• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Таассуф ёхуд ҳокимнинг ўғли ҳаммадан устунми?

Ишдан қайтиб келсам, мактабнинг биринчи синфига борадиган неварам мени хушламайгина кутиб олди.

— Нима бўлди сенга, — дея сўрадим.

— Қорним… оғрияпти, — деди маъюсланиб.

— Нима егандинг мактабда?

— Мана бу нарсани, — дея у ўқувчилар сумкасидан чиройли қадоқланган пакетни олиб кўрсатди.

Диққат билан разм солдим. Унда “Новинка!” деган ёзув кўзга ташланиб турарди. Номи “Три корочек” экан. “Со вкусом грибов” деган жумлани ҳам ўқидим пакетда.

— Укамнинг ҳам ичи оғриди, — деди неварам синглисини кўрсатиб. — У ҳам шундан еган эди.

Бу пакетда қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотини обдон кўздан кечирдим. У қуритилган нонга ҳам, майда печеньега ҳам ўхшаб кетар экан. Ундаги ёзувларга қараганда бу маҳсулот қўшни Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва унинг истеъмол қилиш муддати аллақачон ўтиб кетган экан.  6 ой бўлибди муддати ўтиб кетганига. Бу ҳол мени ўйлантириб қўйди. “Буни текшириб кўриш керак” деган фикрга бордим.

Эртасига эрталаб Урганч шаҳар давлат санитария-эпидемология назорати марказига йўл олдим. Бош врач ўринбосари Бахтиёр Зарипов билан учрашиб воқеани унга баён қилдим. У дарҳол бир врачни менга ҳамроҳ қилиб юборди. Неварам ўқийдиган 3-ихтисослашган мактаб буфетига етиб келганимизда савдо авжига чиққан экан.

Бу жойни буфет деб ҳам бўлмайди, аслида. Мактаб таъмирланаётганлиги туфайли торгина даҳлиз мослаштирилиб, буфетга айлантирилган экан. Қўшни 8-мактаб ошхонасида тайёрланган турли озиқ-овқат маҳсулотлари бу ерга келтирилиб болаларга сотилаётган экан.

Шуниси ажабланарлики, бу ерда ўқувчиларга юқорида номи тилга олинган “Три корочки” каби қаерда ишлаб чиқарилганлиги, сифатининг тайини йўқ маҳсулотлар ҳам сотувга қўйилган экан. Масалан, “Чупа-чупс конфетлари”, “Қанд” шоколади, котлетли хот-дог каби маҳсулотлар сотилаётган экан.

Хот-дог учун сабзи чимчи тайёрланиб хона ҳароратида сақланган. Маҳсулотларни сақлаш учун шароит йўқ. Улар тўғридан-тўғри ерда сақланган. Стаканлар ва бошқа идишларни ювиш учун водопровод суви йўқ. Юзлаб ўқувчилар овқатланиб, ичимлик ичадиган жойда бор-йўғи тўртта стакан бор экан, холос.

Бу ерда тиббий кўрикдан ўтмаган М.Ўразметов исмли йигит савдо қилаётганлиги аниқланди. Маҳсулотларни сақлаш учун совутгич ўрнатилмаган.

— Нега муддати ўтган, сертификати бўлмаган маҳсулотлар сотилаяпти, уларни истеъмол қилишга умуман рухсат қилинмайди-ку, — сўради врач Г.Демесова йигитдан.

У сукут сақлади.

Ана шу маҳсулотларни сотишга рухсат берган 8-мактаб ошхонаси бош ошпази Д.Қобулова айбига иқрор бўлди. Шаҳар давлат санитария-эпидемология назорати бош врачининг қарорига асосан у Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида”ги кодекси тегишли моддасига биноан 18800 сўм жарима билан “сийланди”.

Эҳтимол, шу билан ҳуқуқбузарлик бартараф этилиб, айбдор тегишли жазога тортилганлиги боис бу масалага нуқта қўйса ҳам бўларди. Аммо бундай кўримсиз ҳоллар шаҳардаги бошқа мактаблар ошхоналарида ҳам содир бўлаётганлиги, ана шу иш устидан назорат ўрнатишга масъул бўлган раҳбарнинг нуқсонлардан кўз юмганлиги, болалар соғлиғи билан ўйнашаётганлиги бу мавзуни ёритишга ундади.

Урганч шаҳар давлат санитария-эпидемология назорати маркази бош врачи Б.Норматовнинг бизга берган маълумотига кўра, 2005 йилда шаҳардаги 22-мактаб, 13-мактаб, 10-мактаб ошпазлари Б. Рўзметов, Б. Матёқубов, М. Каримовалар санитария-гигиена талабларини бузганлиги учун жаримага тортилганлар. 10-22-мактаб ошхоналари эса талабга жавоб бермаганлиги учун вақтинча уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилган. 26-мактаб буфетчиси Қ. Қодиров санитария қоидаларини бузганлиги учун иш фаолияти вақтинчалик тўхтатиб қўйилган. Бундай мисоллар талайгина.

— Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотга қарашли мактаб ошхоналарида истеъмолга яроқсиз, сертификатсиз, сотилиши ман қилинган маҳсулотлар сотувга қўйилган экан, наҳотки бехабар бўлсангиз, — деган саволимизга Урганч шаҳар умумий овқатланиш ва мева-сабзавот тайёрлов харид савдо масъулияти чекланган жамият раиси Ҳамро Ўтамов осмондан келиб жавоб берди:

— Сизнинг нима ишингиз бор бу билан, сизга ким ҳуқуқ берди текширишга, қани қўлингиздаги буйруқ? — деди у ўдағайлаб.

Журналист текширувчи ташкилот ходими эмас, балки оммавий ахборот воситаси вакилидир, у мамлакатимизнинг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни асосида ахборот олишга ҳақли, дея раисга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Аммо у ахборот бериш у ёқда турсин, ҳозир буйруқни кўрсатасиз ёки маълумот олиш учун хат келтирасиз, дея оёғини тираб туриб олди.

Таажжуб. Ҳар куни юзлаб норасидаларга сифатсиз, тайини йўқ, истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бўлса, унинг устига бу иш билан тиббий кўрикдан ўтмаган, дуч келган шахслар шуғуллансалар, МЧЖ раиси қайта-қайта содир бўлаётган ачинарли ҳолга бармоқ орасидан қараса, фақат келиб тушаётган пулга маҳлиё бўлиб ўтираверса, унинг мушугини ҳеч ким “пишт” демаса!? Бунинг сири нимада экан? Сир тезда очилди. Урганч шаҳар давлат солиқ инспекциясидан Урганч шаҳар умумий овқатланиш ва мева-сабзавот тайёрлов харид савдо МЧЖ тўғрисида маълумот олаётган пайтимда масъул ходим менга писанда қилди.

— Нима қиласиз бойвачча билан ади-бади айтишиб. МЧЖ раиси ҳоким Жума…… Ўтамовнинг ўғли-ку. Қозо….. ҳақидаги нақлни эшитганмисиз?

Раиснинг баланддан келаётганлиги боиси аён бўлди. Масала мана қаёқда экан. Унинг отаси Ж.Ўтамов анча вақт вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлади, кейинчалик Урганч шаҳар ҳокими бўлди. Ана шу даврда Ҳамро Ўтамов гарчи ёш бўлса-да, нуфузли ташкилот жиловини қўлга олган экан. Ҳозирда унинг отаси Ж.Ўтамов Ҳазорасп тумани ҳокими вазифасида ишлаяпти.

“2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили” юзасидан ҳукуматнинг қабул қилинган қарорини ҳам, белгиланган дастурини ҳам назар-писанд қилмай, алдагани бола яхши қабилида иш тутиб ўқувчиларга истеъмолга яроқсиз маҳсулотларнинг сотилишига очиқдан-очиқ йўл қўйган Ҳ.Ўтамов “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”да ҳам бундай нохуш ҳоллардан кўз юммоқда.

Таассуф!

Тузалбой Раҳимбоев,

журналист

____________________________________

Ҳуррият” газетаси, 

2006 йил


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>