• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Сурия урушининг айбдорлари. 3-қисм

(Давоми. Боши мана бу ерда: 1-қисм, 2-қисм)

Икки арслон олишса, қумурсқанинг уйи бузилар экан. Не ҳолки, бу сафар «арслонлар» бир гала ва улар ўзаро муносабатларига ойдинлик киритиш билан овора. Оқибатда чорак миллион сурияликнинг ёстиғи қуриди, миллионлаб одам сарсон-саргардон. Мамлакат иқтисоди ва ижтимоий тизим буткул издан чиқди. Қисмат қучоғига ташлаб қўйилган баъзи ҳудудлар аҳолиси очликдан нобуд бўлмоқда.

Мулоҳазаларимизнинг аввалги қисмини Сурияни, аниқроғи Башар Асад ҳукуматини Пентагоннинг муқаррар хуружидан сақлаб қолган сабаблардан бирида якунлаган эдик. Умуман олганда, АҚШ ҳукуматини Сурияга нисбатан бевосита куч ишлатишдан тийиб турган жиҳатлар бир қанча. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз. Хуллас, халқаро ҳамжамият ҳали олдинда нималар кутиб турганидан бехабар эди.

2013 йилнинг ёзига келиб, Сурия заминида мақсад-муддаоси ва танлаган йўлига кўра Афғонистондаги «Толибон» ҳаракатини эслатувчи  кучли ҳарбий гуруҳ — «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)нинг пайдо бўлиши вазиятни янаям мураккаблаштириб юборди. Энди Асад тарафдорлари ва унинг мухолифлари ўзаро кураш асносида ИШИДга ҳам қарши туришга мажбур. Турган гапки, узоқ вақт дунёвий давлат тамойиллари асосида яшаб келган Сурия жамияти, Асад диктатурасига барҳам берган тақдирда ҳам ИШИДнинг «соф исломий» ғояларни ҳазм қилиши қийин.

Маълумотларда асосан ироқлик жангарилардан ташкил топган ИШИД дастлаб Ироқнинг Сурияга чегарадош Анбар вилоятида фаолият бошлагани айтилади. Қисқа муддат ичида унинг таркиби дунёнинг турли нуқталаридан оқиб келаётган жангарилар ҳисобига кенгайиб борди. Улар Сурияда ҳозир бўлишлари билан ҳукуматга мухолиф бўлган барча кучлардан сўзсиз бўйсунишни талаб қилишди. Бўйин товлаганларнинг бўйни узилди. Муроса нималигини билмайдиган бу кучдан ҳатто ашаддий «Ал-Қоида» ҳам юз ўгирди.

ИШИД ва унинг раҳнамоларининг иддаолари шу билангина чеклангани йўқ. Унинг ташкил топиши-ю ҳамон мавжудлиги, уруш саҳнасига қайси кучлар томонидан, қандай вазифани бажариш учун олиб чиқилгани соғлом тафаккур эгаларида шубҳа уйғотиши табиий. Қолаверса, кузатишларимиз шундан далолат берадики, айрим манфаатдор кучлар афкор оммани чалғитиш учунгина бу «давлат»нинг ҳарбий салоҳиятини бўрттириб кўрсатишмоқда. Бу узоқ муддатга мўлжалланган кампаниянинг мавсумий бир кўриниши экани эҳтимолга яқин. Умуман, бугун ИШИД фитнасидан кўпчилик бохабар ва унга батафсил тўхталишга зарурат ҳам йўқ.

Таҳлил учун айрим жиҳатларга тўхталиб ўтамиз. Аввал айтганимиздай, Суриядаги яна бир этник гуруҳ — друзлар Асад армияси сафларини анча эрта тарк этишган эди. Асад эса кекчи ва доғули шахс. Ҳеч нарсани шунчаки унутмайди. Друзларга қарши ИШИДни йўллади. Яъни, атайин друзлар яшайдиган ҳудудни уларга очиб берди. Мақсад душманининг қўли билан душманидан ўч олиш эди. Лекин ниятига ета олмади: тоғли ҳудудда жанг олиб боришнинг ҳадисини олган друзлар ИШИД жангариларига имконият қолдирмади.

Суриядаги вазиятни кўриб чиқар эканмиз, яна бир этник гуруҳ — курдлар мавзусини четлаб ўтолмаймиз.

Курдлар масаласи Ўрта шарқнинг асрий муаммоларидан бири. Баъзан курдлар алавийлар билан бир қавм сифатида талқин қилинадики, бу ниҳоятда янглиш фикр.  Курдлар асосан сунний мазҳабидаги мусулмонлар бўлиб, муаммонинг моҳияти — этник мансубликнинг эътиқодий мансубликдан олдинга чиқиб кетганида.

Курдлар Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади ва асосан мамлакатнинг шимолий вилоятларида, Туркияга чегарадош ҳудудларда яшайди. Шунингдек, мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида ҳам курд жамоалари бор.

Башар Асад режими даврида доимий тазйиқлар остида яшаган курдлар мамлакатдаги беқарорликдан унумли фойдана олишди: улар расмий Дамашққа, Асад ҳукуматига ортиқ бўйсунмай қўйди. 2013 йилнинг охирларига  келиб эса Курдистон ишчилар партияси (2002 йилда Европа суди томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. 2008 йилга келиб рўйхатдан чиқарилган)нинг Суриядаги тармоғи раҳнамолигида қарийб мустақил бўлиб олишди. Улар қисқа муддат ичида «Халқ ҳимояси қўшинлари» (ўтган асрнинг 80-йилларида Туркияда Курдистон ишчилар партияси ҳукуматга қарши қўпорувчилик ҳаракатлари олиб бориш мақсадида шундай номдаги қуролли гуруҳлар ташкил этган) деб ном берилган мунтазам армияни шакллантиришди. Дарвоқе, ҳозир мазкур армия Ғарбнинг ёрдамида ИШИДга муносиб қаршилик кўрсатиб келмоқда. Шу ўринда курд халқи тарихига доир мухтасар маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Айни пайтда курд миллатининг нуфуси 30 миллион атрофида бўлиб, улар ҳинд-европа тиллари оиласининг форс тармоғига кирувчи алоҳида курд тилида сўзлашадилар. Асосан Туркия, Ироқ, Сурия ва Арманистон, Эрон давлатларида яшайди. Туркия аҳолисининг 18, Ироқ аҳолисининг салкам 20 фоизини ташкил қилиб, Ўрта шарқ минтақасида араблар ва форслардан кейинги учинчи катта этник гуруҳ ҳисобланади. Қадимда ҳозирги курдлар яшайдиган Туркия, Арманистон, Эрон, Ироқ ва Суриядаги ҳудуд Курдистон деб атаб келинган.

Курдлар ўз давлатига эга бўлмаган дунёдаги энг катта этник гуруҳлардан бири саналади. Бироқ бу улар тарихда ўз давлатчилигига эга бўлмаган дегани эмас.

Араб халифалиги кучсизлана бошлаган бир даврда курдлар илк бор ўз давлатларини ташкил этишган. Бироқ Эронни истило қилган Салжуқ турклари курд давлатига ҳам барҳам беради. Кейинчалик султон Санжар алоҳида Курдистон вилоятини ташкил этиб, унга волий тайинлайди.

Салжуқийлар салтанати инқирозга юз тутгач, ғозий Салоҳиддин томонидан асос солинган курдлар сулоласи — Айюбийлар (1169-1250) мўғул босқинига қадар мусулмон дунёсида етакчиликни ўз қўлига олади. Салибчиларга қарши зафарли урушлари билан тарихда қолган Салоҳиддин Айюбий империяси бутун Курдистон, Сурия, Миср ва Яманни ўзида бирлаштирилган эди. Бироқ ундан кейинги Аюбий султонлар салтанат шавкатини сақлаб қололмади.

Тарихдан яхши маълумки, мўғул истилосига қарши мусулмон оламини бирлаштиришга бел боғлаган Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди айнан курдлар томонидан уюштирилган суиқасдда шаҳид бўлган.

Кейинчалик бу ҳудудлар ҳам Соҳибқирон Амир Темур салтанати таркибида бўлганини биламиз. Умуман, курд ерлари ҳам Эрон каби Турон жаҳонгирлари томонидан кўп бор забт этилган.

16-асрнинг бошларида Курдистон Усмонийлар ва Эрон ўртасидаги «буфер» ҳудудга айланиб қолади. 1514 йилда Усмоний турклар Эрон устидан зафар қозонади. Бироқ форслар буткул таслим бўлмагани сабаб чегара ҳудудлар турклар учун бошоғриқ бўлиб қолаверади. Шундай бир пайтда курд йўлбошчиларидан Идрис Битлисси турк султонига Усмонийларнинг Эрон билан чегараларини муҳофаза қилиш эвазига курд зодагонларининг барча имтиёзларини қайта тиклаш ва ўз давлатини тузишга изн беришни сўраб мурожаат қилади. Султон Салим таклифни қабул қилади ва мазкур келишув туфайли Курдистонда деярли 3 аср тинчлик ҳукм суради. Курдистон алоҳида ҳудудларга бўлиниб кетганига қарамай, деярли мустақил эди. Бунга қаноат қилган курд зодагонлари Курдистонни ягона, мустақил давлатга бирлаштиришга уринишмаган. 19-асрга келибгина Курдистон озодлиги учун ҳаракатлар кузатилади.

Биринчи жаҳон уруши даврида, аниқроғи 1915 йилдаги француз-инглиз келишувларига кўра Курдистон урушдан кейин бўлиб ташланиши керак эди. Шундай ҳам бўлди. Урушда Германия томонида турган Туркия иттифоқдош кучлар томонидан мағлуб этилгач, мустақиллик тарафдорлари курд давлатини тузиш талаби билан Версал конференциясига делегация юборишади.

1922 йилда турк-грек уруши Туркиянинг ғалабаси билан якунлангач, Камол Отатурк Курдистонга мустақиллик беришга ваъда беради. Бироқ 1923 йилда Туркия ҳукумати ва Антанта иттифоқи (Англия, Франция, Россия) ўртасида имзоланган янги битимга кўра Курдистоннинг катта қисми янги турк давлатига қўшиб юборилади. Бир қисми Франция мандати остидаги Сурия, катта қисми Эрон таркибида қолдирилади. Нефтга бой бўлган курд замини — Мосул, аввал айтиб ўтганимиздай, инглиз-француз келишувига биноан Британия мандати остидаги Ироққа берилади. Шу тариқа Курдистон ерлари Туркия, Эрон, Ироқ ва Сурия ўртасида тўртга бўлиб ташланади.

Ўтган давр ичида курдлар ушбу давлатлар ҳукуматининг тазйиқларига учраган вақтлар ҳам бўлган. Масалан, Саддам Ҳусайн Эрон-Ироқ урушида Эронни қўллаб-қувватлагани учун курдларни қандай жазолаганидан хабарингиз бор.

Сурия воқеаларига қайтамиз. Асад ҳукуматига мухолиф сифатида ташкил этилган «Сурия озодлик армияси» тарқаб кетгач, АҚШ бошчилигида Ғарб давлатлари нисбатан ишончли кураш олиб бораётган курд армиясини қувватлай бошлади. Бу ҳол Туркиянинг ҳам урушга тортилишига олиб келди. Чунки жанубий чегараларида мустақил курд давлатининг пайдо бўлиши Туркия манфаатларига зид. Агар Сурия парчаланиб кетадиган бўлса унинг шимолида Курдистон давлати пайдо бўлиши мумкин. Бу эса Туркия ва Эронга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаслиги аниқ.

Яна бир эътиборга молик маълумот: 2015 йилнинг сентябрида «Ал-Жазира» телеканали Суриядаги урушаётган томонлар назоратидаги ҳудудлар харитасини эълон қилади. Унда Сурия ва Ироқ шимолида курдлар томонидан назорат қилинаётган ҳудудлар бошқа мухолифатчилар назоратидаги ҳудудлар билан тенглашиб қолгани акс этган. Ғарб ОАВларида Суриядаги асосий куч сифатида кўрсатиб келинаётган ИШИД эса мамлакатнинг маркази ва шарқидаги баъзи ҳудудларидагина фаол. Бу ҳам ИШИДнинг «вазифаси» вақтинча эканини кўрсатмайдими?

Талотўпдан фойдаланган курдлар Ғарб ёрдамида шимолдаги ҳудудларни ўз назоратига олиб, мустаҳкам ўрнашиб олишди. ИШИДга қарши курашиш асносида муқаддам ҳеч қандай кучга эга бўлмаган суриялик ва ироқлик курдлар энг замонавий қурол-аслаҳаларга эга бўлишди. Баъзи мутахассислар буни АҚШнинг «Курд лойиҳаси» билан изоҳлашмоқда.

Давом этамиз. Салкам беш йилдан буён давом этаётган ва ниҳояси кўринмаётган Сурия урушини сўнгги чорак аср ичидаги қирғинбаротларнинг энг даҳшатлиси дейиш мумкинми? Нега Сурия инқирози афкор омма эътиборини бу қадар ўзига тортаяпти? Сабаб фақат ахборот маконининг кенгайганидами? Агар буни фақат ИШИД билан боғласак, Афғонистондаги «Толиблар»нинг даъвоси уларникидан каммиди?

Болқон (1991—1995, 1998—1999-йилларда Собиқ Югославиядаги этник гуруҳлар ўртасидаги уруш ва НАТО хуружи), Ироқ (2003 — 2011-йиллардаги АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Саддам Ҳусайн режимини йўқ қилишга қаратилган уруш), Афғонистондаги (ҳамон давом этаётган) ҳарбий ҳаракатлар ҳам бундан кам миқёс касб этмаган эди-ку?

Гап шундаки, Болқон, яъни собиқ Югославияда АҚШ бошлиқ НАТОчилар, Ироқда эса асосан АҚШ ва унинг иттифоқчиси Британия асосий ўйинчилар бўлишган эди. Афғонистон ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аммо орадан ўтган йиллар дунё ҳукмронлигига даъвогар бошқа кучларнинг ҳам нафас ростлашига имкон берди. Қолаверса, энди минтақавий етакчи давлатлар ҳам ўз манфаатларини дадил туриб ҳимоя қилишга бел боғлаган. Кўраяпмизки, бугунги вазият аввалгиларга ўхшамас…

Дунёнинг етук сиёсатдонлари ҳам вақтдан ўзиб бир нарса дейишга иккиланишмоқда. Воқеалар ривожи эртага қандай тус олишини ҳатто тахмин қилиш қийин. Сурия инқирози чуқурлашгани сари унга бош қўшаётган давлатларнинг стратегик мақсадлари ойдинлашиб бораяпти. Ўз навбатида улар вазиятнинг янаям чигаллашувига баҳоли қудрат «ҳисса» қўшишмоқда.

Нима учун, дейлик Миср ёки Яман эмас, айнан Сурия? Негаки, улар Сурия каби муҳим геосиёсий маконда жойлашмаган. Беихтиёр геосиёсатдаги географик детерминизм (халқлар ва жамиятлар тақдирига географик жойлашувнинг ҳал қилувчи таъсири)ни эслаймиз. Бир замонлар европаликлар, хусусан французлар «Левант», араблар, уларга тақлидан ажам халқлари ҳам «Шом» деб атаган ҳозирги Сурия ва унга қўшни ҳудудларда азалдан йирик империялар манфаати тўқнаш келган. Бугун ҳам «буюк» давлатлар манфаати шу ерда тўқнаш келиб турибди.

Сурияни назорат қилган Ўрта шарқни назорат қилади. Шунисиям борки, Осиё, хусусан Форс кўрфазида қазиб олинадиган углеводородни Европа бозорига олиб чиқиш учун энг қисқа ва муҳим транспорт йўлаги айнан Сурия заминидан ўтади. Бу эса энергоресурслар устидан назоратни орзу қилаётган давлатларни ўртаб келаётган масала. Демак, «буюк» давлатларнинг ҳеч бири бу урушни бой беришни истамайди. Бизни эса жавобсиз саволлар қийнайди…

Аксар йирик давлатларнинг эртаси Сурия тақдирига у ёки бу даражада боғлиқ. Масалан, Асад ҳукумати Россиянинг Ўрта шарқдаги ягона иттифоқчиси. Шу боис Россия бир вақтнинг ўзида ҳам Ғарб билан, ҳам мусулмон олами билан муносабатлари кескинлашишини била туриб Асад режимини ҳимоя қилиб келмоқда.

Сурия уруши унинг қўшниси ва ашаддий рақиби Исроил ҳукуматини ҳам аввал-бошида ташвишга солиб қўйган эди. Бунга сабаб, «араб баҳори» содир этилган давлатларнинг айримларида Исроилни давлат сифатида тан олмайдиган кучларнинг ҳукуматга келгани эди. Агар Сурияда ҳам шундай ҳолат кузатилса, Исроил учун бошоғриқ яна биттага кўпайиши аниқ. Аммо бундай бўлмади. Аниқроғи, Исроил стратегияси бунга йўл қўймади.

Бунинг учун ундан АҚШ раҳнамолигидаги Ғарб давлатларининг мухолифат томон, Россиянинг эса Асад томон бўлишига эришиш талаб этилар эди. Суриядаги уруш қанча узоқ давом этса, унга шунча кўп давлат аралашиб қолади. Аралашиб қолган давлатлар орасида эса Исроилнинг ашаддий рақиблари бўлиши аниқ.

Биринчи галда Эрон урушга бош қўшди ва орқага йўл тополмай қолди. Агар Эрон кўмагида Асад ҳукумати сақлаб қолинса, бутун Форс кўрфазида унинг таъсири ортиб кетади. Аммо Асад ҳукуматини ҳимоя қилишга зўр бериши унинг минтақадаги нуфузини йўқотиши, сунний-шиа можароларининг ортиши ва етакчи араб давлатлари билан муносабатларининг янада кескинлашувига олиб келиши ҳам мумкин. БМТ санкцияларидан қутулган Эрон буёғига қандай йўл тутади? Ғарбга юз бурадими? Буни ҳам вақт кўрсатади.

Сурия урушига аралашиб қолган минтақадаги яна бир етакчи давлат — Туркия нимага эришди? Россия билан муносабатлари кескинлашиб кетди. Агар «Курд лойиҳаси» амалга ошса, бу давлатни ҳали жиддий муаммолар кутиб турганга ўхшайди.

Саудлар Арабистони, Қатар, БАА каби араб давлатлари ҳам бу урушдан арзирли натижа билан чиқиши даргумон. Ҳарқалай, воқеалар ривожи шундан далолат бериб турибди.

Юқоридагилардан фарқли равишда, АҚШ Сурия урушидан кўзлаган кенг қамровли мақсадларига эришмоқда. Дейлик, Россия ва Хитойни ушлаб туриш имконияти, араб дунёсининг ўзаро зиддиятлар гирдобига кириб бораётгани…

Россиянинг расман урушга кириши ва мухолифатга бераётган ҳаво-космик зарбаларини ҳам Пентагон учун кутилмаган ҳолат дейиш қийин.  Зеро, Россия бу ҳудуддаги позициясини осонликча бой бермаслиги бошидаёқ аниқ эди. Хўш, шундай ҳолатда АҚШ қандай йўл тутади? Ёки Россиянинг урушга тортилиши ҳам улкан режанинг бир қисми эдими?

Россия  ҳаво-космик зарбалари билан мухолифат манзилларини яксон қилишни бошлаганидан бир ҳафта ўтиб, Брюсселда НАТО вазирлари олдида чиқиш қилар экан, АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер «СССР Афғонистонда муваффақиятсизликка учрагани каби  Россия ҳам Сурияда ҳеч нарсага эриша олмаслиги»ни айтган эди.

Олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Яхшиси, Сурия ва АҚШ муносабатлари тарихини эсга оламиз. 1990-йилларга келиб, яъни СССРнинг инқирози сабаб Сурия АҚШ билан муносабатларини тиклай бошлайди. Бироқ 2003 йилда яна зиддият пайдо бўлади. Бунга АҚШнинг Ироққа уруш очгани сабаб бўлган эди. Адашмасам, ўшанда минтақа давлатларидан фақат Сурия ва Эрон бунга норозилик билдирган. АҚШ Сурияни Ироқ жангарилари учун транзит вазифасини ўтаётганликда айблайди. Шунингдек, Асад АҚШнинг Сурия ҳудудидан паноҳ топган Саддам Ҳусайн тарафдорларини топшириш ҳақидаги талабини рад этади. Шундан сўнг АҚШ Асадга нисбатан инсон ҳуқуқлари, демократия, ядровий қурол режаси каби масалаларни кун тартибига олиб чиқди. Хуллас, ўша йилларда  Пентагон Сурияни Ироқдан кейинги нишонлардан бири сифатида кўра бошлаган эди. Аммо Ироқ урушининг кутилганидан кўра чўзилиб кетиши, Суриянинг Эрон, Россия каби иттифоқчиларининг фаоллашуви сабаб АҚШ иқтисодий санкциялар қўллаш билан кифояланади. 2009 йилда АҚШ — Сурия муносабатлари бироз изга тушди. Бироқ, Сурияда 2011 йилда бошланган намойишлар ва унга қарши ҳукумат қўллаган кескин чоралар сабаб АҚШ ҳукумати Башар Асаддан истеъфо беришни талаб қила бошлайди.

Эсингизда бўлса, 2014 йилнинг охирларидан бошлаб АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ИШИД жангариларига авиазарбалар бера бошлаган эди. Шунга қарамай, Президент Обама  «америкалик аскарларини Сурия ерига жўнатмаслик» ҳақида ваъда берган. Аммо Россиянинг аралашуви билан вазият ўзгарди.

Умуман олганда, Россия ва АҚШ Сурияни ўз таъсир доирасида ушлаб туриш учун узоқ йиллардан буён курашиб келади. 1967 йилда араб-исроил уруши сабаб Сурия АҚШ билан дипломатик алоқани узган ва собиқ СССРнинг минтақадаги асосий иттифоқчиларидан бирига айланган эди.

СССРнинг инқирозга юз тутиши ва жаҳонда АҚШ таъсирининг кескин ортиши, Ғарб билан зиддиятдан чекиниш, иқтисодий таназзул каби омиллар Россиянинг минтақадаги иштирокига таъсир кўрсатмай қолмади. Агар Суриянинг собиқ СССРдан қарзи бўлмаганда ва армияси СССРда ишлаб чиқариладиган қурол-аслаҳалар билан таъминланган бўлмаганида (бундай қурол ва ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмларни фақат Россиядан олиши мумкин эди) Россия бу иттифоқчисидан ҳам айрилган бўларди.

Отасининг ўрнини эгаллаган Башар Асад Россия билан муносабатларда масофа сақлаб келди. Агар мамлакатдаги беқарорлик туфайли чорасиз қолмаганида Россияга бош эгиб келмаган бўлар эди.

Ўтган йилнинг 30 сентябрида Россия ҳаво-космик кучлари расман Суриядаги террорчи кучларга — мухолифат ва ИШИДга қарши урушга кирди. Қизиқ ҳолат: бошқа «буюк» давлатлардан фарқли равишда Россия СССР даврида ҳам, ундан илгари ҳам араблар билан урушга кирмаган.

Баъзи таҳлилчилар Россиянинг бу урушдаги бевосита иштирокини Украина инқирози сабабли қўлланаётган санкциялар билан ҳам боғлаётган бўлса, баъзилар буни Россия рақобатчиларига ҳарбий қудратини кўрсатиб қўйиш учун имкониятдан фойдаланмоқда дея баҳолашмоқда.

Нима бўлганда ҳам Россия Сурия можаросини шунчаки кузатиб турмоқчи эмас. Биратўла АҚШ ва унинг иттифоқчилари минтақа давлатларининг ички ишларига аралашишига, тузумларни ўзгартиришга уринишларига барҳам беришга уриниб кўрмоқчига ўхшайди. Қолаверса, минтақада фаол сиёсат юритиш орқали ўзига нисбатан қўлланган санкцияларнинг олиб ташланишига эришиши ҳам мумкин.

Нима учун Россия узоқни кўра билмайдиган, иродасиз Асадни ҳимоя қилишга жиддий киришди? Биринчидан, минтақадаги ҳеч бир «рангли инқилоб» Россия фойдасига ишламади. Иккинчидан, Асад режими қулаб ўрнига ғарбпараст «демократлар» ёки радикал гуруҳлар, ким келишидан қатъий назар, унинг  Тартус ва Латакиядаги каби ҳарбий базаларининг тақдири савол остида қолиши тайин. Учинчидан, Россиянинг минглаб фуқаролари ИШИД таркибида уруш олиб бормоқда ва улар қачондир уйига — Россияга қайтиши мумкин. Уларга қарши Сурияда курашгани маъқул эмасми?

Россия президенти В.Путин БМТ саммитидаги чиқишида Ўрта шарққа нисбатан Ғарбнинг юритаётган сиёсатини «демократия тантанаси ва тараққиёт ўрнига зўравонлик, қашшоқлик ва ижтимоий ҳалокатга олиб келди. Инсон ҳуқуқлари, ҳатто яшаш ҳуқуқи ҳам ҳеч кимни ўйлантирмаяпти», дея кескин танқид қилган эди. Россия президентининг ИШИДга қарши коалиция тузиш ҳақидаги таклифи эса очиқ қолди. НАТО ИШИДга доир маълумотларни баҳам кўришни истамаган кўринади.

Эҳтимол, Сурия инқирозига барҳам беришга Асадни қўллаб келаётган Россиянинг салоҳияти етар. Лекин бунга бошқалар хайрихоҳ бўлармикан?

Сурия инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш учун саъй-ҳаракатлар бошланганига анча бўлган. Афсуски, натижа кўринмаяпти. Сабаби — манфаатлар турлича, ёндашувлар ҳар хил.

Бунга ўтган йилнинг 14 ноябрида Вена шаҳрида АҚШ, Россия, ЕИ ва Ўрта шарқ давлатлари томонидан имзоланган Сурия инқирози ечимига доир келишув ҳам мисол бўлади. Мазкур шартноманинг сайловларга қадар президент Башар Асад Сурия бошқарувини муваққат ҳукуматга топширишига оид моддасини Россия, Эрон ва Ироқ маъқулламади…

2015 йилнинг 18 декабрида БМТ Хавфсизлик кенгаши беш соат давом этган мунозаралардан сўнг Суриядаги сиёсий жараёнларга доир узоқ кутилган резолюцияни қабул қилган эди. Мазкур ҳужжат урушга барҳам бериш учун томонлар консенсусга эришиши мумкинлигини кўрсатди. Бизнингча, тинчликка эришиш фақат ташқи кучларга эмас, мамлакат ичида ўзаро кураш олиб бораётган томонларга ҳам боғлиқ.  Албатта, Сурияни энди илгариги кўринишда сақлаб қолиш мушкул. Инқироздан қандай йўл билан, қайси кучлар томонидан олиб чиқилиши иккинчи даражали масала. Бегуноҳ инсонлар, норасида гўдакларнинг қони тўкилмаса бас.

Шундоқ ҳам муаммо газак олиб кетди: бегуноҳлар қонини тўкиш, инсонни хўрлаш одатий ҳолга айланди. Халқаро террорчилар ин қўриб, заҳарли ўргимчакдай тўр тўқиётган макон пайдо бўлди.

Сурия халқи хунрезликлардан чарчади. Ҳатто алавийлар ҳам «суннийлар билан азалдан бир тупроқда яшаб келганмиз. Асад бизни эмас, фақат ўзини ўйлаяпти. Шунинг учун муроса қилишни истамаяпти» деган фикрда. Уларнинг аксарияти Асадни қўллаб-қувватлашдан бош торта бошлагани ҳам буни тасдиқлайди. Алавий зиёлилари эса озчилик кўпчилик устидан мудом ҳукмронлик қила олмаслигини, бошқалар билан ҳам ҳисоблашиш кераклигини аллақачон англаб етишган. Бироқ Асад буни тушунишни, муроса қилишни истамайди.

Нима бўлганда ҳам Сурия муаммосига яқин орада ечим топиш шарт. Бу соғлом фикрли инсонлар, биринчи галда жафокаш Сурия халқининг истаги.

Сурия инқирози билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилар эканмиз, билдирилган фикрлар ҳақиқий ҳолат ҳақида аниқ маълумот беради дея олмаймиз. Шундай бўлса-да, улар маълум даражада Сурия урушининг ҳақиқий айбдорлари ким деган саволга жавоб топишимизга имкон беради деб ўйлаймиз.

Биз нафақат юртимизда, бутун дунёда фақат тинчлик ҳукмрон бўлишини истаймиз. Бунинг учун эса ҳушёрлик ва бохабарлик талаб этилади. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Тинч-осойишта ҳаёт, барқарорликнинг энг муҳим шарти шуки, беғамлик ва бепарволикка йўл қўймасдан, доимо огоҳ, ҳар томонлама сезгир ва уйғоқ бўлиш, тарихдан, ҳаётдан хулоса чиқариб яшаш керак.

…Огоҳ бўлиб яшайдиган одам четдан келаётган хавф-хатарни олдиндан кўриб, уни бартараф этиши осон кечади. Агарки турли бало-қазолардан ўз вақтида огоҳ бўлмаса, уларга бепарво қараса, кейин уларни йўқ қилиш жуда қийин бўлади».

Шавкат Ёдгоров

Тafsilot.uz изоҳи:

Ушбу мақола «Сурия урушининг айбдорлари» туркумида эълон қилинган мақолаларнинг сўнгисидир.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>