• Бугунги сана: Juma, Dekabr 15, 2017

Тинчлик йўли ёхуд боши берк кўча

«Сочлари» оқарган ташкилот

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўтган йили 24 октябрда 70 ёшга тўлди. «Мўйсафид» ташкилот низомининг преамбуласида зарҳал ҳарфлар билан битилган шундай сўзларни ўқийсиз:

«Биз бирлашган миллатларнинг халқлари тўла ишонч билан уруш офатларидан авлодларни халос этиш мақсадида, бизнинг ҳаётимизда содир этилган икки урушнинг сўз билан ифодалаб бўлмайдиган аламларини татиган кишилар сифатида инсонларнинг қайтадан асосий ҳуқуқ ва қадриятларга бўлган ишончини қозонишга, эркак ва аёлларнинг, катта-ю кичик мамлакатларнинг тенг ҳуқуқлилигига эришишига киришамиз. Ана шуларга эришганимиздагина шартнома ва бошқа халқаро ҳуқуқ манбаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга нисбатан ҳурмат ва адолат, ижтимоий тараққиётга ва катта эркинлик шароитида яхши ҳаёт даражасига эришувда ҳамкорликда иш олиб боришга амал қилиниши мумкин.

Ушбу мақсадлар йўлида сабр-бардош кўрсатиш, бир-бири билан яхши қўшничилик асосида тинч яшаш, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун кучларни бирлаштириш, қуролли кучлардан умумий манфаатлар йўлида қабул қилинган тамойиллар ва белгиланган услубларда фойдаланишни таъминлаш, халқаро ҳамжамият кўмагидан барча халқларнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти йўлида фойдаланиш, ушбу мақсадларга эришиш йўлида кучларимизни бирлаштиришга қарор қилдик».

Халқаро ташкилотга аъзо бўлаётган ҳар бир давлат мана шу устувор мақсадларга, вазифаларга амал қилиш йўлида ўзига мажбурият олади. Орадан 70 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Хўш, ортга назар ташлаб, бу эзгу мақсадларга инсоният тўла эриша олдими, йўқми, деган саволга жавоб излаб кўринг. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Муаммоларни узил-кесил ечишга уриниб, «сочлари» оқарган ташкилотнинг чорасиз қолганида буни кўриш мумкин. Амал қилинмаса, бунақа баландпарвоз мақсадлар, гаплардан не фойда, дея асабийлашасиз. Афсуски, ҳамон дунё­да бир қоида – кучлиларнинг ўз ҳақиқати тантана қилаётгандек. Шу боисдан ҳам устозим айтганидек, миллионлаб, миллиардлаб аҳолининг ҳақиқати билан ҳисоблашилмаяпти. Шу боисдан ҳам жаҳондаги олий ҳакам – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти боши берк кўчага кириб қолгандек.

2015 йилнинг 14 октябрида БМТнинг асосий маслаҳат органи Бош Ассамблеяда ташкилот фаолияти борасидаги маъруза муҳокама қилинди. Хусусан, унда БМТ Бош котиби нуфузли ташкилотнинг 70 йиллик даври якунларини таҳлил қилиб, истиқболдаги устувор масалаларга эътибор қаратди. Айниқса, у тобора кучайиб бораётган замонавий таҳдидлар давлатларнинг мисли кўрилмаган даражадаги ҳамкорлигини тақозо этаётганини таъкидлади.

«БМТнинг 70 йиллиги олдидан эришилган кўплаб ютуқларимиздан ғурур туйғусини ҳис этамиз. Бу даврда дунё ХХ асрнинг биринчи ярмида икки бора содир бўлган кенг кўламли глобал конфликтга ўхшаган муҳорабалардан қочишга муваффақ бўлди», дейилади жумладан Пан Ги Муннинг маърузасида. Тўғри, учинчи жаҳон уруши содир бўлишига йўл қўйилмади. Аммо йилдан-йилга, кундан-кунга инсониятнинг ҳаловатига чанг солаётган муаммолар ҳам улкан муҳорабалардан кам ташвиш туғдирмаяпти. Энг ёмони, халқаро терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, қашшоқлик, тенгсизлик ва бошқа муаммолар БМТ Низомидаги мақсадларга мутлақо зид. Яъни имзо чекиш бошқа-ю, унга амал қилиш бошқа бўляпти. БМТ Бош котибининг эса бирон кескин чора қўллашга қўли «қисқа» лик қилмоқда.

Сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматов айтганидек, долзарб масалалар муҳокамасида катта ва кучли давлатлар мавқеи БМТ Бош котиби мавқеидан устунроқ эканлиги билиниб қолмоқда. Баъзан ўта долзарб масалаларга ёндашувларда жаҳон иккига бўлиниб қоляпти: яъни, ер юзидаги аксарият давлатлар, бир томон-у Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган битта ёки иккита давлат бир томон. Нима қилиш керак? Бу саволга жавоб берар экан, Иброҳим ака юзага келган вазият БМТ фаолиятини такомиллаштиришни, ваколатини кучайтиришни, БМТ Бош котибига алоҳида ваколатлар беришни, Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари сонини оширишни, вето ҳуқуқини қўллаш шартларини қайта кўриб чиқишни, жаҳон тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид бўлган тақдирда қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини тақозо этади, дейди.

Ана шу йўналишда Ўзбекистон киритган таклифлардан ҳам хабарингиз бор. Жаҳондаги жуда кўп давлатлар Ўзбекистоннинг таклифларини маъқуллашди. Бу масала БМТ Бош Ассамблеясининг 2009 йил кузида бўлиб ўтган мажлисида ҳам яна бир неча давлатлар томонидан кўтарилди. Яъни айнан Ўзбекистоннинг таклифига ҳамоҳанг таклифлар илгари сурилди. Бироқ бу жаҳонга мутлақ ҳакамлик йўли билан ҳукмронлик қилишга ўрганиб қолган давлатларга ёқмади. Мана, нима учун тинчликка, хавфсизликка таҳдидлар камаймаяпти, уруш ва хунрезликлар ўчоғи сўнмаяпти.

Ислоҳ қилинадиган йўналиш

Шу ўринда БМТнинг дунёда тинчликни сақлаш борасида сўнгги пайтларда амалга ошираётган чора-тадбирларига эътибор қаратсак.

2015 йилнинг 12 октябрида БМТ Бош котиби Бош Ассамблея делегатларини ташкилотнинг тинчликпарварлик операцияларини ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилган тавсияларни қўллаб-қувватлашга даъват этди. У ўз маърузасида БМТнинг тинчликпарварлик операцияларини янада мустаҳкамлаш зарурати борасида тўхталар экан, бугун дунёнинг глобал ўзгаришлар даврини бошидан кечираётганига эътибор қаратди. 2008 йилдан бери жаҳондаги кенг кўламли можаролар уч баробар ортганини таъкидлади. 60 миллиондан зиёд одам уруш ва можаролар туфайли ўз уйларини мажбур ташлаб чиқишганини айтди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта рақамдир. Бу миллионлаб кишиларнинг бузилган ҳаловати демакдир. Тинчлик тобора тансиқ неъматга айланиб бор­япти. Ҳатто БМТнинг тинчликпарварлик ва сиёсий миссияларидаги кишилар сони ҳам ҳар қачонгидан ортиб, 130 мингга етгани буни яна бир карра тасдиқлайди.

Маълумот учун айтиш лозимки, 2014 йилнинг 31 октябрида БМТ Бош котиби тинчликпарварлик операцияларининг айни пайтдаги ҳолатини таҳлил қилиш, истиқболда бу борада муайян ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида мустақил гуруҳ таъсис этганди. 2015 йилнинг ёзида мазкур гуруҳ Бош котибга бир қатор тавсиялар киритди. Улар нималардан иборат?

Бу можароларни бартараф этишда БМТ имкониятларини, «мовий каска»лар тезкорлигини ошириш, уларнинг мандати стратегиясини аниқлаш, фуқаро шахсларни ҳимоя қилишдаги имкониятини мустаҳкамлаш кабилардан иборат. Шундан ҳам кўриниб турибдики, нуфузли ташкилотда зарурат туғилганда тинчликпарварлик операцияларни ўтказишда муаммо бор. Яъни дунёда тез ўзгариб бораётган геосиёсий вазият БМТнинг тинчликни сақлаш операцияларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Бош котибнинг таъкидлашича, бундан 15 йил муқаддам бу борада кенг кўламли ислоҳот ўтказилган экан. Ўзингизга маълумки, бу даврда жаҳон қанчадан-қанча ўзгаришларга юз бурди. Халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб бораётгани, пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни ҳал этишда куч ишлатишга зўр бериш устунлик қилаётгани, хомашё ресурслари ва коммуникациялар устидан назорат қилиш бўйича геосиёсий рақобатнинг ошгани, ядро технологиялари ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро терроризм ва экстремизмнинг кенг тарқалаётган экспансиясининг фаоллашуви, миллатлар ва конфессиялараро можароларнинг кучаяётганига эътибор қаратмасдан тинчликни сақлаш миссиясини такомиллаштириш ҳақида ўйлаш мантиқсизлик бўлади. Демак, мазкур йўналишда БМТ фаолиятини ислоҳ қилишга бежиз аҳамият бермаяпти.

Дунёнинг, инсониятнинг эҳтиёжи

Хабарингиз бор, 2015 йилнинг сентябрь ойи охирларида БМТ Бош Ассамблеяси 70 сессияси бўлиб ўтди. Унда бир қатор давлат раҳбарлари бугун дунёни ташвишга солаётган муаммолар хусусида маърузалар қилишди. Масалан, Россия президенти ўз маърузасида ўзларини «Ислом давлати» деб эълон қилган жангариларга қарши курашда халқаро ҳуқуқ доирасида кучларни бирлаштириш заруратига эътибор қаратди.

Ўз навбатида Америка давлат раҳбари Эроннинг ядро дастури билан боғлиқ муаммо юзасидан битимга эришилганини дипломатиянинг ғалабаси сифатида эътироф этиб, Суриядаги хунрезликни ҳам ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар ёрдамида ҳал этиш мумкинлигини билдирган. Тинчлик йўли билан муаммоларни ҳал этиш ҳақида кўпчилик гапиради. Бироқ негадир амалда бунинг исботини кўриш қийин.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. БМТнинг юбилей сессияси кун тартибидан 170 дан зиёд масала ўрин олган. Шулардан 60 га яқини эса бевосита тинчликни ва хавфсизликни таъминлашга қаратилгани билан характерланади. Хусусан, Яқин Шарқ, Фаластин, Афғонистон, Марказий Америка, Африкадаги муаммолар келтириб ўтилган. Космик фазодан тинчлик мақсадларида фойдаланиш муаммосига эътибор қаратилган. Қочоқлар ва гуманитар муаммолар кун тартибига қўйилган. Қуролсизланиш масаласи билан боғлиқ йўналишда ҳарбий бюджетларни қисқартириш, Африкада ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисида битим каби ўндан ортиқ масалалар муҳокамаси кўриб чиқилган. Халқаро терроризмнинг барча кўринишига қарши кураш, гиёҳвандлик воситалари устидан назорат ўрнатиш билан боғлиқ муаммо ҳам кун тартибидан жой олган. Ҳа, кўриб турганингиздек, дунёнинг, инсониятнинг бугун тинчликка жуда-жуда эҳтиёжи бор.

Ўзбекистон ташаббуслари

Шу ўринда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг БМТ билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётганига тўхталиб ўтсак. Масалан, Президентимиз Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудудни ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, бу ҳақдаги шартнома 2006 йилнинг сентябрь ойида Семипалатинск шаҳрида имзоланганди. БМТ Бош Ассамблеясининг 61 ва 63-сессияларида Ташкилотга аъзо давлатларнинг кўпчилик овози билан «Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд» Резолюция­си қабул қилинди. 2014 йил 6 май санасида эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида беш ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия якдиллик билан муҳим халқаро ҳужжатни — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолашди. Бу улкан тарихий воқеада Ўзбекис­тоннинг катта ҳиссаси борлигини ишонч ва ғурур билан таъкидлаш лозим.

Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш тўғрисидаги шартнома минтақада тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш ва дунё миқёсида ялпи ядровий хавфсизликни таъминлаш йўлида қўйилган ғоят муҳим қадам ҳисобланади.

Мамлакатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб, Афғонистон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини уқтириб, афғон халқига, унинг маданий қадриятларига, хусусан, ислом динига ҳурмат билан қараш, турли этник гуруҳларнинг ўзаро муроса қилишига ёрдам кўрсатиш, жафокаш афғон халқига қайта тиклаш ва бунёдкорлик ишларида кўмак бериш, бунинг учун ҳамкорликда корхоналар қуриш лозимлигини такрор ва такрор таъкидлаб келмоқда.

Мамлакатимизнинг БМТ доирасида глобал ва минтақавий масалаларда, жумладан, тинчлик ва осойишталикни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатларда кўтариб чиқаётган бундай ташаббуслари тинчлик ва барқарорликни, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этаётир. Ўзбекистон аввалбошданоқ ўзининг тинчликсевар сиёсатига содиқ қолиб келмоқда. Демакки, БМТ yизомидаги устувор мақсадларга ҳам.

Назаримда, нафақат сўзда, балки амалда ҳам тинч­ликка асосланган сиёсат юритишни давлатлар бирдек хоҳлаганидагина нуфузли ташкилот низомида келтирилган мақсадларга эришамиз. Акс ҳолда борадиган йўлимиз, кўчамизнинг боши берк бўлиб қолаверади.

Шерзод Толмасов


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>