• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Тарихни ўрганиш турлари

ТАРИХНИ ЎРГАНИШ ТУРЛАРИ

Тарихни ўрганиш икки хил бўлар экан – адолатли ва… бошқача.

Адолатли тарихчи аввало эҳтиросларсиз, илмий ёндошган ҳолда тарихнинг маълум жабҳасини ўрганади. Унинг бирламчи ўз олдига қўйган вазифаси – ўтмишни объектив, қандай бўлса шундайича, ўрганишдир.

Унинг иккинчи вазифаси эса – ўрганган тарихий ҳодисалари юзасидан маълум хулосаларни чиқариб, оммага тақдим этиш. Адолатли тарихчининг олий мақсади – яхшиликка хизмат қилиш! Яъни…

Яъники, хулосала чиқаришда у икки нарсани қасд қилади:

  1. Ўтмишда бўлган ижобий ҳолатларни яхши ўрганиб, замондошларига “кўрдингизми, фалон яхши ишлар фалон яхши натижаларга олиб келган экан”, деган илмий, изланиш натижаси бўлган хулосани тақдим этиш, тарих ўз ичига олган ҲИКМАТНИ кишиларга ошкор этиш ва шу аснода яхшиликка хизмат этиш.
  2. Ўтмишда бўлган салбий ҳолатларни яхши ўрганиб, замондошларига “кўрдингизми, фалон ёмон ишлар фалон кулфатларга сабаб бўлган экан”, деган илмий, изланиш натижаси бўлган белгиларни кишиларга билдириш ва шу аснода яна яхшиликка хизмат қилиш.

Энди адолатли бўлмаган… бошқача тарихчи қандай бўлиши ҳақида.

Адолат сифати нуқсонга учраган бундай тарихчининг уринишлари замирида, табиийки, нуқсонли истаклар ётади. Балки у ўзи учун адолатлидек кўринар, балки у ўз “адолат”ига ўзини ишонтирган бўлар, аммо, унинг фаолиятининг натижаларига қараб, тегишли хулосани чиқарса бўлади… Тарихни ўрганишда у тубан мақсадларни (ном орттириш, баъзи тоифаларнинг эътиборини қозониш ва ҳоказо) кўзлагани боис, унинг келтирадиган “фойда”лари ҳам ўзига хос бўлади:

  1. Унинг тарихий воқеаларни ўрганишида нуқсонлар бўлади, объектив бўлмайди, бирёқлама бўлади.
  2. Тарихдан чиқарадиган хулосалари яхшиликка хизмат қилмайди, деструктив бўлади:
  • хулосалари жўн тушунчалардан иборат бўлиб, кўпроқ пастроқ савиядаги кишилар ва қизиққон ёшларга мўлжалланган бўлади ва бу тоифадаги кишиларнинг қуйи ҳиссий “торларини чертиш” мўлжалида бўлади;
  • хулосалари нуқул бирёқлама бўлиб, тарихий ҳодиса ёки шахслар унинг талқинида фақат оқ ёки фақат қора рангга бўялади  – айланиб ҳам-ўргилиб ҳам бир томоннинг “ёмонлигига” урғу берилаверилади;
  • хулосалари кишиларнинг қалбида маълум тоифаларга нисбатан нафратни келтириб чиқаради ва… умуман, кишиларни нафратли қилиб қўяди;
  • унинг “илмий” фаолияти маҳсули оқибатида ҳалиги кишиларда тарихий аламзадалик пайдо бўлади;
  • унинг “илмий” фаолияти натижасида ҳали дунёқараши шаклланмаган ёшларнинг ички дунёсида деструктив жараёнлар ҳосил бўла бошлайди. Ушбу ёшлар тарихнинг талқини фақатгина тарихий айбдорларни излаб топиш ва уларни яхшилаб ёмон кўришдан иборат, деб ўйлай бошлашади.

ФОЙДА ВА… “ФОЙДА”

Адолатли тарихчининг фаолияти ўлароқ жамият аъзолари тарихда йўл қўйилган хатоларни билиб олиб, эртанги қадамларини тўғри қўйишлари осонлашади. Адолатли тарихчи урғуни “биз ўзимиз айбдормиз, фалон жойларда фалон камчиликларга йўл қўйганмиз”, каби хулосаларга беради. Бундай фаолияти алал-оқибат тарихни ҳакимона қабул қилишга ва кишилар ва жамиятнинг ўзини тузатишига хизмат қилади.

Адолатсиз тарихчининг фаолияти ўзига мухлис йиғиш ва ўша мухлис аудиториясига ўзининг фикрларини сингдиришдан иборат бўлади. Ҳеч қачон “биз ўзимиз айбдормиз”, демайди, балки нуқул ўзгаларни айблайди. Унинг “илмий” фаолияти “фалонлар устимиздан фалон ишлар қилишди”дан чекага чиқмайди. Шундай гапларини нуқул айлантираверади. Мухлислари зерикиб қолганини сезиб қолса, чизган манзарасига яна бироз қора ранглардан қўшиб, аудиториясининг қуйи ҳиссиётларини озуқалантириш орқали уларнинг эътиборини тортиб туради. Мухлисларининг онгини хос негатив руҳда форматлайди. Қалбларини эса қора тушкунлик ва аламзадалик заҳари ила заҳарлайди. Мухисларига “асл ватанпарварлар бизлармиз, бошқалар душманларни биздек ёмон кўрмайди”, каби маъноларни айтиб, уларни ботқоққа чуқурроқ киргизиб қўяди, чиқмас қилиб қўяди.

Адолатли тарихчи замондошининг ҳолини тарих фани сабабидан ёмонлаштирмайди, унинг воқеълигини қийинлаштирмайди. Унинг атроф дунё билан тинч-тотув, уйғун ҳаёт кечиришига халақит қилмайди. Аксинча, замондош миллатдоши тарихни ҳакимона тафсир этиб, маънан юксалиб, бошқаларни қўпол танқид қилиш эмас, балки ҳар жабҳада ўзгаларга ўрнак бўлишига ёрдам беради. Миллат ҳолатини ижобий ўзгартиришнинг омили ўзгаларга нафрат эмас, балки маънавий юксалиш ва айнан маънавий юксалиш ила бошқалардан ғолиб келиш эканлигига ишоралар беради.

Адолатсиз тарихчи эса ўз мухлисининг ҳолини ёмонлаштиради. Ижтимоий ҳаётини қийинлаштиради. Ўзга миллатга ола қарайдиган, ғазаби бурнининг учида турадиган, аламзада, ўз одоби ила ҳеч кимга ўрнак бўла олмайдиган қилиб қўяди. Юксакларга парвоз эта олмайдиган, қаноти синдирилган қушга айлантиради.Тарихнинг “ҳикмати”ни фақатгина “бизларга зулмлар қилишди”дан иборат қилиб қўяди.

ТАРИХ ЎГИТЛАРИ

Биринчи жаҳон уруши якуни немислар учун аламли бўлган эди. Германия енгилди ва рақибларининг қаҳрли шартларига кўниб яшай бошлади. Ўша онда Германия олдида иккита йўл турарди – бўлган ишлардан тўғри хулоса чиқариб, келажакка қадам ташлаш ёхуд аламзадаликка берилиш. Гитлер деган шахс ҳолатни жуда яхши баҳолади ва кишиларда аламзадаликни қўзғатиш ила жуда катта “ишлар” қилиш мумкинлигини англади. Тубан ҳисларни уйғотиш асносида тубан кишиларни ўз атрофига йиға бошлади. Оқибати нима бўлганини биламиз…

Ҳозирда ҳам дунё харитасининг маълум нуқталарида айнан тарихий аламзадаликни озуқалаш асносида маълум сиёсий-иқтисодий “фойдалар” олинаётганини кўриб турипмиз. Бу ишларга миллиардлаб пуллар тикилаётганини баъзи тарафлар яшираётгани ҳам йўқ. Ахборот воситаларини ишга солиб омма онгида нафрат ва аламзадаликни атайин ўстириб, семиртириб, алал-оқибат катта-ю кичик кўнгилсизликлар ва, ҳатто, уруш олови ёқилаётганлигининг гувоҳи бўлиб турипмиз.

ЁҚИЛҒИ

Ўт ёқиш учун ёқилғи керак. Юқорида тилга олганимиз иккинчи жаҳон урушини ҳамда ҳозирда дунёда юз бераётган баъзи кўнгилсизликларни келтириб чиқариш учун ҳам ёқилғи керак бўлган эди. Зеро… ёқилғисиз ўт ёқиб бўлмайди.

Ёқилғи вазифасини эса… тарихий НАФРАТ “яхши” ўтаб беради.

Ўт ёқишга ҳавасмандлик дардига мубтало бўлганлар маълум жойда аланга келтириб чиқаришни истаб қолсалар, ўша ерда маҳаллий ёқилғини излайдилар. Топиб олганлари заҳоти ундан фойдаланишга тушадилар. Ерлик аҳолининг азгина бўлсада тарихий нафрат дарди борлигини  билиб қолсалар борми! Бундай ҳолатни улар ўзлари учун “омад қуши”, деб билишади ва ўша азгина миқдорни жон-жаҳдлари билан кўпайтиришга киришишади. Бу йўлда ҳеч қандай восита ва маблағ аялмайди. Омманинг онгига фақат ва фақат бирёқлама маълумотлар воситасида “ишлов” берилади, эҳтирослар жумбушга келтирилади ва, алал-оқибат, кишиларнинг воқеъликни объектив англаш қобилиятларига чуқур талофат етказилади. Бошқача қилиб айтганда, ақл кетади-ю, жаҳл, эҳтирос, қуйи ҳиссиётлар ўрнини эгаллайди. Манқуртга айлантирилган оммани бошқариш жуда осонлашади ва уни ҳар қандай хунрезликларга чорласа бўладиган бўлиб қолади.

ТАРИХ ВА… ҚАЛБ

Кишининг дунёқараши – ўша киши шахсиятининг тузилишидир, конструкциясидир. Ўз навбатида бу конструкция инсоннинг қалби билан муносабатда бўлиб, уни нурга тўлдириши ёки… ўта ночор аҳволга солиб қўйиши мумкиндир. Объектив бўлмаган, “эски тарихни ковлаш”га қурилган, бировнинг гиж-гижлаши ила ўсиб етилган НАФРАТ моддасининг қалбга, айниқса ёш қалбга, етказадиган таъсири ўта салбий бўлиб, шахсларни нурсиз, жамиятларни экстремист, келажакни эса потенциал нотинч қилиб қўйиш кучига эга.

ТАНАМИЗГА ЯҚИН ТЕНДЕНЦИЯЛАР

Ўта янги тарихимизда “миллат” сўзига урғу бериш, шу билан бирга бу тушунчани жўн, ҳикматсиз  тавсифлаб, унинг маънавий тарафини четда қолдирган ҳолда ёшларнинг онгига таъсир этиш асносида кўнгилсиз ҳолатлар бўлганини биламиз. Бу кечаги кун. Аммо бугун ҳам айни шу хатони билиб ёки билмай такрор этишга мойил кишиларни учратиб қоламиз. Тарихни юзаки, жўн, ҳикмат излашдан ҳоли услубда талқин этиб, фақат тарихий душманнинг ёвузлигини кўрсатишга “ихтисослашган” “тарихчилик”нинг тез-тез гувоҳи бўлиб турипмиз. Уларга эргашиб онги ва руҳининг қувватларини негатив фикр ва ҳиссиётларга сарфлаётган, прогрессивликни “душманни боплаб ёмон кўриш”, деб тушуна бошлаётган, қалбини нур ва шижоат тарк этаётган ёшларни кўриб турипмиз…

ТАРИХ ВА… ШИЖОАТ

Кишидан шижоат кетдими – қолгани ҳам қўлдан кетди, деяверинг. Кишини ҳаракатга келтирадиган, ва ҳатто “тоғни талқон қилишга” ундайдиган нарса – шижоат.  Асл маънодаги ижобий шижоатнинг манбаъси эса фақат ва фақат соғлом қалбдир. Қалбнинг соғлиги эса ҳикмат ила таъминланади. Ҳикматларни англаш ва уларнинг “шираси” ила қалбни озуқалантириш билан. Нафратга тўлган, “ҳикмат” десангиз устингиздан куладиган қалб эса бемор қалбдир ва у шижоатнинг манбаси бўла олмайди.

ТАРИХ ВА… ИСЛОҲОТЛАР

Яхши ният ила, мамлакатимиз ривожини кўзлаган ҳолда юртимизда ҳаракатлар стратегияси белгиланди. Аммо бу белгиланган ишлар муваффақияти ҳам ҳар биримиздан айнан ўша омил – соф шижоатни ва унинг манбаи, беланчаги бўлмиш соғлом қалбни тақозо қилади. Айниқса бунда ёшларнинг онги соф, қалби соғлом бўлмоғи ўта муҳимдир. Ёшлар огоҳ бўлмоқлари лозим бўлган хатарлардан бири, бу – адолатсиз, инсофсиз таърихчиликдир. Ёшлар онгини қора тушкунлик, аламзадалик, тарихий нафрат каби бўлмағур, чиркин нарсалар ила заҳарлаб, жамият ичига чуқур маънавий дарларнинг уруғи сепилишига қарши турмоқ керак.

САҚЛАНИШ ЧОРАЛАРИ

Авваламбор бу икки тур тарихчиликни фарқлашни ўрганиб олишимиз лозим. Буни қилиш учун бизга қилинаётган мурожатларга назар ташлаб, жўн гаплар, жўн хулосалар воситасида ўзгаларга нафратимиз, ола қарашимиз исталаётганлигини, бундан ўзга  “ҳикмат” кўзланмаётганлигини англасак, унда қаршимизда ўша, яхшиликни кўзламаган тарихчи.

Бизни чуқур маънавий хулосаларга чорлайдагин, тарих ҳодисалари мисолида шахсимиз камчиликларини бизга ошкор қилиб берадиган, маънавий юксалишимизга ва шу аснода миллат юксалишига ҳарис бўлган кишининг бизга қилган мурожатини сезсак, демак, бу – адолатли, яхшиликка хизмат қиладиган тарихчи.

МУРОЖААТ

Тарихдан бундай фойдаланаётганларга азизларга мурожаат этгинг келади киши – ундай қилмангизлар!

Бир киши иккинчи кишига бир яхшиликни ўргатса-ю, кейин ўша иккинчи киши ўша яхшиликни ҳаёти давомида қилиб юрса, биринчи кишига ҳам шу ишнинг савоби шаксиз тегиб турар экан! Аммо, бир киши бошқа бир кишининг бир руҳий дардга чалиниб қолишига сабабчи бўлсачи?!… Юзта одамнинг қалби дардман бўлишга сабабчи бўлиши-чи? Мингтанинг-чи?       

СЎНГСЎЗ  

Кимнидир қалбида нафратни ҳосил қилиб киши ўзига яхшиликни касб қила олмайди! Аллоҳ таолонинг неъмати ўлароқ бир нарсани тадқиқ этиш иқтидори кишига берилган экан, буни яхшилик йўлида сарфламоқ вожиб, зеро, ҳар бир неъматдан сўроқ бўлади. Тарихни ўрганишдек шарафли ва шу билан бирга масъулиятли ишни фақат ва фақат кишилар қалбида эзгулик уруғларини сочиш, тарих ўгитларидан фойдаланиб АВВАЛО ЎЗНИ, кейин ўрнак ила ўзгаларни тузатиш учун қилинсагина яхши бўлади.

Шокир Шарипов

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>