• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Тошкент шаҳар ИИББ Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев 28 сентябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган брифинг чоғида ёзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон)нинг қўлга олиниши юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда «Kun.uz» сайти хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Нуролло Отахонов 27 сентябрь тонгида Истанбулдан Тошкентга учиб келган вақтида Ислом Каримов халқаро аэропортида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ёзувчининг ушланишига нима сабаб бўлгани ҳақида савол берган журналистга қуйидагича жавоб қайтарган:

«Нурулло Отахоновга нисбатан 11 май куни Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят иши бўйича бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилган ва унга нисбатан сиртдан 159-модданинг 1-қисми, 244-1-модданинг 3-қисми, «г» банди билан айблов эълон қилинган, эҳтиёт тарзида қамоққа олиш чораси танланган ва у қидирувга берилган».

Дониёр Тошхўжаевнинг таъкидлашича, айни пайтда жиноий иш бўйича ёзувчига нисбатан амнистия тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига расман мурожаат қилмаган.

«Ҳозирча тергов олиб борилмоқда. Биз барча зарур тергов тадбирларини ўтказамиз, агар зарурат туғилса, қўшимча экспертиза белгилаймиз. Агар унинг айби тасдиқланмаса ёки унинг ҳаракатлари амнистия актига тушадиган бўлса, биз, табиийки, қонунга мувофиқ қарор қабул қиламиз» — деган Дониёр Тошхўжаев.

«Sof.uz» нашри брифинг тафсилотларини баён этар экан, Ўзбекистон қонунчилигига таяниб, Нурулло Отахоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши моддаларини шарҳлаб ўтган:

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, 159-модда 1-қисми:

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш:

— энг кам ойлик иш ҳақининг олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, 244-1 модда (г банди):

Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса:

— беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>