• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

«Тошшаҳартрансхизмат» га саволим бор

«Ишонч телефон»и — юртдошларимизнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш учун йўлга қўйилган хизматлардан бири. Аммо фуқаролар ва идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига тез фурсатда ечим топиш мақсадида ташкил этилган «Ишонч телефон»и ишончсиз бўлса-чи?! Унда қандай йўл тутиш керак? Фуқаро додини кимга айтсин? Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи юртдошимиз Нодира Зайнутдинованинг «Жамият» газетасида чоп этилган қуйидаги мақоласида ана шундай ҳолатлардан бири ҳақида ҳикоя қилинади.

Бугун куннинг қай вақти бўлишидан қатъи назар кўзлаган манзилингизга тез ва осон етиб оласиз. Бир вақтлардагидек соатлаб автобус кутмайсиз, йўналишингиздаги автоуловнинг тўхтамай ўтиб кетишидан хавотирга тушмайсиз. Кенг ва равон кўчаларимизда ҳаракатланаётган замонавий жамоат транспортлари узоғингизни яқин қилади. Буларнинг бари мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар натижаси, албатта.

Бироқ кўча тасодифларга тўла дейишади. 2015 йилнинг 12 ноябрь куни ишга кетаётиб, Эркин қўрғони Олой бозори йўналиши бўйича қатнайдиган 57-автобусга ўтирдим. Мазкур йўналиш йўловчилар учун жуда қулай, шаҳар четидан марказга тез ва осон етиб олиш мумкин. Шу боисдан у доим йўловчиларга тўла бўлади.

Автобус ҳаракатлана бошлади, бироқ кейинги бекатга етмасданоқ унга шу йўналишдаги бошқа автобус етиб олди. Йўловчиларни бир-биридан қизғанган икки ҳайдовчи росмана пойгани бошлаб юборди. Жанубий вокзал бекатига етганда ҳайдовчи автобусга шундай қаттиқ тормоз бердики, ҳатто ўтирган йўловчилар ҳам ўрнидан учиб тушди. У зудлик билан автобусдан тушиб, нариги улов эгаси билан ёқалаша кетди. Йўловчиларнинг аҳволи не кечди, нима бўлди, бу билан уларнинг иши бўлмади.

Мен уларнинг бу ишини кузатиб ортиқ чидаб тура олмадим. Ҳайдовчига «ахир сиз картошка олиб кетаётганингиз йўқ эди», — деб танбеҳ бердим. Аммо унинг кўзига ёмон кўринганим қолди. Ҳайдовчи ғудрана-ғудрана жойига ўтириб автобусни тағин елдай учириб кетди.

 2013 йилнинг 9 октябрида Президентимизнинг «Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган. Унга кўра мутасадди идораларга йўловчилар ташиш хавфсизлиги ва сифатини ошириш, қулай ва шинам автобуслардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, йўловчилар ташишни бошқаришга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасида аниқ вазифалар юкланди. Тўғри ўтган давр мобайнида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси томонидан бир қатор ижобий ишлар бажарилди. Автобус саройлари мунтазам равишда замонавий автобуслар билан янгилаб борилаяпти. Йўловчиларни ташишни бошқариш, жамоат транспорти қатнови графиклари ва интервалларига қатъий риоя этишни таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, ҳаракатланадиган таркибнинг қатнови устидан «он-лайн» тартибида масофадан туриб назорат қиладиган (GPS) тизимларини жорий этиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.

Бироқ шунга қарамай, ҳали ҳануз доим бир-бирини қувган, йўловчи талашган, баъзан битта бекатда узоқ туриб қолаётган автобус ҳайдовчилари учрамоқда. «Тошшаҳартрансхизмат» мутасаддилари нега мана шу каби йўловчи ҳаёти билан боғлиқ муҳим масалага унчалик эътибор қаратмаяпти? Нега юқоридаги қарорнинг иккинчи бандида кўрсатилганидек улар малакали ҳайдовчи ходимлар ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги талабларига мос келадиган замонавий ҳаракатланадиган таркиб билан таъминланмаяпти, деган ҳақли савол туғилади.

Хизмат жойимга эсон-омон етиб келгач, ана шу каби саволлар билан мурожаат қилиш учун «Тошшаҳартрансхизмат»нинг қабулхонасига сим қоқдим. Гўшакни кўтарган йигит муддаомни эшитгач, уюшманинг «Ишонч телефони» (10-62)га қўнғироқ қилишимни маслаҳат берди. Айтилган рақамларни тердим, нариги томондан «оператор жавобини кутинг», деган узуқ-юлуқ сўзни эшитдим. Бир неча дақиқа оператор жавоб берар деб кутдим. Қўнғироқ жиринглайвериб толиқди шекилли узилиб қолди. Қайта-қайта қўнғироқ қилишимга қарамай мудом шу жавобни эшитавердим. Бундан «Тошшаҳартрансхизмат»нинг «Ишонч телефон»лари ҳам хўжакўрсинга қилинган экан, деган фикрга бордим. Зора, «Ишонч телефони»дан ололмаган жавобимни матбуот орқали олсам, деб кўрган-билганларимни қоғозга туширдим.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>