• Бугунги сана: Monday, February 20, 2017

Тунги ҳордиқ

tungi_hordiq

Жейсон Гаучо клубига ярим тунда етиб келди. Дастлаб клубнинг олд томонида чарақлаб турган сон-саноқсиз неон чироқларга қараб кирсамми-кирмасамми, деб иккиланиб қолди.

Уни бу ерга олиб келган такси ҳайдовчиси ҳам машинасидан бошини чиқариб, ҳашаматли бинога кўз югуртирди.

— Қасрнинг ўзгинаси-ю! — деди ҳайдовчи. — Зўр жой экан. Бу ерда маишат қилиш сизга қимматга тушади, гапимга ишонаверинг.

Жейсон чўнтагини кавлаб, ҳайдовчига йўлкира берди. Лекин шундан кейин ҳам ичкарига киришга ботинолмай унга гап қотди:

— Нега бу ерга келдим ўзи…

— Бу ерга келганлар нега келдим, деб чайналиб ўтирмайди, — деди ҳайдовчи. — Лекин шахсан мен бунақа жойлардан нарироқ юрган бўлардим.

— Шаҳарда борадиган жойингиз бордир-да, — деди Жейсон зинага оёқ қўйиб. — Хотин, бола-чақа дегандай?

Ҳайдовчи бош сермади.

— Ҳа, уйланганман. Лекин бунинг клубга нима дахли бор?

— Дахли бор-да. Билсангиз, мен шаҳарда ҳеч кимни танимайман. Нью-Йоркка келганимга бор-йўғи икки соат бўлди. Мени бир бинонинг ўнинчи қаватига жойлашди. Юқоридан туриб ким билан ҳам танишардим? Гаучо клуби дўст орттириш учун Нью-Йоркдаги энг қулай жой, деб эшитгандим. Лекин ҳозир шаҳарликлар билан таниша олармиканман, деб ўйланиб қолдим.

Ҳайдовчи Жейсонга бошдан-оёқ разм солди.

— Бу ким билан танишишингизга боғлиқ, — деди у. — Агар кўнгилхушлик учун қиз топмоқчи бўлсангиз айни жойига келдингиз.

Жейсон бош чайқади.

— Йўғ-э, сиз мени нотўғри тушундингиз. Майли, бир кириб кўрай-чи.

Агар ёқмаса қайтиб чиқавераман-да, тўғрими?

Ҳайдовчи моторни ёқди-да:

— Ихтиёр ўзингизда, — деб ғўлдираб газни босди.

Клубнинг ичкариси ҳар-хил рангли чироқлар билан ғира-шира ёритилган, оёқ остига бири-биридан қалин гиламлар тўшалганди. Пўрим кийинган уч-тўртта югурдек ғўддайганча қўл қовуштириб турар, уларга гапиришга ҳам юрак дов бермасди. Югурдаклардан бири кўзи билан имо қилиб йўл кўрсатгач, ҳаяжондан дир-дир титраган Жейсон одамга тўла катта хонага кириб кийим жавонини қидира бошлади.

Бу хона бояги ғира-шира даҳлиздан кўра файзли кўринарди. Шу пайт эгнига калта кўйлак кийиб, ҳаворанг фартук таққан, сочига кўк бант боғлаган бир қиз Жейсоннинг ёнига келди-да шляпасини олиб қўлига рақам ёзилган қоғозни тутқазди. Кейин унинг келишган йигит эканини пайқаб чиройли жилмайиб қўйди.

Шошиб қолган Жейсон қизга ялинишга тушди:

— Илтимос, ҳеч қаёққа кетмай, бир оз шу ерда туринг. Шляпамни ҳам илманг. Мен бу ерда кўп ўтирмасам керак. Ҳеч ҳаяжонимни босолмаяпман. Сиз бу ердаги дабдаба-ю ҳашамга кўникиб кетгандирсиз-а? Мен эса клубга биринчи марта киришим. Даҳлиздаги анави йигитлар мени чўчитиб юборди. Бунақа барзангиларни у ерга ким қўйган, ҳайронман. Бошқа мижозларниям таъбини тирриқ қилишаётгандир?

Қиз Жейсонга диққат билан разм солиб ғалатироқ йигит эканми, деб ўйлади.

— Уларга эътибор берманг, — деди қиз. — Ширакайф мижозларимизнинг аксарияти уларни пайқашмайдиям.

— Ҳа, майли, — деди Жейсон. — Айтингчи, клубингизда мазза қилиб ҳордиқ чиқаришим учун нималарни тавсия қиласиз?

— Сизнинг ўрнингизда бўлганимда аввал барга кириб тўйгунча ичардим-да, кейин ресторандаги оркестрнинг ёнидаги столга ўтириб ширин таомлардан буюрардим.

— Ичкилик ичиш шартмикан? — деб сўради Жейсон асабийлашаётганини сездирмаслик учун оқ бўйинбоғини пайпаслаб.

Қиз кулиб юборди:

Бўлмасамчи. Ичкилик юракка далда бўлади.

— Майли, айтганингиздай қиламан. Кейин келиб натижасини айтаман. Сизга катта раҳмат.

Жейсон шундай деб қизга жилмайди-да, бар томонга юрди.

Клубнинг бари ҳам жуда жимжимадор қилиб безатилган, узун стол одамга тўла эди. Жейсон камзулини тартибга келтириб, баланд курсига ўтирди.

Унинг ёнидаги курсига ўтирган сочига оқ оралаган новча киши малласоч жувонга ғўлдираб бир нималарни тушунтирарди. Сочлари тухумнинг сариғидай сап-сариқ жувон баданига ёпишиб турган оч яшил либос кийганди. Ёқаси аёлнинг бўйнини беркитган, енглари узун бу либоснинг этаги полгача тушганди.

Новча киши Жейсоннинг аёлни томоша қилишига халал бераётганди. Аёлнинг бошини кўриш учун у олдинга эгилиши, қоматини томоша қилиш учун эса ортга тисарилиши керак эди. Шу сабаб Жейсон новчанинг тезроқ кетишини хоҳлаб қолди.

Бармен ёнига келгач, Жейсон занжабил пиво қўшилган шотланд аискисидан буюрди:

— Яна сўраб вақтингизни олмаслигим учун шотланд вискисидан бир йўла уч ҳисса қуйсангиз.

Бармен унга бир қаради-да шишани олиш учун ортига ўгирилди.

Малласочга гапираётган новча киши ҳам қизиқсиниб юзини унга бурди.

— Юқумли қайизғоққа қарши листерин қўллайсизми, дейман? — деб сўради Жейсон ундан.

— Қайизғоқ дейсизми? — деб сўради ҳеч нарсага тушунмаган новча анграйиб.

— Ҳа, қайизғоқ. Олимлар тилида айтганда питираспорум овале, деб номланувчи чўзинчоқ батсилла.

Жейсон хиёл энгашиб новчанинг камзулига тармашган соч толасини олди.

Балки бу мавзу сизга қизиқ эмасдир. Унда гапимга эътибор берманг.

Новча нима дейишни билмай узр сўради-да ёнидаги малласоч аёлнинг қулоғига бир нима деб шивирлади. Малласоч ўзига қараётганини кўриб Жейсон унга ҳам савол берди:

— Салом, хоним. Айтишларича, пойга отлари бу йил ёзда похол шляпа кийишаётган эмиш. Шу гап ростми?

Шундан сўнг новча киши ва малласоч аёл дарҳол бардан чиқиб кетишди. Уларнинг ортидан термулиб қолган Жейсон эса ҳафсаласи пир бўлиб барменга гап қотди:

Бу икковига гапим ёқмади, шекилли. Нима дедингиз?

Бармен унинг стаканига занжабил пивосидан қўшди.

Похол шляпа ҳақидаги гапингиз ростми, жаноб?

Жейсон бош чайқади.

Йўқ. Шунчаки хонимнинг кўнглини олмоқчи эдим.

У шундай деб стаканидаги ичимликни бир кўтаришда бўшатди-да идишни барменга қайтарди.

— Яна қуйинг. Энди бу бемаза оқшомни унутмагунимча ичавераман.

Ўзингиз қуяверинг, — деди бармен шишани унинг ёнига қўйиб.

Сиз ҳам менга шерик бўлсангиз-чи?

— Мен уч йил бурун ичишни ташлаганман, — деди бармен афсуслангандек қўлларини икки ёнига ёйиб.

— Буни қаранг-а. Вақт топиб ичишни қандай ташлаганингиз ҳақида менга, албатта, гапириб беринг. Ҳозир эса сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. — Жейсон шундай деб унга яқинроқ сурилди. — Ҳозиргина чиқиб кетган малласоч аёл либосининг остидан ичкийим киймагандай туюлмадими сизга?

Барменнинг пешонаси тиришди.

Очиғини айтсам, аҳамият бермабман, сэр.

— Сиз уч йил аввал аёлларга қарашни ҳам ташлагансиз, чамамда, — деди Жейсон ачиниб. — Иродангизга қойил-э!

Бармен узр сўраб пештахтанинг нариги томонига кетгач, Жейсон яна бир-икки стакан виски ичди-да, ичимлик пулини пештахтага қўйиб ўрнидан турди ва ойнаванд эшик орқали ресторанга кирди. Рестораннинг тўрида оркестр куй чалар, уч-тўрт киши кафтдеккина майдончада рақс тушарди.

Метрдотел Жейсонни оркестрнинг яқинидаги икки кишилик столга ўтқазди.

— Бу ерга биринчи марта келишим, — деди Жейсон официантга. — Менга бирорта хонимни топиб беролмайсизми?

— Иложим йўқ, сэр, — деди официант қуруққина қилиб.

— Сўрадим-қўйдим-да. Айрим жойларда шунақа хизмат ҳам кўрсатишади, билсангиз.

— Қандай таом келтирай? — деб сўради официант унинг гапини эшитмаганга олиб.

Ҳафсаласи пир бўлган Жейсон истар-истамас таом танлади. Оқшом зерикарли ўтишини унинг кўнгли сезиб турарди.

Биринчи таомни кутаркан, у ресторанда ўтирганларга разм солди. Бу ерда унинг дидига мос чиройли кийинган аёллар кўп эди. Лекин уларнинг бари эркак билан бирга ўтирарди. Масалан, ёнидаги столда унга орқа ўгириб ўтирган қиз бир ширакайф йигит билан гаплашаётганди. Жейсон уларнинг суҳбатига қулоқ солди:

Йигит нимадандир норози эди:

— Мен сенинг мақсадингни яхши биламан. Сен ўз зингга ҳаддан ташқари бино қўйгансан. Оғзингга талқон солганмисан? Гапирсанг-чи!

Жейсон қизнинг гапини эшитолмади, лекин унинг чиройли қўнғир сочларига маҳлиё бўлиб қараб қолди.

Оркестр чалишни тўхтатгач ҳалиги ширакайф йигит мусиқачиларнинг олдига бориб пианиночи билан узоқ гаплашди. Дастлаб бош чайқаган пианиночи кейин бошқа мусиқачиларга бир нима деб шивирлади. Улар қўнғир сочли қизга қараб анча шивирлашишгач, пианиночи мусиқачиларнинг ёнида қолди. Қиз эса столга қайтган йигитга қўлидаги тўртта узукни ечиб берди-да оркестр томонга юрди. “Ойимтилла қўлчаларининг чигилини ёзмоқчи, шекилли”, деб ўйлади Жейсон.

Қиз пианинога ўтиргач мусиқачилар унинг атрофини ўраб олишди. Жейсонга унинг қўлларидан бўлак ҳеч нарса кўринмасди.

Тромбончи ширакайф йигитга қараб қичқирди:

Мисс Геллерт аввал томоқ ҳўлламоқчи.

— Йигит гандираклаганча ўрнидан туриб бир қадаҳ шанпан виносини қизга элтиб берди.

— Ўзингни кўрсатишни бас қил, — деди у жиғибийрон бўлиб. — Одамлар нима деб ўйлайди?

Шампанли қадаҳни бир кўтаришда бўшатгач, қиз пианино чала бошлади ва ресторандаги ғовур-ғувур таққа тўхтади.

У беш дақиқача пианино чалгач, олқишу мақтовларга кўмилиб столига бориб ўтирди.

— Хоним пианинони зўр чаларкан. Уни менинг номимдан ҳам табрикланг, — деди қизнинг маҳоратига қойил қолган Жейсон ширакайф йигитга. Мақтовни эшитгач, қиз унга майин жилмайиб миннатдорчилик билдирди. “Одри Хепберннинг ўзгинаси-я”, деб ўйлади Жейсон унга термулиб.

Ширакайф йигит эса Жейсонга ўқрайиб қўйди-да, қизга:

Нарсаларингни йиғиштир. Кетадиган вақтимиз бўлди, — деди.

Лекин хоним унинг гапини эшитмагандай пардозхонага кириб кетди.

Сиз уни яхши танийсизми? — деб сўради Жейсон йигитдан.

— Ҳар ҳолда сиздан кўра яхшироқ танийман, — деди йигит тутақиб. — Бировнинг ишига бурун суқманг. Бу қиз менинг қаллиғим. Мен эса тажанг одамман.

— Ҳеч ҳам тажангга ўхшамайсиз, — деди Жейсон жилмайиб. — Эгнингиздан ароқ сасиётганини айтмаса, дурустгина одам экансиз.

Йигит ўрнида сапчиб турувди Жейсон:

Юринг, ҳожатхонада орани очиқ қиламиз, — деди.

Ихтиёрингиз. Менга жойнинг фарқи йўқ, — деди йигит.

Жейсон ҳали қўл ҳам теккизилмаган овқат учун официантга чойчақа берди-да:

Ким зўрлигини ҳозир аниқлаб оламиз, — деди.

Ҳожатхонага гандираклаётган ширакайф йигитни елкасидан суяб олиб киришга тўғри келди. Ичкарида ҳеч ким йўқ экан. Жейсон дарров йигитни бир ёғлиқ қилди-да, оёқ-қўлини боғлаб бўлмалардан бирига тиқиб қўйди. Бояқиш пиёниста хўрликка чидолмай йиғлаб юборди, лекин уни овутишга Жейсоннинг вақти йўқ эди.

Ресторанга қайтиб кирса, қўнғирсоч қиз ҳалиям жойида йўқ. Узоқ кутгандан сўнг Жейсон уни кийим илинадиган хонадан топди. Сочига кўк бант боғлаган қиз шляпасини бериб, ундан кеча қандай ўтганини сўради.

— Менга тўғри маслаҳат берибсиз. Мириқиб дам олдим, — деди Жейсон қизга беш доллар тутқазиб.

Кейин кўзи мисс Геллертга тушиб, унинг олдига борди.

— Ҳозиргина ҳамроҳингизнинг олдидан чиқдим, — деди Жейсон унга. — Дўстингиз туннинг қолган қисмини сиз билан ўтказишимни илтимос қилди.

— Шунақами? — деди қиз хушторининг ғойиб бўлганига парво ҳам қилмай.

— Менинг исмим Говард Жейсон. Нью-Йоркка биринчи марта келишим. Чўнтак тўла пул. Хўш, энди қаёққа йўл оламиз?

Қиз бир оз ўйлаб турди-да:

Ростдан ҳам пулингиз кўпми? — деб сўради.

Жейсон бош сермади.

Ҳозир ёнингизда қанча бор?

Икки минг доллардан кўпроқ. Тахи бузилмаган яп-янги пуллар.

Шунча пул билан юриш мазза бўлса керак-а? — деди қиғ энтикиб.

— Э, гап пулда эмас. Келинг, мавзуни ўзгартирайлик. Ҳа деб пул ҳақида гапиравериш яхшимас.

— Ҳозир биз борадиган жойга кўп пул керак-да, — деди қиз. — Йўқса иккимизни кўчага улоқтиришади.

— Демак, зўр жой экан. Кетдик бўлмаса.

— Пианинони зўр чаларкансиз. Яна қандай ҳунарларингиз бор? — деб сўради Жейсон улар таксига ўтиришгач.

— Қўлимдан кўп иш келади. Лекин бирор ишни пианино чалгандек дўндиролмайман. Бу борада омадим чопган.

— Зўр чалиш учун анча шуғуллангандирсиз? — деди Жейсон ва орқа ўриндиқда ўтирган қизга қайрилиб қаради. — Тўғрисини айтсам, менга жуда ёқиб қолдингиз.

— Бўлажак муносабатлар учун пойдевор қураяпсиз чоғи? — деди қиз бошини хиёл ортга тисариб.

— Қари кампирларга ўхшаб бетгачопар экансиз.

— Ҳеч ҳам-да. Мен бегона эркаклар билан таксида кўп юраман. Уларнинг ниятини олдиндан билишга қизиқаман.

Жейсон чўнтагидан портсигарини чиқарди.

— Қизиқишларингиз зўр экан, — деди у қизга тамаки узатиб. — Айтингчи, ўша эркаклар билан ётасиз ҳамми?

Қиз тамакини ёқиб тутата бошлади.

— Асло, — деди у. — Бунақа ишлар менга тўғри келмайди.

— Шунақами?

— Истасангиз ҳозироқ мени уйимга элтиб қўйинг. Бошқасини топишга ҳали вақтингиз бор. Нью-Йоркка биринчи марта келганлар ўзи кўпинча кўнгилхушлик учун қиз қидиради.

— Ўжарлигингиз менга жуда ёқди, — деди Жейсон. — Ҳозир қаёққа кетаяпмиз ўзи?

— Озгина сабр қилсангиз кўрасиз. Етай деб қолдик.

Кўп ўтмай такси баланд бир бинонинг ёнига келиб тўхтади. Ҳайдовчига йўлкира бергач, Жейсон мисс Геллерт билан бирга жимжимдор ясси зинадан уйнинг эшигига кўтарилди.

Қиз қўнғироқ тугмасини босувди қалин кўзойнак таққан пакана киши эшикни очди.

Хэлло, Мэри, — деди у қизга. — Бугун мени куттириб қўйдинг-ку.

Шундай деб кўзойнакли киши уларни ичкарига бошлади.

— Бу йигитнинг исми Говард Жейсон, — уни мезбонга таништирди мисс Геллерт.

Бояги киши эски танишидек Жейсоннинг қўлини маҳкам сиқиб кўришди.

— Доктор Кауфман Нью-Йоркдаги энг меҳнаткаш одам, — деди қиз Жейсонга. — Сизни безовта қилмадикми, доктор?

— Асло. Яхши йигит, сиз кийим-бошингизни ечиб бемалол ичкарига ўтаверинг.

— Бўлмаса сиз бу йигитга ҳамма нарсани кўрсатинг, доктор. Кўрасиз, Жейсон жуда олижаноб инсон, — деди мисс Геллерт.

Жейсоннинг пешонаси тиришди.

— Бу ерга нега келганимни менга тушунтириб беролмайсизми, — деди у. — Очиғини айтсам, ҳеч нарсага тушунолмай қолдим.

Доктор Кауфман унинг каифтидан тутди.

— Албатта тушунтираман, — деди у. — Мэри сал шошқалоқлик қилибди-да. Менга ёрдам бериш учун бу ерга сахий инсонларни бошлаб келгани-ку яхши, лекин кўпинча у сизлардан асл мақсадни яширади.

Мисс Геллерт Кауфманга илтимосини яна такрорлади:

— Жейсонга ҳамма жойни кўрсатинг, доктор. Кейин бафуржа гаплашамиз. Мен сизларни кутубхонада кутаман.

— Мен сизни бутун умримни бағишлаган ишим билан таништирмоқчиман, Жейсон, —деди доктор. — Ортимдан юринг.

Доктор шунчалик самимий гапирдики, Жейсон унинг ортидан эргашганини сезмай ҳам қолди.

Орадан бир соатлар ўтгач, Жейсон кутубхонага ёлғиз қайтди. Мисс Геллерт катта камин ёнида хаёлга чўмиб ўтирарди. Жейсон унинг ёнидаги курсига ўтирди. Олов ёруғида унинг юзи докадек оқариб кўринарди.

— Сизни алдаганим учун афсусланаётганим йўқ, — деди мисс Геллерт. — Одамларни бу ерга келишга кўндириш учун ёлғон гапиришга мажбурман.

— Докторга пул керак, шундайми? — деди Жейсон аламини ичига ютиб.

— Ахир, у ёрдамга лойиқ-ку, тўғрими? Доктор қилаётган ишга қўл уришга ҳозир ким ҳам жазм эта оларди?

Жейсон ҳамёнини чиқариб мисс Геллертга пул берди.

— Ие, кўп бериб юбордингиз-ку. Сизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Оқшомингизни ҳам расво қилдим, шекилли.

Жейсон қизга тикилиб қаради.

— Бу ишга қандай аралашиб қолдингиз ўзи?

Мисс Геллерт нигоҳини оловга қадади.

— Мен севган одам оғир дардга чалиниб оламдан ўтган. Доктор Кауфман шаҳарда шу касалликни даволай оладиган ягона мутахассис. Лекин унинг тажрибалари жуда қиммат туради. Пулсиз ҳеч қандай натижа чиқмайди. Шунинг учун ҳам унга ёрдам бераяпман.

— Тушунарли. Жуда ақлли қиз экансиз. Саховатпешаларни доим тунги клубдан топасизми?

— Нима, бу усул сизга ёқмадими?

— Чиройли ресторандан манави бефайз жойга алданиб келиш кимга ҳам ёқади, — деди Жейсон эшик томонга юриб. — Докторингизнинг ишига муваффақият.

Мисс Геллерт унинг ортидан юрди.

Оқшомингизни буздим, шундайми?

Жейсон унга қараб бир оз ўйланиб қолди.

— Биласизми, сиз мени боплаб лаққиллатдингиз. Мен сизни бунақа жиддий қиз деб ўйламовдим.

Илтимос, мени кечиринг, — деди мисс Геллерт.

— Ҳалиги ширакайф йигитни ҳам бирор кун бу ерга олиб келсангиз керак-а? — деди Жейсон жилмайиб.

Бўлмасамчи. Унинг ҳам чўнтаги тўла пул.

— Ҳайрли тун, хоним, — деди Жейсон ва эшикни очиб ташқарига чиқди. Шу пайт қоронғи кўчадан ғизиллаб такси етиб келди.

Қаёққа бормоқчимиз? — деди ҳайдовчи.

Жейсон ортига ўгирилиб мисс Геллерт аллақачон эшикни ёпганини кўрди-ю қовоғи уюлди.

— Менга қаранг, — деди у ҳайдовчига. — Нью-Йоркка биринчи марта келишим. Ўнинчи қаватда яшаяпман. Биров билан танишишнинг имкони йўқ. Дўст орттириш учун қаёққа борай?

Ҳайдовчи ўйланиб қолди.

— Шаҳарликлар билан танишмоқчи бўлсангиз Гаучо клубига борганингиз маъқул, — деди у ниҳоят. — Айниқса, кўнгилхушлик учун қиз топишга жуда қулай жой бу.

— Маслаҳатингиз учун раҳмат, — деди Жейсон машинадан тушиб. — Яхшиси озгина пиёда юра қолай.

А.Отабоев таржимаси


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>