• Бугунги сана: Yakshanba, Mart 26, 2017

Тадбиркорлик субъектининг юридик мақоми: қайси бири маъқул?

Мумтоз сиёсий иқтисоднинг йирик намоёндаси Адам Смит тадбиркорлик фаолиятини таърифлар экан, тадбиркорлик – бу ўз манфаатини кўзлаб жамият тараққиётига ҳисса қўшмоқдир, деган умумий хулосага келади. “Тадбиркорликдан олинган даромад, – дейди олим, – шахсий таваккалчилик учун олинган мукофот”. Бундай мукофотни қўлга киритиш эса, кўпчилик тасаввур қилганидай осон иш эмас.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни мақсад қилган  шахсдан аввало, ўз олдига аниқ мақсад қўя билиш талаб этилади. Шунингдек, тадбиркор юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ўз муҳри, штамп ва банк ҳисоб рақамига эга бўлишдан олдин ташкил қилмоқчи бўлган ташкилотнинг  шакли, яъни юридик мақомини танлаб олиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан тадбиркорлик фаолиятининг қуйидаги шакллари мавжуд:

  • якка тартибдаги хусусий тадбиркорлик фаолияти;
  • ёлланма меҳнатни жалб этишга асосланган хусусий тадбиркорлик фаолияти;
  • ширкатчилик асосидаги тадбиркорлик;
  • жамоа тадбиркорлиги;
  • давлат тадбиркорлиги;
  • аралаш тадбиркорлик — юридик шахс ҳамда фуқаролар томонидан мол-мулкни қўйиш йўли билан олиб борилади.

Бошқача айтганда:

  • Якка тартибдаги тадбиркор

  • Маъсулияти чекланган жамият

  • Хусусий корхона

  • Акциядорлик жамияти

  • Ёпиқ акциядорлик жамияти

  • Қўшма корхона

  • Чет эл корхонаси

  • Қўшимча маъсулиятли жамият

  • Шўъба корхона

  • Фермер хўжалиги

  • Деҳқон хўжалиги ва бошқалар.

Кўриб турганингиздай, тадбиркорликнинг ташкилий шакллари ғоят хилма-хил ва уларнинг биронтаси ҳам муваффақиятга олдиндан кафолат бермайди.

Тадбиркорликнинг шаклини танлашда қуйидаги омилларга эътибор берилади:

  • ишни осон бошлаш имконияти;
  • уни бошлашда дуч келадиган қонун-қоидалар:
  • ишнинг пул билан таъминланиши;
  • ишнинг ҳажми ва миқдори;
  • тўланадиган солиқлар ставкалари.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари орасида юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бунинг асосий сабаби шуки, юридик шахслар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни молия-хўжалик фаолиятининг ҳисобот давридаги натижаларига мувофиқ тўлайдиган бўлишса, якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгилаб қўйилган солиқ тўловларини амалга оширадилар. Тадбиркорлик субъекти ой давомида ишлаган кунларидан қатъий назар белгиланган муайян тўловдан четга чиқмайди. Солиқлар тадбиркорнинг фаолият тури ва уни ошириш жойига қараб энг кам иш ҳақига каррали миқдорларда белгиланган ставкалар бўйича тўланади. Бунинг устунлик тарафи шундаки, тўлов тушум суммасига боғлиқ бўлмайди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги Қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати»даги фаолият турларини амалга оширишлари лозим. Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорга қатор имкониятлар яратилган, хусусан, у ўзини ижтимоий суғурта қилдириш, иш даврларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат стажига ҳисоблатиш ҳуқуқига эга. Банк муассасасида ҳисоб рақамига эга бўлиш ҳуқуқи, муҳр ва штампнинг борлиги хусусий тадбиркорга хўжалик фаолиятининг тўлақонли субъекти бўлиш, юридик шахслар билан шартнома асосидаги муносабатларга киришиш имкониятини беради. Шунингдек, у ҳисобот топширишда интерактив хизматлардан фойдаланиши, шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркор ўз ишини мустақил тарзда, ходимларни ишга ёлламаган ҳолда мулкчилик ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда ўзига тегишли бўлган мулклар асосида юритади. Қонундаги ходимларни ишга ёллашни тақиқлаш тўғрисидаги талаб ҳунуармандчилик фаолиятини амалга оширишда истисно қилинади.Улар кўпи билан беш нафар шогирдни уларга тегишли ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга ҳақли. Жисмоний шахс сифатида фаолият кўрсатаётган тадбиркор ўз мажбуриятлари бўйича жавобгарликни ундириш қаратилиши мумкин бўлган ўзига қарашли барча мулклар ва никоҳ шартномаси тузилмаган ҳолларда турмуш қурган вақтдан бери биргаликда ишлаб топган мулкларнинг ярми билан ўз зиммасига олади. Бунда кўчмас мулк, автомобил, заргарлик буюмлари ва бошқа оилавий мулкларнинг кимга – хотин ёки эр номига расмийлаштирилганлиги аҳамиятга эга эмас, яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу мол-мулкларнинг ярми оила аъзолари бошлиқларидан бирига тегишли бўлади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловлари тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ойдан эмас, кейинги ойдан ҳисобланиши туфайли вужудга келган имтиёз улар сонининг янада ошишига сабаб бўлмоқда. Мазкур тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш таомили содда бўлиб, аризага 2 дона фотосурат, паспорт нусхаси, устав ҳамда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўшиб тақдим қилганда рўйхатдан ўтказувчи орган 1 иш кунида уни рўйхатдан ўтказади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларни масофадан туриб интернет орқали рўйхатдан ўтказиш имкони мавжуд эканлиги уларни рўйхатдан ўтказиш таомилида янги имтиёзга сабаб бўлди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти бўйича устав тақдим этилмаслиги тадбиркорни унинг тайёрлаб берилиши учун консалтинг хизматини ёллаш ва унга ҳақ тўлашдан озод этади. Эслатиб ўтамиз, интернет орқали рўйхатдан ўтказиш my.gov.uz портали орқали амалга оширилмоқда.

Юридик шахс мақомига эга тадбиркорлик субъектлари орасида аксариятини масъулияти чекланган жамият (МЧЖ)лар ташкил этади.

Масъулияти чекланган жамият  – аъзолари жамият мажбуриятлари бўйича фақат ўзлари қўшган улуш доирасида жавобгар бўладиган жамият. Иккитадан кам бўлмаган жисмоний ёки юридик шахсларнинг келишувига кўра, умумий хўжалик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида уларнинг улушларини қўшиш йўли билан ташкил этилиши мумкин. Жамият таркибида юридик шахс бўлган иштирокчилар ўз мустақиллигини ва ҳуқуқий шахслигини сақлаб қоладилар. Жамият маблағлари қатнашувчиларнинг улуши ҳисобидан шакллантирилади. Муомалага акциялар чиқармайди. Жамият аъзоларига пай гувоҳномалари берилади. Жамият аъзоси ўз улушини бошқа шахсга фақат жамият розилиги билан ўтказиши, сотиши мумкин. Бундай жамиятлар турли мамлакатларда турлича номланади. Масалан, АҚШ ва Англияда — Ltd. ва LLC, Германияда — A.G ва Gmbh, Франсияда — SA va SARL ва бошқа ҳ.к.

Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий корхона тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра, мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижоратчи ташкилот хусусий корхона деб эътироф этилади. Хусусий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидир.

Хусусий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда уларни амалга ошириши, мажбуриятларни бажариши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Хусусий корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради.

Хусусий корхона мулкдори корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.

Моҳиятан, масъулияти чекланган жамият ва хусусий корхона ўртасида нисбий ўхшашлик мавжудлиги боис, баъзан уларни бир нарса деб тушуниш ҳолатлари ҳам учрайди. Аслида уларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари кўп. Жумладан:

  1. “Хусусий корхона тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, хусусий корхона (ХК) бир мулкдор томонидан тузилади, мулкдор унга тегишли мол-мулк беради ва унинг уставини тасдиқлайди. Хусусий корхона, агар унинг уставида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, номуайян муддатга тузилади.

Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ)нинг таъсисчилари эса, ФКнинг 62-моддаси ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, бир ёки бир неча шахс бўлиши мумкин.

  1. ХК таъсисчиси фақат жисмоний шахс бўлади. МЧЖнинг таъсисчилари жисмоний ва юридик шахслар бўлади.
  2. Хусусий корхона номланишида «xususiy korxona» ёки «ХК» аббревиатураси бўлади. МЧЖнинг номланишида «mas’uliyati cheklangan jamiyat» ёки “MChJ” аббревиатураси бўлади.
  3. ХК устав фонди бўлинмасдир, МЧЖнинг устав фонди таъсисчилари ўртасида бўлинади.
  4. ХК мулкдори корхонани раҳбар сифатида якка бошқаради (вақтинчага бошқа жисмоний шахс зиммасига бошқариш вазифаси юкланиши мумкин). МЧЖда эса, битта таъсисчи бўлса – шу таъсисчи, бир неча таъсисчилар бўлса – улардан бири ёки таъсисчи бўлмаган бошқа (жисмоний) шахс томонидан бошқарилиши мумкин.
  5. МЧЖда устав фонди қийматига мутаносиб равишда “йирик битим”ларни тузишда таъсисчилар розилигини олиш керак. ХКда фаолиятида “йирик битим” тушунчаси йўқ ва раҳбар мустақил ҳал қилади.
  6. Солиқ кодекси 179-моддасига кўра, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаганидан кейин хусусий корхона мулкдори ихтиёрида қоладиган фойда суммасига солиқ солинмайди. МЧЖ мулкдорларида (иштирокчиларида) эса, бундай имтиёз мавжуд эмас.

Юридик шахс мақомига эга бўлган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган тадбиркорлик субъектларининг фарқи:

Юридик шахс мақомига эга Юридик шахс мақомига эга эмас
Одам ёллаш ҳуқуқига эга

Асосий воситалар ҳисоботи мажбурий

Йўналиши турлича

Таъсисчилари бир ёки бир нечта

Солиқ тушумдан тўланади

Устав фонди бўлиши мумкин

Муҳр, штамп, ҳисоб рақам мажбурий

 

Одам ёллаш ҳуқуқига эга эмас

Асосий воситалар ҳисоботи ихтиёрий

Йўналиши битта

Битта таъсисчи

Қатьий белгиланган солиқ

Устав фонди йўқ

Муҳр, штамп, ҳисоб рақам ихтиёрий

 

grant-bildirgi

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>