• Бугунги сана: Seshanba, Dekabr 12, 2017

Телпак

Қодиржоннинг ўғли кроссовка олиб беринг, деб хархаша қилиб қолди. Кросовкани нархини эшитиб, унинг тарвуздек тақир бошидан яшириниб қолган бир-икки тук тикка бўлиб кетди.

— 1800 сўм. Мени ўзим шунча турмайман-ку.

— Оғайниларимнинг бари олган, мен улардан камми? — деди ўғли ҳиқиллаб.

Алдаб кўрди, бўлмади. Нима қилсин, фарзанд экан. Тенгқурлари ичида ўксиб юрмасин деб, соғ тишини суғургандек бўлиб олиб берди. Телпак оламан деб тийинлаб йиғиб юрувди. Анчагина пул бирдан сарфлангач, оила молияси ҳам издан чиқди. Аммо телпак олмаса бўлмайди. Бошида сочи йўқлиги учунми, совуққа сира ҳуши йўқ. Шамол «ғир-р» этиб эсса, бурнидан «шўр-р» этиб сув оқади. Дўконларда йўқ. Ноилож бозорга ўтди. Чўнтагидаги пулини чамалаб, одмироғини қўлга олди.

— Қанча?

Чайқовчи тиржайди.

— От билан туя бўлармиди, мулла. Икки минг сўм.

Қодиржоннинг жағи «шилқ» этиб пастга энди, чидаб туролмади.

— Мулла! Ўзингиз билан қўшиб ҳисобладингизми?

Чайқовчи хўмрайди. Телпакни юлқиб олиб, нари кетди.

У нима қилишини билмай гарангсиб қолди. Олмаса бўлмайди, олай деса чўнтагида шамол ўйнаб, елвизак бўлиб ётибди. Ўша куни харид қилолмади. Аммо қишга яқин яп-янги телпак олиб келди.

— Вой, қандай олдингиз? — ҳайрон бўлиб сўради хотини.

— Узумини е, боғини суриштирма. Жуда арзонга тушди, онаси, арзонга, — деди Қодиржон завқланиб.

Эртаси телпакни кийиб хотини билан келаётганди, олдиларидан бир мушук «миёв»лаб чопиб ўтди.

— Ваҳ, уни қара, жунининг узунлигини, — деди Қодиржон кўзлари ёниб. Ўзиям антиқа зот-да.

— Ие, пастдаги қўшнимизнинг ҳам худди шунақа мушуги бор эди. Анчадан буён кўринмай қолди. Қидириб юришувди. Балким ўшаларникидир.

«Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади», — дейишади. Йўлакдан эр-хотин қўшнилар чиқиб қолишди. Қодиржон бошидан телпагини тез олиб, энгашиб салом берди. Хотинининг ғаши келди. Қўшнилар узоқлашгач:

— Ҳа, дадаси, бунча эгилиб таъзим қиласиз? Трестга бошлиқ бўлса ўзига, лаганбардорлик ҳам эви билан-да, — деди.

— Овозингни ўчир! — деди Қодиржон пичирлаб. — Телпагим ўша йўқолган мушукнинг терисидан.

Марат Шарипов,

1991 йил


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>