• Бугунги сана: Chorshanba, Aprel 26, 2017

«Tafsilot.uz» бир ёшда!

2017 йилнинг илк кунида «Tafsilot.uz» сайти бир ёшга тўлди. Бундан роппа-роса бир йил муқаддам, 2015 йилнинг 31 декабридан 2016 йилнинг 1 январига ўтар кечаси мазкур лойиҳа оммага тақдим этилган эди. 2016 йилнинг 27 апрелида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий-маърифий сайт сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, расман ОАВ мақомига эга бўлди.

Бугунги кунда сайтлар жуда кўп. Биргина «UZ» доменидаги сайтларнинг сони 30 мингдан ошиб кетган. Хўш, уларнинг орасида «Тафсилот» интернет-нашри нимаси билан ажралиб туради? Одамлар нима учун бу сайтга кириши керак?

«Тафсилот» воқеа-ҳодисалар ҳақида шунчаки хабар бериш билан чекланмайди. Балки улар ҳақида икир-чикиригача, қўшимча тафилотлари билан ёритади, шарҳлаб беради. Унинг бошқа сайтлардан фарқи ҳам шунда. Қолаверса, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни юртдошларимизга содда, халқчил тилда етказиш, бу орқали жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳисса қўшиш олдимизга қўйган вазифаларимиздан саналади. Ҳар ҳолда лойиҳага қўл уришдан олдин кўз олдимизга шу нарсани келтирган эдик.

Буни қай даражада уддалай олдик ёки йўқ, шунингдек, бир йил ичида тайёрлаган мақола ва материалларимизга муносиб баҳони ўқувчиларимизнинг ўзи бергани маъқул. Шу боис бу хусусда сўз юритиш мақсадга мувофиқ эмасдек. Қолаверса, ўтган давр мобайнида амалга оширишни режалаштирган, аммо қилинмаган ишлар кўпроқ. Фақатгина шуни айтишим мумкинки, биз ният қилган «Тафсилот»ни ҳали кўрганингизча йўқ. Режаларимиз, лойиҳаларимизнинг кўпи қоғозларда, бир қисми эса ижодкорларимизнинг миясида ётибди. Бунга қайсидир маънода таҳририят ижодкорларининг асосий ишлари борлиги, сайт уларнинг қўшимча машғулоти экани ҳам сабаб бўлмоқда.

Шунга қарамай бир йиллик фаолияти давомида «Tafsilot.uz» сайти эътироф этишга арзигулик натижаларга ҳам эришди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлариини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Қонунчиликни мустаҳкамлаш, инсонларда қонунга ҳурматни, юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлаш” мавзусида ўтказилган давлат гранти танловида “Юксак ҳуқуқий тафаккур — фуқаролик жамиятининг пойдевори” номли лойиҳа билан иштирок этиб, Парламент комиссиясининг 22 июлдаги 32-сонли қарорига асосан танловда ғолиб деб топилди. Бундан ташқари, «Tafsilot.uz» 2016 йилнинг 17 декабрь куни Миллий интернет танлови (“MIT.uz – 2016”)нинг “Энг яхши янгиликлар сайти” номинациясида ғолиб деб топилди.

Бизнинг бу натижаларга сазовор бўлишимизда Сиз азиз ўқувчиларимизнинг ҳам ҳиссангиз катта. Қимматли вақтини ажратиб, мақолаларимизни ўқиб бораётган, ўзларини қизиқтирган мавзуларни ёритишни илтимос қилаётган, таклиф ва танқидлари билан фаолиятимизнинг яхшиланишига ёрдам бераётган барча-барча муштарийларимиздан миннатдормиз. Сизларсиз биз ҳеч киммиз. Бизга ишонч билдирганингиз учун катта раҳмат! Шунингдек, ўтган бир йил давомида «Tafsilot.uz» билан ҳамкорлик қилган, унинг ривожланиши учун ёрдам қўлини чўзган, маслаҳатларини аямаган барча-барчага миннатдорлик билдирамиз.

Ҳа-я, дарвоқе, «Tafsilot.uz»нинг бир йиллигига бир қатор совғаларни ҳозирлаётгандик. Турли сабабларга кўра совғаларимизни тўлиқ тайёрлай олмадик. Аммо шу ойнинг ичида совғаларимизни Сизларга албатта етказиш ҳаракатидамиз. Бизни ҳар куни кузатиб борсангиз, қандай совға тайёрлаганимизни билиб оласиз!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>