• Бугунги сана: Shanba, Iyul 22, 2017

«Туя бир танга экан…»

Одам оламни ва одамни танибдики, жамият юзага келган. Жамият бор жойда ўзаро нарса, товар, хизмат, фикр ва бошқа эҳтиёжлар алмашуви орқали муомала, муомала бор жойда эса унинг воситаси сифатида пул юз кўрсатади.

Демак, биз ёшларга бу алмашув воситаси бўлмиш пул тушунчасини қанчалик эрта тушунтирсак, унга нисбатан қудратли куч эмас, оддий восита сифатида тушунча орттиради. Ҳаммага маълум, дунёда пулга топилмайдиган нарсалар ва тушунчалар кўп.  Шундай экан, уни топишга ва айниқса, ҳисобсиз сарфлашга муккасидан кетмасликка болаларни ёшликдан ўргатган маъқул.

Маълумки, ҳамма оилаларда ҳам пул, бойлик бир хилда эмас ва бу доимо шундай бўлиб. Ҳар бир оиланинг ўз бюджети вақти-вақти билан ўзгариб, бирда юксакка кўтарилган бўлса, бирда инқироз даври бўлиши мумкин. Шундай экан,бола ҳам оила аъзоси сифатида пулнинг қандай топилиши, уни қаёқдан олиб, қаёқларга сарф қилиниши ҳақида қанчалик эрта хабардор бўлса, оила бюджети тушунчасига кириб келишига қулай замин яратилади.

Кўпчилик оилаларнинг боланинг бу нарсаларни эрта билиши керак эмас, ўз вақти соати бор, деган хулосалари ҳаётий эмаслиги фарзандларининг пул муомаласида оқсоқлашган чоғларида яққол кўринади.

Нормал туғилган болаларнинг ақл-фаросати ён-атрофини англаб олишга етарли бўлиши ва улар 3-4 ёшдаёқ нарсаларнинг бозор ва дўконлардан пул орқали харид қилинишини тушунишини алоҳида қайд қилмасак ҳам бўлади. Агар уч, тўрт ёшли болага бугун пулимиз йўқ ёки мана бу нарсани олишга бугун пулимиз етмайди десак, у тушунади. Аммо бу тушунчаларга ўргатилмаган бола дўконга келиб, «менга мана буни олиб берасан», деб хархаша қилиши мумкин. Илгаридан пул муомаласи билан таништирилган бола эса бундай хархашага, айниқса кўчада, бегоналар олдида йўл қўймайди. У отанинг ёки онанинг ёнида пули бўлмаса дўкондаги сотувчи, бозордаги амаки унга нарсани бермаслигини тушунади. Бунинг учун болангизни кўчага олиб чиққанда бирон ўйинчоқ харид қилсангиз, «энди амакига пул берамиз» ёки унинг қўлига ўша пулни бериб, «мана бу пулни энди амакига бер, мана бизга машина берди», деб тушунтирилса, бу ҳолат унинг ёш қалбига чуқур сингади. У олди-берди пул орқали бўлаётганини кўради ва тушунади. Аммо пулнинг ўзи нималигини тушунтириб беролмаслиги турган гап.

Оилалар бюджетининг турлича бўлиб туришини бизга қадим аждодларимиздан етиб келган доно бир ривоят жуда яхши тушунтиради. Яъни бир куни фарзанд отасига келиб «Ота бозорда туя бир танга экан, туя олайлик», деганда отаси «Қани ўша бир танга, ҳозир менда йўқ», дейди. Вақти келиб ўша фарзанд «Ота, бозорда туя минг танга экан, минг танга беринг,туя олиб келаман»,деганда отаси «Мана минг танга», деб беради. Бу ривоят бугунги кунда ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмагани кўриниб турибди.

Ушбу мақолани ёзиш олдидан кичкинагина сўров ўтказдим. Ён-атрофимдаги танишларимдан «Сиз болангизга қачон пул билан муомала қилишни ўргата бошлагансиз, сиз болангизга қачондан бошлаб чўнтак пули бергансиз?» деган саволлар бердим. Бу сўровнинг натижалари аввало, ўзбекона тарбия моҳиятини акс эттирди. Яъни уларнинг 99 фоизи болага мактабга бора бошлагандан кейин бирон нарса олиб ейишига пул беришганларини айтишди. Кўпчилиги бола ва пул муомаласи ҳақидаги саволларимнинг моҳиятида нима ётганини аниқлаб ўтиришмади.

Тарбия масаласига келганда 2003 йили Ўзбекистон Республикаси жамоатчилик фикрини ўрганиш «Ижтимоий фикр» маркази ўтказган сўровларда ёрқин маълумотлар бор. Аниқланишича, «Сизнинг фикрингизча, жамиятимизда инсон маънавияти шаклланишига нималар кўпроқ таъсир этади?» деган саволга сўралганларнинг 85 фози оилани кўрсатишган. Иккинчи ўринда ижтимоий муҳит – 43 фоиз, учинчи ўринда телевидение – 42,2 фоиз. Айни шуни инобатга олганда,болага оиланинг таъсири инкор қилиб бўлмайдиган далил. Демак, биз болага ижтимоий кўникма сифатида пул ва у билан муомалани оилада ва ёшликдан ўргатишимиз лозим.

Уйда, оилада ўз вақтида берилмаган маълумотлар ке­йинчалик асосан ёшлар томонидан ижтимоий муҳит, телевидение орқали олинишини кўпчилигимиз фараз қиламиз. Бу фикрга қисман жавобни ҳам юқорида кўрсатилган сўровномадан топамиз. Сўровнома хулосасига кўра «Ўз ҳаётий мақсадларингизни белгилашда зарур маълумотларни қаердан оласиз?» деган саволга сўралганларнинг 48,4 фоизи телевидениени кўрсатишган ва 38,3 фоизи эса «ўқиш давомида олган билимларим», деб кўрсатишади.

Шундай экан, зарур бўлган ҳаётий ва айнан оиламизда муҳим саналган маълумотларни ўқишга бориб, ён-атрофдан ёки бошқа шубҳали, ишониб бўлмайдиган манбалардан олишини кутиб ўтирмасдан ўзимиз уларнинг онгига сингдиришимиз лозим. Акс ҳолда кеч қоламиз. Демак, ёшларни ўзимиз тарбияламасак,уларни бошқалар, юқорида айтилган шубҳали, ишониб бўлмайдиган ижтимоий муҳит ёки телеэкран қаҳрамонлари ўз йўналишларида тарбиясига олиб қўйиши мумкин. Ўз боласининг тарбияси бундай йўналишда кетишини ҳеч бир оила хоҳламаса керак, албатта.

Қарабсизки, болага пул муомаласини ўргатиш, унга муомала учун чўнтак пули бериш масаласи ҳам ҳар бир оилада жуда эрта бошланиши зарур. Шундагина у пулга муомала, айрибошлаш воситаси сифатидагина қарашга ўрганган бўлади.

Сўровим давомида турли хилдаги мисоллар айтилди. Шулардан бири, ўзига анча тўқ оиладаги 13-14 ёшли боланинг кўчада машина ювиб пул топаётганидир. Албатта, ўзини анча тўқ санаган ота-она бундан даҳшатга тушишади ва улар биринчи ўринда ўз обрўлари ҳақида куйинишади. Ваҳоланки, оилада бола тарбияси борасида катта хатонинг юз берганини улар кўришмайди. Кўриниб турибдики, ўзига тўқ бўлган бу оилада болани пул муомаласига ўргатишмаган. Уни сен кичкинасан, деб оиланинг пул топиш йўллари билан таништиришмаган. Ўз вақтида унга зарур миқдорда пул берилмаган ва бола охир-оқибат ўзи пул топишга киришган.

Шу ўринда оилада болаларнинг ҳатто мактабгача ёшларида ҳам улар, керак,деб сўраган чоғида маълум миқдорда пул бериб борилишини, мактаб ёшида эса унинг ўз шахсий бюджетини очиб ҳафтасига, ойига, кунига ва бошқа муддатларда қанча пул унда бўлишини ташкиллаштириш бола тарбиясига катта таъсир қилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз холос.

Пулдан узоқлаштирилган бола пулга ҳирс қўйиб улға­йиши мумкин. Ортиқча пул эса исрофгарчиликка ўргатади. Бу ўринда энг нормал ҳолат болага оиланинг умумий бюджетини, пулнинг оилага қаёқдан келаётгани ва улар қаёқларга харажат бўлаётганини тушунтириб бориш, бунинг учун эса уни оилавий харажат ва пул топиш жараёнига жалб қилиш энг қулай тарбиявий восита саналади. Шундай ҳолларда боламиз бекорга ривоятдагидай отасидан бир танга сўраб ўтирмайди. У илгаридан оиланинг шу туяни ола олиш ёки ола олмаслигини билади. Бу билим эса унинг ҳаётий тўғри қадам қўйиши учун энг зарур маълумот ва ҳаётий таянч саналади.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

Tafsilot.uz маълумоти:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган.

1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган.

“Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>