• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Татуаж, пирсинг, боди-арт шунчаки бодилик эмас

«О, сен маъбудасан! Супер!»… «Кўзларимга ишонмайман, бунчалар дилбар»… «Нақадар гўзаллик… ».

Булар — татуировка дастидан баданининг соғ жойи қолмаган хонанданинг ижтимоий тармоқлардан биридаги қип яланғоч сурати остига қолдирилган шарҳлардан.

Ҳозир демократия. «Билганини қилсин, бизга нима?», десак, у бошқа томондан бизни таъқиб этади. Унинг бу қилиғи фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Чунки ёшларимиз орасида унинг овозига шинавандалар кам эмас. Ёшлар, ғўрлигига бориб, севимли хонандасининг наинки айтганини, балки қилганини ҳам қилиб қўйишига кафолат йўқ. Буниси эса жуда хатарли…

Варварларга эргашиб…

…1991 йилда альпинистлар Алп тоғида бронза даврида яшаган қабила сардорининг музлаб қолган танасини топиб олишади. Қизиғи, унинг баданида нуқта ва узуқ-юлуқ чизиқлардан иборат 58 татуировка бор эди. Манбааларда ёзилишича, варварлар ҳам баданларига расм чиздиришни ўзлари учун қандайдир улуғлик, нуфузли юмуш, деб билган.

Бугун ҳам баданга татуировка солиш — варварлашиш, жоҳиллик ва нодонликдан бошқа нарса эмас.

Татуировка — яра дегани: терига жароҳат етказиб, баданга махсус бўёқлар билан сурат (белги, нақш) солдириш. Бу расмлар бутун умр сақланиб қолади. Эртага, истаган тақдирда, ҳам ундан буткул қутилиб бўлмайди.

Қадимда юнонлар ва римликлар татуировкадан қул ва хавфли жиноятчиларни жазолашда фойдаланган. Японияда XVII асрда илк бор жиноят қилган тартиббузарнинг пешонаси устидан горизонтал чизиқ тортилган. Жиноят иккинчи ва учинчи бор такрорланса, биттадан қавариқ чизиқ тортилган. Шу тариқа япончада «ину» иероглифи келиб чиққан. Бу ўзбекчасига «кучук» дегани. Японияда татуировкали одам оила ва жамиятга қабул қилинмаган. Хитойда ҳам олдинлари беш анъанавий жазодан бири — юзга татуировка чизиш бўлган.

Бугун эса Ер гўё терс айланганидек, худди ХХ аср бошларида Ғарбда урфга киргандай, ён-атрофимизда ҳам маданиятсизликни маданият, татуировка ё пирсинг (баданнинг турли жойлари — бурун, қош, лаб, киндик, қорин ва бошқа аъзоларни тешиб, зирак-безаклар тақиш)ни замонавийлик деб тушуниш авж олди. Бир вақтлар жиноят олами «санъати»ни ифодалаган татуировканинг жамиятга кўчгани камолотга чорлайдиган эзгу таълимотлар билан ёвуз ғоялар ўртасидаги азалий кураш бугун ҳар қачонгидан-да кескинлашаётганидан дарак.

1,2 миллион сўмлик тамға

Савдо-сотиқ эълонлари битиладиган сайтлардан бирига кириб, фақат Тошкентнинг ўзида шу хизматни кўрсатадиган ўнлаб «мутахассис»лар борлигига гувоҳ бўлдик. Улардан бир гуруҳига мижоз сифатида мурожаат қилдик.

body-art_tashkent

Аксарияти ўзини профессионал атади: камида 5-6 йиллик стажга эга экан. Айримлари ўзини ҳатто малакали врач-косметолог сифатида тақдим қилди.

Барчаси вариантлар кўп эканини, каталогларни кўриш лозимлигини айтди. Кўпчилиги уч ўлчамли ҳам қилиб тасвирлаш мумкинлигини бот-бот таъкидлади.

Нарх масаласида. Улар бир хил хизматга турли нархларни айтишди. Энг арзони — 100 минг, ўртачаси 800 минг, энг қиммати эса 1,2 миллион сўмдан зиёд. Аксарияти фақат нақд пул сўрашди. Фақат биттаси терминал борлиги, аммо хизмат ҳақининг ярмини нақд пулда тўлаш лозимлигини таъкидлади.

body-art_tashkent_

Айтишларича, нархнинг тафовутланиши ишлатиладиган бўёққа боғлиқ. Бўёқлар эса асосан АҚШ, Германия ва Хитойдан олиб келинар экан. «Суратчи»ларнинг барчаси татуировкани умуман безарар, деб ишонтиришга уринди. Яралар уч кунда битишини, ҳеч қанақа аллергия қўзғамаслиги ё бирор касаллик юқмаслигини айтишди. Кафолат — игналарнинг мижоз кўзи олдида очилиб, стерилланган ускуна билан ишлатилиши экан…

Татуаж беозор ороми?

— Татуировка қанақасига безарар бўлсин, ахир у йигирмадан ортиқ касалликка олиб келиши мумкин-ку, — дейди Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий маркази директори, олий тоифали шифокор — дерматовенеролог Улуғбек СОБИРОВ. — Мисол учун,  татуировка бўёғи таркибида саратонни юзага келтирадиган омиллар мавжуд. Бўёқлар ўзида симоб сульфиди, хром, кадмий, қўрғошин, титан, альюминий, кобальт каби зарарли металларни сақлайди. Татуировка асбоблари билан гепатит Б, С ҳамда ОИВ инфекциясини юқтириб олиш жуда осон. Татуировкаси бор инсонларнинг гепатит С касаллигига чалиниш хавфи, оддий одамларга қараганда 9 баравар юқори.

Дейлик, «Mycobacterium haemophilum» бактерияси сил ва мохов касаллигини чақиради, одамларда иммун тизимини сустлаштиради. Бу бактерия эса фақат татуировка чиздиргач юзага келади. Бугун айрим опа-сингилларимиз тўй-ҳашамлар ё оилавий тадбирларга бораётиб, қош-қовоғи ё лабига татуаж қилдиришни беозор зеб бериш ҳисоблашади. Аслида кўз татуажи қовоқ терисига зиён етказади. Қош татуажи соч илдизининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Лаб татуажи оғиз атрофида шишлар пайдо қилиб, юқумли касалликларни чақиради.

 

Герострат эмассиз-ку…

Қўй-эчкиларнинг қулоғига белги қўйилганини кузатганмисиз? Бирорта жонивор тек турмайди, қочишга уринади. Ёки отнинг оёғига тақа қоқиш ҳам шундай азоб. Энди, ўйлаб кўрайлик, онгли мавжудот — одамзод нима учун танасига жароҳат етказишга рози бўлади? Ҳатто бу ташаббус унинг ўзидан чиқади.

— Татуировка — бу ўз-ўзига шикаст етказиш, ўз жонига қасд қилишнинг бир кўриниши, — дейди психолог Абдуолим Боймоқов. — Бу борада қатор жиҳатларга эътибор қаратиш керак. Аввало, татуировка — жуда оғриқли жараён. Демак, игна билан асаб томирларига зарар етказиб, сурат солдириш — бу энди ақли расо одамнинг иши эмас. Татуировка оқибатида киши анча қон йўқотади. Ваҳоланки, бу бирор бошқа жароҳат туфайли юз берса, киши дарҳол камқонликка қарши кураша бошлайди. Татуировка донорлик имкониятидан маҳрум этади, жамиятдан ажратиб қўяди. Жамиятсиз, одамларсиз яшашни эса ўйлаб кўраверинг…

Айрим психологлар татуировкани ўз «мен»ини намоён этишга уриниш сифатида ҳам айтишади. Кечирасиз, одам ўз «мен»ини исботлаши учун баданини илма-тешик қилиши ёки «Гиннесснинг рекордлар китоби»га кириш учун ҳиндистонлик Хар Паркаш каби танасига қарийб байроқ кўринишидаги 200 татуировка солдириши шарт эмас. Эзгу ўй, эзгу иш билан ҳам ном чиқазиш мумкин. Ахир сиз Герострат эмассиз-ку, тўғрими?..

Яширин «пропаганда»

Ҳозир дунёнинг айрим давлатларида татуировкачиларнинг касаба уюшмалари фаолият кўрсатмоқда. Турли кўргазмалар, фестиваль ва ҳатто, музейлар ташкил этилмоқда. Айрим нашрлар «энг чиройли татуировкалар», «энг бетакрор татуировкалар», «машҳурлар татуировкалари» рўйхатини тузмоқда. Агар соғлом ақл билан ўйлаб кўрилса, мана шунга ўхшаганларнинг бемаъни рўйхатлари ёвузлик ва жиноятчилар «санъати»ни рағбатлантирмаяптими? Ана шундай рўйхатларга кириш истаги кимларнингдир чўнтагини қаппайтириб, одамларни тутуруқсиз ҳою-ҳавасга бошламаяптими?

Анча машҳур «ХХХ» фильми аввалида бош қаҳрамон бўйнидаги «ХХХ» татуировкаси кўрсатилади. У фильмда бўйнидаги шу белгиси билан турли қаҳрамонликлар кўрсатади ва… истасак-истамасак, томошабин учун идеалга айланади. Ёки аргентиналик машҳур футболчи Леонель Месси ҳар гал гол ургач, қўлларини хиёл кўтариб-сермаб югураркан, камераларда намойиш этилаётган татуировкалар қандай ғоялар ташиётганини унинг ўзи билармикан, деб ўйлайман.

tatu_messi_xxx

Муаммо шундаки, ана шундай машҳурларга ҳавас билан тикилиб турган миллионлаб укаларимизга «майли, уларнинг санъатидан баҳра олинг, профессионал маҳоратини ўрганинг, аммо баданини кўз-кўз қилаётган татуировкасига, яхшиси, ортиқча эътибор берманг», дейиш билан иш битармикан?..

Жаҳонгир Йўллиев


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>