• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Сурия урушининг айбдорлари. 1-қисм

Эсингизда бўлса, 2011 йилнинг мартида Суриянинг Дераа шаҳрида уйларнинг деворларига сиёсий мазмунга эга суратлар чизган ўспиринларнинг ҳибсга олиниб, ваҳшиёна калтакланиши сурияликларнинг норозилик намойишларига сабаб бўлган эди. Намойишларнинг шафқатсизлик билан бостирилиши Сурияда биродаркушлик урушини бошлаб берди. Бугунги кунга келиб ҳаммаси чалкашиб кетди. Энди дунё ҳамжамиятини “Сурия уруши тугайдими?” деган биргина савол ўйлантирмоқда.

Яқиндагина майдони 185,2 минг км²га тенг бўлган бу давлат харитада сақланиб қолармикан?
Яқиндагина майдони 185,2 минг км²га тенг бўлган бу давлат харитада сақланиб қолармикан?

Ўрта денгиз бўйида жойлашган Сурия ёки Сурия Араб Республикаси жануби-ғарб томондан Ливан, Исроил билан, жанубдан Иордания, шарқдан Ироқ ва Туркия билан чегарадош мамлакат.

Сурия тарихига назар ташласак, у бугун унинг тақдирини ҳал қилишга бел боғлаган буюк давлатлардан анча қадимийроқ эканини ва бу замин азалдан ташқи кучлар босимига дучор бўлиб келганини кўрамиз. Мамлакат пойтахти Дамашқ дунё тамаддунининг бешиги саналади.

Эрон шоҳи Дорони таъқиб қилаётган Искандар Мақдуний Сурияни ҳам забт этади ва эрамиздан олдинги 332 йилда уни ўз салтанатига қўшиб олади. Искандар вафотидан сўнг Сурия ҳудуди Амударё қирғоқларигача етиб келган Салавкийлар давлатининг марказига айланади. Салавкийлар давлати таназзулга юз тутаётган бир пайтда, эрамиздан аввалги 83 йилда арман шоҳи Тигран II Сурия ерларини босиб олади. Орадан кўп ўтмай бу заминга римликлар қўшини кириб келади ва у кўп асрлар Римнинг бой провинцияларидан бири бўлиб қолади. Рим империяси кучдан қолган даврда ҳозирги Сурия ҳудудида Палмира шоҳлиги ташкил топади. Доимий равишда ўзимизнинг парфияликлар тазйиқи остида қолган бу давлат ҳам кўп яшамайди.

Доимий истилочилик юришлари оқибатида Сурия шаҳарлари бир муддат тараққиётдан орқада қолиб кетади. Аммо араблар фатҳидан кейин, айниқса 660—750-йилларда Дамашқ шаҳри халифалик марказига айланиши билан мамлакат яна равнақ топади. Халифалик пойтахтининг Бағдодга кўчиши, европаликларнинг икки аср давом этган салиб юришлари оқибатида мамлакат яна инқирозга юз тутади. Сурия ғарбида насронийлар Антиохия князлигини ташкил этишади. 1187 йилда Миср султони, машҳур Салоҳиддин Айюбий Яқин Шарқнинг бошқа ўлкалари қаторида Суриядан ҳам салибчиларни (баъзи манбаларда мамлуклар султони Бейбарс) ҳайдаб чиқаради.

1260 йилда Хулагухон бошлиқ мўғул қўшини Дамашқ ва Ҳалаб шаҳарларини босиб олади. Аммо уларни Фаластин шимолида Миср мамлуклари султони Кутуз тўхтатиб қолади.

14-аср бошларига келиб соҳибқирон Амир Темур Сурия ва Ироқ ерларини жоҳил ҳукмдорлардан озод қилиб, ўз салтанатига қўшиб олади. Унинг 1399—1404-йиллардаги юришлари давомида Суриянинг Ҳалаб, Кумис, Баалбек, Дамашқ каби йирик шаҳарлари ва Ироқнинг Убулистон ўлкаси ва Бағдод шаҳри фатҳ этилади. Соҳибқирон Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ (Сурия) ва Арманистон (маркази Табриз)ни Мироншоҳга суюрғол қилиб берганини яхши биламиз.

1517 йилда Усмонлилар султони Салим I Сурияни ўз давлати таркибига қўшиб олади. Султон Салим бу билан чекланиб қолмай, Миср, унга қўшиб бутун ааб дунёсини забт этади. Миср Аббосийларининг сўнгги ўн еттинчи халифаси Учинчи Мутаваккил Алаллоҳни Истамбулга олиб келади. Аё София жомеъ масжидида мажлис ўтказади. Бу йиғилишга турк уламоси ва араб уламоси иштирок этади. Мутаваккил йиғилганларга Султон Салимнинг салоҳиятини тушунтиради ва фақат у халифаликка лойиқ эканини айтади. Устидаги кийимини Султон Салимга кийдириб, халифаликни ўз хоҳиши билан унга топширганини маълум қилди. Шу тариқа халифалик араблар қўлидан Усмонли турклар қўлига ўтади.

Усмонлилар даврида Сурия барқарор ривожланиб, иқтисодий, маданий мавқеи янада ортади.

Кучайиб бораётган Европа давлатлари, биринчи галда Франция Сурия ва унга қўшни ҳудудларга даъво қила бошлайди. Наполеон Бонапарт даврида Сурия қирғоқларида француз аскарлари пайдо бўлади. Бу орада Миср подшоси Муҳаммад Али Сурияни босиб олади. Бироқ Усмонлилар тезда уни қайтариб олишга муваффақ бўлади.

Европанинг йирик давлатларида мустамлакачилик сиёсати авжига чиққан XIX-XX асрларда ҳам худди бугунги кундаги каби Сурияга даъвогарлар кўп бўлган.

Минтақада французлар таъсири ортиб боришидан хавотирга тушган Англия фаоллашади. Биринчи жаҳон уруши арафасида инглизлар араблар ва турклар орасига қутқу солиб, араб миллатчилигини ёя бошлайди. (“Парчалаб ташла ва ҳукмронлик қил” ғояси эҳтимол ўша даврда амалга киргандир.) Бу билан инглизлар Усмонлилар империясига зарба бериш баробарида, бутун араб шарқининг гегемонига айланаётган эди.

Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонлилар ҳукмронлигидан норози араблар инглизлар билан бир сафда туриб Сурияни турклардан озод қилишда иштирок этишади. 1916—1918 йиллардаги араблар исёнида инглиз жосуси Томас Эдвард Лоуренс асосий ўрин тутади.

1918 йилда Дамашқ халифалигини тиклаш шиорини ниқоб қилиб олган Ҳошимийлар сулоласи вакили Файсал ибн Ҳусайн қўшини Дамашққа кириб келади. У 1919 йилда икки марта Париж конференциясига бориб арабларнинг ягона ҳукмдори деган мақомни олишга ҳаракат қилиб кўради. Ўзини Сурия қироли деб эълон қилган Файсал Англия унга қандай совға тайёрлаб қўйганидан бехабар эди. Унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган инглизлар Мосул нефти эвазига Сурияни Сан-Ремода французларга “хатлаб берган” эди.

1920 йилда французларнинг 60 минглик қўшини Файсални 8 минг қўшини билан бирга Дамашқдан қувиб солади. (Кейинги мақолаларимизда инглиз жосуси Томас Эдвард Лоуренс ёки Лоуренс Арабий ва Файсал ибн Ҳусайн ҳақида батафсил тўхталамиз.)

Шу тариқа Сурия Франция назоратига ўтади. Бу даврда Сурия тўртга бўлиб ташланган эди. Булар: Дамашқ давлати, Ҳалаб давлати, Алавийлар давлати ва Друзлар давлати. Кейинчалик, 1926—1927-йиллардаги қўзғолонлар сабаб, 1932 йилда Сурия республика деб эълон қилинади. Шунга қарамай француз ҳукмронлиги сақланиб қолади. 1939 йилда Сурия суверенитет эълон қилади, бироқ француз парламенти буни тан олишни истамайди. Ордан кўп ўтмай Франция Германия томонидан капитуляция қилинади ва Сурия устидан назорат немис-италян келишув комиссияси қўлига ўтади. Қизиғи шундаки, Иккинчи жаҳон уруши Германиянинг мағлубияти билан якун топгач, Франция Сурияга яна эга чиқади.

Фақатгина 1946 йилнинг 17 апрелига келиб Сурия мустақилликка эришади. Айтиш мумкинки, бу мустақиллик Сурия халқи олдига жуда мураккаб синовларни қўйди. Биргина 1949 йилнинг ўзида мамлакатда уч марта ҳарбий давлат тўнтариши юз беради. Диктатор раҳбарларнинг тез-тез алмашиши одатий ҳолга айланади. 1958 йилда Сурия Миср билан қўшилади, аммо кутилган натижага эришилмайди. Бу пайтда қизил империя — СССР кучайиб, социализмни экспорт қилишга зўр бера бошлаган эди.

Айнан СССРнинг саъй-ҳаракатлари билан 1963 йилда яна ҳарбий давлат тўнтариши содир этилади ва ҳукумат БААС (Араб социалистлари) партияси қўлига ўтади. Мамлакат социалистик тараққиёт йўлини танлайди, бироқ бу кутилган натижа беравермагач, ислоҳотлар бошланади. Мана шу даврдаёқ БААС партиясига мухолиф бўлган диний экстремистик гуруҳлар шаклланади.

Мамлакатнинг 1969 йилда қабул қилинган конституциясига кўра, Сурия халқ демократик(!), социалистик республикаси деб эълон қилинади. Иқтисодиётда давлат сектори асосий ўрин тутгани ҳолда, чекланган тарзда хусусий мулкчиликка ҳам рухсат берилади. 1970 йилда 16 ёшидан буён БААС аъзоси, мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаб турган Ҳафиз Асад ҳарбий давлат тўнтариши содир этиб, мамлакат президенти курсисини эгаллайди. Диктатор Ҳафиз Асад замони ҳақида гапиришдан олдин, унинг шахсига доир айрим маълумотларга тўхталиб ўтиш керак бўлади.

Суриядаги алавийлар қавмига мансуб Ҳафиз Ассад 1930 йилда Латакия шаҳри яқинида туғилган. Ҳалабдаги ҳарбий ўқув юртини тамомлагач, собиқ СССР (Қирғизистоннинг Қанд шаҳри)да амалиёт ўтайди. Юртига қайтганида Сурия Мисрга қўшилган эди. У Суриянинг Мисрга қўшилишига қарши бўлгани учун ҳарбий хизматдан четлатилади. 1963 йилдаги ҳарбий давлат тўнтаришида фаол иштирок этиб, БААС партиясида нуфузга эришади.

Ҳафиз Асад режимини Чаушеску диктатураси давридаги Руминияга таққослашади. Аммо айнан унинг даврида Сурия тўлиқ давлат сифатида шаклланганини эътироф этмаслик ҳам нохолислик бўлади. “Барқарорлик ва фақат барқарорлик”ни ўзининг ўттиз йиллик ҳукмронлиги даврида асосий шиор қилиб олган Ҳафиз Асад ўта қаттиққўллик билан бўлса-да мамлакат бир бутунлигини таъминлай олди. У мамлакатнинг якка ҳукмдори эди: ҳукуматнинг барча тармоқлари, парламент, армия ва сон-саноқсиз махфий хизматлар фақат унинг измига бўйсинган.

Шахсга сиғиниш, якка партия ҳукмронлиги, Ассадлар оиласигагина тегишли чекланмаган ҳуқуқлар — Ҳафиз Асад ўғли Башар Асадга мерос қолдирган салтанатнинг бир қисми, холос. Дарвоқе, бугун Сурия қонга ботирилишининг асосий айбдорларидан бири Башар Асад аслида “валиаҳд” эмас эди. Отаси Ҳафиз Асад “тахт”ни тўнғич ўғли Басилга қолдирмоқчи бўлган. Бироқ у автофалокат оқибатида оламдан кўз юмади. Бу воқеа тиббиёт бўйича таҳсил олаётган Башар Асаднинг ҳарбий соҳага ўзини бағишлашига сабаб бўлади. Басил ҳаёт бўлганида ва Башар Сурия президентлигига келмаганида, эҳтимол, ҳаммаси бошқача бўлармиди…

Ҳафиз Асад 2000 йилнинг 10 июнида юрак хуружидан вафот этади. Отаси ўлимининг эртасигаёқ генерал-лейтенант унвонини олган Башар Асад Сурия қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинланади.

Шай турган Сурия парламенти конституцияга тузатиш киритиб, президентликка номзодлар илгаригидек 40 ёшда эмас 34 ёшдан кўрсатиладиган бўлади. 20 июнь куни ҳукмрон БААС партиясининг қурултойида Башар Асад бош котиб этиб сайланади ва президентликка ягона номзод қилиб кўрсатилади.

“Сурияни Асад барпо қилди ва уни Асад пароканда қилди” дейилмоқда Ҳафиз ва Башар Асадлар ҳақида гапирилганда. Бугун Башар Асаднинг мухолифлари уни тирик ҳолда ёки жасадини олиб келганга 25 миллион доллар миқдорида мукофот пули тайин қилган.

Башар Асад 2013 йилнинг 6 январида мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга доир режасини эълон қилди. Унингча, бу инқироздан чиқишнинг ягона йўли чет давлатлар томонидан террорчиларни моддий қўллаб-қувватлашга чек қўйиш, миллий мулоқот бўйича ҳукумат анжуманини ўтказиш, умумий авф эълон қилиш ва янги ҳукуматни ташкил этишдан иборат эди. Лекин унинг бу режасини БМТ бош котиби, Ғарб мамлакатлари ва мухолифат қўллаб-қувватламади.

Мамлакатда сиёсий инқироз чуқурлашиб, мухолифат ва ИШИД томонидан бурчакка сиқиб қўйилган Башар Асад бир пайтлар отасига мададкор бўлган собиқ СССРнинг вориси — Россиядан ҳарбий мадад сўрашга мажбур бўлди. Оқибатда…

(Давоми бор)

Шавкат Ёдгоров

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Жамшид Ниёзов Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Мақола ҳақидаги фикрларингизни шу ерда ёзиб қолдиришингиз мумкин.

    • Азиз Жавоб бериш
      2 yil олдин

      Мақолага гап йўқ, ҳақиқатда ажойиб мақола бўлибди. Давомини ҳам кутиб қоламиз. Олдиндан ташаккур.
      Шу ўринда, бу маълумотларни қаердан олинганлигини шунинг билан бирга иложи борича ишончли манбааларга асослантиришингизни сўраб қоламан.

      Ҳурмат билан.

  • Botirjon Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Davomini kutamiz.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>