• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Тинчлик бермас матоҳ

Толиб ҳам ниҳоят «сотка» олди. Олди-ю ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ноёб буюмга у ёғу бу ёқдан боқиб тўймас, тугмачаларини босар экан шу заҳотиёқ тоза чит билан қайта-қайта артиб қўяр, чўнтагига солишга кўзи қиймасди. Беминнат дастёрини олиб юрар чоғда гўё барча ўтган-кетганларнинг нигоҳи унда, аниқроғи «сотка»сида.

Бироқ, уяли телефонини уяли алоқа операторига улаганидан сўнг сал кайфияти тушди. Нега дейсизми? Чунки, кун давомида биронта қўнғироқ бўлгани йўқ. Эртасига ҳам шу аҳвол такрорланди. Кейин Толибнинг калласи ишлаб қолди: телефон рақамини ҳеч кимга бермапти-ку!

Таниш-билишларига рақамини бериб, юқоридаги ҳолатни тезда тўғрилади. «Мана энди соткам тинчлик бермайди», деган ҳаёллари афсуски, эҳтимоллар назариясидан ўрин эгаллади холос. Яна ўша-ўша жимлик.

Кўчада барча унинг устидан кулаётгандек, пичинг ва имо-ишора билан мазах қилаётгандек туюларди. Кўнглига қил ҳам сиғмайдиган бир вазиятда ёқимли садо, орзиқиб кутилган овоз янгради. Ҳа, ниҳоят унинг ҳам «сотка»си жиринглади:

— Алло!?

— Кечирасиз, Акмалжон сизмисиз?

— Йўқ.

— Ие, узр, адашибман.

— Ҳечқиси йўқ.

— Ту-ут, ту-ут, ту-ут.

Бир телефонига, бир ён-атрофга қарайди. Яна ҳамма унинг устидан кулаётгандек…. Биргина қўнғироқ бўлди, шундаям адашиб тушишди.

…Орадан бир ой ўтди. Йигитнинг уяли алоқа ҳақидаги фикри, юмшоқ айтганда, бир озгина ўзгарди:

– Қанийди тинч бўлса, бу матоҳ. Тинимсиз жиринглайди-я! Ҳали уйдагилар, ҳали ишхонадагилар, кейин, таниш-билишлар, ҳар замон адашиб тушувчилар, хуллас, умуман ҳаловатим йўқолди.

Толиб шу каби фикрларни ҳаёлидан ўтказар экан, «сотка» яна жиринглади. Бу сафар унинг овози янада жарангдор янграгандек, чорлов оҳангида эса қўл телефонининг мазахомуз, такаббурона ва ғолибона қиёфаси акс этгандек туюлди.

Тўлқин Жуманазаров

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>