха эканини тасдиқлашади. Аммо ҳар нарсадан шубҳалангичларнинг “бунга экспертлар нима дейишаркин?” қабилидаги шивир-шивирлари тўхтамайди.

Кутилмаганда ҳаммани ҳаяжонга солган хабар тарқалди: шанба куни чошгоҳда башанг кийинган қандайдир йигит картинани қўлтиғига қистириб Друо галереясига кириб келади ва уни Валь номидан отел директорига топширади. Шунингдек, у қимматбаҳо сурат қўйиладиган залда эртадан бошлаб детектив навбатчилик қилишини ҳам маълум қилади.

Суратнинг ўлчами олтмиш сантиметрга етмиш бўлиб, қора эмандан ясалган ромга жойланган бўлган. Йигит ҳали кетиб улгурмай, директор ҳузурида пайдо бўлган почтачи унга худди шу ўлчамдаги ўрамни топшириб, ғойиб бўлади.

Ниҳоят, соат бешда «Друо отел»ига гул-гул ёниб Валнинг ўзи кириб келади ва бақа бўлиб қолган директорнинг кўз ўнгида шунча машмашага сабаб бўлган суратни очади.

Бундай томошанинг таърифига тил ожиз! Директорнинг олдида Рембрандтнинг бир эмас, нақд учта сурати турарди. Улар тамомила бир хил, ҳатто ромлариям бир хиллигидан Валь ҳам ўз картинасини нариги иккитасидан ажратолмай қолади.

Зудлик билан полицияга хабар қилишади. Биринчи суратни олиб келган йигит ва иккинчи суратни олиб келган шотирни қидиришга тушадилар. Друо суратлар галереясининг мўъжазгина олами алғов-далғов бўлиб кетади.

Буям етмагандай, суратларни энг яхшисини топиш илинжида бир жойдан бошқа жойга илаверишганидан, Рембрандтнинг эгаси Валь ҳам, онт ичиб тасдиқлашича, энди улардан қай бири асл нусха эканини аниқ кўрсатолмайди.

Уч кун кўргазмалар залида танқидчи ва таниқли антикварлар уймалашади. Уларнинг хулосалари ҳар хил эди. Баҳсга киришганларга қулай бўлсин учун ҳар бир картина ромига бир, икки, уч рақамлари ёзилган қоғоз ёпиштириб ҳам қўйишади.

Бировлар биринчи, бошқалар иккинчи рақамли сурат асл нусха эканини айтиб туриб олишади. Учинчи рақамли сурат тарафдорлари эса негадир камчиликни ташкил қилади.

Кимошди савдосини ўтказиш, турган гапки, номаълум муддатга кечиктирилади. Тергов иши давом этади. Аммо на ўша ёш йигитни, на почтачини топа олишади.

Жозеф Леборнь кулимсираб ҳар учала сурат остидаги имзонинг катталаштирилган фотосуратини менга узатди.

— Экспертиза-чи?.. — деб сўрадим.

Леборнь энди хохолаб кулиб юборди.

— Соддасиз-да! Нима, бунақа ишларга ҳеч дуч келмаганмисиз? Яқинда Германияда Ван Гог асарининг қалбаки нусхаси билан боғлиқ можаро юз берди. Ишга жалб қилинган ўн нафар экспертнинг фикри бир жойдан чиқмади. Даҳанаки тортишувлар ҳам уларни муросага келтиролмаган. Икки йил олдин эса Америкада Рафаэл асарининг сохталаштирилиши билан боғлиқ афера шов-шувга сабаб бўлган эди. Экспертлар сурат эгасининг ҳисобидан Лондон, Берлин, Париж ва Римни айланиб чиқишган. Ҳамма нарсани очиқ-сочиқ ёзаверадиган Қўшма Штатлар матбуотининг хабар беришича, экспертиза ҳақиқий митингга айланиб кетган: экспертлар бир-бирларини соябонлари билан уриб-туртишгача бориб етишган.

— Рентген-чи?

— Баҳслашишга каттароқ бир баҳона, холос. Мен айтаётган ҳолатда ҳар учала сурат бўйича олинган натижа бир хил бўлган.

— Суратнинг микроскоп таҳлили?..

— Ҳеч қандай натижа бермади.

— Учала имзони синчиклаб ўрганиш ҳам натижа бермадими?

— Ўзингиз бир қаранг… Хулоса чиқариб кўринг қани?

— Друо галереясига келтирилгунга қадар сурат қаерда турган?

— Қайси сурат?

— Қайси бўларди, ўша, Валь олиб келгани. Асл нусха.

— Валнинг Суффен кўчасидаги уйида. У ҳатто осилмаган ҳам, шундоқ эгасининг кабинетига қўшилиб кетган кичкина хонада қулфлоғлиқ турган.

— Қанча вақт турган экан у ерда?

— Ўн беш йил. Валь уни қайсидир провинциядаги кимошди савдосидан қидириб топган вақтдан буён. Сурат қурум босиб, иркит бир аҳволдалигидан ундаги тасвирни ажратиш мушкул бўлган. Имзо эса ўчиб кетган. Аммо Валнинг диди нозик. У портретни реставрация қилдиради… Бироқ энг яқин одамларидан бошқа ҳеч кимга топилмаси ҳақида оғиз очмайди. Саноқли одамларгагина уни кўриш насиб қилган. Валь нуқул «Куним қуруқ нонга қолсаям Ремрандтни сотмайман» деб такрорлайверар экан.

— Валь деганингиз нима иш қилади ўзи?

— Расман ҳеч нима. Қачон қарама «Друо отел»ида ўралашиб юради, аммо бирор арзирли иш қилмаган. Нималарнидир сотиб олади, яна сотади…

— Нега Рембрандтни сотувга қўядиган бўп қопти? Уни бунга нима мажбур қилди экан?

— У қизини узатаяпти.

— Бундан чиқди, оилали экан-да?

— Хотини ўлган. Йигирма иккига кирган ёлғиз қизи бор. Куёви қимматбаҳо тошлар савдоси билан шуғулланади.

— Валь бадавлатми?

— Унча қиммат бўлмаган квартирада камтаргина кун кечиради. Икки оқсочи бор экан. Унинг айтишича, ягона бойлиги ўша, ҳеч ажралгиси келмаётган Рембрандтнинг портрети бўлган. Шунинг учун ҳам у уч суратни кўрганида жазавага тушиб, адои тамом бўлдим дея ўзини ҳар кўйга солган. Ҳатто жонига қасд қилмоқчиям бўлганмиш.

— Наҳотки, қандай қилиб?

— Веронал ичган, бироқ қизи ундаги заҳарланиш аломатини сезган заҳоти врач чақириб, ҳаётини сақлаб қолган.

— Хуллас, кимошди савдоси ўтказилмабди-да?

— Ўтказилди. Уч ҳафтадан кейин. Унгача эса узундан узоқ баҳслар тўхтамади, одатий ва назорат экспертизалари ўтказилди. Бир-бирини инкор этувчи хулосалардан иборат мақолалар пойма-пой чоп этилди. Мутахассислар жиддий мунозарага киришиб кетишди. Полиция биринчи навбатда бўлажак куёвдан шубҳаланган, чунки суратни кўриш учун рухсат фақат унга берилган экан. Бироқ у бу ишларга умуман дахли йўқлигини исботлаб берибди. Ҳатто мутлақо айбсиз икки-уч баҳоловчи ҳам терговга тортилган.

— Оқсочларданам бирон гап чиқмабдими?

— Йўқ, бири қари кампир, ошхонадан бошқа нарсани билмайди. Саволларга пойинтар-сойинтар, тушуниксиз жавоб берган. Умуман, эси унчалик жойидамасдай таассурот уйғотган. Иккинчи оқсоч люксембурглик ёш қиз. Унинг еттинчи қаватдаги каталакда ухлаши терговда маълум бўлиб қолган. У қиз хўжайинининг хонадонига ҳеч қачон бирон кимни эргаштириб келмаган, сурат ҳақида ҳам ҳеч нима билмаган.

— Шундай қилиб, иш нима билан тугади?

— Ҳар тугул, эсдан чиқмайдиган аукцион ўтказилди. «Друо отел»ининг кунда-шундалари ҳаммаси бирдай йиғилди. Берлин ва Амстердамдан ҳам коллекционеру тасвирий санъат шинавандалари етиб келишди.

Энг майда деталларигача бир хил уч сурат ёнма-ён осиғлиқ турар, Валь эса адои тамом бўлган эди. У ташриф буюрганларнинг гоҳ у, гоҳ бу тўдасига бориб ўзининг мусибати ҳақида қайта-қайта такрорлаб чарчамасди. «Мен хонавайрон бўлдим, — минғирларди Валь. — Бандитлар қизгинамнинг сепини ўғирлашди. Аммо лекин сурат шу ерда… ҳа-ҳа, шу ерда, мен шўрлик эса уни таниб ололмаяпман…».

Аукциондаги нархларни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Энг қизиғи, сотувга учала сурат ҳам қўйилди. Ҳолбуки, улардан иккитасининг ҳеч қанақа қадри йўқ, қалбаки. Лекин уларнинг қайси бири ҳақиқий? Шунинг учун аукцион аукцион эмас, лотерея ўйинини эслатар эди. Биринчи рақамли сурат роппа-роса икки юз минг франкка баҳоланди. Харидорларнинг бири америкалик йирик коллекционернинг агенти бўлиб чиқди. Ҳаммани шошириб қўйган ўша бўлди.

Иккинчи рақамли сурат уч юз минг франкка сотилди. Харидор яна ўша эканини ҳамма билиб ўтирар, афтидан, у учала суратни қўлга киритиш орқали асл нусхага ҳам эга чиқмоқчи эди. Бу унга анча қимматга тушди.

«Друо отел»ида дагарларга ўрин йўқ. Америкаликнинг бекорга шунча пул сарфламаётганини аукционга келганлар дарров тушунишди. Бу ҳолатда фақат икки суратни сотиб олишдан маъни йўқ. Демак, қанча пул кетишидан қатъи назар, унинг ҳар учала суратни сотиб олишига тўғри келади. Эҳтирослар жунбушга келди. Учинчи суратнинг нархи кўз очиб юмгунча тўрт юз минг франкка, сўнг ярим миллионга чиқди. Ниҳоят, у ўша америкаликнинг агентига етти юз минг франкка сотилди.

Бояқиш терлаблар кетди. Фақат биттаси асл нусха бўлган бу уч сурат унга бир миллион икки юз минг франкка тушган эди.

— Охир-оқибат асл нусха қайсилиги аён бўлдими?

— Йўқ, албатта! Ҳозир уларнинг учовиям ўша бой америкаликка сурур бағишлаб, галереясини безаб турибди.

Бундан чиқди, бу ҳамма учун сирлигича қолибди-да?

Икки кишини айтмаганда, шундай.

— Ким улар?

— Бу фирибгарликнинг бошида турган одам ва… мен.

— Демак, сиз суратнинг асл нусхасини кўргансиз?

— Йўқ. Менга фақат сиз қўлингизда ушлаб турган фотосуратларни ишлаш топширилган…

— Унда айтинг-чи, булардан қайси бири асл нусха? — сўрадим имзоларни яна бир кўздан кечириб.

— Асл нусха йўқ, — деди Леборнь. — Учала сурат ҳам қалбаки.

Ҳайронликдан оғзим очилиб қолди. Леборнь бунга эътибор ҳам бермай давом этди:

— Таваккалга қўл ураётган одамни бир тасаввур қилиб кўринг-а. Умуман олганда, бу одам майда антикварлардан эди. Аммо у бир уринишда миллионни қўлга киритишни истади. Кунларнинг бирида у сохтакорликдан қўрқмай, Рембрандт автопортретини уч нусхада, айнан бир хил қилиб чиздиради. Бир муддат уларни ҳеч кимга кўрсатмай юради. Кейинчалик ўша нусхалардан бирини ўзининг ғира-шира хонасида яқинларидан бирига кўрсатади. Қарабсизки, Рембрандтнинг ноёб асари — сотилмайдиган картина ҳақидаги мишмиш пайдо бўлади. Бу қадар тилга тушишига унинг сотилмайдиган суратлардан экани, бунинг устига, Валь санъат ихлосмандларидан ҳали ҳеч кимнинг унга кўз ташлашига ҳам имкон бермагани сабаб эди.

Вақт ўтаверди. Ниҳоясиз фикр-мулоҳазалар учун мавзу бўлган картинага ҳаёт инди. Шундан буён ҳамманинг оғзида ўша сурат!

Кутилмаганда Валь картинани сотмоқчи эканини эълон қилади. Гўёки, қизининг сепи учун.

Таҳликали вақт келди! Номаълум суратни томоша қилган экспертлар сохтакорликни сезиб қолишса нима бўлади? Лекин Валь ўзини йўқотиб қўймади. Унинг ихтиёрида яна икки сурат бор экан, экспертларда «Сурат ҳақиқийми?» деган савол туғилмайди. Уларни фақат «Уч суратдан қайси бири ҳақиқатан Рембрандт мўйқаламига мансуб?» деган савол қизиқтиради.

Кураш бошланди. Тарафкашлар ўртасида тортишув бўлиши муқаррар эди. Улар биринчи, иккинчи рақамли суратлар учун аёвсиз жанг олиб боришди. Ҳатто учинчи рақамли сурат ҳам ўз тарафдорларини топган эди. Инсон табиати шунақа…

Шавкат Ёдгоров таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>