• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Темурбекка сиғинган князь

Соҳибқирон Амир Темур ўзидан кейин кўпгина жумбоқлар қолдирдики, улар ҳанузгача муаррихлар учун изланишлар мавзуси бўлиб келмоқда. Ана шундай жумбоқлардан бири унинг Москва остонасида тўхтаб ортга қайтишидир. Узоқ изланишлардан сўнг шу масалага ойдинлик киритувчи айрим далилларга эга бўлдим ва шулар асосида ушбу лавҳани яратишга жазм этдим.

…Бу хабар Москванинг буюк князи Василий Дмитриевични ларзага солди. Амир темур лашкари Барқу Саройга от қўйиб пойтахтнинг, даҳшатли Олтин Ўрда пойтахтининг кулини кўкка совурибди. Ҳеч ақл бовар қилмас воқеа.

Бундан ўн икки йил муқаддам у отасининг, донлик Дмитрийнинг амри билан ўша машъум шаҳарга боярлар ҳамроҳлигида борган эди. Ўша шаҳарда Москва князи манфаатларини ҳимоя қилиш учун уч йил муддат тургани ёдида. Қачонлардир, Ботухон даврида Олтин Ўрда пойтахти Волга ирмоғи Оқтўба соҳилида эди. Ботунинг укаси Барқу эса Оқтўбанинг олд яланглигида янги шаҳар қурди. Ўзбекхон эса худди шу Барқу шаҳрига пойтахтини кўчирди. Чунки Барқу Сарой Мўғулистон, Хитой, Ҳиндистон ва Эронга борадиган, иккинчи тарафдан эса Қирим, Ўрта ер денгизи ва Ғарбий Европа савдо тармоқларига туташ карвон йўллари чорраҳасига яқин ерларда жойлашган эди. Мағрур Жўжи улусининг пойтахти кони фойда келтирувчи қулай манзилдан ярим дунё билан алоқа ўрнатган. Пойтахт чегараси, маркази қаерда эканлигини илғаш қийин, чунки Барқу — Сарой деворлар билан ўралмаган.

Мўғуллар такаббурона нигоҳ билан қўшниларга ўз қудратини кўз-кўз қилмоқчи бўлгандек, биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз, ҳеч бир қўшин олдимизга келолмайди дегандек туюларди. Пойтахт аҳолиси юз йилдан бери ташқи мудофаа деворларисиз яшаб келади. Улар душман отлиқлари туёғи пойтахт остонасига тегишини хаёлларига ҳам келтиришмайди.

Ҳамма бу ерга таъзим қилгани келади. Буюк Чингиз авлоди пойтахтига бош уриб қадам қўяди. Шаҳарда анҳор, кўл ё қудуқ суви ҳам йўқ. Сувни Оқтўбадан араваларда катта хумларга солиб келтиришади. Пойтахтнинг ҳар кўчасида катта бозор учрайди. Бу ерда ҳамма нарса сотилади, олинади. Карвон саройларда доимо одамлар гавжум. Мағрибдан Машриққача бўлган ерлардан келган савдогарлар Барқу — Саройдан сира аримайди. Бозорлардаги энг мўл мол — бу қуллар эди. Шаҳар гўё қуллар омборини эслатади. Зотан ана шу қул савдосидан тушадиган мўмай даромад Олтин Ўрда хазинасини доимо бойитиб турарди. Бу шаҳарда яшаган кезлари Василий унинг деворлари, тўсиқлари, хандақлари мутлақ кўринмаганидан ажабланган. Яна шуниси қизиқ эдики, Барқу Саройда рус шаҳарларида бўлганидек бозор майдони алоҳида ажратилмаган эди. Бозор ҳар қадамда учрайди. Чанг-тўзонли шаҳар ари уясидек ғуқиллар эди. Гўё ҳамма нарса савдо-сотиқ учун яратилгандек эди.

Барқу Саройда кўпчилик аҳоли савдогарлар бўлиб, шаҳарнинг озчилик қисми муқим яшайди. Жанубий чеккада славян қуллар яшайдиган даҳа. Уларга оила қуриш тақиқланган. Улар ертўлаларда яшайди, шаҳар савдогарларига хизмат қилишади. Улкан қул савдоси қизийдиган шаҳардан озмунча қул ўзга ўлкаларга олиб кетилмаганми?

Княз Василий ўз кўзи билан бир неча бор бу қул бозоридаги ҳангомаларни кўрган. Рус қуллари қаерларга ҳам олиб кетилмаган дейсиз. Хитой пойтахти Хонбалиқдаги хон хизматида турувчи бутун бир полк ана шу руслардан иборат. Улардан неча минги Миср султонлари лашкарида хизматда. Барқу Саройдан олиб кетилган қуллар Қирим, Генуя, Венеция, Пиза бозорларида сотиларди. Рус қизлари энг харидоргир қуллар ҳисобланади…

Василий Барқу Саройда яшовчи, табиб либосида иш кўрувчи махфий даракчиси юборган номани вазирга узатиб, баланд товушда ўқишни буюрди.

— Давлатпаноҳим, олиҳиммат князга шуни шитоб ила маълум қиламанки, Темурхон ғолиб келиб, Олтин Ўрда тақдири ҳал бўлди.  Тўхтамиш қочди, лашкари ҳар ёққа тўзиб кетди. Шаҳарда катта-кичик бари ҳалок бўлди. Менинг уйим ҳам кунпаякун бўлди. Ҳаммаёқда қон, қул, ўликлар. Темурхон лашкарлари чигирткадек Волга бўйларини босиб кетди. Ҳеч кимга шафқат қилинмади.

Шуни сизга маълум қиламанки, баланд ҳиммат давлатпаноҳ, Темурхон инсониятга худонинг қаҳрини ўзида ифодалаган куч сифатида юборилганки, унинг олдини тоғлар ҳам тўсолмайди, дарёлар эса тўғаноқ бўлолмайди. Айтишларича, у туғилган кунда осмондан юлдуз тушиб уч бора момақалдироқ гулдираган. Темур океан тубларидан ҳам кечиб бутун дунёни забт этишга киришган. Ҳозиргача у Оссурия, Бобил подшоҳликларини, Севастия, Арманистонни эгаллаган. Темур даҳшатли, ғазабда шердек қаерга оёқ қўйса, барчани даҳшатга солади…”

Василий аста чўқиниб қўйди. Темурхон худо юборган офат экан. Демак, уни даф этиш ҳам худодан.

Боярлар билан кенгаш ҳам шундай фикрга келди. Москванинг буюк князи улар билан бирга митролит Киприан ҳузурига йўл олишди.

— Энди нима қиламиз, ҳазрат!

Киприан князга оҳиста жавоб қилди:

— Княз, сен худога илтижо қил, унга ўз ташвишингни баён эт. Астойдил ибодат айла. Зотан, парвардигорнинг ўзи бизга юборган балони ўзи гирифтор этишга қодирдир.

— Ҳазрат, — деди қизишиб Василий, — мен олиймақом черковимиз, жондан азиз юртимиз душманига қарши шунқорларим билан майдонга чиқмоқчиман.

— Бу мард юрак ноласи, — деди уни қувватлагандек амакиси княз Владимир. — Биз отанг, раҳматли акам билан қачонлардир душманга қарши белни маҳкам боғлаб Куликово майдонига чиққан эдик. Манави қўллар Мамай лашкарини тўзитган эди. аммо икки йилдан сўнг омад биздан юз ўгирди. Тўхтамиш бизни ғафлатда қолдириб Москвани босиб олди. Минглаб йигит-қизларни қул қилиб, шаҳарни ёндирди. Қайтар дунё экан. Манфур Тўхтамишни Темур хонавайрон қилди. Уни парвардигорнинг қиличи деб бежиз айтишмайди. Биз унга бас келолмаймиз.

— Шуми сиздан кутганим? — деди қизишиб Василий. — Гапингизга қараганда мен қўлимни қовуштириб Темурнинг келишини кутишим керакми? Менга ёрдамга келаётган полкларга “Орқага қайтинглар. Мен сизларга қўмондон бўлолмайман!” дейишим керакми?

— Ундай эмас, жиян, — деди мулойим оҳангда Владимир, — кучларни тўпла, мудофаага шай тургин, лекин ҳужумкор бўлма. Энг муҳими, жасур княз Кирдяпага ота мерос мулкини қайтар. Шунда у ўз дружинаси билан сенга кўксини қалқон қилгай.

— Жуда тўғри, — қувватлади уни митрополит Киприан, — Қуйи Новгород — унинг отамероси. Бу иш худога мақбул.

Княз Василий жаҳл билан амакисига тикилди.

— Йўқ, зинҳор! Москва ҳеч қачон қўлига кирган мулкни эгасига қайтармайди. Шундай бўлган, шундай қолажак. Сиз ҳам, ҳазрат, мени бу йўлдан қайтаролмайсиз. Симеон Кирдяпа ҳеч қачон Қуйи Новгородга, Суздалга эгалик қилмайдиган. Бу менинг, буюк князнинг сўзи!!!

Митролит киприан ажабланиб княз Владимирга саволомуз тикилди. У эса жиянининг қайсарлигидан ранжиб чуқур хўрсинди.

Хавфли душман дарвозанг остида турганида яна ўз ичингдан ёв орттиришинг нимаси! Душманни дўст қилиш ўрнига! Тағин кимни денг, Симеон Кирдяпани!

Қуйи Новгород Кирдяпанинг отаси — Суздал князи Дмитрий Константиновичга қарашли эди. У вафотидан бироз олдин ўғли Симеонга уни хатлаб берган эди. Бу қарорини тасдиқлаш учун Симеонни Олтин Ўрдага ёрлиқ олишга юборди. Дмитрийнинг укаси — Городец князи Борис ҳам Ўрдага бориб хондан ана шу шаҳарга эгалик ёрлиғи беришни сўради. Борис катта пора эвазига Олтин Ўрда хонидан ёрлиқни олди. Симеон эса нажот истаб Москвага, опаси Евдокиянинг эри донлик Дмитрий ҳузурига келди. Москванинг буюк князи Дмитрий қайнисининг илтимосини бажарди. Борис ўз мулки Городецга қочиб, Қуйи Новгородни Симеон эгаллади. Аммо орадан бир йил ўтар-ўтмас Борис яна Олтин Ўрдага бориб хон амалдорларини қўлга ола бошлади. Ниҳоят ярим йил пойтахт Барқу Саройдаги оворагарчиликлардан сўнг Қуйи Новгородга князлик ёрлиғини ўз номига ёздиришга муваффақ бўлди. Симеон яна қувғинга учради. Бу вақтда Дмитрий Донской ўлган, опаси Евдокия унга ёрдамга ожиз эди. Симеонни Борис амалдорлари ҳибсга олишди. Жасур княз дўстлари ёрдамида қамоқдан қочиб Олтин Ўрдага бош уриб келди. Аммо Тўхтамиш уни кишанга солди. Москванинг буюк князи Василий Дмитриевич билан иттифоқни яхшилаб Темурга қарши кураш учун Тўхтамиш Борисга ёзилган ёрлиқни йиртиб, Қуйи Новгород ва Суздал князликларини Москвага топширди. Тўхтамиш ва Москва ўртасидаги шартномага кўра Симеон Кирдяпа умрининг охиригача Ўрдада банди бўлиб қолиши керак эди. Аммо топқир ва тадбиркор Симеон Кирдяпа Барқу Саройдан сирли равишда ғойиб бўлибди.

— Князь Владимир!

Василий амирона хитоби кекса князни хаёл гирдобидан чиқарди.

— Сенга, баҳодир амаки, Москва мудофаасига раҳбарликни юклайман. Биз жангда ҳалок бўлган Москва тақдирига ўзинг масъулсан. Мен қўшин тўплашга киришаман.

— Ибодат қил, бўтам, ибодат! — ҳайқирди Киприан, — ёлғиз парвардигоргина бизни Темур балосидан қутқаргай! Зотан Тўхтамишдай саркардани яксон қилган ёвга дош беришга қодир эмассан, княз! Ундан кўра Владимирга чопар юбор. Мўъжизакор Биби Марям хочини келтиришсин.

— Тўғри, тўғри!

— Ҳақ гапни айтди, ҳазрат!

Боярлар хитобидан Василийнинг юзи тундлашди. Йўқ, у ҳеч қачон отаси Дмитрийдек жасур ва қатъий бўлолмаса керак.

Темурбек лашкари Волгадан кечиб ўтганда самода ғалати ўзгариш юз берди. Ҳар куни кечқурун ва эрта тонгда мағриб томонда қизил шафақ кўрина бошлади. Рус руҳонийлари буни фалокат тимсоли дея солномага битишди.

Улкан лашкар Дон қирғоқлари бўйлаб юраркан аҳоли ўзини ўрмонга урди. Москва ваҳимада ибодатга тушди. Княз Василий Дмитриевич эса Ока қирғоғида қўшин тўплаш билан овора. Княз Симеон Кирдяпа эса ўзига содиқ дружинаси билан Москвага юришга тараддуд қўрмоқда. Мушкул вазифа бу. Москвани княз Владимир — Куликова жанги қаҳрамони, донлик Дмитрий саркардаси ҳимоя қилади. У билан беллашиш мушкул.

Княз хаёлга чўмиб ўтирганда ҳузурига эски таниши — татар мингбошиси Айтак ташриф буюрди.

Симеон уни илтифот билан қаршилади. Айтак Олтин Ўрдадан қочганида унга ғоят холис хизмат кўрсатган эди.

— Мушкулингни осон қилгани келдим, княз, — деди у, — мен Қутлуғ Темурхонга сени гапириб, ундан таклиф олиб келдим. Отлан!

— Қаёққа? — ажабланиб сўради княз.

— Темурбек ҳузурига борамиз. Соҳибқирон остонасига бош уриб борсанг ҳимматидан бебаҳра қолмайсан. Мени ҳам кейин қуруқ қўймассан, а лаббай?

Симеон суҳбат борасида Айтакнинг Темурбек лашкарбошиси Қутлуғ Темурхон туманида мингбоши бўлиб хизматга олинганини билди. Ундан барчанинг оғзида даҳшатли ҳукмдор Темурбек таърифини эшитди.

— Дружинанг, қурол-яроғларинг шу ерда қолсин, — деди Айтак, — сен менинг ҳимоямда кетасан, княз!

Симеон унга ишонди. Индамай отига ўтириб, бу синашта одам орқасидан эоргашди.

Сосна, Дон қирғоқлари бўйлаб бир неча чақирим майдон лашкар билан гавжум. Чодирлар, чайлалар, ертўлалар беҳисоб, бир-бирига туташиб кетган. Ўрмон ичкарига қараб кесиб ташланган. Узоқда ёндирилган Ельц шаҳри харобалари тутамоқда. Пода-пода қўйлар, йилқи уюрлари, туялар. Жой-жойларда кичик-кичик бозорчалар. Ўзаро савдо-сотиқ бормоқда. Беҳисоб гулханлар атрофида навкарлар даври қуришган. Симеон ҳали ҳеч кўрмаган жангчиларга, уларнинг либослари, қуролларига қизиқиш билан қараб борарди. Осиёлик жангчиларда у ўзига номаълум қурол-ўтсочар мушкетларни, ўзига таниш тўп-тўфангларни кўрди. Қиличларнинг турлари ҳам уни ҳайратга солди. Дамашқ, Исфахон пўлатидан ясалган. Тошни ҳам кесишга қодир қиличлар.

Ниҳоят улар кўзлаган манзил яқинлашди. Темурбек чодири яққол кўзга ташланди. Тўртбурчак чодирнинг эни юз қадамча, баландлиги уч найза кўшк шаклидаги ўрта қисми кўк рангли ва одам танаси йўғонлигидан ўн икки дона олтин устунда турибди. Чодир деворларида катта-кичик ёқут, забаржад ва гавҳарлар порлаб турибди. Қимматбаҳо гиламлар кўзни қамаштиради.

Айтакнинг қўлидаги кумуш пайсани кўрган барлос беги қўлини кўксига қўйиб ичкарига чорлади.

Симеон оёқларига югурган қалтироқни босиб чодир ичига қадам босди.

Чордона қуриб кўрпачаларда ўтирган кишилар олдида хонтахталар. Уларда турли ноз-неъматлар уюлган. Барваста қомат бек қўли билан пардани очди. Симеон билан Айтак чодир тўрига қадам босишди. Бу жой ҳашамати билан кўзни қамаштирарди.

— Тиз чўк, — секин шивирлади Айтак. Симеон қаршисида турган, ўтирган кишилар орасида Темурбек борлигини тушунди. Тиз чўкиб бошини қуйи солди. Айтак нималардир деди ва князга шипшиди.

— Темурбек арзингни тинглашга тайёр.

Икки навкар келиб Айтакни, кейин эса князни кўрпачаларга ўтқазди. Ёшгина ғулом қўлда обдаста кўтарию, қўлларига сув қуйди. Бошқаси сочиқ тутди.

Симеон олтин лаганлардаги қовурилган гўштлар, ҳали ҳеч кўзи тушмаган мевалар, ғаройиб таомларни кўраркан, беихтиёр “Минг бир кеча” ҳикояларини эслади. Ҳа, у Ҳорун ар-Рашид ҳузурида. Атрофида содиқ вазир Жаъфар, мулозимлар. У туш кўрмоқда.

— Соҳибқирон дастурхонга қаранглар демоқда, княз.

Симеон Айтакнинг товушидан ўзига келди. Секин бошини кўтариб ундан нигоҳини узмай тўрдаги кўрпачада ёстиққа ёнбошлаган кишига қаради. Ҳа, у бутун Оврўпо, Осиёда донғи кетган, Русни даҳшатга солган Темурбек. Гавдаси келишган, пешонаси очиқ, елкалари кенг, оқиш юзида оч қизил ранг жилоланган. Узун соқоли ўзига ярашган. Овози жарангдор.

Қутлуғ Темурхон ниманидир гапирди. Суҳбатдошлар кулишди. Симеон овқатдан тотиниб бўлгач сочиққа артинди.

— Сўйла, арзингни, — деди Айтак Темурбек ишорасини англаб.

Симеон ўзини енгил сезди. У мусулмонлар одатидаги чуқур маънони англади. Аввал таом, кейин калом. Меҳмон ким бўлишидан қатъи назар ҳурмат-иззат қилинади. Христианлар ўрганса, намуна олса, арзигулик жиҳатлар кўп экан.

Князни яна бир ҳолат ажабга солди. Темурбек рус князлари, бояру-руҳонийлар таърифлагандек ёвуз Юлиан, қонхўр Диоклетиан, одамхўр Максимилианга сира ўхшамайди. У ҳозир қаршисида даҳшатли, важоҳатли жаҳонгир эмас, балки урушларда умри ўтиб оқу қорани таниган буюк жангчини, меҳмондўст мезбонни кўрди. Бировларнинг арзу додини тинглашга эринмас дилкаш одамни ҳис қилди.

Княз бошидан ўтганларни гапирди, Тўхтамишдан ва Москва князидан адолат истаб кечирган уқубатларини сўйлади. Айтак унинг сўзларини мусулмонча таржима қилди.

Темурбек ўйга чўмганча бу навқирон рус баҳодирининг дарбадарлик, омадсизлик, мағлубият ва жудоликларга тўла қиссасини тингларкан, беихтиёр ўтиб кетган, энди қайтмас ёшлигини эслади. Беғубор ёшлик! Кучга, ғайратга, шижоат ва умидга бой бебаҳо ёшлик! Эвоҳ, энди у сира қайтмайди!

Бу рус князи нимаси биландир унинг тўнғичи, севган ёри Ўлжойдан кўрган биринчи фарзанди Жаҳонгирни эслатди. Йигирма тўққиз ёшида айни навқирон фаслида оламдан бевақт кўз юмган, қалбини бир умрга доғлаб кетган жигарбандини эслатди.

Темурбек бошини ёстиқдан кўтариб, марҳаматли нигоҳини князга қаратганча унинг ҳикоясини берилиб, охиригача тинглади. Симеон бошини қуйи солди.

Соҳибқироннинг устоз пири Мир Саид Барака сўз олди.

— Ўрус бегининг арзи каминага чорёрлар замонидаги бир воқеани эслатди, соҳибқирон. Агар изм айласалар, айтсам шуни.

— Қулоқларимиз сизда, пирим. Сўйланг.

— Халифа Умар замонида ҳукмдорлардан жабр кўрган насронийлардан бири нажот истаб Ироққа келади. Шаҳар кўчасида чанқаб, бир дарбозани тақиллатади. Эшикни очган мўйсафид кўзада унга сув тутади. Насроний ҳовлида мўйсафиднинг лойдан гувала қуяётганига гувоҳ бўлади. Мўйсафид насронийдан бу ерга не мақсадда келганини эшитиб, унинг ҳожатини ўзи ҳам чиқаришга қодир эканини айтади. Гувалага хат битиб насроний елкасига қўяди ва шу ҳолда тўғри ўзининг шаҳрига боришини ва ҳокимга кўриниши лозимлигини айтади. Насроний ҳайрон бўлганча орқасига қайтиб шаҳрига боради ва ҳокимга учрайди. Ҳоким гуваладаги хатни ўқиб тиз чўкади. Халифа амри вожиб дея ўз тахтини насронийга топширади. Насроний шундагина лой қориб гувала қуйган мўйсафид халифа Умар эканини англайди. Ана шундай ҳиммати олий бўлган жаннатмакон чорёрлар!

Темурбек пирининг қиссасидан ҳисса чиқарди.

— Биз ҳам даргоҳимизга бош уриб, нажот истаб келган ўрус бегидан марҳаматимизни дариғ тутмаймиз. Қутлуғ Темурхон!

— Амрингизга мунтазирман, соҳибқирон, — дея қад ростлади туманбоши қўлини кўксига қўйиб.

— Мен тангри қули Темур, сени Қипчоқ ерларига, Ёйиқ ва Дон соҳилларига ҳукмдор этиб тайинлайман.

— Қулингизман, соҳибқирон!

Темурбек нигоҳини Симеон Кирдяпага қаратди.

— Сен эса жабрдийда меҳмоним, менинг номимдан Масковга бор ва уни эгалла! Масковни сенга лутфан инъом этурмен.

Симеон ҳайрат ва қувонч ила Темурбекка чуқур таъзим қилди. Айтакнинг ишораси билан аста чодирдан чиқди.

Барлос беги князнинг елкасига заррин чопон ташлади.

—Муборак бўлсин, муборак!

Саркардалар княз ва Айтакни қутлуғ қилишди.

Қутлуғ Темурхон елкасига кимхоб тўн кийганча улар орқасидан чодирдан чиқди.

Айтак унинг олдида тиз чўкди:

— Олтин Ўрданинг кумуш тахти муборак бўлсин, буюк амир!

Симеон Тўхтамиш ўрнига Олтин Ўрда тахтига тайинланган Қутлуғ Темурхонга эгилиб таъзим қилди.

— Коназга айт, — деди у Айтакка, — дружинаси билан ҳузуримга келсин. Биз пойтахтга жўнаймиз.

Темурбекнинг ҳарбий ишлар бўйича хос вазири Маҳмуд Шаҳобиддин сўз бошлади. Бу кекса баҳодир ҳукмдорнинг лашкарга оид барча фармойишларини ё маъқуллар ё қарши чиқарди. Соҳибқирон фармонига кўра у шундай чекланмаган ҳуқуқга эга.

— Соҳибқирон бир оғиз сўзлари билан барча мушкулимизни осон қилдилар.

Саркардалар даврасида жонланиш бошланди. Серқуёш Мовароуннаҳр офтобини соғинган амирлар рус ўлкасидаги ёғингарчиликдан безор бўлишган. Лашкар ўртасида номаълум касалликлар тарқаган. Ўрмон, ботқоқлар, намгарчилик ўз кучини кўрсатмоқда. Мовароуннаҳр отлари бу жойлардаги серсув, семиз ўтларга кўникмаган. Олдинда қиш ўз қиличини ялонғочлаб келмоқда. Лашкар узоқ давом этган сафар ва даҳшатли жанглардан ҳоригани ҳам сезилмоқда.

— Бу ўлкада барака кўрмаймиз. Қўлга илинадиган ўлжанинг ўзи ҳам йўқ. Шу боисдан отларни орқага буришга фурсат етди. Соҳибқирон адолат қилиб ўрус бегига ўз мулкини совға қилдилар. Ўзига буюрсин ўрмони ҳам, ботқоқлари ҳам, бетиним ёмғири ҳам.

— Ҳақ гап! — бараварига ҳайқирди саркардалар.

— Она шаҳримиз Самарқанд бизга мунтазир!

Туманбоши Хўжа Юсуф ўртага луқма ташлади.

— Биз шимолда туриб қолсак, жанубнинг бой ўлжалари кимга насиб бўлади?

Амир шайх Нуриддин уни қувватлади.

— Изғирин шамол ўлкаси жонга тегди. Биз жанубга юрамиз.

— Агар аниқроқ айтилса-чи, — деди қувлик билан Шоҳ Малик, — айнан жанубнинг қай ўлкасига?

— Бу фақат соҳибқиронга аён…

— Мен биламан, — деди бирдан шаҳзода Мироншоҳ, — бу ўлка падари бузкурворим қўлга киритадиган бешинчи иқлим мамлакатидир.

Темурбек ажабланиб ўғлига тикилди. Одатда камгап Мироншоҳнинг ҳам тилиб чиқиб қобдими?

— Ҳиндистон!

Амир Темурнинг Ҳинд юришига бағишланган сурат, рассом — Искандар Абдулов

Саркардалар сесканиб Пирмуҳаммад Мирзога, Темурбекнинг арзанда набираси оғзига қараб қолишди.

— Ҳиндистонни забт этсангиз, — деди шаҳзода бобосига, унинг олтину гавҳарлари сизни олам султони этгай!

— Иншоолло, иншоолло!

— Ҳинд олтину олмослари белга қувват, кўзга нур ва лашкарга мадор бўлгай, — тасдиқлади хос вазир Маҳмуд Шаҳобиддин.

Темурбек сукутга чўмди.

Князь Василий амакиси Владимир билан қучоқлашиб кўришди.

— Сиз ҳақ экансиз, — деди кўз ёшларини яширмай, — парвардигорнинг ўзи бошимизга келган балони даф қилди.

— Биби Марямнинг мўъжизакор кучи денг, — митрополит Киприан тантанасини яширмас эди.

Боярлар бири олиб, бири қўйиб халқ оғзида юрган гапларни айта бошлашди. Эмишки, амир Темур туш кўрибди…

Tafsilot.uz маълумоти:

Ўша даврга мансуб аксарият рус манбаларида соҳибқирон Амир Темурнинг Москва остонасидан ортига қайтиб кетиши қуйидагича изоҳланган:

1395 йилда Темурнинг 200 минг кишилик енгилмас қўшини рус мулкига яқинлашиб келади. Русларда жанг санъатидан бехабар деҳқонлардан ташкил топган бор-йўғи 35 минг кишилик қўшин бўлган. Ғалаба қозониш учун ҳеч қандай имконият йўқдек эди, бутун мамлакат тинмай Яратганга илтижо қиларди. Шунда мўъжиза рўй беради: жанг бошланишига тўрт соат қолганида Биби Марям Темурнинг тушига кириб, бу замин унинг ҳимоясида эканини айтади ва чекинишни буюради. Улуғ жаҳонгир юқоридан келган овозга қарши боришга жазм этмайди ва яхшиликча қўшинини ортга қайтаришга қарор қилади…

Бу Темурнинг тўсатдан ортга қайтишини ўзича мушоҳада қилган, тили югурик одамларнинг тўқимаси. Оғиздан-оғизга, асрлардан-асрларга ўтиб, бу ёлғон афсона шишиб бораверган (ёки атайлаб “шиширилган”).  Ваҳоланки, соҳибқирон даврига оид ва ундан кейинги мусулмон манбаларнинг ҳеч бирида бундай воқеа қайд этилмаган. Аммо собиқ тузум даврида чоп этилган китобларда Амир Темур аскарлари Москва атрофларига етиб боргани хусусида “мўғул-татар қўшинлари Москвани қамал қилдилар”, деган нотўғри маълумотлар илгари сурилади. Ҳолбуки, Шарафиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида 1395 йилда Тўхтамишхонни таъқиб қилаётган соҳибқирон Амир Темур лашкари Москвага қадар борганлиги тўғрисида хабар беради. Лекин бир қатор рус тарихчилари Яздий Москва билан Рязанни адаштирган, Амир Темур Елецдан нарига ўтмаган деган фикрни айтадилар. Бироқ уларнинг бу фикри ҳеч қандай тарихий далил билан исботланмаган. Аксинча, “Зафарнома”да соҳибқирон томонидан забт этилган рус шаҳарларининг рўйхати келтирилган бўлиб, улар орасида Москва ҳам бор.

Масков мудофааси раҳбари княз Владимир кекса саркарддага хос ҳушёрлик билан гап бошлади.

— Хотиржам бўлишга ҳали эрта. Амир Темур ўз лашкарбошиси Темурхонни Олтин Ўрда тахтига бежиз ўтқазмаган. У яна бўйнимизга итоат халқасини осмайди деб ким кафолат беради? Қутлуғ Темурхон амирлашкарликка анави маккор Эдигейни тайинлаганига нима дейсизлар?

Княз Василий тасдиқ ишорасида бош ирғаб қўшимча қилди:

— Мен Литва князига совға-саломлар билан элчи юбордим. Биз Олтин Ўрдага қарши иттифоқ тузамиз. Айтганча, Тўхтамишхон қаерда экан ҳозир?

— Тўхтамиш Витовт ҳузурида, буюк княз, — деди хуфя ишлар сардори бояр Белевут.

— Айни муддао, — князь Владимир чеҳраси ёришди, — Қутлуғ Темурхонга қарши курашда ундан фойдаланмоғимиз даркор.

— Сопини ўзидан чиқарамиз, — деди княз Василий, — Москва сиёсати шундай. Энди менга қулоқ тутинглар…

Симеон Кирдяпа амирлашкар довруқли Эдиқуд (Эдигей) томонидан мингбошиликка тайинланди.

— Токи Тўхтамиш тирик экан, — деди Эдиқуд, — бизга тинчлик бўлмайди. Уни йўқ қилсак, сен ҳам коназ, ўз мақсадингга эришасан.

Симеон эски таниши Айтакдан Тўхтамиш, Эдиқуд ва Қутлуғ Темурхон бундан йигирма йилча муқаддам амир Темур қўлида бирга хизмат қилишганини эшитди. 1377 йилда йилда Қумкент қалъаси ҳокими Қутлуғ Қабоннинг ўғли Эдиқуд, Ботухон авлоди Ўрусхоннинг ўғли Қутлуғ Темурхон Мовароуннаҳр ҳукмдори Темурбек саройига паноҳ истаб келишади. Бундан бир неча йил аввал Манғишлоқ ҳокими амир Тўйхўжанинг ўғли Тўхтамиш ҳам Темурбек хизматига кирган эди.

Бу уч аслзода ўшанда дўстлашиб қолишди. Улар Темурбек лашкарида хизмат қилиб соҳибқироннинг беҳисоб урушларида бой тажриба орттиришди. Қутлуғ Темурхон ва Эдиқуд амир унвонига эришади. Улар Тўхтамишга Оқ Ўрда, сўнг Олтин Ўрда тахтини қўлга киритишда ёрдам кўрсатишади. Тўхтамиш хон бўлгач, бу икки амирга етарли ҳурмат ва эътибор кўрсатмайди. Бундан ранжиган Қутлуғ Темурхон ва Эдиқуд яна Темурбек даргоҳига қайтишади. Улар Тўхтамишга қарши жангларда ўзларини кўрсатишади.

— Литва князи қочоқ Тўхтамишни бизга топширишдан бош тортди, — деди Эдиқуд унга, — у Москва билан иттифоқ тузиб бизга қарши уруш эълон қилди. Тўхтамиш тарафдорлари билан уларнинг лашкарида хизматда.

Эдиқуд унга Қутлуғ Темурхон номасини шахсан Литва князига топшириш лозимлигини тайинлади.

Княз Симеон Ворскла дарёси соҳилида Витовт лашкарига дуч келди. Бу лашкарда у Тўхтамишнинг мўғул отлиқлари, рус князлари дружиналари, поляк шляхтичлари ва немис рицарларидан иборат полкларни кўрди. Литва князи Витовт Кестутович қўшинида ўточар қуроллар, тўфанг-замбараклар ҳам борлиги Симеоннинг юрагига ваҳифа солди. Витовт Симеон Кирдяпа ва унинг ҳамроҳларини мағрур қаршилади. Қутлуғ Темурхон мактубини ўқиб тантанасини яширмади.

— Жаноблар! Эшитинг, нима деб ёзибди менга Темурлангнинг кўппаги Қутлуғ! “Буюк князь номларини тангаларда забт этгаймен. Шавкатли Витовтдан Олтин Ўрдани ўз оталиқларига олишларини илтижо қилгаймен”.

Витовт атрофидаги саркардалар шодон хитоблар билан ҳеч бир жангсиз эришилган бу ғалабани олқишлашди. Литва князи катта базм бошлаб, элчиларни ҳам қуюқ зиёфат қилди.

— Бугун Олтин Ўрда менга бош эгган бўлса, — деди ширакайф Витовт, — эртага Москва оёғим остида бўлгай.

Симеон Литва ҳукмдорининг мақтанчоқлиги, мулозимларининг ҳамду саноларини эшитаркан, ичида улардан куларди. Чучварани хом санаган бандалар! Тажрибали саркарда Қутлуғ Темурхон, маккорлик бобида шайтонга ҳам дарс беришга қодир Эдиқуд қазиган чоҳга улар қандай тушаётганларини билишса эди!

Симеон ўзига берилган махфий кўрсатмаган мувофиқ уч кундан сўнг тунда Витовт қароргоҳидан ғойиб бўлди.

Қутлуғ Темурхон музокара юритиб душманни чалғитиб амир Эдиқуд бошчилигидаги кучларининг орқа қанотдан тўсатдан бостириб келишини кутаётган эди.

1399 йили Ворскла дарёси соҳилидаги жанг Литва князи, Тўхтамиш ва Москва князларининг батамом мағлубияти билан тугади. Ушбу жангда Киев, Брянск, Смоленск, Полоцкдан келган донгдор рус князлари, бояр ва воеводалар ўлдирилди. Улар орасида 1380 йилги Куликова майдонида довруқ қозонган баҳодирлардан Полоцк князи Андрей ҳам бор эди.

Витовт билан Тўхтамиш таъқибдан зўрға қутулиб қочишди. Ғолиблар уларни изма-из қувиб рус шаҳарларининг онаси — Киев князлигига бостириб киришди. Киев князи уч минг олтин эвазига ҳалокатдан қутилди…

…1405 йилнинг февралида Хитой сафарига чиққан Темурбек бошчилигидаги марказий қўшин Ўтрор шаҳрида қўр тўкди. Қусқи пўстинларга ўралиб, телпакларини бостириб кийган аскарлар тезда чодирлар тиклашди. Қаҳратон совуқдан сақланиш учун гулханлар ёқилди. Қўмондоннинг обрўси шахсий намунада эканини билган, синовдан неча бор ўтказган соҳибқирон шаҳар аркидаги иссиқ уйга киришни эп кўрмай чодирини лашкаргоҳнинг қоқ ўртасига тиктирди. Худди шу жойда соҳибқирон Тўхтамишхоннинг элчиси — Дашти Қипчоқдан келган Қорахожини қабул қилди. Дам Москва, дам Литвага бош уриб иш чиқаролмаган хон сўнгги умидини Темурбек ҳимматига боғлаган эди. Унинг номасини ўқиб бўлгач, соҳибқирон элчини сўроққа тутди.

Қорахожи беш йил муқаддам Қутлуғ Темурхон ўлганидан сўнг унинг ўғли Шодибек тахтга ўтиргани, Эдиқуд эса унинг вазири аъзами эканини айтди. Олтин Ўрданинг чинакам ҳукмдори шу Эдиқудлиги, унинг йигирма ўғли хонликнинг барча вилоятларида ноиблик қилишларини ҳам гапириб берди.

— Анави ўрус беги Масковни олдими? — сўради соҳибқирон бирдан сергак тортиб. — Биз Қутлуғ Темурхон ва довруқли Эдиқудга ўша бекка ёрдам беришни буюрган эдик-ку! Фармонимиз бажарилдими?

Қорахожи баралла хитоб қилди.

— Йўқ, соҳибқирон. Улар фармонингизни бажармай ўрус князи Симеонга ота мулкини қайтаришмади. У умиди пучга чиқиб Масковга тавба қилиб борди ва ўша ерда бундан уч йил бурун қазо қилди.

Темурбекнинг чеҳраси ғамгин тус олди.

— Бундай нонкўрликни жазосиз қолдириб бўлмас, соҳибқирон, — деди Маҳмуд Шаҳобиддин.

Амир Шоҳ Малик, шайх Нуриддин ҳам қаҳр ила хитоб қилишди.

— Эдиқуд нобакор! У жазога мустаҳиқдур!

Темурбек қаҳрли нигоҳини элчига қаратди.

— Шу кунгача ҳеч ким даргоҳимдан беумид кетмаган. Мурувват эшигимиз очиқ адолат истаганларга. Аммо марҳаматимизни унутиб, тузимизга тупурган зотлар қаҳримиздан қутулмас. Хонингга айт. Хитой сафаридан қайтгач, насиб қилса, биз Олтин Ўрда томон юрурмиз.

Қорахожи қувончдан энтикиб, ўзини Темурбек оёғига ташлади.

— Мурувватда тенгсиз, ҳимматда Ҳотамтойсиз, соҳибқирон! Ўлгунимизча қулингман, о адолатпаноҳ! Ислом шамшири!

Шайх Нуриддин ўзини кулгидан тия олмади.

— Ҳай, Қорахожи, насроний бўлганингни унутдингми? Ахир Масковда сени чўқинтиришган эди-ку! Чўқинмайсанми?

Элчи қизариб-бўзариб букилиб-букилиб чодирни тарк этди. Саркардалар қаҳқаҳаси уни орқасидан кузатиб қолди.

Рус солномаси княз Симеон Кирдяпанинг аянчли тақдири ҳақида қуйидагича ҳикоя қилади. 1402 йилда Москва князи Василий Дмитриевич хуфя ишларга устаси фаранг воеводалар Иван Андреевич Уду ва Федор Глебовични катта қўшин билан Симеон Кирдяпани қўлга туширишга юборади. Улар Цибирца деган жойда авлиё Никола сағанасида Симеоннинг рафиқаси княгиня Александра ва унинг болаларини қўлга олиб Москвага қайтишади. Бояр Белевут хонадонига уларни қамаб қўйишади. Бу хабарни эшитган Симеон Кирдяпа Москва князига элчи юбориб рафиқаси, болаларига озор етказмаслкни сўраб, ўзи дружинаси билан таслим бўлишини билдиради. Василий хавфли рақибидан қутилиш учун унинг таклифига рози бўлади. Князь Симеон Кирдяпа Москвага келгач, бола-чақаси билан Вятка шаҳрига сургун қилинади ва ўша ерда беш ойдан кейин вафот этади. У Қуйи Новгороддаги кўҳна соборга дафн этилади.

Амир Темур тўхтамиш элчисини қабул қилгани ва унинг амири Эдиқуддан хафа бўлгани ҳақида эшитиб, Қутлуғ Темурхоннинг ўғли Шодибек ваҳимага тушади. У амир лашкаридан қутулиш ва Амир Темур олдида ўзини оқлаш учун ҳаракат бошлайди.

Эдиқуд бу курашда ғолиб чиқади ва Шодибекни тахтдан тушириб, ўрнига укаси Пўлатбекни ўтқазади. Унинг номидан мамлакатни мустаҳкамлаш, итоатдан чиқаётган рус князларини тобе қилишга киришади.

Тўхтамишнинг ўғилларини ўз паноҳига олиб, уларга ёрдам кўрсатган Москва князи Василий Олтин Ўрдага хирож тўлашдан бош тортди. Моҳир дипломат, айёр сиёсатчи, тадбиркор саркарда Эдиқуд эса Темурбек хизматида орттирган тажрибасига суяниб, Москвага қарши юришга ҳозирлик кўра бошлади. У дастлаб ҳамон изғиб юрган қочоқ Тўхтамишни қўлга туширишга астойдил ҳаракат бошлайди.

Довруқли амир Эдиқуд 1406 йилда Сибирда қочоқ Тўхтамишни қўлга тушириб қатл қилди. Унинг ўғилларига ёрдам кўрсатган Москва князига қарши юриш бошлади. 1409 йили Эдиқуд Москвани қамал қилди. Буюк князь Василий ваҳимага тушиб, куч тўплаш баҳонасида шаҳарни амакиси Владимирга топшириб, ўзи Москвадан чиқиб кетади.

Эдиқуд Москвани қуршовга олиб, уни озиқ-овқат, ташқи алоқадан маҳрум қилди. Ростов, Дмитров, Серпухов, Қуйи Новгород обдон таланиб, ғолиблар ўлжасига айланди. Коломенскда қароргоҳини ўрнатган Эдиқуд қуршов халқасини тобора торайтириб, Москванинг таслим бўлишини кутди. Шу вақтда унинг олдига чопар келиб, пойтахтни Тўхтамиш ўғиллари қўшини қамал қилганини билдиради. Эдиқуд сир бой бермай Москвага элчи юборади. Уч минг олтин товон тўланса, қамални тўхтатишини айтади. Москва бошига келган балодан бундай осон қутулишидан суюниб, зудлик ила олтинларни беради. Эдиқуд ва унинг ўғиллари узоқ вақт Нўғой хонлигини бошқардию 1419 йилда амир Эдиқуд Тўхтамиш ўғли Каримберди ва Қодирберди билан жангда енгилиб, асир олинди. Довруқли эдиқудни хундор душманлар чопиб ташлашди.

Манғит уруғидан чиққан донгдор саркарда, уста сиёсат арбоби Эдиқуднинг давлати кейинчалик Қирим хонлигига асос солиб, унинг авлодлари узоқ йиллар бу юртни бошқаришди.

Ҳамдам Содиқов,

тарих фанлари номзоди

_________________________________

“ЎзАС” газетаси,

3 январь 1992 йил, 1 (3157)-сон

temurbekka_sigingan_knyaz


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Хайрулло Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Ҳар бир ўзбекни қалбини ғурурлантиради. Шундай мақолалар бугунги кун кишиларига маънавий озуқа беради. Сайт ходимларидан янада савияли мақолалар кутиб қоламиз. Омадингларни берсин. Бўлар экан-ку!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>