• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Блогер огоҳ этади: таълим тизими — кеча ва бугун

Ўтмиш

2009 йил 2 февраль. Тошкент, олий ўқув юрти, микроиқтисодиёт фанидан маъруза.

Биринчи курс талабалари иккинчи семестр дарсларини эндигина бошлаган ҳафта. Ўтган семестрда макроиқтисодиёт фанидан кафедранинг энг тажрибали маърузачисини тинглаб, маълум бир назарий билимларга эга бўлган  аудиториянинг шовқинини хонага шашт билан кириб келган (дид билан кийинган, ўрта ёшли, жиккаккина) маърузачини томоқ қириши бўлди.

— Биринчи курс менежментмисизлар?

Талабалар тасдиқлашди.

— Ҳммм…тушунарли… Сизларни бир яхшилаб тарбиялаб қўйиш керакка ўхшайди. Бу нима аҳвол? Бўлди энди мактаб, коллеж даври тугади…Сизлар олийгоҳдасизлар….

10 дақиқа ўтди…

— …ҳатто айримларинг формада эмас… Галстуги йўқлар ўрнидан турсин…

Орадан тахминан 25 дақиқача вақт ўтгандан кейин, хонага декан кириб келди:

— Узр, дарсларингни бўлдим, 5 дақиқа вақтларингни оламан холос. Тарбиявий соат дарси тарбиявий танаффус билан бўлинди. Ўртоқ А. нега галстугинг йўқ, ўртоқ Б. нега сочинг ўсган, Сени нега соқолинг ўсган… 4 дақиқадан сўнг… Ҳа айтганча мен ўзи биринчи семестрда ҳамма фанларни ёполмаганлар масаласида киргандим. Кейинги ҳафта — қайта топшириш ҳафтаси, жадвални деканатдан кириб кўринглар. Майли, домла, давом этаверинглар.

 — Ана мен нима деётгандим, деканинглар ҳам жон куйдираяпти… Бизда энг муҳими тартиб-интизом, хулқ-атвор… 50 дақиқа ўтди… 79 дақиқа… Гапларимдан хулоса чиқазинглар. Староста, кимлар йўқ бугун? Ҳамма бор? Бу яхши, шундай бўлсин.

Қўнғироқ чалинди.  “Микроиқтисодиёт”га оид ҳеч  сўз бормаган маърузадан талабалар битта “а” ҳарфининг ўзгариши  иқтисодий фанни панд-насиҳат ваъзига айлантириб юбориш кучига эгалигини билиб чиқишди.

2011 йил 21 февраль. Тошкент, олий ўқув юрти, иқтисодий таҳлил ва аудит асослари фанидан маъруза.

Яна янги семестр, янги фан, лекин аудитория ҳам, талабалар ҳам ва яна нимадирлар ўша-ўша… Бу сафар хонага ўта ҳайбатли, қориндор маърузачи кириб келди. Бир марта маъноли қараб қўйса, аудитория жимиб улгурмади.

— 3-курс менежментмисизлар?

Олд партадаги талабалар маъқуллашди.

— Ҳммм… учунчи курсга, қолаверса менежмент йўналиши талабаларига ҳеч ўхшамайсизлар. Бу нима тартиб? Бўлажак раҳбар кадрсизлар, ҳали бу аҳволда кимни бошқара оласизлар…

10 дақиқа…

— …иқтисодиётимизнинг куни сизларга қоладими?

25 дақиқа…

77- дақиқа:

— Староста ким? Кимлар йўқ? Эҳҳе, 5 та талаба йўқ… Бу нима деган гап…? Яхши бугунги санани қўйиб, мавзуни ёзиб қўйинглар: “Иқтисодий таҳлил ва аудит асослари фанига кириш”.

Қўнғироқ чалинди. Маънавий таҳлилдан навбатдаги сабоқ олган талабалар аудиторияни тарк эта бошлашди.

2011 йил 30 май. Тошкент, олий ўқув юрти, иқтисодий таҳлил ва аудит асослари фанидан маъруза.

Маърузачи кўринди. Бу сафар  аудитория  тезда тинчланди, ҳар қалай яна ваъз эшитишга ҳеч кимда хоҳиш йўқ эди.

— Хўш ўтган гал қайси мавзуда тўхтагандик?

Кетма-кет фақат сана, мавзу номи, сана, мавзу номи ёзилиб кетилган дафтардан ўтган дарс мавзуси ўқиб берилди. 4-5 нафар аълочи талабаларнинг юзига қувонч югурди, наҳотки дарс ўтсак?! Қаерда… Эшик очилиб, дарсга кеч қолган 3 нафар талаба кириб келиб қолди ва бо-о-ошланди…

5 дақиқа…

25 дақиқа…

77-дақиқада йўқлама, мавзу, қўнғироқ.

Э, узр, декан кириб йўқлама  ва 5 дақиқали маърузача қилиб кетгани орада қолиб кетибди. Орасига қўшиб ўқиб юборарсизлар.

Бугунги кун (ўша аудитория, ўша муҳитда вояга етган қизнинг синглиси)

2016 йил 30 март. Тошкент, академик лицей, тарих дарси.

Синфга паст бўйли нотаниш икки нафар киши кириб, ўзларини Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан эканликларини, университетда ўтказиладиган  германиялик делегатлар иштирокидаги тадбирга немис тилини яхши биладиган ўқувчиларни қатнашчи сифатида олгани келишганини айтишди.

—Немис тилини биладиганлар ўрнидан турсин.. Ҳммм яхши… Ҳой орқа партадаги бола, сен тур-чи!

— Мен? Лекин мен немисча билмайман, мен инглиз тили гуруҳидаман.

— Ана, бўйинг ҳам новчагина экан. Бўпти, инглизчаям гапираверасан бўлаверади, форманг ҳам бип бинойидек.

— Инглизчаям яхши гапира олмайман-да.

— Эй, мен айтганимдан кейин биласан, кўп гапирмасанг-чи, чиқ  дегандан кейин чиқ!..

Хулоса ўзингиздан…

Дилрабо Турсунова,

блогер


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>