• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Тангрим, мени дўстларимдан паноҳингда асра, душманларимни ўзим эплайман

Сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо уни эркин айтиш ҳуқуқингиз учун ҳаётимни беришга тайёрман.

* * *

Меҳнат инсонни учта машғулот – зерикиш, ёмон хулқ ва муҳтожликдан халос этади.

* * *

Эркинлик фақат қонунларга тобе бўлишдадир.

* * *

Фақат заифлар жиноят содир қиладилар: кучли ва бахтли кишига унинг кераги йўқ.

* * *

Ҳалол-пок одамни тазйиқ остига олиш мумкин, аммо бадном қилиб бўлмайди.

* * *

Одатий бўлиб қолган нарсалар унчалик қадрланмайди­.

* * *

Айбдорни жазолагандан кўра жиноятнинг олдини олиш афзалроқ, қонунлар кишиларни қўрқитиш учун эмас, балки уларга ёрдам бериш учун яратилган.

* * *

Бидъат, хурофот – инсон ақлининг энг даҳшатли душмани.

* * *

Ҳаққонийлик ва гўзаллик барча замонлар ҳамда халқларда бир хил.

* * *

Мен ҳануз ҳаётни севаман. Бу бемаъни заифлик, эҳтимол, бизнинг энг таҳликали нуқсонларимиздан бири бўлса ажаб эмас: ахир, устингдан улоқтириб ташлашни хоҳлаган юкни узлуксиз кўтариб юришдан, ўз ҳаётидан ваҳимага тушиш ва уни чўзишдан бемаънироқ истакнинг бўлиши мумкин эмас.

* * *

Ватанимга муҳаббатим мени ажнабийларнинг ютуқларини менсимасликка мажбур этмайди. Аксинча, ватанимни қанчалик кўпроқ севсам, мамлакатимни унинг заминидан қазиб олинмаган дурдоналар билан шунчалик кўпроқ бойитишга интиламан.

* * *

Киши ҳақида унинг жавобларидан ҳам кўпроқ саволларига қараб ҳукм чиқар.

* * *

Кўп тил билиш – битта қулф учун кўпгина калитларга эга бўлиш демак. Тил яна шунинг учун ҳам катта аҳамиятга эгаки, унинг ёрдамида биз ўз фикрларимизни яширишимиз мумкин.

* * *

Ижтимоий тенглик – ҳам энг табиий, ҳам энг хом хаёлдир. Бизнинг бебахт сайёрамиздаги жамиятда яшаётган одамлар иккига – буйруқ берадиган бойларга ва хизмат қиладиган камбағалларга бўлинмаслиги мумкин эмас.

* * *

Ҳеч қачон катта қийинчиликсиз катта иш бўлмайди.­

* * *

Кексалик – аҳмоқ учун оғир юк, нодон учун қиш, илм-фан кишиси учун ҳосил фасли.

* * *

Фазилат ва нуқсон, яхшилик ва ёмонлик – мазкур ҳодисалар барча мамлакатларда жамият учун фойдали ёки зарарли экани билан белгиланади.

* * *

Бениҳоя кичик одамлар бениҳоя катта мағрурликка эгадирлар.

* * *

Табиатан инъом этилмаган қобилиятни ҳеч қайси ёшда қўлга киритиб бўлмайди. Аммо йўл қўйилган хатони исталган вақтда тузатиш мумкин.

* * *

Тенгсизлик эмас, тобелик оғир.

* * *

Иш фикр учун эмас, балки фикр иш учун яратилган.­

* * *

Мен фақат шубҳаланишнигина биламан.

* * *

Эркинлик фақат қонунларга тобе бўлишдадир.

* * *

Tafsilot.uz маълумоти:

Юқоридаги афоризмлар муаллифи — Франсуа-Мари Аруэ (Волтьер). У XVIII асрда Францияда яшаб ўтган фалсафа ва ҳуқуқ билимдони, давлат ва жамоат арбоби. Шунингдек, у моҳир драматург, тарихнавис, шоир, ёзувчи ва ҳажвчи сифатида ҳам танилган бўлиб, Вольтер унинг адабий тахаллусидир.

Машҳур маърифатпарварнинг ижоди жаҳон ижтимоий-фалсафий тафаккурида муҳим ўрин тутади. Бир умр Шарққа интилиб, унинг маънавиятидан куч олиб яшаган, хусусан, Амир Темур ва Улуғбек даври тарихини яхши билган, асарларида уларни чуқур ҳурмат билан ёдга олган бу инсоннинг ўзига хос ҳаёт йўли, илмий мероси биз учун ҳам аҳамиятли.

Вольтер 1694 йили Париж шаҳрида, ҳуқуқшунослар оиласида (отаси – Франсуа Аруэ нотариус ва солиқ йиғувчи, онаси – Мари Маргарит Домар хоним жиноят ишлари бўйича суд мажлиси котибининг қизи эди) дунёга келди. Франсуа оилада кенжа фарзанд бўлиб, етти ёшида онасидан ажрагач, унинг тарбияси билан чўқинтирган отаси – аббат Франсуа Кастанье де Шатаноф шуғуллана бошлади. 1711 йили юқори таба­қа вакиллари фарзандлари таҳсил оладиган ва ўз даврининг энг яхши ўқитувчилари­ дарс берадиган қирол Лю­до­вик XIVнинг Париждаги иезуит­лар коллежини битирди.

Шу дам­ларни ин­тиқ кутган отаси қо­нун­ларни чуқурроқ ўрганиши ва малака орттириши учун уни адвокат Алленнинг­ идорасига ишга жойлаштирди. Бироқ беш ёшидан шеър­лар машқ қила бошлаган Вольтерни отакасбдан кўра адабиёт кўпроқ қизиқтирар эди. Шу боис у ҳуқуқшуносликка рағбатсиз, идора ишларига ҳафсаласиз эди. Шунга қарамай, у бир муддат прокурорга котиблик қи­либ, ҳуқуқ соҳаси бўйича кат­та тажриба тўплади.

Франсуа-Мари ҳамкасбларидан кўра адабиёт тўгара­гининг ҳурфикрли аъзолари­ даврасида ўзини эркинроқ ҳис этган. Табиатан қизиққон­, шўх, ҳазил-мутойиба ва қочиримларга уста, дангал одам бўлган. Унинг шеърлари за­ҳарханда билан суғорилган бўлиб, уларда черков, иккиюзламачи амалдорлар аёвсиз танқид қилинган, жамият­даги катта-кичик муаммолар фош этилган. Шу боис у кўпинча киборларнинг жанжалига аралашиб қолар, боши ташвишдан чиқмасди.

Вольтер 1717 йили орлеанлик герцог Луи Филипп ва унинг қизини ҳажв қилгани учун ҳибсга олинади. Бастилия қамоқхонасида ўтган 11 ой давомида у драма жанридаги биринчи асари – «Эдип» (1718 йил) трагедия­си ҳамда «Ҳенриада» достонининг дастлабки вариантини ёзиб тугатган. Тарихда илк француз трагедияси сифатида қайд этилган «Эдип» асари муаллифга улкан шон-шуҳрат келтиради ва Париж саҳналарида узоқ вақт намойиш этилади. Худди шу даврдан эътиборан Франсуа-Мари «Вольтер» тахаллусини олади. Бир қатор тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу ном лотин тилидаги «кичик Аруэ» сўзларининг анаграммаси (ҳарфларнинг ўрин алмашинувидан бошқа сўз ясалиши)дир.

1722 йилда унинг «Рози ва қарши» номли антиклерикал достони дунёга келди. Муаллиф ушбу асарда инсон ўз ҳаётини насронийлик дини кўрсатмалари асосида қуриши шартми деган саволга жавоб излади ва фалсафий мушоҳадалар ёрдамида черков ва роҳибларнинг асл қиёфасини, уларнинг даъватлари хурофот ва ёлғондан иборатлигини фош этди. Бироқ Франсуа-Мари ушбу асарини оммага эълон қилишга шошилмади. Достон­ орадан ўн йил ўтиб, шунда ҳам яширинча чоп этилди.

1725 йилнинг охирларида­ у яна қамалди. Бу сафар туҳ­мат билан. Бошқача айтганда, Вольтер ўзи ёзмаган, ам­мо унинг номи билан чоп этилган асар учун озодликдан маҳрум этилди. Икки ҳафта ҳибсда ўтиргач, у қи­рол Людовик XV амри билан­ мамлакатдан бадарға қилинди.­

У 1726 – 1729-йилларда Англияда яшашга мажбур бўлди. Мазкур йиллар Вольтернинг маънавий юксалишида муҳим аҳамият касб эт­ди. У Европада хийла етакчи ҳисобланган инглиз маданияти, анъана ва таомил­лари, мамлакатдаги машҳур инсонлар, юқори табақа вакиллари билан танишди, сиёсат, фалсафа ва адабиёт билан шуғулланди. У фалсафада де­ист Жон Локк, Исаак Нью­тон назариялари тарафдори бўлиб, моддий дунё мав­жудлигини, жамият тараққиётини тан олгани ҳолда, «уни ҳаракатга келтирувчи куч – худо» деб билган.

Францияга қайтганидан сўнг 1733 йилда таассурот­ларини «Фалсафий хат» ном­ли кичик бир китобда эълон қилди. Унда адиб Франциядаги тоқат қилиб бўлмайдиган диний ва феодал тартиб­ларни танқид қилиб, Англия­да жорий этилган илғор анъаналарни она юртидаги ҳолат билан қиёслади. Китоб кўп ўтмай Париж парламенти (ўша пайтда Францияда парламент суд ҳокимияти вазифасини бажарган) ҳукмига биноан «дин ва ҳокимиятга қарши қаратилган»и учун мусодара қилиниб ёқилди, уни чоп этган ношир эса қамоққа ташланди. Вольтер лотарингиялик маркиза Габриэль Эмили дю Шатленинг хонадонидан паноҳ топди.

Манбаларда келтирилишича, Вольтернинг тақдирида аёллар катта роль ўйнаган. Жумладан, қиролича мадам де Помпадурнинг қўллаб-қувватлаши натижасида у қирол Людовик XV томони­дан авф этилиб, унинг буйруғига кўра сарой тарихчиси ва камергери этиб тайинланади. 1746 йилнинг 15 апрелида эса уни мамлакат Фанлар академияси аъзолигига сайлашди (худди шу йили у Россия Фанлар академиясининг фахрий аъзоси деб эълон қилинган).

Вольтер 1778 йилнинг 30 майида оламдан ўтди.

Франсуа-Мари тарих соҳасида самарали ижод қилган. «Швеция қироли Карл XII тарихи» (1731 йил), «Людовик XIV асри» (1751 йил) ҳамда «Миллатларнинг ҳолатлари ва одатлари ҳақида» (1753—1758-йиллар) деб номланган тарихий асарлар фикримизни тасдиқлайди. Бундан ташқари, ўз замонаси учун хавфли саналган, бироқ долзарб масалалар қаламга олинган «Табиат қонунлари тўғрисида дос­тон» (1736 йил) «Инсон ҳақида нутқ» (1739 йил) каби асарлар ҳам унинг ижодида муносиб ўрин эгаллайди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, XVIII асрга келиб Ғарбий Европада, жум­ладан, Францияда филоори­ентализм, яъни Шарқни севиш ва ўрганиш тенденцияси­ кенг тарқалиб, фан ва маданиятни черков жаҳолатидан ҳи­моя қилишда муҳим роль ўй­нади. «Форс номалари» (Шарл Луи Монтескье), «Шарқ қиссалари» (Вольтер), «Бевафо жавоҳирлар» (Де­ни Дидро) асарларида шар­қона сюжетлар асосий мав­зу қилиб олинган.

Вольтер соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даври тарихини яхши билган. Хусусан, Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» (1438 йил), Руи Гонсалес де Клавихонинг «Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406-йиллар)» (1582 йил) каби асарлар, XVII асрга мансуб нодир манба – Шарқ халқлари ҳаёти, тарихи ва маданиятини кенг ёритувчи Бартоломе д-Ербелонинг «Шарқ кутубхонаси» номли қомуси билан яхши таниш бўлган.

Унинг тарихий мавзудаги­ «Миллатларнинг ҳолатлари ва одатлари ҳақида» номли китобида жаҳон тарихидаги кўплаб давлатлар ва уларнинг ҳукмдорлари ҳақида маъ­лумот берилади. Асарнинг учинчи жилди Амир Те­мур ва темурийлар даврига­ бағишланган бўлиб, унда соҳибқирон бобомизнинг марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги курашлари, маш­ҳур жанглари, мамлакатни идора этиш, давлатчилик тузумини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шу мақсадда тартиб-интизом ва қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни ривожлантириш, солиқларни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратгани хусусида ҳикоя қилинади.

Вольтернинг ҳуқуқий, ижтимоий-фалсафий қарашлари ҳам ўзига хос. Унинг фикрича, Англия қонунлари энг яхши қонунлар бўлиб, уларда одил судловнинг амалга оширилиши, зўравонликнинг йўқлиги, мансабдорларнинг фуқаро эркинлигини бузгани учун жавобгарлиги, ҳар бир шахснинг ўз фикрини оғзаки ва ёзма тарзда ифода эта олиш ҳуқуқи белгилаб берилган.

Мутафаккир жамиятнинг ривожланишига тўсқинлик қи­лаётган сабаб сифатида чер­ков мутаассиблигини кўр­сатган. У черков эркин фикр­ни бўғади деб ҳисоблаган ва­ унга қарши курашган. Бун­дан ташқари, унинг қа­рашларида эркинлик ва тенг­лик мавзулари етакчи ўрин тутади. Шунга қарамай у фа­қат мулкдорларгина овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши ло­зим деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, эркинлик че­гара­лари қонунлар билан белгиланади.

У феодал жамиятни ислоҳ қилиш тарафдори бўлиб, дав­лат бошқарувида мутлақ мо­нархияни афзал кўрган ва ҳо­кимиятни озодлик, тенглик­ ҳамда биродарлик қонунларига қатъий амал қилувчи одил ҳукмдор бошқаришини­ орзу қилган. Унингча, ҳукм­дорнинг маърифатли бўлиши­ жамият учун фойдалидир, мамлакатни адо­латли бош­қариш учун тахт соҳиби турли табақа вакиллари истакларини тўғри анг­лаб етиши ва марҳаматли бў­лиши керак.­ Бундан ташқари, улуғ маърифатпарвар бошқарувда­ чер­ков судларини тугатиш, таба­қалар имтиёзларини бекор қилиш лозимлигини таъкидлаган. Унинг XVIII асрдаёқ илгари сурган ҳуқуқни бирхиллаштириш тўғрисидаги фикрлари айниқса аҳамиятлидир: «Франция бўйлаб саёҳат қилаётиб, отлардан ҳам кўра қонунларнинг тез-тез ўзгартирилишини кузатиш мумкин. Биттагина юк, биттагина ўлчов, биттагина одат бўлиши керак».

Вольтер «Калас иши» (Жан Калас (1698 — 1762) – тулузалик дўкондор савдогар, француз протестанти. У ўғ­лини католик маз­ҳабига ўт­гани учун ўлдиргани боис суд қа­рорига асосан 1762 йилда қатл этилган. Бироқ 1765 йилда Вольтернинг саъй-ҳаракатлари натижасида Жан Каласнинг номи оқланиб, обрў-эътибори тикланган) туфайли ўз даврининг жа­зо ҳуқуқи ва суриштирув жараёнининг чидаб бўл­мас даражада адолатсиз ва шаф­қатсиз эканига гувоҳ бўл­ди:­ «Тулуза парламентида гувоҳлар бўйича далиллар оздир. Баъзан шубҳага асосланган ярим далилларни ҳам қабул қилаверади. Биламизки, ярим далил деган нарса бўлмайди, лекин Тулузада чорак, ҳатто далилнинг саккиздан бир қисми ҳам мавжуд. Масалан, у ерда бирор миш-миш ярим далилга тенг, бошқа бир миш-миш яна ярим далилга тенг ва ниҳоят иккала миш-миш бит­та бўлиб, бир бутун далил­га тенг бўлади. Айнан мана шу принцип асосида Жан Калас маҳкум этилган эди». Шундан сўнг у адлия ва суд тизимини буткул ислоҳ этиш, одил судловни амалга ошириш ва ушбу жараёнда адвокатлар иштирокини таъминлаш, тергов жараёнида қийноқлар ва даҳшатли жазолардан воз кечишга эришиш учун курашиб яшади ҳамда аҳволни ўнглаш бўйича ўзининг таклифларини ҳам баён этди: «Судда ҳам оддий фуқаро, ҳам жиноятчи учун бир хил бўлган аниқ қонунлар қўлланиши керак. Айниқса, молиявий масалалардан ҳам кўра гап инсон ҳаёти ва унинг қадр-қиммати ҳақида кетганда ҳеч нарса ўзбошимчалик билан ҳал қилинмаслиги даркор. Фуқа­ролар ва судьялар учун қандайдир жазо кодекси бўлиши жуда муҳимдир».

Франсуа-Мари Аруэ италиялик иқтисодчи ва публицист, «Ҳуқуқбузарликлар ва жазо­лар» китоби муаллифи Чезаре Беккария (1738 – 1794-йиллар)нинг ҳуқуқий тизимни тўла ислоҳ қилиш хусусидаги­ қарашларини қувватласа-да, аммо ундан фарқли ўлароқ, авф этиш ҳуқуқига кўпроқ эътибор қаратган. Шу­нинг­дек, 1808 ҳамда 1810 йиллардаги Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги империя кодексларига жазони енгиллатиш, судья­нинг ички ишончи,­ жазолар ва айбловларнинг қо­нуний­лиги каби принциплар киритилишига кучли таъ­сир кўрсатган.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>